Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Йўл, ҳақиқат ва ҳаёт

Йўл, ҳақиқат ва ҳаёт

Хушхабар эшитганингизда ҳойнаҳой хурсанд бўларсиз. Сизга ва севимли кишиларингизга қуйидаги хушхабар ёқиши шубҳасиз.

Ушбу хушхабар кўп йиллар аввал коинот Яратувчиси, Аллоҳ Яҳованинг иродасига кўра Муқаддас Китобда қаламга олинган. Бу адабиётда Муқаддас Китобдаги тўртта баёнотга диққат қаратамиз, уларда ҳар биримиз учун фойдали бўлган ажойиб хабар ёзилган. Худо ушбу тўртта китобни ёзишни Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно исмли содиқ кишиларга топширган. Баёнотлар шу тўртта кишининг исмлари билан аталган.

Кўпларга улар Инжил деб таниш. Ҳар бир китоб Исо ҳақидаги хушхабардан иборат бўлиб, улардан Исо пайғамбар орқали Худо нажот тақдим этишини ва Самовий Шоҳликнинг Шоҳи сифатида унга ишонган ҳаммага қут-баракалар ато этишини билиб оламиз. (Марк 10:17, 30; 13:13)

НЕГА АЙНАН ТЎРТТА КИТОБ КЕРАК?

Эҳтимол, нега Аллоҳ Исонинг ҳаёти ва таълимотлари ҳақида ёзишлари учун тўрт кишини илҳомлантирган, деб ўйларсиз.

Исонинг сўзларию ишлари тўртта баёнотда ёзилгани фойдали. Масалан, улуғ устознинг ёнида тўртта киши турганини тасаввур қилинг. Устознинг рўпарасида турган киши солиқчи. Ўнг тарафида табиб, чап тарафида балиқчи ҳамда унинг қадрдон дўсти турибди. Тўртинчи киши эса бошқаларидан ёш бўлиб, нарироқда барчасини кузатиб турибди. Тўрталаси ростгўй бўлиб, шахсан ўзи учун муҳим бўлган нарсага эътибор қаратади. Агар ҳар бири устознинг сўзлари ва ишлари тўғрисида ёзса, ҳикояларида турли тафсилотлар ёки ҳодисалар бўлади. Тўртта ҳикояни диққат ила ўқиб, ҳар бири ўз нуқтаи назарини ёзганини ва муайян мақсадни кўзлаганини инобатга олсак, устознинг ишларию сўзлари борасида тўлиқ тушунчага эга бўламиз. Ушбу мисолдан кўряпмизки, Улуғ Устозимиз Исонинг ҳаёти ҳақида тўртта баёнотга эга эканимиз жуда ҳам фойдали.

Шуниси қизиқки, солиқчи ҳикоясида аввало яҳудийларга мурожаат қиляпти. Шу боис, айрим таълимотларни ёки ҳодисаларни уларга тушунарли тарзда етказади. Табиб эътиборини касаллару майибларнинг соғайишига қаратади. Шунинг учун, солиқчи айтиб ўтган тафсилотларни тушириб қолдиради ёки уларни бошқача тарзда тасвирлайди. Қадрдон дўсти устозининг ҳиссиётларию фазилатларига урғу беради. Ёш ёзувчининг ҳикояси эса қисқа ва лўнда. Бироқ ҳар бирининг баёноти ишончли. Ушбу мисол кўриняптики, Исонинг ҳаёти ҳақида тўртта баёнот бўлгани унинг фаолияти, таълимотлари ва шахсияти борасидаги тушунчамизни янада бойитади.

Баъзилар уларни «Матто баён этган хушхабар» ёки «Юҳанно баён этган хушхабар» ва ҳоказо деб аташади. Бу номлар тўғри, чунки ҳар бир баёнотда «Исо Масиҳ тўғрисидаги хушхабар» ёзилган. (Марк 1:1) Аммо умуман олганда, Исо ҳақида фақат битта баёнот ёки хушхабар мавжуд. У тўртта китобда келтирилган.

Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган аксарият кишилар Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно китобларидаги ҳодисалару тафсилотларни ўзаро солиштиришган. Тахминан мил. 170 йили Татиан исмли суриялик ёзувчи шундай қилган эди. Ушбу тўртта китоб аниқ ва илоҳий илҳом остида ёзилганига ишонч ҳосил қилгач, у Исонинг ҳаётию хизмати ҳақидаги тўртта баёнотни бирлаштириб «Диатессарон» номли асарни яратган.

«Исо — йўл, ҳақиқат ва ҳаёт» китоби ҳам шунга ўхшаш, бироқ унга қараганда аниқроқ ва батафсил. Гап шундаки, ҳозирги кунда биз Исо айтган кўпгина башоратлари қай тарзда бажарилгани ва масалларининг маъноси тўғрисида кўпроқ маълумотга эгамиз. Бу туфайли унинг сўзларию ишлари, шунингдек, тасвирланган ҳодисалар қандай кетма-кетликда юз берганини яхшироқ тушуняпмиз. Шунингдек, археологик топилмалар айрим тафсилотларга ва ёзувчиларнинг нуқтаи назарига ойдинлик киритяпти. Албатта, ҳеч ким ҳамма ҳодисалар айнан шундай кетма-кетликда бўлган деб айта олмайди. Аммо «Исо — йўл, ҳақиқат ва ҳаёт» китобида воқеалар холисона ва мантиқий тарзда қаламга олинган.

ЙЎЛ, ҲАҚИҚАТ ВА ҲАЁТ

Бу китобни ўқиётиб, ўзингиз ва севимли кишиларингиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган асосий фикрни унутманг. Эсингизда бўлса, Исо Масиҳ ҳаворий Тўмага: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди»,— деб айтган эди. (Юҳанно 14:6)

Ушбу адабиёт ёрдамида Исо пайғамбар чиндан ҳам «йўл» эканига амин бўласиз. Фақат у орқали Аллоҳга ибодатда мурожаат қила оламиз. Бунинг устига, айнан Исо орқали Худо билан ярашамиз. (Юҳанно 16:23; Римликларга 5:8) Фақатгина Исо Масиҳ орқали Тангри Таоло билан яхши муносабатга эга бўла оламиз.

Исо «ҳақиқат». У ҳақиқат бўйича гапириб, унга мувофиқ яшаган. У Исода мужассам бўлган деса бўлади. Исо «унинг воситасида “ҳа” бўлган» кўпгина башоратларни амалга оширган. (2 Коринфликларга 1:20; Юҳанно 1:14) Ушбу башоратлардан Исо Худонинг ниятида асосий ўринга эга эканини кўрсак бўлади. (Ваҳий 19:10)

Қолаверса, Исо «ҳаёт». У биз учун қонини тўкиб, ўз мукаммал ҳаётини тақдим этгани туфайли биз «ҳақиқий ҳаёт», яъни «абадий ҳаётга» эга бўлишимиз мумкин. (1 Тимўтийга 6:12, 19; Эфесликларга 1:7; 1 Юҳанно 1:7) Бундан ташқари, у миллионлаб ўлган инсонлар учун «ҳаёт» бўла олади. Улар тирилтирилади ва жаннатда абадий яшаш имконига эга бўлишади. (Юҳанно 5:28, 29)

Барчамиз Исонинг Худо ниятида тутган ўрнини қадрлашимиз зарур. Илойим, «йўл, ҳақиқат ва ҳаёт» бўлмиш Исо ҳақида кўпроқ билиб олиш сизга завқ келтирсин.