Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

26-БОБ

«Ҳеч бир жон ҳалок бўлмайди»

«Ҳеч бир жон ҳалок бўлмайди»

Павлуснинг кема ҳалокатига учраши, Аллоҳга ишонч боғлаши ва одамларга бўлган меҳри

Ҳаворийлар 27:1–28:10 га асосланган

1, 2. Павлусни қандай сафар кутяпти ва уни нима безовта қилаётган бўлиши мумкин?

 ПАВЛУС: «Подшоҳнинг ҳукмини талаб қилдингми, унинг олдига борасан»,— деган Фестнинг гапларини такрор-батакрор хаёлидан ўтказяпти. Чунки бу сўзларга унинг келажаги боғлиқ. Павлус икки йил қамоқхонада бўлгач, Римга борадиган узоқ сафари туфайли ҳеч бўлмаса шароити ўзгарар. (Ҳавор. 25:12) Павлус денгиз бўйлаб жуда кўп сафарларга чиққан, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ёқимли хотиралар билан боғлиқ эмас. Подшоҳ олдида туришини тасаввур қилишнинг ўзи ҳам унда жиддий саволлар туғдираётгандир.

2 Павлус кўп марта «денгизда... хавф-хатарга» дуч келган. Масалан, уч марта кема ҳалокатини бошдан кечирган ва бир кечаю кундузни очиқ денгизда ўтказган. (2 Кор. 11:25, 26) Бу галги сафари у озод киши сифатида қилган сафарларидан бутунлайин фарқ қилади. Ҳозир у маҳбус ва Кесариядан Римгача 3 000 дан зиёд километр йўл босиши керак. У ҳеч қандай хавф-хатарсиз манзилга етиб борадими? У ҳатто етиб борса ҳам, бу унинг охирги сафари бўладими? Ахир у Шайтоннинг дунёсидаги ўша пайтнинг энг қудратли бошқарувчиси томонидан ҳукм этилади.

3. Павлуснинг истаги қандай эди ва бу бобдан нимани билиб оламиз?

3 Павлус ҳақида ўқигач, сизнингча, у бўлажак ҳодисалар тўғрисида ўйлаб тушкунликка тушганми? Асло! У бошига қийинчиликлар тушишини биларди, аммо улар қандай бўлишини билмасди. Таъсир қила олмайдиган нарсалар тўғрисида ҳаддан ташқари ташвишланиб, хизмат келтириши мумкин бўлган қувончдан ўзини маҳрум қилишнинг нима кераги бор? (Мат. 6:27, 34) Павлус шуни билганки, Яҳованинг унга нисбатан иродасига кўра, у ҳар фурсатдан фойдаланиб, ҳатто бошқарувчиларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиши керак эди. (Ҳавор. 9:15) Павлус нима бўлишидан қатъи назар вазифасини бажармоқчи эди. Бизда ҳам бундай истак борми? Келинг, у билан бирга бу тарихий сафарга отланиб, ундан қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.

«Қаршимиздан шамол эсган» (Ҳаворийлар 27:1–7а)

4. Павлус қайси кемада сафарини бошлади ва унинг ёнида кимлар бор эди?

4 Павлус ва бошқа баъзи маҳбуслар Юлий исмли юзбошининг қўлига топширилди. У Кесарияга келган савдо кемасига ўтиришга қарор қилди. Бу кема Лесбос оролидаги Митилина шаҳри қаршисида жойлашган Кичик Осиёнинг ғарбий соҳилидаги Адрамитдан сузиб келди. Кема олдин шимолга, кейин эса ғарбга йўл олиб, йўл-йўлакай юкни ташлаб ва олиб кетарди. Бундай кемалар одамларни ва, айниқса, маҳбусларни олиб юриш учун мўлжалланмаганди. (« Денгиз бўйлаб саёҳатлар ва савдо йўллари» номли рамкага қаранг.) Яхшиямки, маҳбуслар орасида Павлусдан ташқари камида иккита биродар ҳам бор. Улар — Аристарх билан Луқо. У ерда бўлгани учун ҳам бу воқеани Луқо баён этган. Бу иккита садоқатли ҳамроҳлар йўл ҳақини ўзлари тўлаганми ёки Павлуснинг хизматкорлари сифатида ҳисобланганми билмаймиз. (Ҳавор. 27:1, 2)

5. Павлус Сидонда кимлар билан кўришди ва бундан нимани ўрганишимиз мумкин?

5 Бир куннинг ўзида улар шимолга қараб тахминан 110 километр сузишди ва кема Сурия соҳилидаги Сидонда тўхтади. Ҳойнаҳой, Юлий Павлусни бошқа маҳбуслардай кўрмаган ва ёмон муносабат кўрсатмаган, чунки у Рим фуқароси бўлиб, айби ҳам исботланмаганди. (Ҳавор. 22:27, 28; 26:31, 32) Юлий Павлусга соҳилга тушиб, бошқа имондошлари билан кўришишга рухсат берди. Улар узоқ вақт мобайнида қамоқда ўтирган бу ҳаворийга ғамхўрлик қилиши мумкинлигидан ниҳоятда суюнишгандир! Эҳтимол, сизда ҳам шу каби меҳрга тўла меҳмондўстликни намоён этиш имкониятлари бордир, улар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? (Ҳавор. 27:3)

6–8. Павлуснинг Сидондан Книдосга бўлган сафари қандай давом этди ва у қайси имкониятлардан фойдаланиб ваъз қилди?

