Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

133- БОБ

Исони дафн қилишади

Исони дафн қилишади

МАТТО 27:57–28:2 МАРК 15:42–16:4 ЛУҚО 23:50–24:3 ЮҲАННО 19:31–20:1

  • ИСОНИНГ ЖАСАДИ УСТУНДАН ТУШИРИЛАДИ

  • ЖАСАД ДАФН ҚИЛИШ УЧУН ТАЙЁРЛАНАДИ

  • АЁЛЛАР ҚАБР БЎШ ЭКАНИНИ КЎРИШАДИ

Жума, 14 нисон. Кеч тушяпти. Қуёш ботиши билан 15 нисон, Шаббат куни бошланади. Исо оламдан ўтди, ёнидаги иккита қароқчи эса ҳали тирик. Тавротга кўра жасадлар «кечаси билан устунда қолиб кетмаслиги» керак, шунинг учун «уни ўша куннинг ўзида» дафн қилиш лозим. (Қонунлар 21:22, 23)

Бунинг устига, жума Тайёргарлик куни бўлгани учун, одамлар таом пиширишлари ва Шаббат тугагунча қолдириб бўлмайдиган бошқа ишларини тугатишлари лозим. Қуёш ботганида «улуғ» Шаббат бошланади. (Юҳанно 19:31) 15 нисон етти кун нишонланадиган Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи куни бўлади. 15 нисон ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар доим Шаббат ҳисобланган. (Левилар 23:5, 6) Бу сафар 15 нисон шанба кунига тўғри келиб, ҳафталик Шаббат эди. Иккала Шаббат ҳам бир кунга тушиб қолгани учун уни «улуғ» Шаббат деб номлашади.

Яҳудийлар Пилатдан Исо билан иккита қароқчининг ўлимини тезлаштиришни сўрашади. Қанақасига? Бунинг учун уларнинг оёқларини синдиришади. Ўшанда устунга михланганлар нафас олиш учун танасини кўтара олишмайди. Аскарлар иккита қароқчи билан айнан шундай йўл тутишади. Лекин Исо ўлганини кўриб унинг оёқларини синдиришмайди. Шу тариқа, Забур 34:20 даги сўзлар амалга ошади: «Унинг барча суякларини сақлайди, улардан ҳеч бири синдирилмайди».

Исо ўлганига амин бўлиш учун аскарлардан бири найза билан унинг биқинини тешади. Найза юрак соҳасидан ўтади ва «шу заҳоти ўша жойдан қон ва сув оқиб чиқади». (Юҳанно 19:34) Натижада, яна бир башорат амалга ошади: «Ўзлари баданини тешган кишига улар қараб туришади». (Закариё 12:10)

Олий Кенгашнинг обрўли аъзоси, Юсуф исмли ариматеялик «бой киши» ҳам Исо қатл қилинган жойга келади. (Матто 27:57) У Худонинг Шоҳлиги келишини кутиб юрган «яхши ва одил киши» сифатида тасвирланган. «Яҳудийлардан қўрққани учун Исонинг яширин шогирди бўлган» бу киши Кенгаш Исога чиқарган ҳукмни қўллаб-қувватламаган. (Луқо 23:50; Марк 15:43; Юҳанно 19:38) Юсуф жасоратга тўлиб Пилатнинг олдига боради-да, Исони дафн этиш учун рухсат сўрайди. Пилат юзбошини чақиради ва у Исо ўлганини тасдиқлайди. Шунда Пилат Юсуфга рухсат беради.

Юсуф Исонинг жасадини устундан тушириб, ўзи сотиб олган аъло сифатли зиғир кафанга ўрайди-да, уни дафн қилишга тайёрлайди. «Илк бор кечаси Исонинг олдига келган Никодим» унга ёрдам беради. (Юҳанно 19:39) У ўзи билан тахминан 30 килограмм (тахминан юз Рим фунти) қимматбаҳо мирра ва алоэ аралашмасини олиб келади. Яҳудийларнинг одатига кўра, улар Исонинг жасадини бу хушбўй ўтлар билан кафанлашади.

Юсуф яқин орадаги қояда ўйилган, ҳали ҳеч ким қўйилмаган қабрга эгалик қиларди. У ерга Исонинг жасадини қўйишади. Сўнг қабр оғзига катта тошни юмалатишади. Шаббат куни бошланишига оз вақт қолгани учун буларнинг барчасини тезда қилишади. Эҳтимол, магдалалик Марям ва кичик Ёқубнинг онаси Марям Исонинг жасадини дафн қилиш учун тайёрлашга ёрдам беришади. Ҳозир эса улар «хушбўй ўтлар ва мойни тайёрлаб келиш учун» уйга шошилишяпти. Шаббат ўтгач уларни Исонинг жасадига қўйишади. (Луқо 23:56)

Эртасига, Шаббат куни бош руҳонийлару фарзийлар Пилатнинг ёнига йиғилиб: «Ўша ёлғончи ҳали тириклигида: “Уч кундан кейин мен тириламан”,— дегани эсимизга тушди. Шунинг учун қабрни қўриқлашни буюринг, тағин шогирдлари жасадни ўғирлаб кетиб, халққа: “У тирилди”,— дейишмасин. Шунда охирги ёлғон биринчисидан ҳам ошиб тушади». Пилат бўлса уларга: «Мана, соқчиларни олинглар-да, бориб билганларингни қилинглар»,— дейди. (Матто 27:63–65)

Якшанба куни эрталаб магдалалик Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва бошқа аёллар Исонинг танасига қўйиш учун хушбўй ўтлар билан қабр ёнига келишади. Улар бир-биридан: «Қабр оғзидаги тошни бизга ким юмалатиб берар экан-а?» — деб сўрашади. (Марк 16:3) Лекин кучли зилзила юз беради. Худонинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни юмалатади. Соқчилар қочиб кетишган, қабр эса бўм-бўш!