Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

89- БОБ

Яҳудияга бораётиб, Переяда таълим беради

Яҳудияга бораётиб, Переяда таълим беради

ЛУҚО 17:1–10 ЮҲАННО 11:1–16

  • ОДАМЛАРНИ ҚОҚИНТИРИШ: БУ ҚАНЧАЛИК ЖИДДИЙ?

  • КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ ВА ИМОННИ НАМОЁН ЭТИШ

Исо «Иордан дарёсининг нариги қирғоғида» жойлашган Переяда ваъз қилиб юради. (Юҳанно 10:40) Кейин у жанубга, Қуддусга йўл олади.

Исо ёлғиз эмас. У билан бирга шогирдлари ва ораларида солиқчилару гуноҳкорлар бўлган «катта халойиқ» кетаётган эди. (Луқо 14:25; 15:1) Ораларида, Исонинг гапларию ишларини танқид қиладиган фарзийлар ва уламолар ҳам бор. Улар йўқолган қўй, йўқолган ўғил ҳамда бой киши ва Лазар ҳақидаги Исонинг масаллари тўғрисида кўп мулоҳаза юритишлари мумкин. (Луқо 15:2; 16:14)

Эҳтимол, душманларининг танқидий гапларию масхара қилгани ҳақида ўйлаб, Исо шогирдларига мурожаат қилади. У илгари Жалилада айтган фикрларни яна такрорлайди.

Масалан, Исо шундай дейди: «Одамларни қоқинтирадиган нарсалар бўлиши муқаррар. Бироқ бунга сабабчи бўлганнинг ҳолига вой! [...] Ўзингизга диққатли бўлинг. Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Борди-ю, тавба қилса, уни кечиринг. Ҳатто у бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса-ю, етти марта қайтиб келиб: “Тавба қилдим”,— деса, уни кечиринг». (Луқо 17:1–4) Охирги айтилган гап, эҳтимол, Бутрусга етти марта кечириш ҳақида кўтарган саволини эслатади. (Матто 18:21)

Қизиқ, шогирдлар Исонинг сўзларига мувофиқ йўл тутишармикин? Улар Исодан: «Имонимизга имон қўшинг»,— деб илтимос қилишади. Шунда Исо уларни ишонтириб қуйидагиларни айтади: «Агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу қора тут дарахтига: “Илдизинг билан қўпорилиб чиқ-да, денгизга кўчиб ўт”,— десангиз, у сизларга қулоқ солади». (Луқо 17:5, 6) Дарҳақиқат, ҳатто кичик имон билан ҳам буюк ишларни бажарса бўлади.

Бундан кейин Исо одам ўзига нисбатан камтарона, мувозанатли муносабатда бўлиши кераклигини кўрсатадиган мисолни айтиб беради: «Орангиздан қай бирингизнинг ер ҳайдовчи ёки пода боқувчи қули даладан қайтганида: “Тезда келиб, дастурхон атрофига ёнбошла”,— деб айтади? Аксинча, унга: “Кечки овқатимни тайёрла-да, белингни боғлаб, еб-ичгунимча менга хизмат қил. Кейин ўзинг ҳам еб-ичасан”,— демайсизми? Буюрилган ишнинг ҳаммасини бажаргани учун хўжайин қулига ташаккур айтадими? Сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажаргандан сўнг: “Биз ҳеч нарсага арзимас қуллармиз. Зиммамиздаги ишни қилдик, холос”,— деб айтинглар». (Луқо 17:7–10)

Худонинг ҳар бир хизматчиси Унинг иродасини ҳаётида биринчи ўринга қўйиши кераклигини тушуниши лозим. Боз устига, ҳар бир хизматчи Худонинг уйидагилари сифатида Унга топиниш шараф эканини эсда сақлаши муҳим.

Исо бу мисолни келтиргандан сўнг олдига бир хабарчи келади. Уни Яҳудиянинг Байтания қишлоғида яшовчи Марта ва Марям исмли Лазарнинг сингиллари юборишган. Ўша хабарчи: «Ҳазрат, яқин дўстингиз касал бўлиб қолди»,— дейди. (Юҳанно 11:1–3)

Лекин дўсти Лазар оғир касал эканини эшитиб, Исо қайғудан ўзини йўқотиб қўймайди. У шундай дейди: «Ушбу касалликнинг охири ўлим билан эмас, аксинча, Аллоҳнинг шарафланиши билан тугайди, токи Худонинг Ўғли ҳам бу орқали улуғлансин». Ўша ерда Исо яна икки кун қолади ва кейин шогирдларига: «Юринглар, яна Яҳудияга борамиз»,— дейди. Аммо улар Исодан: «Устоз, ўзи яқинда яҳудийлар сизни тошбўрон қилмоқчи эдилар-ку, сиз яна у ерга бормоқчимисиз?!» — деб сўрашади. (Юҳанно 11:4, 7, 8)

Исо уларга жавоб бериб: «Кун 12 соатдан иборат эмасми? Кундузи юрган одам ҳеч нарсага қоқилмайди, чунки дунёнинг нурини кўради. Кечаси юрган киши эса бирор нарсага қоқилади, негаки унда нур йўқ»,— дейди. (Юҳанно 11:9, 10) Исо, Худо унга ер юзида хизмат қилиш учун тайинлаган вақт тугамаганини назарда тутган шекилли. Бу қисқа вақт ичида Исо кўп ишлар қилишга улгуриши керак.

Исо гапида давом этиб: «Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Аммо мен уни уйғотгани кетяпман»,— дейди. Шогирдлар Лазарнинг ухлаётганини ўйлаб: «Ҳазрат, агар у ухлаб қолган бўлса, соғайиб кетади»,— дейишади. Кейин Исо уларга очиғини айтади: «Лазар вафот этди. [...] Қани кетдик, унинг олдига борайлик». (Юҳанно 11:11–15)

Исони Яҳудияда ўлдиришлари мумкинлигини англаб ва уни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тўма бошқа шогирдларга: «Қани юринглар, биз ҳам у билан ўламиз!» — дейди. (Юҳанно 11:16)