Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

83- БОБ

Аллоҳ зиёфатга кимларни таклиф қилади?

Аллоҳ зиёфатга кимларни таклиф қилади?

ЛУҚО 14:7–24

  • КАМТАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ САБОҚ

  • ТАКЛИФ ЭТИЛГАНЛАР БАҲОНА ҚИДИРАДИ

Исо ҳали ҳам фарзийнинг уйида. У истисқо касаллигига йўлиққан кишини эндигина соғайтирди. Исо бошқа меҳмонлар дастурхон атрофида ўзларига яхши жойларни танлаётганини кузатади ва фурсатдан фойдаланиб, камтарликнинг муҳимлигини тушунтиради.

«Кимдир сизни никоҳ базмига таклиф қилса,— дейди Исо,— тўрга чиқиб ёнбошлашга шошилманг. Эҳтимол, таклиф этилганлар орасида сиздан обрўлироқ киши бордир. Тағин мезбон келиб: “Қани, бу жойни унга бўшатиб беринг-чи”,— демасин. Ўшанда сиз хижолат бўлиб, остонада ўтиришга мажбур бўласиз». (Луқо 14:8, 9)

Исо қуйидагича давом этади: «Меҳмонга чақирилганда, остонага ёнбошланг. Токи мезбон келиб: “Дўстим, тўрга ўтинг”,— десин. Шунда барча меҳмонларнинг олдида сизга ҳурмат кўрсатилади». Бу, яхши хулқ-атвордан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Исо шундай деб тушунтиради: «Зеро ким ўзини юқори тутса — пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса — юксалтирилади». (Луқо 14:10, 11) Демак, Исо тингловчиларини камтарликни ривожлантиришга ундайди.

Шундан сўнг, Исо уни меҳмонга таклиф қилган фарзийга мурожаат қилиб, унга яна бир сабоқ беради. Аллоҳнинг розилигини олиш учун қандай зиёфат тайёрлаш кераклигини тушунтиради: «Зиёфат уюштирганингизда дўст, ака-ука, қариндош-уруғ ва бой қўшниларингизни чақирманг. Чунки улар бир куни сизни ҳам чақириб, меҳмон қилиши мумкин. Аксинча, зиёфат қилганингизда, камбағал, майиб, чўлоқ ва кўрларни чақиринг. Шунда бахтиёр бўласиз. Боиси, улар сизни меҳмон қила олишмайди». (Луқо 14:12–14)

Дўстларни, қариндошу қўшниларни меҳмонга чақириш истаги табиий. Исо бундай қилиш нотўғри деб айтмаяпти. Балки муҳтожларни, яъни камбағал, майиб, кўр каби кишиларни таклиф қилиб, мезбон кўп баракалар олишини таъкидламоқчи. Исо уй эгасига тушунтириб: «Сиз одил инсонлар тирилган вақтда мукофот оласиз»,— деб айтади. Меҳмонлардан бири: «Худонинг Шоҳлигида таом ейдиган киши бахтлидир»,— дейди. (Луқо 14:15) Бу катта шараф эканини у тан олади. Бироқ Исонинг кейинги масалидан кўринганидек, ҳамма ҳам бундай имкониятнинг қадрига етмайди.

«Бир киши зиёфат уюштириб, кўп меҳмон чақирибди... У таклиф этилганларга: “Келинглар, ҳаммаси тайёр”,— деб айтиш учун хизматкорини юборибди. Лекин уларнинг ҳаммаси баҳона қила бошлабди. Биринчиси: “Мен ер сотиб олдим, уни кўриб келишим керак. Узр, боролмайман”,— дебди. Бошқаси бўлса: “Мен ўнта ҳўкиз сотиб олдим, уларни синамоқчи эдим. Кечирасиз, боролмайман”,— деб айтибди. Учинчиси: “Мен яқинда уйландим, шу сабабли боролмайман”,— дебди». (Луқо 14:16–20)

Қандай бемаъни узрлар! Ахир, ерни сотиб олишдан олдин кўришади-ку, ҳўкизларни харид қилишдан аввал синашади-ку. Уларни сотиб олгандан кейин, кўришнинг ва синашнинг ҳожати йўқ. Учинчисига келадиган бўлсак, тўйга тайёргарлик кўрмаяпти, у уйланиб бўлди-ку! Бундай муҳим таклифни қабул қилишига ҳеч нима тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун, хўжайин ушбу баҳоналарни эшитиб ғазабга тўлади-да, хизматкорига шундай дейди:

«Тезда шаҳарнинг катта кўчалари ва йўлакларига чиқиб, камбағал, майиб, кўр ва чўлоқларни бу ерга чақириб кел». Хизматкор айтилганларни қилгач ҳам бўш жойлар қолади. Шунда хўжайин хизматкорига буюради: «Йўлларга чиқ, сўқмоқларга бор. Учраганларни бу ерга мажбурлаб олиб кел, токи уйим тўлсин. Сизларга айтиб қўяй, дастлаб чақирилганлардан ҳеч бири менинг зиёфатимдан тотиб кўрмайди». (Луқо 14:21–24)

Бу масалдан кўриняптики, Тангри Яҳова Исо Масиҳга одамларни Осмон Шоҳлигига таклиф қилиш ҳуқуқини берди. Бу таклифни биринчи бўлиб яҳудийлар, айниқса дин раҳбарлари қабул қилишлари керак эди. Исо ер юзида хизмат қилган вақт давомида улардан аксарияти бу таклифни рад этди. Аммо бу таклиф бошқаларга ҳам берилади. Келажакда иккинчи таклиф бўлишини ва у оддий яҳудийлару яҳудий динига кирганларга тааллуқли эканини Исо аниқ қилиб айтади. Кейин эса учинчи ва охирги таклиф, яҳудийларнинг фикрига кўра Худонинг марҳаматига сазовор бўлмаганларга тегишли бўлади. (Ҳаворийлар 10:28–48)

Ҳа, Исонинг сўзлари меҳмонлардан бири: «Худонинг Шоҳлигида таом ейдиган киши бахтлидир»,— деган гапини тасдиқлайди.