Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

30- БОБ

Ўғилнинг Ота билан муносабатлари

Ўғилнинг Ота билан муносабатлари

ЮҲАННО 5:17–47

  • АЛЛОҲ ОТАДИР

  • ТИРИЛИШ ВАЪДА ҚИЛИНГАН

Яҳудий дин раҳбарлари Исони Шаббат тўғрисидаги қонунни бузганликда айблашаётганида, Исо уларга: «Отам ҳанузгача меҳнат қилиб келяпти, мен ҳам меҳнат қиляпман»,— деб жавоб беради. (Юҳанно 5:17)

Исонинг ишлари Шаббат кунида қилиш ман этилган ишларга кирмайди. Худонинг Ўзи Исога ваъз қилиш ҳамда касалларни соғайтириш вазифасини топширган ва Исо Аллоҳга тақлид қилиб, бу ишларни кунда бажаради. Шу йўсин, Исо ҳар куни савоб ишлар қилади. Аммо унинг жавобидан яҳудийларнинг баттар ғаши келади ва уни ўлдириш фурсатини пойлашади. Нима учун?

Сабаби, Исо касалларни соғайтириб нафақат Шаббат тўғрисидаги қонунни бузяпти, деб нотўғри ўйлашади, балки Исо ўзини Худонинг Ўғли деб аташи уларни ғазаблантиради. Дарҳақиқат, у Аллоҳни ўз Отаси деб билгани учун, айбловчилар у Худони ҳақорат қилиб, ўзини Аллоҳга тенглаштиряпти деб ўйлашади. Лекин Исо, Тангри билан ўзгача муносабатлари ҳақида жасорат билан гапиришда давом этиб, шундай дейди: «Ота Ўғлини севади ва қилаётган барча ишларини унга кўрсатмоқда». (Юҳанно 5:20)

Ота, яъни Аллоҳ Ҳаёт Манбаидир. У ўтмишда одамларга бошқаларни тирилтириш қудратини ато этиб буни кўрсатган. Исо сўзида давом этиб: «Ота ўликларни тирилтириб, ҳаёт бахш этаётгани каби, Ўғил ҳам истаган кишига ҳаёт бахш этади»,— дейди. (Юҳанно 5:21) Бу сўзлар чуқур маънога эга! Улар келажакка нисбатан умид бахш этади. Бундан ташқари, Ўғил маънан ўлик бўлганларни ҳозирдан тирилтиришни бошлаган! Шунинг учун Исо: «Сўзимни тинглаб, мени Юборганга ишонган киши, абадий ҳаётга эгадир. У ҳукм этилмайди, негаки у ўлимдан ҳаётга ўтган»,— деб айтади. (Юҳанно 5:24)

Гарчи Исо шу вақтгача кимнидир тирилтиргани борасида Муқаддас Китобда ҳеч нима дейилмаган бўлса-да, у айбловчиларига келажакда бундай тирилиш юз беришини айтади: «Шундай вақт келяптики, мозорларда бўлган ҳамма унинг овозини эшитиб чиқади». (Юҳанно 5:28, 29)

Яҳова Исога ўзгача вазифалар топширган, лекин шунга қарамай, у Аллоҳга бўйсунишини очиқ-ойдин айтади: «Мен ўзимча ҳеч нарса қила олмайман... Мен ўз хоҳишимни эмас, мени Юборганнинг иродасини бажаришга интиламан». (Юҳанно 5:30) Ҳа, Исо Аллоҳнинг нияти бажарилишида ўша муҳим ўринни эгаллашини илк бор ошкор этади. Аммо Исонинг айбловчиларида бу борада унинг шахсий шаҳодатидан ташқари яна бир далил бор. «Сизлар Яҳёнинг ёнига одамларни юбордингизлар,— деб эслатади Исо,— ва у ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик берди». (Юҳанно 5:33)

Исонинг айбловчилари тахминан икки йил муқаддам Яҳёнинг яҳудий дин раҳбарларига ортидан «пайғамбар» ва «Масиҳ» деб аталган зот келаётгани ҳақида айтганини эшитишгандир. (Юҳанно 1:20–25) Исо уларга ҳозир қамоқда бўлган Яҳёга ҳурмат билан муносабат қилишганини эслатиб: «Сизлар оз вақт унинг нурида қувонишни истадингиз»,— дейди. (Юҳанно 5:35) Бироқ Исо Яҳёникидан кучлироқ бўлган шаҳодатга ишора қилади.

«Мен бажараётган айнан шу ишлар, [жумладан, ҳозиргина яратган мўъжизаси] мени Отам юборганидан шаҳодат бериб турибди». Шунингдек Исо: «Мени юборган Отамнинг Ўзи мен ҳақимда шоҳидлик берди»,— деб айтади. (Юҳанно 5:36, 37) Масалан, Исо сувга чўмган пайтда бу юз берган. (Матто 3:17)

Айбловчилар Исони рад этишаётганини ҳеч оқлаб бўлмайди. Улар тадқиқ қиляпмиз деяётган Муқаддас Ёзувлар ҳам Исо ҳақида шоҳидлик бермоқда! Гапини тугатиб, Исо: «Агар Мусога ишонганингизда эди, менга ҳам ишонар эдингиз. Зеро у мен ҳақимда ёзган. Унинг ёзганларига ишонмас экансиз, менинг сўзларимга қандай ишонасиз?» — дейди. (Юҳанно 5:46, 47)