46- БОБ
Исонинг кийимига қўл теккизиб соғайган аёл
МАТТО 9:18–22 МАРК 5:21–34 ЛУҚО 8:40–48
-
АЁЛ ИСОНИНГ КИЙИМИГА КЎЛ ТЕККИЗИБ ТУЗАЛАДИ
Исонинг Ўнкентдан қайтиб келгани ҳақидаги хабар Жалила денгизининг шимоли-ғарбида яшовчилар орасида тарқалиб кетади. Бу одамлар Исо денгизда бўронни тинчлантиргани ва жинга чалинган кишиларни соғайтиргани тўғрисида эшитишгандир. Исони қарши олиш учун соҳилга, эҳтимол Кафарнаҳум ҳудудига «катта халойиқ» йиғилади. (Марк 5:21) Исо соҳилга чиққанида, одамлар уни сабрсизлик билан кутиб турган бўлишади.
Исони роса кўргиси келаётган кишилардан бири, Яир исмли ибодатхона бошлиғидир. Бу ибодатхона Кафарнаҳумда жойлашган бўлса керак. У Исонинг оёқлари остига мук тушиб: «Қизалоғим ўлим тўшагида ётибди. Илтимос, бориб устига қўлингизни қўйинг, у соғайиб, тирик қолсин»,— дея ёлворади. (Марк 5:23) Исо Яирнинг илтимосига қандай жавоб беради? Ахир 12 яшар қизалоғи Яир учун жуда азиз-ку, чунки у унинг яккаю ягона фарзанди. (Луқо 8:42)
Исо Яирнинг уйига кетаётган пайтда, ҳаяжонга соладиган бошқа бир ҳодиса юз беради. Халойиқ яна бир мўъжиза кўриш илинжида Исога эргашиб боради. Аммо халойиқ орасидаги бир аёл ўз дардидан бошқа ҳеч нарсани юрагига сиғдира олмайди.
Бечора бу яҳудий аёл 12 йилдан бери қон кетишидан азоб чекади. У кўп шифокорларга учраб, даволанишга бор пулини сарфласа ҳам ҳеч қандай фойда кўрмайди, аксинча, «аҳволи янада оғирлашади». (Марк 5:26)
Бу аёлни тушунса бўлади, ахир у дардидан азоб чекаётгани етмагандек, доим хижолат тортиб, ўзини камситилган ҳис қилади. Чунки бунақа касаллик тўғрисида гапириш ҳам ноқулай. Боз устига, Тавротга кўра аёлдан қон оқса, у нопок ҳисобланади. Бундай аёлга ёки унинг қони теккан кийимларига қўлини теккизган одам эса ювиниши зарур ва у кечгача нопок бўлади. (Левилар 15:25–27)
Аёл «Исо ҳақида эшитгач», уни излаб топади. Касаллиги дастидан нопок ҳисоблангани учун у иложи борича ҳеч кимга билдирмай, халойиқ орасидан ўтиб боради. У ичида: «Ҳеч бўлмаса унинг кийимига қўлимни теккизсам, тузалиб кетаман»,— деб ўйлайди. Исо кийган кийимнинг попугига тегиши биланоқ, аёл қон кетиши тўхтаганини сезади! У «оғир дарддан фориғ» бўлади. (Марк 5:27–29)
Кейин Исо: «Ким менга қўлини теккизди?» — деб сўрайди. Исонинг бу сўзларини эшитиб, аёл нималарни ҳис қилган экан? Исонинг саволи Бутрусни ҳайрон қолдиради, шунинг учун у Исога: «Ахир халойиқ сизни ўраб, сиқиб турибди-ку»,— дейди. Хўш, унда нега Исо бу саволни берган экан? У буни қуйидагича тушунтиради: «Кимдир менга қўлини теккизди, чунки мендан бир куч чиққанини сездим». (Луқо 8:45, 46)
Қилган ишини яшира олмаганини пайқагач, аёл қўрқиб, титраб Исонинг оёқлари остига мук тушади. У ҳамманинг олдида ўзининг касаллиги ва қандай соғайиб кетгани тўғрисида айтади. Исо унга ҳамдардлик билан: «Синглим, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бориб, оғир дарддан фориғ бўлинг»,— дея тасалли беради. (Марк 5:34)
Аллоҳ шундай раҳмдил, меҳрибон зотни ер юзи устидан ҳукмронлик қилишга тайинлаганини билиш нақадар зўр-а?! У одамларни нафақат яхши кўради, балки уларга ёрдам беришга ҳам қодир.