Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

108- БОБ

Исони тузоққа илинтириш режаси пучга чиқади

Исони тузоққа илинтириш режаси пучга чиқади

МАТТО 22:15–40 МАРК 12:13–34 ЛУҚО 20:20–40

  • ПОДШОҲНИНГ ҲАҚИНИ ПОДШОҲГА

  • ТИРИЛИШ ВА ТУРМУШ ҚУРИШ

  • ЭНГ МУҲИМ АМРЛАР

Исонинг душманлари — дин раҳбарлари аччиқланишяпти. Чунки у ҳозиргина уларнинг ёвузлигини фош қиладиган масаллар келтирди. Энди фарзийлар уни сўзидан тузоққа илинтиришга тил бириктиришяпти. Уларнинг нияти, Исо нимадир айтса-ю, уни римлик ҳокимнинг қўлига топширишса. Ўз ниятига етиш илинжида фарзийлар айрим тарафдорларига пул беришади. (Луқо 6:7)

Кейин улар Исога қуйидагиларни айтишади: «Устоз, сиз ростгўй, тўғри таълим берадиган ҳамда юз-хотир қилмайдиган кишисиз. Сиз Аллоҳнинг йўли тўғрисида ҳақиқатни ўргатишингизни биламиз. Айтинг-чи, подшоҳга солиқ тўлаш керакми ёки йўқми?» (Луқо 20:21, 22) Уларнинг гаплари иккиюзламачилигу маккорликка тўла бўлгани учун Исо бунга лаққа тушмайди. Агар Исо уларга: «Йўқ, солиқ тўлаш керак эмас»,— деб айтса, уни Римга қарши қўзғолон кўтарганликда айблашади. «Ҳа, тўлаш керак» деб айтса, Римга тобе бўлишдан чарчаган халқ нотўғри тушуниб, унга қарши чиқади. Хўш, Исо қандай жавоб беради?

«Нега мени синаяпсизлар, эй иккиюзламачилар? Қани, солиқ учун тўланадиган тангани менга кўрсатинглар-чи»,— дейди Исо. Улар унга бир динор олиб келишади. Шунда Исо улардан сўрайди: «Бу ердаги сурат ва исм кимники?» Улар жавобан: «Подшоҳники»,— дейишади. Сўнг Исо оқилона маслаҳат бериб: «Унда подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»,— деб айтади. (Матто 22:18–21)

Исони сўзидан тузоққа илинтирмоқчи бўлганлар ҳайрон. У қойилмақом жавоб бергани учун улар лом-мим дея олмай кетишади. Лекин кун ҳам, уни сўзидан тузоққа илинтиришга қаратилган уринишлар ҳам ҳали тугамади. Фарзийларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаганини кўриб, Исонинг олдига бошқа диний гуруҳ раҳбарлари келишади.

Тирилишга ишонмайдиган саддуқийлар тирилиш ва қариндошлик бурчи * билан боғлиқ савол кўтаришади. Улар шундай деб сўрашади: «Устоз, Мусо пайғамбаримиз: “Агар киши фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси унинг хотинига уйланиб, акасига авлод қолдириши керак”,— деб айтгандилар. Бизда еттита ака-ука бор эди. Каттаси уйланиб, фарзанд кўрмай ўтиб кетди. Унинг хотинини эса укаси олди. Худди шундай вазият иккинчиси, учинчиси ва ҳатто еттинчиси билан ҳам юз берди. Охири шу аёл ҳам қазо қилди. Хўш, ўлганлар тирилганда, бу аёл еттовидан қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир улар ҳаммаси унга уйланган-ку». (Матто 22:24–28)

Саддуқийлар Тавротни тан олишгани учун, Исо унга асосланиб қуйидагича жавоб беради: «Сизлар Муқаддас Ёзувларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмаганингиз учун адашяпсизлар. Ахир одамлар тирилганда на уйланишади, на эрга тегишади. Лекин улар фаришталар каби бўлишади. Тирилиш борасида, Мусонинг Таврот китобида, ёнаётган бута ҳақидаги ҳикояда Аллоҳ: “Мен Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Тангрисиман”,— деганини ўқимаганмисизлар? У ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Хуллас, сизлар ёмон адашяпсизлар». (Марк 12:24–27; Чиқиш 3:1–6) Халойиқ Исонинг жавобига қойил қолади.

Фарзийлар ҳам, саддуқийлар ҳам Исонинг гапларига ғинг, дея олишмайди. Энди улар Исони яна синашга тил бириктиришади. Бир уламо: «Устоз, Тавротнинг қайси амри энг муҳим?» — деб сўрайди. (Матто 22:36)

Исо қуйидагича жавоб беради: «Энг муҳим амр: “Тингланг, эй Исроил халқи: Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир. Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан севинг”. Иккинчиси эса: “Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг”. Бу амрлардан муҳимроқ амр йўқ». (Марк 12:29–31)

Кейин уламо шундай дейди: «Сиз ҳақсиз Устоз. Чунки сиз ҳақиқатга мувофиқ айтдингиз: “Аллоҳ — танҳодир ва Ундан бошқа Худо йўқ”. Тўғри, Худони бутун қалб, бутун онг ва бор куч билан севиш керак. Шунингдек, яқинни ўзини севгандай севиш лозим. Бу ҳар қандай бутунлай куйдириладиган қурбонликлардан ва бошқа қурбонликлардан афзалроқдир». Исо кишининг оқилона жавоб берганини кўриб: «Сиз Худонинг Шоҳлигига яқинсиз»,— дейди. (Марк 12:32–34)

Мана уч кундирки (9, 10 ва 11 нисон) Исо маъбадда таълим беряпти. «Савол беришга журъат эта олмайдиган» дин раҳбарларидан фарқли ўлароқ, бу уламо каби баъзилар уни жон деб тинглашяпти.

^ абз. 1 Муқаддас Китоб ёзилган даврда киши акаси ёки укасининг ўлимидан кейин унинг бева, фарзандсиз қолган хотинига уйланиши керак эди. Шундай қилиб, у акаси ёки укасининг авлодини давом эттира оларди.