25-БОБ
«Мени подшоҳ ҳукм этишини талаб қиламан!»
Павлус хушхабарни ҳимоя қилишда ўрнак кўрсатди
Ҳаворийлар 25:1–26:32 га асосланган
1, 2. а) Павлус қандай вазиятда эди? б) Павлус уни подшоҳ ҳукм этишини талаб қилгани қандай саволни юзага келтиряпти?
ПАВЛУС Кесарияда ва уни қаттиқ қўриқлашяпти. Бундан икки йил аввал у Яҳудияга қайтганида, бир неча кун давомида яҳудийлар уни камида уч марта ўлдирмоқчи бўлишган. (Ҳавор. 21:27–36; 23:10, 12–15, 27) Душманларининг қўлидан ҳеч нарса келмаган бўлса ҳам, улар таслим бўлмоқчи эмас. Павлус уларнинг қўлига тушиши мумкинлигини тушунганда, Рим ҳокими Фестга: «Мени подшоҳ ҳукм этишини талаб қиламан!» — деди. (Ҳавор. 25:11)
2 Павлус бундай йўл тутиши Яҳованинг иродасига мувофиқми? Бу саволнинг жавоби биз — охирзамонда Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик бераётганлар учун жуда муҳим. «Хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштириш» йўлида биз ҳам Павлусга тақлид қилишимиз керакми? Буни билишимиз муҳим. (Филип. 1:7)
«Подшоҳнинг ҳакамлик курсиси олдида турибман» (Ҳаворийлар 25:1–12)
3, 4. а) Нега яҳудийлар Павлусни Қуддусга олиб боришни сўрашди ва у қандай қилиб ўлимдан омон қолди? б) Павлус билан бўлганидай, Яҳова ҳозир ҳам хизматчиларини қай йўсин қўллаб-қувватлаяпти?
3 Рим томонидан тайинланган Яҳудиянинг янги ҳокими Фест a уч кундан кейин Қуддусга йўл олди. Ўша ерда у Павлусни жиддий жиноятларда айблаётган бош руҳонийлару мансабдор яҳудийларни тинглади. Бу кишилар янги ҳокимдан улар ва барча яҳудийлар билан тинчлик сақлаши талаб этилишини билишарди. Шунинг учун улар Павлусни Қуддусга олиб бориб, ўша ерда сўроққа тутишни Фестдан сўрашди. Бироқ бунинг ортида ёмон ният яширилганди. Улар Павлусни Кесариядан Қуддусга олиб кетаётганда, уни ўлдиришни режалаштиришганди. Фест эса бунга рози бўлмай, шундай деди: «Раҳбарларингиз мен билан бирга [Кесарияга] бориб, у кишининг қандайдир айби бўлса, айтишсин». (Ҳавор. 25:5) Шу йўсин, Павлус яна ўлимдан омон қолди.
4 Ҳамма синовларда Яҳова Павлусни Ҳазрати Исо Масиҳ орқали қўллаб-қувватларди. Эсингизда бўлса, ваҳийда Исо бу ҳаворийга: «Дадил бўл!» — деб айтганди. (Ҳавор. 23:11) Бугун ҳам Худонинг хизматчилари турли қийинчилик ва таъқибларга дуч келишяпти. Яҳова бизни ҳар бир қийинчиликдан ҳимоя қилмаяпти, аммо сабр-бардошли бўлишимиз учун донолик ва куч беряпти. Меҳрибон Аллоҳимиз «инсонларникидан устун турган куч»ни бизга доим беришига ишонсак бўлади. (2 Кор. 4:7)
5. Фест Павлус билан қандай йўл тутди?
5 Бир неча кун ўтиб, Фест Кесарияда «ҳакамлик курсисига» ўтирди b. Унинг олдида Павлус ва унинг айбловчилари туришибди. Асоссиз айбловларга жавобан, Павлус: «Мен яҳудийларнинг Қонунига ҳам, маъбадга ҳам, подшоҳга қарши ҳам бирор гуноҳ қилганим йўқ»,— деди. У беайб ва озод этилишга лойиқ. Хўш, Фест қандай қарор чиқаради? Яҳудийларга ёқиш мақсадида у Павлусдан: «Қуддусга бориб, шу айблар бўйича ўша ерда ҳукм қилинишни хоҳлайсанми?» — деб сўради. (Ҳавор. 25:6–9) Нақадар бемаъни таклиф! Павлус Қуддусга қайтса, унинг айбловчилари ҳакамлик қилишади ва у ўлимдан қутула олмайди. Бу вазиятда Фестни адолат эмас, одамларнинг кўнглини топиш кўпроқ қизиқтирарди. Йиллар аввал бошқа ҳоким, Понтий Пилат Исога нисбатан худди шундай йўл тутганди. (Юҳан. 19:12–16) Ҳозир ҳам судьялар бошқаларга ёқиш учун адолатсиз қарорлар чиқариб қўйиши мумкин. Шунинг учун судларда Худо халқининг ишлари бўйича мавжуд бўлган далилларга зид қарорлар чиқарилса, бундан ҳайрон қолмаслигимиз керак.
