Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

49- БОБ

Жалилада ваъз қилади ва ҳаворийларга таълим беради

Жалилада ваъз қилади ва ҳаворийларга таълим беради

МАТТО 9:35–10:15 МАРК 6:6–11 ЛУҚО 9:1–5

  • ИСО ЯНА ЖАЛИЛАДА ВАЪЗ ҚИЛАДИ

  • ҲАВОРИЙЛАРИНИ ВАЪЗ ҚИЛИШГА ЖЎНАТАДИ

Мана икки йилдирки, Исо тинмай ваъз қилиб юрибди. Хўш, энди у хизматга камроқ вақт ажратса ҳам бўладими? Аксинча, у янада кўпроқ ишларни амалга оширади. «Исо [Жалиладаги] барча шаҳарлару қишлоқлар бўйлаб юриб, у ерлардаги ибодатхоналарда таълим берар ва Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни эълон қиларди. Шунингдек, у одамларнинг ҳар турли касалликларию дармонсизликларини даволарди». (Матто 9:35) Исо хизмати давомида кўрганларидан, ваъзгўйлик ишини янада кенгайтириш зарурлигига амин бўлади. Аммо у буни қандай амалга оширади?

Исо қаерга бормасин, у маънавий шифога ва тасаллига муҳтож бўлган одамларни кўради. Уларнинг худди чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойганини кўриб, Исонинг уларга раҳми келади. Шунинг учун, Исо шогирдларига шундай дейди: «Ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз. Ана шу сабабдан ҳосилни йиғиш учун ишчилар юборсин деб, ҳосил Эгасига илтижо қилинглар». (Матто 9:37, 38)

Исонинг бу борада режаси бор. У 12 та ҳаворийни чақиради-да, уларни иккита-иккита қилиб ваъз қилишга юборади. Исо уларга шундай йўл-йўриқ беради: «Бошқа халқлар ҳудудидан ўтманглар ва самарияликларнинг ҳеч бир шаҳрига кирманглар. Сизлар яхшиси адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар. Йўлда кетаётиб: “Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— деб эълон қилинглар». (Матто 10:5–7)

Исо уларга Шоҳлик тўғрисида ибодат қилишни ўргатган эди. «Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди» деганда, Худо тайинлаган Шоҳ — Исо Масиҳ уларнинг орасида экани назарда тутилади. Шогирдлар самовий ҳукуматнинг вакиллари эканини исботлай олишлари учун, Исо уларга касалларни соғайтириш ва ҳатто ўликларни тирилтириш ваколатини беради. Қизиқ, шогирдлар шахсий эҳтиёжларини қандай қондиришади, масалан, ҳар кунлик озиқ-овқатни қаердан олишади?

Исо шогирдларига ваъзгўйликка чиққанда моддий эҳтиёжлари ҳақида ташвишланмасликни айтади. Ҳаворийлар ҳамёнларига олтин, кумуш ёки мис пул ҳам солмасликлари керак эди. Шунингдек, йўл учун егулик солинган тўрва ҳам, қўшимча ички кийим ҳам, сандал ҳам олмасликлари керак эди. Нега? Исо уларга шундай дейди: «Ишчи ўз ризқини олишга лойиқдир». (Матто 10:10) Хушхабарни миннатдорлик ила қабул қилганлар шогирдларнинг асосий эҳтиёжлари қондирилишига ғамхўрлик қилишади. Исо гапида давом этиб шундай дейди: «Қайси уйга кирсангиз, то кетмагунингизча ўша ерда қолинглар». (Марк 6:10)

Қолаверса, Исо уй эгаси билан Шоҳлик ҳақида қандай қилиб суҳбат бошлаш мумкинлигини қуйидагича ўргатади: «Бирор уйга кирганингизда, хонадон аҳлига салом беринглар. Агар уй аҳли сизларни қабул қилса, тилаган тинчлигингиз уларга ёр бўлади. Борди-ю, қабул қилишмаса, тинчлигингиз ўзларингизга қайтади. Мабодо сизларни қабул қилишмаса ёки тинглашмаса, ўша уй ёки шаҳардан чиқиб кетаётиб, оёқларингиздаги чангни қоқиб ташланглар». (Матто 10:12–14)

Шогирдлар етказаётган хабарни бутун шаҳар ёки қишлоқ қабул қилмаслиги мумкин. Хўш, ўша ҳудуднинг аҳолиси билан нима бўлади? Исо улар ҳукм этилишини айтиб, шундай тушунтиради: «Ишонаверинг, Ҳукм кунида бу шаҳардан кўра Садўм ва Ғамўранинг аҳволи енгилроқ бўлади». (Матто 10:15)