Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

128- БОБ

Пилат ва Ҳирод Исодан айб топишмайди

Пилат ва Ҳирод Исодан айб топишмайди

МАТТО 27:12–14, 18, 19 МАРК 15:2–5 ЛУҚО 23:4–16 ЮҲАННО 18:36–38

  • ПИЛАТ ВА ҲИРОД ИСОНИ СЎРОҚ ҚИЛИШАДИ

Исо чиндан ҳам шоҳ эканини Пилатдан яширмайди. Бироқ унинг Шоҳлиги Рим учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас,— дейди Исо.— Борди-ю, Шоҳлигим бу дунёдан бўлганида эди, хизматчиларим яҳудийларнинг қўлига тушмаслигим учун курашган бўлишарди. Аммо Шоҳлигим бу дунёдан эмас». (Юҳанно 18:36) Демак, Исонинг Шоҳлиги бор, лекин бу дунё билан ҳеч қандай умумийлиги йўқ.

Исонинг жавоби Пилатни қониқтирмайди. Шу сабабли, у: «Хуллас, сен шоҳ экансан-да?» — деб сўрайди. Пилат тўғри хулосага келганини Исо қуйидагича тушунтиради: «Шоҳ эканлигимни ўзингиз айтяпсиз. Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик бериш учун туғилдим, ана шу мақсадда дунёга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлганлар овозимга қулоқ солишади». (Юҳанно 18:37)

Бундан аввал Исо Тўмага қуйидагиларни айтган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман». Энди Исо Пилатга ҳам ўзининг Шоҳлиги ҳақидаги «ҳақиқат» тўғрисида шоҳидлик бериш мақсадида ер юзига юборилганини билдиради. Исо ушбу ҳақиқатга содиқ бўлиб, у учун ҳатто ўлишга ҳам тайёр. Пилат Исодан: «Ҳақиқат? У нима ўзи?» — деб сўрайди-ю, лекин жавоб кутмайди. Пилатнинг фикрича, бу кишига ҳукм чиқариш учун у эшитган нарсанинг ўзи етарли. (Юҳанно 14:6; 18:38)

Пилат сарой яқинида турган халқ олдига яна бир бор чиқади. Эҳтимол, унинг олдида турган Исо ҳақида у қуйидагиларни айтади: «Мен бу одамдан бирон айб тополмаяпман». Бундай қарордан норози бўлган бош руҳонийлар ва йиғилган бошқа одамлар айтганларида туриб олиб: «У ўз таълимотини бутун Яҳудия бўйлаб — Жалиладан тортиб шу ергача ёйиб, халқни ғалаёнга чорлаяпти»,— дейишади. (Луқо 23:4, 5)

Яҳудийларнинг ақлсизлиги ва мутаассиблиги Пилатни ҳайрон қолдиради. Бош руҳонийлару оқсоқоллар бақиришаётганда, Пилат Исодан шундай сўрайди: «Бўйнингга қанақа айблар қўйишаётганини эшитяпсанми?» (Матто 27:13) Аммо Исо жавобан ҳеч нима демайди. Исо шиддатли айбловларни хотиржамлик ила тинглаётгани Пилатни лол қолдиради.

Яҳудийлар Исо Жалиладан бошлаб таълим берганини айтишади. Шунда Пилат Исо жалилалик эканини англайди ва унга Исони суд қилиш масъулиятидан қутулиш фикри келади. Ҳозир Қуддусда Фисиҳ байрами нишонланаётгани сабабли, Жалила ҳокими — Ҳирод Антипа (Буюк Ҳироднинг ўғли) ташриф буюрган бўлади. Шунинг учун, Пилат Исони унинг олдига жўнатади. Бир пайтлар Ҳирод Антипа Яҳёни бошидан жудо қилган эди. Кейинчалик, у Исо мўъжизалар қилаётганини эшитганда, у тирилган Яҳё эмасмикин дея саросимага тушади. (Луқо 9:7–9)

Ҳирод Исо билан учрашишдан ғоят хурсанд. Лекин у Исога на ёрдам бермоқчи, на унга қарши чиқарилган айбловлар асосли ёки асоссиз эканини аниқламоқчи. Ҳирод Исони шунчаки кўрмоқчи ва «бирон-бир мўъжиза кўрсатар деган умидда». (Луқо 23:8) Бироқ Исо Ҳироднинг қизиқувчанлигини қондирмайди. Чунки у Ҳироднинг саволларига бир оғиз сўз ҳам айтмайди. Шунда ҳафсаласи пир бўлган Ҳирод ва унинг аскарлари Исони камситишни бошлашади. (Луқо 23:11) Улар Исога қимматбаҳо кийим кийдириб, масхара қилишади. Сўнгра Ҳирод Исони қайтадан Пилатнинг ҳузурига юборади. Шундай қилиб, илгари душман бўлган Ҳирод ва Пилат яқин дўст бўлиб қолишади.

Исони Пилатнинг ҳузурига олиб келишганда, бош руҳонийлар, яҳудий раҳбарлари ва халқни йиғиб, у шундай дейди: «Аммо мен уни кўзингиз олдида сўроқ қилиб, қўйган айбловларингизнинг бирортасини ҳам топа олмадим. Ҳирод ҳам унда ҳеч қандай айб топа олмай, уни олдимизга қайтарди. Хуллас, у ўлим жазосига лойиқ ҳеч нарса қилмаган. Шунинг учун уни жазолайман-да, қўйиб юбораман». (Луқо 23:14–16)

Руҳонийларнинг Исога адовати бўлгани учун уни суд қилишга топширишганини билиб, Пилат Исони озод қилмоқчи. Қолаверса, Исони озод этиш учун яна бир сабаб пайдо бўлади. Пилат ҳакамлик курсисига ўтирганида, хотини шундай хабар юборади: «Бу одил кишига тегманг, чунки мен бу кеча тушимда [туш Худодан бўлгандир] уни деб кўп азоб чекдим». (Матто 27:19)

Пилат айбсиз одамни озод қилармикан?