6, 7. Нега Павлус уни подшоҳ ҳукм этишини талаб қилди ва биз учун бу қандай сабоқ?
6 Фестнинг яҳудийларга ёқиш нияти туфайли Павлус ҳаётидан айрилиши мумкин эди. Шу боис у Рим фуқароси сифатидаги ҳуқуқидан фойдаланди. У Фестга шундай деди: «Мен подшоҳнинг ҳакамлик курсиси олдида турибман. Шундай экан, шу ерда ҳукм этилишим керак. Мен яҳудийларга ҳеч қандай ёмонлик қилмаганман. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. [...] Мени подшоҳ ҳукм этишини талаб қиламан!» Одатда бундай талабни рад қилиб бўлмасди. Буни таъкидлаб Фест: «Подшоҳнинг ҳукмини талаб қилдингми, унинг олдига борасан»,— деди. (Ҳавор. 25:10–12) Павлус подшоҳ уни ҳукм этишини талаб қилиб, ҳақиқий масиҳийлар шу каби вазиятда қандай йўл тутиши борасида ўрнак кўрсатди. Қарши чиқаётганлар «қонундан фойдаланиб ёвузликни» ният қилганда, Яҳованинг Шоҳидлари қонуний йўллардан фойдаланиб, хушхабарни ҳимоя қилади. (Заб. 94:20) c
7 Шундай қилиб, Павлус содир этмаган жиноятлар учун икки йилдан кўпроқ вақт қамоқда ўтиргач, Римда ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди. Аммо у ерга боришидан олдин уни бошқа бир бошқарувчи кўрмоқчи эди.
«Ваҳийга биноан йўл тутдим» (Ҳаворийлар 25:13–26:23)
8, 9. Нега подшоҳ Агриппа Кесарияга ташриф буюрди?
8 Фест Павлус уни подшоҳ ҳукм этишини талаб қилганини эшитганидан бир неча кун ўтиб, подшоҳ Агриппа d ва синглиси Верника бу янги ҳокимни «табриклаш учун расмий ташриф буюришди». Ўша даврда Рим амалдорларида янги тайинланган ҳокимларнинг ҳузурига ташриф буюриш одати бўлган. Агриппа бу орқали ўзининг келажагини кўзлаб, сиёсий ва шахсий муносабатларини мустаҳкамлашга интилгани шубҳасиз. (Ҳавор. 25:13)
9 Фест подшоҳга Павлус тўғрисида айтиб берди ва у қизиқиб қолди. Эртаси куни иккала бошқарувчи ҳакамлик курсисига ўтирди. Лекин уларнинг ҳокимияти ва дабдабасига қараганда, маҳбуснинг айтмоқчи бўлган сўзлари кўпроқ таассурот қолдиради. (Ҳавор. 25:22–27)
10, 11. Павлус Агриппага қай йўсин ҳурмат кўрсатди ва ўзининг ўтмиши тўғрисида нима деди?
10 Павлус подшоҳ Агриппа яҳудийларнинг урф-одатларию баҳс-мунозараларини яхши билишини тан олиб, унга ўзини ҳимоялаш имкониятини бергани учун ҳурмат ила миннатдорлик билдирди. Сўнг Павлус ўтмишини тилга олиб: «Динимизнинг қатъий таълимотларига мувофиқ яшаб келаётган фарзий эканимни... ҳаммаси билади»,— деб айтди. (Ҳавор. 26:5) Фарзий сифатида у Масиҳнинг келишини кутган. Энди эса масиҳий бўлгач, у айнан Исо Масиҳни узоқ вақтдан бери кутишаётганини жасорат ила айтяпти. Уни айбловчилари билан боғлаб турган имон — аниқроғи, ота-боболарига берган Аллоҳнинг ваъдаси бажарилишига бўлган умид — уни айблашаётганининг сабаби эди. Павлусни тинглагач, Агриппа янада кўпроқ қизиқиб қолди e.
11 Масиҳийларга шафқатсиз муносабат кўрсатганини эслаб, Павлус шундай деди: «Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам носиралик Исонинг исми билан аталган гуруҳга қарши курашишим керак, деб ўйлардим. [...] Мен [Масиҳнинг издошларидан] дарғазаб бўлиб, ҳатто бошқа шаҳарларда ҳам уларни таъқиб қилардим». (Ҳавор. 26:9–11) Павлус бўрттириб гапирмади. Кўплар у шафқатсизларча масиҳийларни таъқиб қилганини биларди. (Галат. 1:13, 23) Агриппа шундай ўйлагандир: «Бу одам нима туфайли шунчалик ўзгарди?»
