Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

116- БОБ

Исо ҳаворийларининг оёқларини ювади

Исо ҳаворийларининг оёқларини ювади

МАТТО 26:20 МАРК 14:17 ЛУҚО 22:14–18 ЮҲАННО 13:1–17

  • ИСО ҲАВОРИЙЛАР БИЛАН ОХИРГИ МАРТА ФИСИҲ ТАОМИНИ ЕЙДИ

  • ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ОЁҚЛАРИНИ ЮВИБ, КАМТАРИН БЎЛИШГА ЎРГАТАДИ

Бутрус ва Юҳанно Исонинг топшириғини бажариш учун Қуддусга келишди. Улар Фисиҳ байрами учун ҳамма нарсани тайёрлаб қўйишди. Кейинроқ у ерга Исо қолган ўнта ҳаворий билан келади. Ҳадемай кеч киради. Улар Зайтун тоғидан тушаётганида, қуёш ғарбда ботаётган эди. Исо тирилгунига қадар кундузги бу манзарани бошқа кўрмайди.

Улар Қуддусга келиб, Фисиҳ таомини ейдиган уйга киришади. Улар зинадан катта болохонага кўтарилишади. У ерда Фисиҳ байрамини яқин дўстлар даврасида нишонлаш учун ҳамма нарса тайёрлаб қўйилган. Исо бу вақтни интизорлик билан кутгани учун: «Бошимга тушадиган азоблардан олдин сизлар билан мана шу Фисиҳ таомини ейишни жуда орзу қилгандим»,— дейди. (Луқо 22:15)

Кўп йиллар илгари Фисиҳ байрамини нишонлаётиб бир-бирига бир неча коса шароб узатиш одати киритилган эди. Исо ҳам косалардан бирини олади-да, Худога шукрона айтиб дейди: «Уни олинглар-да, бир-бирингизга узатинглар. Шуни билиб қўйингларки, Худонинг Шоҳлиги келмагунча, мен шароб ичмайман». (Луқо 22:17, 18) Унинг сўзларидан у яқинда ўлиши кераклиги аён бўляпти.

Фисиҳ таомини тановул қилишаётганда, ўзгача бир нарса юз беради. Исо устки кийимини ечади-да, сочиқни олади. Кейин тоғорага сув қуяди. Одатда меҳмонларнинг оёқлари ювилишига уй эгаси ғамхўрлик қилади, масалан у буни хизматкорига қилишни буюриши мумкин. (Луқо 7:44) Ҳозир уй эгаси йўқ бўлгани сабабли, Исонинг ўзи бу вазифани бажаряпти. Бу ишни ҳаворийлардан бири қилиши мумкин эди, лекин ҳеч бири ўрнидан қимирламади. Балки сабаб ҳар бири ўзини бошқасидан устун қўяётганидадир. Қандай бўлмасин, Исо оёқларини юваётгани учун ҳаворийлар хижолат тортишади.

Исо Бутруснинг олдига келганида, у: «Асло менинг оёқларимни ювмайсиз!» — деб эътироз билдиради. Исо унга: «Агар ювмасам, мен билан улушингиз бўлмайди»,— деб айтади. Шунда Бутрус ҳис-туйғуларга берилиб: «Ҳазрат, унда нафақат оёқларимни, қўлларимни ҳам, бошимни ҳам ювиб қўйинг»,— дейди. Исонинг жавоби Бутрусни ҳайрон қолдирган бўлса керак: «Чўмилган кишининг оёқларини ювиш етарли, чунки унинг бутун бадани покдир. Сизлар поксиз, аммо ҳаммангиз эмас». (Юҳанно 13:8–10)

Исо 12 та ҳаворийнинг, жумладан, Яҳудо Ишқариётнинг оёқларини ювади. Кейин устки кийимини кийиб, дастурхонга қайтади-да, шундай деб сўрайди: «Мен нима қилганимни англадингизми? Сизлар мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб атайсизлар ва бу тўғри, мен ўшаман. Демак, агар мен Ҳазрат ва Устоз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, унда сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишга бурчлисиз. Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея ўрнак кўрсатдим. Ишонаверинг, қул ўз хўжайинидан буюк эмас, элчи ҳам уни юборгандан буюк эмас. Булардан хабардор экансиз, уларга риоя қилсангиз, бахтиёр бўласиз». (Юҳанно 13:12–17)

Камтарлик ила бошқаларга хизмат қилишнинг ажойиб ўрнаги! Исонинг издошлари биринчи бўлишга интилиб, ўзларини бошқалардан устун ва ўзгалар уларга хизмат қилишга бурчли деб ўйламасликлари лозим. Улар оёқ ювиш одатини киритиб эмас, балки бошқаларга камтарлик ила ва юзхотирчиликсиз хизмат қилишга тайёр бўлиб Исонинг ўрнагига эргашишлари даркор.