Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

72- БОБ

Исо 70 та шогирдини ваъз қилишга юборади

Исо 70 та шогирдини ваъз қилишга юборади

ЛУҚО 10:1–24

  • ИСО 70 ТА ШОГИРДИНИ ТАНЛАБ, ВАЪЗГЎЙЛИККА ЮБОРАДИ

Мил. 32 йилнинг охири. Исонинг сувга чўмганига тахминан уч йил бўлди. Яқиндагина у шогирдлари билан Қуддусга, Чайлалар байрамига келган эди. Эҳтимол, улар ҳали ҳам шаҳар ён-атрофида. (Луқо 10:38; Юҳанно 11:1) Қолган олти ойлик хизматининг аксарият қисмини у Яҳудияда ва Иордан дарёсининг нариги томонидаги Переяда ўтказади. Бу ҳудудда ҳам хушхабарни ваъз қилиш керак.

Аввалроқ, мил. 30 йили Ҳосил байрамидан сўнг, Исо Самария бўйлаб юриб, Яҳудияда бир неча ой мобайнида ваъзгўйлик қилган эди. Тахминан мил. 31 йили Ҳосил байрами нишонланаётганда яҳудийлар унинг жонига қасд қилишга уринишди. Кейинги бир ярим йил давомида асосан шимолда жойлашган Жалилада таълим бериб юрди. Шу вақт ичида кўплар унинг издошига айланди. Жалилада Исо ҳаворийларига таълим берди ва уларни ваъз қилишга жўнатаётиб шундай деди: «“Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— деб эълон қилинглар». (Матто 10:5–7) Мана энди Исо Яҳудияда кенг кўламли ваъзгўйлик фаолиятини бошлайди.

Дастлаб, у шогирдларидан 70 тасини танлайди ва уларни иккитадан қилиб жўнатади. Шу йўсин, 35 жуфт шогирд «ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз» бўлган ҳудудларда ваъзгўйлик қилади. (Луқо 10:2) Исо уларни ўзи бормоқчи бўлган шаҳару қишлоқларга жўнатади. Бу 70 та шогирд касалларни даволаб, Исо ваъз қиладиган хабарни етказиши керак.

Исо шогирдларига ибодатхоналарга эмас, балки тўғридан-тўғри одамларнинг уйларига боришни буюради. У уларга шундай кўрсатма беради: «Бирон-бир уйга кирганингизда: “Ассалому алайкум”,— деб айтинглар. Агар у ерда тинчликсевар киши бўлса, саломингиз у билан қолади». Улар нима ҳақда гапиришлари керак экан? «“Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— дея айтиб юринглар»,— дейди Исо. (Луқо 10:5–9)

Бундан қарийб бир йил олдин Исо 12 та ҳаворийсини ваъзгўйликка юбораётиб, уларга муайян кўрсатмалар берганди. Энди у 70 та шогирдига ҳам шу йўл-йўриқларни беради. Исо уларни ҳамма ҳам қувонч билан кутиб олмаслигини айтиб огоҳлантиради. Шогирдларнинг ажойиб ишлари самимий инсонларни сабрсизлик билан уларнинг Устози келишини кутишга ундайди.

Орадан кўп ўтмай, 35 жуфт шогирд Исонинг олдига қайтиб келади. «Ҳазрат,— деб айтишади улар,— сизнинг исмингизни тилга олганимизда, ҳатто жинлар ҳам бизга бўйсунишяпти». Бундай қувончли хабар Исони жуда хурсанд қилади ва у уларга жавобан шундай дейди: «Мен Шайтоннинг осмондан чақмоқдай тушганини кўрдим. Мана, мен сизларга илонлару чаёнларни эзиб ташлаш учун... ҳокимият берганман». (Луқо 10:17–19)

«Илонлару чаёнларни эзиб ташлаш» ибораси рамзий маънога эга. Бу билан Исо шогирдларини уларга зарар етказадиган нарсаларни енга олишларига ишонтиради. Бундан ташқари, шогирдлар келажакда Шайтон осмондан улоқтирилишига амин бўлишлари мумкин. Исо шунингдек, 70 та шогирдига энг муҳими нима эканлигини англаб етишга ёрдам беради. У шундай дейди: «Лекин жинлар сизларга бўйсунишганига эмас, балки исмларингиз осмонда ёзилганига хурсанд бўлинглар». (Луқо 10:20)

Исо қувончга тўлиб, бундай ажойиб ишларни амалга оширишда камтарин хизматчиларидан фойдаланаётгани учун Отасини улуғлайди. Шогирдларига мурожаат қилиб, Исо қуйидагиларни айтади: «Сизлар кўраётган нарсаларни кўрганлар бахтлидир. Сизларга айтиб қўяй, кўпдан-кўп пайғамбарлару шоҳлар сизлар кўраётган нарсаларни кўришни орзу қилишган, лекин кўра олишмаган. Сизлар эшитаётганларни эшитишни хоҳлашган, бироқ эшита олишмаган». (Луқо 10:23, 24)