12, 13. а) Павлус қай йўсин масиҳий бўлганини қандай тушунтирди? б) Қайси маънода Павлус «говронга қарши» тепган эди?
12 Павлуснинг қуйидаги сўзларидан у жавоб олди: «Шундай қилиб юрганимда, бош руҳонийлардан олган ваколат ва топшириқ билан Дамашққа йўл олган эдим. Эй шоҳ ҳазратлари, туш пайти, ҳануз йўлда эканман, осмондан қуёшдан ҳам ёрқинроқ бир нур порлаб, менинг ва ҳамроҳларимнинг атрофини ярқиратиб юборди. Ҳаммамиз ерга йиқилганимизда, мен иброний тилида шундай деяётган бир овозни эшитдим: “Шоул, Шоул, нега мени таъқиб қиляпсан? Ахир, говронга қарши тепиб, ўзингга зиён етказяпсан-ку”. Шунда мен: “Эй Ҳазрат, сиз кимсиз?” — деб сўрадим. Ҳазратим эса шундай жавоб берди: “Мен, сен таъқиб қилаётган Исоман”». (Ҳавор. 26:12–15) f
13 Буларнинг бари юз беришидан олдин Павлус мажозий маънода «говронга қарши» тепган эди. Юк ҳайвони говроннинг ўткир учига тиралиб, ўзига кераксиз зиён етказгани каби Павлус ҳам Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиб, маънавий жиҳатдан ўзига зарар келтираётганди. Павлус Дамашққа кетаётганида тирилган Исо унга зоҳир бўлиб, бу самимий, аммо адашган кишига фикрлаш тарзини ўзгартиришга ёрдам берди. (Юҳан. 16:1, 2)
14, 15. Ҳаётида юз берган ўзгаришлар тўғрисида Павлус нима деди?
14 Ҳа, Павлус ҳаётини тубдан ўзгартирди. Агриппага у қуйидагича деди: «Мен осмондан келган ваҳийга биноан йўл тутдим. Аввало Дамашқда, Қуддусда ва бутун Яҳудияда яшовчиларга, кейин эса бошқа халқларга бордим. Уларга тавба қилиш, тавбага яраша ишлар бажариш ва Аллоҳга қайтиш кераклигини айтдим». (Ҳавор. 26:19, 20) Кўп йиллар мобайнида Павлус Исо унга туш пайти ваҳий орқали берган топшириқни бажариб келди. Бу қандай самара келтирди? Павлус ваъз қилган хушхабарни қабул қилганлар ахлоқсиз ва нопок ҳаёт кечирганидан тавба қилиб, Худога юз буришарди. Улар намунали фуқароларга айланиб, қонун ва тартибни ҳурмат қиларди.
15 Бироқ Павлусга қарши чиқаётган яҳудийларни бу умуман қизиқтирмасди. Павлус шундай деди: «Шу иш учун яҳудийлар мени маъбадда ушлаб ўлдиришмоқчи эди. Аммо мен Худонинг мадади билан то ҳозиргача кичигу улуғлар олдида шоҳидлик бериб келяпман». (Ҳавор. 26:21, 22)
16. Судья ва бошқарувчилар билан эътиқодимиз тўғрисида гаплашганда, Павлусга қандай тақлид қила оламиз?
16 Ҳақиқий масиҳийлар сифатида биз эътиқодимиз «ҳақида сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр» бўлишимиз керак. (1 Бутр. 3:15) Судья ва бошқарувчилар билан эътиқодимиз тўғрисида гаплашганда, Павлуснинг Агриппа ва Фест билан гаплашганига тақлид қилиш фойдали бўлиши мумкин. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар бизнинг ҳаётимизни ва хушхабарни қабул қилганларнинг ҳаётини яхшилашга қандай ёрдам берганини уларга ҳурмат ила айтсак бўлади. Шу йўсин, бундай лавозимли кишиларда қизиқиш уйғота олармиз.
Ҳаворийлар 26:24–32)
«Мени масиҳий бўлишга кўндирасан» (17. Фест Павлуснинг сўзларига қандай муносабат билдирди ва бунинг ҳозирги вақт билан қандай ўхшашлиги бор?
