Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

92- БОБ

Битта мохов миннатдорчилик билдиради

Битта мохов миннатдорчилик билдиради

ЛУҚО 17:11–19

  • ИСО ЎНТА МОХОВНИ СОҒАЙТИРАДИ

Исо Қуддуснинг шимоли-шарқида жойлашган Эфрайим шаҳрига бориб, Олий Кенгашнинг уни ўлдириш режасини пучга чиқаради. У душманларидан йироқ бўлган ўша жойда шогирдлари билан бирга қолади. (Юҳанно 11:54) Лекин мил. 33 йили Фисиҳ байрами яқинлашаётгани боис Исо яна йўлга чиқиб, Самария орқали Жалилага келади. Исо бу ерга ўлимидан олдин охирги марта ташриф буюради.

Йўл-йўлакай, Исо бир қишлоққа кираётганида, ўнта моховга дуч келади. Мохов касаллигининг айрим турлари қўл ва оёқлардаги бармоқларни, қулоқлар ва бошқа тана аъзоларини аста-секин чиритиб боради. (Саҳрода 12:10–12) Тавротга биноан мохов киши: «Нопокман! Нопокман!» — деб бақириши керак. Бундан ташқари, у алоҳида яшаши лозим. (Левилар 13:45, 46)

Шу сабабли, ўнта мохов Исодан нарида туради. Лекин улар овозларини баланд қилиб: «Эй Устозимиз Исо, бизга раҳм-шафқат кўрсатинг!» — дейишади. Исо уларга: «Бориб, ўзингизни руҳонийларга кўрсатинглар»,— деб айтади. (Луқо 17:13, 14) Бу билан Исо Тавротга ҳурматини намоён этади. Чунки унга биноан, айнан руҳонийлар моховларни пок, яъни соғлом деб эълон қилишга ҳақли эди. Ўшанда бу кишилар яна соғлом инсонлар ичида яшай олишади. (Левилар 13:9–17)

Ўнта мохов Исонинг мўъжиза яратишига ишонади. Гарчи улар ҳали соғаймаган бўлишса-да, руҳонийларнинг олдига шошилиб кетишади. Йўл-йўлакай уларнинг Исога бўлган ишончи мукофотланади. Боиси, улар соғайишганини ҳам кўришади, ҳам ҳис қилишади!

Соғайиб кетган тўққизта мохов йўлида давом этади. Лекин самариялик бўлган биттаси эса Исони топиш учун орқага қайтади. Сабаби, у Исодан жудаям миннатдор. Илгари мохов бўлган бу киши «баланд овозда Худони шарафлайди», чунки уни соғайтирган Аллоҳ эканини тушунади. (Луқо 17:15) Кейин у Исони топиб, оёқларига тиз чўкади-да, унга ташаккур айтади.

Исо атрофдагиларга шундай дейди: «Покланганлар ўн киши эмасмиди? Қолган тўққизтаси қани? Аллоҳни шарафлаш учун ўзга миллатдан бўлган бу кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими?» Сўнг Исо самариялик кишига: «Ўрнингиздан туриб, бораверинг. Ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз»,— деб айтди. (Луқо 17:17–19)

Исо ўнта моховни соғайтириб, Тангри Яҳова у билан бирга эканини кўрсатди. Ўнта моховдан биттаси нафақат шифо топади, балки ҳаётга олиб борувчи йўлдан ҳам юра бошлайди. Бугунги кунда Аллоҳ Исо орқали бундай мўъжизаларни яратмаяпти. Лекин Исога ишонсак, абадий ҳаётга олиб борувчи йўлдан юришимиз мумкин. Биз-чи, ўша самариялик кишига ўхшаб умидимиз учун миннатдорлик билдиряпмизми?