Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

54- БОБ

Исо — «ҳаёт нони»

Исо — «ҳаёт нони»

ЮҲАННО 6:25–48

  • ИСО ОСМОНДАН ТУШГАН «ҲАҚИҚИЙ НОН»

Жалила денгизининг шарқий соҳилида Исо мўъжизавий тарзда мингларча одамни тўйдирганидан кейин, уни подшоҳ этиб тайинламоқчи бўлган халқдан қочиб қутулди. Ўша куни кечаси у қаттиқ тўлқинланиб турган денгиз устида юрди. Қолаверса, сув устида юрган Бутрус имони заифлашгани боис чўка бошлади, Исо эса уни қутқарди. Эҳтимол, шогирдлари ҳалокатга учрамасин, дея Исо денгизни тинчлантирди.

Энди эса Исо денгизнинг ғарбий томонига, Кафарнаҳумга қайтади. У мўъжизавий тарзда тўйдирган одамлар унинг олдига келишади. Улар Исодан: «Устоз, бу ерга қачон келдингиз?» — деб сўрашади. Лекин улар яна овқатланиб олиш ниятида уни излашгани сабабли, Исо уларни койиб беради. У ўша одамларни «ўткинчи егулик учун эмас, абадий ҳаётга элтадиган егулик учун меҳнат» қилишга чорлайди. Шунда улар Исодан: «Аллоҳга маъқул ишларни бажариш учун нима қилмоғимиз керак?» — дея сўрашади. (Юҳанно 6:25–28)

Эҳтимол улар Тавротда ёзилган ишлар ҳақида ўйлашаётгандир. Лекин Исо уларга энг муҳим иш ҳақида айтади. «Бундай маъқул иш Худо юборган зотга ишонишдир»,— деб тушунтиради у. Бироқ яратган барча мўъжизаларига қарамай, халқ Исога ишонмайди. Бу ишларнинг барини ўз кўзлари билан кўришган бўлса ҳам, улар шундай дея сўрашади: «Қандай иш қиласиз? Масалан ота-боболаримиз саҳрода маннани ейишган, Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: “Ейиш учун уларга осмондан нон ёғдирди”». (Юҳанно 6:29–31; Забур 78:24)

Улар мўъжиза сўрашгани учун Исо: «Ишонаверинг, Мусо сизларга осмондан нон бермаган, сизларга осмондан ҳақиқий нон бераётган менинг Отамдир. Худо берган нон, бу самодан тушувчи ва дунёга ҳаёт ато этувчи зотдир»,— деб барча мўъжизаларнинг асл Манбаига ишора қилади. Халойиқ унинг сўзларини тушунмай: «Ҳазрат, бизга ҳамиша шундай нондан беринг»,— дейди. (Юҳанно 6:32–34) Қизиқ, Исо «нон» деганда нимани назарда тутади?

«Мен ҳаёт нониман,— деб тушунтиради уларга Исо.— Менинг олдимга келаётган ҳеч қачон оч бўлмайди, менга ишонган ҳеч қачон чанқамайди. Лекин мен сизларга айтганимдек, гарчи мени кўраётган бўлсангиз-да, барибир ишонмаяпсиз. [...] Ахир мен ўзимнинг эмас, мени Юборганнинг иродасини бажариш учун осмондан тушганман. Мени Юборганнинг иродаси шундаки, У менга берганларнинг ҳеч бирини йўқотмасдан, уларнинг ҳар бирини охирги кунда тирилтирайин. Отамнинг иродаси — Ўғилни кўриб, унга ишонган ҳар ким мангу ҳаётга ноил бўлишидан иборат». (Юҳанно 6:35–40)

Шу пайт яҳудийлар Исонинг сўзларидан нолий бошлашади. Қандай қилиб у: «Осмондан тушган нон менман»,— деб айта олади? (Юҳанно 6:41) Уларнинг назарида Исо бор-йўғи Жалила юртининг Носира шаҳридан бўлган оддий инсонларнинг фарзандидир. Ана шу сабабга кўра улар: «Ахир бу Юсуфнинг ўғли Исо эмасми? Унинг отасини ҳам, онасини ҳам биламиз-ку»,— деб айтишади. (Юҳанно 6:42)

«Нолишни бас қилинглар,— деб жавоб қайтаради уларга Исо.— Агар мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди. Менга келган кишини эса охирги кунда тирилтираман. Пайғамбарлар башорат қилганидек: “Уларнинг барчаси Яҳовадан таълим олади”. Отамга қулоқ солиб, Ундан таълим олган ҳар бир инсон олдимга келади. Мендан ташқари Отамни ҳеч бир одам кўрмаган. Аллоҳ юборган менгина Уни кўрганман. Ишонаверинг, менга ишонган ҳар бир инсон абадий ҳаётга эгадир». (Юҳанно 6:43–47; Ишаё 54:13)

Исо сал олдин Никодимга абадий ҳаёт ҳақида гапириб, бу Инсон Ўғлига ишониш билан қандай боғлиқ эканини айтган. У шундай деган: «Унга [Худонинг ягона Ўғлига] ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:15, 16) Лекин энди Исо халойиққа мурожаат қилиб, улар абадий ҳаётга эришишида у қандай ўринга эга эканини айтяпти. Ахир манна ҳам, Жалилада ёпиладиган нон ҳам бундай имкониятни беролмайди-ку. Унда абадий ҳаётга қандай эришиш мумкин? Исо яна бир бор таъкидлаб, шундай дейди: «Мен ҳаёт нониман». (Юҳанно 6:48)

Осмондан тушган нон ҳақидаги баҳс-мунозара, Исо Кафарнаҳумдаги ибодатхонада таълим бераётганда давом этиб, авжига чиқади.