17 Павлуснинг ишончли далилларини тинглаётиб, бу иккита бошқарувчи бефарқ бўла олмасди. Эътибор беринг, «Павлус бу гапларни айтиб турганда, Фест баланд овозда: “Эс-ҳушингдан айрилибсан, Павлус! Ўқиб, ўқиб, охири ақлдан озибсан”,— деди». (Ҳавор. 26:24) Бугун ҳам кўплар одатда Фестга ўхшаб муносабат билдиради. Кўпчилик Муқаддас Китоб ҳақиқатлари асосида таълим бераётганларни фанатик деб ҳисоблайди. Аксар ҳолларда бу дунёнинг донишмандлари Муқаддас Китобдаги тирилиш борасидаги таълимотни қабул қилишга қийналади.
18. Павлус Фестга қандай жавоб берди ва Агриппа бу борада нима деди?
18 Павлус эса ҳокимга шундай жавоб берди: «Ақлдан озганим йўқ, муҳтарам Фест. Мен фаҳм-фаросат билан ҳақиқатни гапиряпман. Аслида буларнинг барини подшоҳнинг ўзи ҳам яхши билгани учун мен бемалол гапиряпман. [...] Шоҳ Агриппа, сиз пайғамбарларга ишонасизми? Биламан, ишонасиз». Агриппа унга жавоб бериб: «Яна бир оздан кейин мени масиҳий бўлишга кўндирасан, шекилли»,— деди. (Ҳавор. 26:25–28) Бу сўзлар самимий айтилганми ёки йўқми, нима бўлишидан қатъи назар Павлуснинг шоҳидлик бергани подшоҳга қаттиқ таъсир қилгани аниқ.
19. Фест билан Агриппа Павлусга нисбатан қандай қарор чиқаришди?
19 Кейин Агриппа ва Фест ўрнидан туришди, бу билан расмий қабул тугаганини кўрсатишди. «У ердан чиқиб кетаётиб, улар бир-бирига: “Бу одам ўлимга ёки занжирбанд бўлишга лойиқ бирон иш қилмаган”,— дейишарди. Шунингдек, Агриппа ҳам Фестга: “Агар подшоҳнинг ҳукмини талаб қилмаганида, уни қўйиб юборардик”,— деди». (Ҳавор. 26:31, 32) Улар қаршисида беайб киши турганини билишганди. Эҳтимол, ўша вақтдан бошлаб улар масиҳийларга кўпроқ илтифот кўрсата бошлашгандир.
20. Павлус мансабдор кишиларга берган шоҳидлик қандай самара келтирди?
20 Бу бошқарувчиларнинг ҳеч бири Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни қабул қилмаганга ўхшайди. Қизиқ, Павлус уларга гапириб оқилона йўл тутдими? Ҳа. Павлусни Яҳудияда «шоҳлару ҳокимлар қошига» олиб боришгани туфайли бошқа йўл орқали учрашиш қийин бўлган Рим бошқарувчиларига шоҳидлик берилди. (Луқо 21:12, 13) Боз устига, унинг ўрнаги ва синовлар пайтида содиқ қолгани имондошларига далда берарди. (Филип. 1:12–14)
21. Қаршиликларга қарамай ваъз қилишда давом этиш қандай ҳосил келтириши мумкин?
21 Ҳозирда ҳам шундай бўляпти. Синовлару қаршиликларга қарамай, Шоҳлик ишида қатнашиб анчагина яхши ҳосил ўриб олишимиз мумкин. Эҳтимол, биз бошқа йўл орқали учрата олмайдиган мансабдор кишиларга шоҳидлик берармиз. Садоқат ила сабр-бардош қилганимиз биродару опа-сингилларимиз учун далдали бўлиб, уларни Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик бериш ишида янада ғайратли бўлишга ундайди.
a « Рим ҳокими Порций Фест» номли 199-саҳифадаги рамкага қаранг.
b «Ҳакамлик курсиси» тепаликда ўрнатилган ўриндиқ эди. Бу судьянинг қарорлари жиддий аҳамият касб этиб, узил-кесил эканига ишора қиларди. Пилат Исога қарши қўйилган айбловларни кўриб чиқаётганда, ҳакамлик курсисида ўтирганди.
c « Ҳақ топинишни ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қиламиз» номли 200-саҳифадаги рамкага қаранг.
d « Подшоҳ Ҳирод Агриппа II» номли 201-саҳифадаги рамкага қаранг.
e Масиҳий сифатида Павлус Исони Масиҳ дея тан олган. Исони рад этган яҳудийлар эса Павлусни муртад деб ҳисоблашган. (Ҳавор. 21:21, 27, 28)
f Павлус «туш пайти» саёҳат қилгани борасида битта олим шундай деган: «Фақат роса шошаётган саёҳатчи кундузги жазирамада дам олмай юришга мажбур эди. Бундан Павлус масиҳийларни таъқиб қилиш бурчини адо этишни жуда хоҳлаганини кўряпмиз».