Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- БОБ

Исо тўртта шогирдини чақиради

Исо тўртта шогирдини чақиради

МАТТО 4:13–22 МАРК 1:16–20 ЛУҚО 5:1–11

  • ИСО ШОГИРДЛАРИНИ ДОИМИЙ ИЗДОШЛАРИ БЎЛИШГА УНДАЙДИ

  • БАЛИҚЧИЛАР ОДАМЛАРНИ ОВЛАШАДИ

Носираликлар Исони ўлдирмоқчи бўлишганда, у шаҳарни тарк этиб, шунингдек «Генисарет кўли» деб номланган Жалила денгизи бўйидаги Кафарнаҳум шаҳрига жўнаб кетади. (Луқо 5:1) Бу билан Ишаё пайғамбарнинг, денгиз бўйида яшовчилар улуғ нурни кўриши ҳақидаги башорати рўёбга чиқади. (Ишаё 9:1, 2)

Жалилада Исо: «Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— дея ваъз қилишни давом этади. (Матто 4:17) Бу ерда Исо ўзининг тўртта шогирдини топади. Улар авваллари Исога эргашиб юришарди, лекин Яҳудиядан қайтишгач, яна балиқчилик ишларига киришиб кетишади. (Юҳанно 1:35–42) Энди улар Исодан таълим олиш учун унга доимий равишда эргашишлари керак. Чунки у кетганидан сўнг улар хизматни давом эттиришлари лозим.

Исо денгиз соҳилида кетаётиб, тўрларини ювиб ўтирган Симун Бутрусни, унинг укаси Идрисни ва уларнинг ўртоқларини кўради. Исо Бутруснинг қайиғига чиқиб, соҳилдан сал нарироққа сузишини илтимос қилади. Озгина нарироққа сузгандан сўнг, Исо соҳилдаги халойиққа Худонинг Шоҳлиги ҳақида таълим беришни бошлайди.

Бундан сўнг Исо Бутрусга: «Чуқурроқ жойга сузиб бориб, тўрларингизни ташланглар»,— дейди. Бутрус эса жавобан: «Устоз, биз кечаси билан ҳаракат қилиб, ҳеч нарса тута олмадик. Майли, сиз айтганингиз учун, тўр ташлайман»,— деб айтади. (Луқо 5:4, 5)

Балиқчилар тўр ташлаб, шунчалик кўп балиқ тутишадики, тўр йиртила бошлайди! Шунда улар зудлик билан ёнларидаги қайиқда сузиб кетаётган ўртоқларини ёрдамга чақиришади. Кўп ўтмай, иккала қайиқ ҳам балиққа тўлиб, чўка бошлайди. Буни кўриб, Бутрус Исонинг олдида тиз чўкади-да: «Ҳазратим, мен ёнингизда бўлишга арзимайман. Чунки гуноҳкор одамман»,— деб ёлворади. Исо бўлса унга жавобан шундай дейди: «Қўрқманг, бундан буён инсонларни овлайсиз». (Луқо 5:8, 10)

Исо Бутрусга ва Идрисга: «Менинг ортимдан юринглар, мен сизларни одам овчилари қиламан»,— дейди. (Матто 4:19) Бундан ташқари, у яна иккита балиқчини, Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳаннони чақиради. Улар ҳам иккиланмай таклифни қабул қилишади. Хуллас, тўрталаси балиқчиликни ташлаб, Исонинг илк доимий издошлари бўлишади.