Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

136- БОБ

Жалила соҳилида

Жалила соҳилида

ЮҲАННО 21:1–25

  • ИСО ЖАЛИЛА СОҲИЛИДА ШОГИРДЛАРИГА ЗОҲИР БЎЛАДИ

  • БУТРУС ВА БОШҚАЛАРГА ҚЎЗИЛАРНИ БОҚИШ ТОПШИРИЛАДИ

Ҳаворийлар билан бирга ўтказган охирги оқшомда Исо: «Тирилганимдан сўнг, сизлардан аввал Жалилага бораман»,— дейди. (Матто 26:32; 28:7, 10) Ҳозир Исонинг кўпгина издоши Жалилага кетяпти. Хўш, у ерда улар нима қилишади?

Бутрус олтита ҳаворийга: «Мен балиқ овлашга кетдим»,— дейди. Улар эса: «Биз ҳам сен билан борамиз»,— деб жавоб беришади. (Юҳанно 21:3) Туни билан улар ҳеч нарса овлай олишмайди. Тонг ёришганда Исо соҳилда пайдо бўлади, аммо ҳаворийлар уни танимайди. У баланд овозда: «Болалар, сизларда ейишга бирон нарса борми?» — деб сўрайди. Улар жавобан: «Йўқ!» — дейишади. У шогирдларига: «Тўрни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар ва тутасизлар»,— дейди. (Юҳанно 21:5, 6) Балиқ кўплигидан улар тўрни тортиб олишолмайди.

Юҳанно Бутрусга қарата: «Бу Ҳазратимиз-ку!» — дейди. (Юҳанно 21:7) Шу заҳотиёқ, Бутрус балиқ овлаётганда ечиб олган устки кийимини эгнига ташлайди. У денгизга сакраб, тахминан 90 метр узоқликда бўлган соҳилга сузиб боради. Қолганлар унинг орқасидан балиққа лиқ тўла тўрни судраб қайиқда аста-секин сузиб боришади.

Улар соҳилга етиб келгач, «ёниб турган чўғни ва қовурилаётган балиқни» кўришади, у ерда нон ҳам бор эди. Исо уларга: «Ҳозиргина тутиб келган балиқлардан бир нечта олиб келинг»,— дейди. Бутрус тўрни қирғоққа чиқаради. Тўрда 153 та катта балиқ бор! Исо: «Келинглар, нонушта қилиб олинглар»,— деб айтади. Улардан бирортаси ҳам: «Сиз кимсиз?» — дейишга журъат эта олмайди, сабаби у Исо эканини билишади. (Юҳанно 21:9–12) Шу билан, у бир гуруҳ шогирдларига учинчи марта кўринади.

Исо улар нонушта қилишсин деб ҳар бирига нон билан балиқ беради. Сўнг овланган балиққа қараб: «Юҳанно ўғли Симун, булардан кўра мени кўпроқ яхши кўрасизми?» — деб сўрайди. Хўш, Бутрус учун балиқ овлаш муҳимроқми ёки Исо унга тайинлаган ишми? Бутрус жавобан: «Ҳа, Ҳазрат! Мен сизни қанчалик яхши кўришимни ўзингиз биласиз-ку»,— дейди. Шунда Исо уни: «Қўзиларимни ўтлатинг»,— деб ундайди. (Юҳанно 21:15)

Исо тағин сўрайди: «Юҳанно ўғли Симун, мени яхши кўрасизми?» Бутрус ҳайрон бўлса керак. У чин қалбдан: «Ҳа, Ҳазрат! Мен сизни қанчалик яхши кўришимни ўзингиз биласиз-ку»,— дейди. Исо унга сал аввал айтганидай: «Қўзиларимни ўтлатинг»,— дейди. (Юҳанно 21:16)

Учинчи марта Исо: «Юҳанно ўғли Симун, мени яхши кўрасизми?» — дея сўрайди. Бутрус, эҳтимол, Исо унинг садоқатида шубҳаланяпти деб ўйлаётгандир. Шу боис, қатъий: «Ҳазрат, сизга барча нарса аён ва сизни қанчалик яхши кўришимни ҳам биласиз»,— дейди. Бутрус нима қилиши кераклигини таъкидлаб Исо унга: «Қўзиларимни ўтлатинг»,— деб айтади. (Юҳанно 21:17) Демак, масъулиятни ўз зиммасига олаётганлар Худонинг сурувидаги кишиларга хизмат қилиши даркор.

Яқинда Исони қўлга тушириб, Аллоҳ топширган ишни бажаргани учун қатл қилишди. Исо энди Бутрусни ҳам шу каби ўлим кутаётганини ошкор этади. «Ёш бўлганингизда,— дейди Исо,— ўзингиз кийиниб, хоҳлаган жойингизга борар эдингиз. Қариганингизда эса қўлларингизни узатасиз ва бошқа кимса сизни кийинтириб, истамаган жойингизга олиб боради». Исо уни: «Сиз орқамдан юраверинг»,— деб чорлайди. (Юҳанно 21:18, 19)

Ҳаворий Юҳаннога ишора қилиб Бутрус: «Ҳазрат, у-чи, у нима қилади?» — дея сўрайди. Чиндан ҳам Исога айниқса қадрли бўлган ҳаворийнинг келажаги қандай кечар экан? Исо жавобан дейди: «Агар мен келгунимча унинг қолишини истасам, сизга нима?» (Юҳанно 21:21–23) Бутрус ўзгалар қилаётган ишлари ҳақида ташвишланмай, Исога эргашиши лозим. Бироқ Исо, Юҳанно қолган ҳаворийлардан кўпроқ яшашини ва Исо Шоҳлик қудрати билан келиши борасида ваҳий олишини назарда тутади.

Шубҳасизки, Исо бошқа кўп ишларни ҳам қилган. Лекин уларнинг ҳаммасини ёзиш учун битик етмайди.