32- БОБ
Шаббат кунида нима қилиш мумкин?
МАТТО 12:9–14 МАРК 3:1–6 ЛУҚО 6:6–11
-
ҚЎЛИ ҚУРИБ ҚОЛГАН КИШИНИ ШАББАТ КУНИ ДАВОЛАШ
Шаббат кунларининг бирида Исо ибодатхонага келади (эҳтимол Жалила ҳудудида). У ердагиларнинг орасида Исо қўли қуриб қолган бир кишини кўради. (Луқо 6:6) Уламою фарзийлар Исони диққат билан кузатиб туришади. Кейин улар: «Шаббат куни касални даволаш қонунийми?» — деб савол бериб, нима ҳақда ўйлашаётганини ошкор қилишади. (Матто 12:10)
Яҳудий дин раҳбарлари кишининг ҳаёти хавф остида қолгандагина унга Шаббат куни шифо бериш мумкин, деб ўйлашади. Мисол учун, Шаббат куни суякни ўрнига тушириш ёки шикастланган жойни боғлаш мумкин эмас, деб ҳисобланган, чунки бу ҳаётга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Шу боис, уламою фарзийлар ўша бечора одамга раҳми келгани учун эмас, балки Исони айблашга баҳона топиш мақсадида унга савол беришади.
Бироқ Исо уларнинг бузилган ўй-фикрини билади. Уламою фарзийларнинг Шаббат куни нима қилиш-қилмасликка нисбатан нотўғри фикрлари Муқаддас Ёзувларга зид эди. (Чиқиш 20:8–10) Исо савоб ишлар қилиб юрганда, асоссиз танқидга йўлиққан эди. Ҳозир ҳам кучли норозилик келиб чиқишини билса-да, Исо кўли қуриб қолган кишига: «Ўрнингиздан туриб, ўртага чиқинг»,— дейди. (Марк 3:3)
Кейин Исо уламою фарзийларга юзланиб: «Сизлардан қай бирингиз, биттаю-битта қўйи Шаббат куни чуқурга тушиб кетса, уни чиқариб олмас экан?» — деб сўрайди. (Матто 12:11) Қўй хўжайинига муайян даромад келтиргани боис, хўжайин уни кейинги кунгача чуқурда қолдирмайди. Акс ҳолда, қўй ўлиб хўжайини зарар кўради. Бундан ташқари, Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: «Одил киши ўз ҳайвонига ғамхўрлик қилади». (Ҳикматлар 12:10)
Шундан сўнг Исо: «Инсон эса қўйдан қанчалик қадрлироқ! Демак, Шаббат кунида яхши ишлар қилиш қонуний экан-да»,— дейди. (Матто 12:12) Бундан чиқди, Исо касал кишини соғайтириши Шаббат кунини бузмайди. Дин раҳбарлари ушбу мантиқий ва раҳм-шафқатга тўла далилга нисбатан ҳеч нима дея олишмади.
Исо уламою фарзийларнинг фикрлари бузилганлигидан қайғуриб, уларга аччиқланиб боқади. Сўнг ўша кишига: «Қўлингизни узатинг»,— дейди. (Матто 12:13) У қўлини узатганида соппа-соғ бўлиб қолади. Соғайган киши роса қувонади. Исони тузоққа илинтирмоқчи бўлганлар ҳақида нима деса бўлади?
Соғайган киши учун хурсанд бўлишнинг ўрнига фарзийлар шу заҳотиёқ ташқарига чиқиб, «Исони ўлдириш учун Ҳироднинг тарафдорлари билан тил бириктиришади». (Марк 3:6) Ҳирод тарафдорларининг сиёсий партиясига саддуқийлар ҳам аъзо эди. Гарчи улар фарзийлар билан душман бўлишса-да, ҳозир Исога қаршилик кўрсатиш масаласида бирлашишади.