Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

117- БОБ

Қутлуғ Кечлик маросими

Қутлуғ Кечлик маросими

МАТТО 26:21–29 МАРК 14:18–25 ЛУҚО 22:19–23 ЮҲАННО 13:18–30

  • ИСО УНИ ЯҲУДО ТУТИБ БЕРИШИНИ АЙТАДИ

  • ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК МАРОСИМИНИ КИРИТАДИ

Шу кеча сал олдин Исо ҳаворийларнинг оёқларини ювиб, камтарлик борасида ўрнак кўрсатди. Эҳтимол, Фисиҳ таомини еб бўлгач, у Довуднинг башоратли сўзларини келтиради: «Мен билан аҳил бўлган, мен ишонган, нон-тузимни тотган киши менга қарши товонини кўтарди». Кейин: «Орангиздан бир киши менга хиёнат қилади»,— деб айтади. (Забур 41:9; Юҳанно 13:18, 21)

Ҳаворийлар бир-бирига қараб: «Ҳазрат, мен эмасман-а?» — деб сўрашади. Ҳатто Яҳудо Ишқариёт ҳам шу саволни беради. Бутрус Исонинг ёнида ёнбошлаган Юҳаннога мурожаат қилиб, ким ҳақида гап кетаётганини Исодан сўрашини илтимос қилади. Шунда Юҳанно Исонинг кўксига яқинроқ энгашиб: «Ҳазрат, у ким?» — дея савол беради. (Матто 26:22; Юҳанно 13:25)

Исо жавобан: «Бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир»,— дейди. Кейин бурда нонни дастурхонда турган косага ботириб, Яҳудога узатади-да, шундай дейди: «Инсон Ўғли у ҳақда ёзилганидай сизларни тарк этяпти. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қиладиган кишининг ҳолига вой! Ўша одамнинг туғилмагани яхшироқ бўларди». (Юҳанно 13:26; Матто 26:24) Бундан сўнг, Шайтон Яҳудонинг ичига киради. Бу инсон аллақачон инсофсиз бўлиб, ўзини Иблиснинг қўлига топшириб бўлган. Шу йўсин, у «ҳалокатга йўлиқадиган кишига» айланади. (Юҳанно 6:64, 70; 12:4; 17:12)

Исо Яҳудога: «Қиладиганингизни тезроқ қилинг»,— дейди. Бошқа ҳаворийлар Яҳудонинг қўлида пул қутиси бўлгани учун Исо унга: «“Байрам учун зарур нарсаларни сотиб олинг” ёки “камбағалларга бирор нима беринг”»,— деб айтяпти, деган хаёлга боришади. (Юҳанно 13:27–30) Лекин Яҳудо Исони тутиб бериш учун кетади.

Ўша кеча ҳамма Фисиҳ таомини тановул қилаётганида, Исо янги маросим киритади. У нонни олиб, шукрона дуосини айтади. Кейин нонни синдиргач, ҳаворийларига бериб, шундай дейди: «Бу сизлар учун фидо қилинадиган танамни билдиради. Буни мени эслаб туриш учун қилинглар». (Луқо 22:19) Нон дастурхон бўйлаб узатилади ва ҳаворийлар уни ейишади.

Бундан сўнг Исо шароб билан тўлдирилган косани олиб, шукрона дуосини айтади. Кейин уни ҳаворийларга узатади ва ҳамма ундан ичади. Исо шундай дейди: «Бу коса, сизлар учун тўкиладиган қоним асосида кучга кирадиган янги аҳдни англатади». (Луқо 22:20)

Шу йўсин, Исо ўзининг ўлим кунини хотирлаш каби янги маросимни киритади. Ҳар йили 14 нисон, Исо ва унинг Отаси садоқатли кишиларни гуноҳ ва ўлим қуллигидан халос этиш учун нималар қилишганини издошларига эслатиб туради. Бу маросим яҳудийларнинг Фисиҳ байрамидан анча аҳамиятлироқ. Зеро, у асосий эътиборни ҳақиқий озодликка қаратади ва Худога ишонган одамлар унга эришишлари мумкин.

Исонинг айтишича, унинг қони «кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкилади». Гуноҳлари кечириладиган одамлар қаторига садоқатли ҳаворийлар ва улар каби бошқа содиқ шогирдлар ҳам киради. Улар Исо билан Отасининг Шоҳлигида бирга бўлишади. (Матто 26:28, 29)