Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

124- БОБ

Яҳудо Исони душман қўлига топширади

Яҳудо Исони душман қўлига топширади

МАТТО 26:47–56 МАРК 14:43–52 ЛУҚО 22:47–53 ЮҲАННО 18:2–12

  • ЯҲУДО БОҒДА ХОИНЛИК ҚИЛАДИ

  • БУТРУС БИР КИШИНИНГ ҚУЛОҒИНИ КЕСИБ ТАШЛАЙДИ

  • ИСОНИ ҲИБСГА ОЛИШАДИ

Туннинг ярми ҳам тугай деб қолди. Яҳудо Исога хиёнат қилгани учун руҳонийлар унга 30 кумуш танга беришга рози бўлишди. Яҳудо Исони қидириб, бош руҳонийлару фарзийлардан иборат бир тўда одамни бошлаб келяпти. Улар билан қуролланган римлик аскарлар ва мингбоши келади.

Фисиҳ таоми пайтида Исо Яҳудони чиқариб юборганда, у тўппа-тўғри бош руҳонийларнинг олдига боргандир. (Юҳанно 13:27) Улар эса соқчиларни ҳамда бир гуруҳ аскарларни йиғишади. Эҳтимол, аввал Яҳудо уларни Исо ҳаворийлар билан Фисиҳ байрамини нишонлаган уйга олиб боргандир. Лекин ҳозир бу тўда Қидрон водийсидан ўтиб, боғ томон йўл оляпти. Қуролланган бу одамлар Исони машъалаю мойчироқлар билан қидиришади.

Яҳудо барчани Зайтун тоғига бошлаб боради. У Исони қаердан топиш мумкинлигини билади. Ўтган ҳафта мобайнида Исо ҳаворийлар билан Байтаниядан Қуддусга бир неча марта бориб қайтганида, Гетсемания боғида тез-тез тўхтарди. Тун бўлгани учун зайтун дарахтлари орасида Исони топиш жуда қийин. Хўш, аскарлар уни қандай қилиб таний олишади? Ахир улар Исони ҳеч қачон кўришмаган-ку?! Яҳудо уларга белги беришини айтади: «Мен кимни ўпсам, у ўшадир. Уни маҳкам ушлаб, олиб кетинглар». (Марк 14:44)

Яҳудо тўдани боққа бошлаб киради. Исо ҳаворийлар билан бирга эканини кўриб, у томон қадам босади. «Салом, Устоз!» — дейди Яҳудо ва уни астагина ўпади. Исо ундан: «Дўстим, бу ерга нега келдингиз?» — деб сўрайди. (Матто 26:49, 50) Бу саволга ўзи жавоб бериб: «Яҳудо, Инсон Ўғлига ўпич билан хиёнат қиляпсизми?» — дейди. (Луқо 22:48) Шу билан Исо хоинга ҳеч нарса гапирмайди.

Исо машъала ва мойчироқлар ёнган томонга чиқиб: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўрайди. Шунда тўдадан кимдир: «Носиралик Исони»,— дейди. Исо жасорат ила: «Ўша менман»,— дейди. (Юҳанно 18:4, 5) Нима юз беришини билмаган одамлар ерга йиқилишади.

Исо фурсатдан фойдаланиб, тунда яшириниб олишнинг ўрнига, кимни излашаётганини улардан яна сўрайди. Улар такроран: «Носиралик Исони»,— деб жавоб беришганида, у хотиржамлик билан: «Ўша мен эканлигимни сизларга айтдим-ку. Агар мени қидираётган бўлсангиз, буларни қўйиб юборинглар». Ҳатто шундай дақиқаларда ҳам Исо илгари айтганларини, яъни ҳеч бир шогирдини йўқотмаслигини эслайди. (Юҳанно 6:39; 17:12) «Ҳалокатга йўлиқадиган киши», яъни Яҳудодан бўлак Исо барча содиқ ҳаворийларини сақлаб қолди, ҳеч бирини йўқотмади. (Юҳанно 18:7–9) Шунинг учун, содиқ ҳаворийларини қўйиб юборишларини сўраяпти.

Аскарлар ўрнидан туриб, Исога яқинлашаётганида ҳаворийлар нима бўлаётганини тушунишади. Шунда улар: «Ҳазрат, қилични ишга солайликми?» — деб сўрашади. (Луқо 22:49) Исо ҳали жавоб беришга улгурмай, Бутрус қўлига қилични (ҳаворийлар ўзлари билан олган иккита қиличдан бирини) олиб, олий руҳонийнинг хизматкори Малхусга ҳужум қилади-да, ўнг қулоғини кесиб ташлайди.

Исо Малхуснинг қулоғига тегиб, уни соғайтиради. Кейин муҳим бир сабоқ бериб Бутрусга буюради: «Қиличингизни қинига солиб қўйинг. Чунки қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади». Исо уни ҳибсга олишларига шай бўлиб: «Муқаддас Ёзувлардаги сўзлар қандай амалга ошар эди? Ахир буларнинг содир бўлиши каромат қилинган-ку»,— деб тушунтиради. (Матто 26:52, 54) Сўнг: «Отам менга берган косани наҳотки ичмасам?» — деб қўшиб қўяди. (Юҳанно 18:11) Исо Худонинг унга нисбатан иродасига қарши чиқмайди ва ҳатто ўлишга ҳам тайёр.

Исо одамлардан қуйидагиларни сўрайди: «Мен сизларга қароқчимидимки, мени ҳибсга олиш учун қиличу таёқ кўтариб келибсизлар? Ҳар куни маъбадда ўтириб таълим берганимда, мени ҳибсга олмаган эдингиз-ку. Аммо буларнинг бари пайғамбарларнинг сўзлари амалга ошиши учун содир бўлди». (Матто 26:55, 56)

Шунда аскарлар, мингбоши ва яҳудийларнинг соқчилари Исони ушлаб, боғлашади. Буни кўриб ҳаворийларнинг ҳаммаси қочиб кетади. Лекин «бир йигит», эҳтимол, Марк оломонга қўшилиб Исонинг орқасидан кетади. (Марк 14:51) Бу йигитни таниб қолишади ва уни ушлаб олмоқчи бўлишади. У эса зиғир матодан тикилган кийимини ташлаб, қочиб кетади.