6 Кема Сидондан чиқиб, шимолга қараб соҳил бўйлаб сузиб кетди ва Павлуснинг она шаҳри Тарс ёнидаги Киликиядан ўтди. Луқо тўхтаган бошқа жойлар ҳақида ҳеч нарса ёзмаган, лекин хавфли бир тафсилотни, яъни қаршисидан «шамол эсгани»ни тилга олган. (Ҳавор. 27:4, 5) Бироқ ёмон об-ҳавога қарамай Павлус ҳар фурсатдан фойдаланиб хушхабарни баҳам кўришини тасаввур қилишимиз мумкин. Шубҳасизки, у кемадаги бошқа маҳбусларга ва одамларга, жумладан, кема экипажига, аскарларга, тўхтаган бандаргоҳлардаги инсонларга ваъз қилган. Биз ҳам, ҳар фурсатдан фойдаланиб, одамларга ваъз қиляпмизми?

7 Вақт ўтгач, кема Кичик Осиёнинг жанубий соҳилидаги Мира шаҳрига етиб келди. У ерда Павлус бошқалар билан бирга бошқа кемага ўтирди. Бу кема уларни Римга, керакли манзилга етказиши керак. (Ҳавор. 27:6) Ўша пайтда буғдойни кемаларда Мисрдан Римга олиб келишарди ва кемалар Мирада тўхтарди. Юлий бундай кемани топиб, аскарларга ва маҳбусларга унга чиқишни буюрди. Бу кема олдингисидан анча каттароқ бўлганга ўхшайди. У қимматбаҳо юкни, яъни буғдойни, жумладан, Римга кетаётган 276 кишини — экипаж, аскарлар, маҳбуслар ва бошқа одамларни таширди. Шуниси аниқки, Павлус бошқа кемага ўтирганда, ваъз қилиш ҳудуди кенгайди ва у бу имконни қўлдан бой бермагани шубҳасиз.

8 Кейин кема Кичик Осиёнинг жануби-ғарбий қисмидаги Книдосда тўхташи керак. Йўлдош шамол эсганда, кема бу масофани деярли бир кунда ўта оларди. Бироқ Луқо баён этишича, «бир неча кун қийналиб сузиб, зўрға Книдосга етиб келдик». (Ҳавор. 27:7а) Ҳаво айниди. (« Ўрта денгизнинг ўзгарувчан шамоллари» номли 208-саҳифадаги рамкага қаранг.) Кучли шамолга қарши ва тўлқинли денгизда сузаётган кема йўловчилари тўғрисида бир ўйлаб кўринг.

«Бўрон кемани қаттиқ тебратган» (Ҳаворийлар 27:7б–26)

9, 10. Крит яқинида қандай қийинчиликлар пайдо бўлди?

9 Кема қўмондони Книдосдан ғарбга қараб сузишни режалаштирганди. Аммо Луқонинг айтишича, шамол уларга ўша йўналишда кетишга «тўсқинлик қилган». (Ҳавор. 27:7б) Кема соҳилдан бироз узоқлашганида, шимоли-ғарбий томондан эсган шамол туфайли уни жанубга, эҳтимол, катта тезликда оқизиб кетган. Кема Критнинг шарқий қирғоғидаги Салмондан ўтиб кетганда, ҳаво сал очилди. Нега? Сабаби, кема бу оролнинг шамол унча кучли бўлмаган жанубий томонида эди. Бундан сал олдин уни қарама-қарши шамоллардан Кипр ороли пана сифатида ҳимоя қилганди. Кемадаги одамлар энди анча енгил тортганини тасаввур қилсак бўлади! Лекин кема экипажида ташвишланиш учун сабаб бор — денгизчилар яқинда қиш келишини ва ўшанда денгизда бўлиш хавфли эканини билишади.

10 Луқо аниқ қилиб шундай ёзган: «Крит соҳили бўйлаб машаққат билан сузиб... Гўзал бандаргоҳлар деган жойга етиб келдик». Ҳатто оролга яқин бўлишига қарамай, кемани бошқариш қийин. Охири, улар соҳилнинг шимолий бурилишидаги кичик қўлтиқда лангар ташлашди. Қизиқ, улар у ерда қанча вақт турди? Луқонинг айтишича, «кўп вақт», лекин у ерда қанча кўп вақт ўтказишса, сузиш ҳам шунча қийин бўлиб борарди. Чунки сентябрь–октябрда кемада сузиш янада хавфли бўлганди. (Ҳавор. 27:8, 9)

11. Павлус қандай маслаҳат берди, лекин қандай қарор чиқарилди?

11 Эҳтимол, баъзи йўловчилар Павлусдан маслаҳат сўрагандир, чунки у Ўрта денгиз бўйлаб сафарларга чиққан эди. Шунда у кема жойидан қўзғалмаслигини тавсия қилди. Акс ҳолда, бу зиён келтириши ва ҳатто ҳаётдан айрилишга олиб келиши мумкин. Аммо кема эгаси ва капитани, ҳойнаҳой, хавфсизроқ жойни топиш учун сафарни давом эттирмоқчи бўлишди. Улар юзбоши Юлийни ҳам кўндиришди ва кўпчилик Финиккача — соҳил бўйидаги бандаргоҳгача етиб бориш керак, деб ҳисобларди. У ердаги бандаргоҳ каттароқ бўлиб, қиш чиқариш учун яхшироқ мослаштирилгандир. Шундай қилиб, жанубдан енгил шабада эсганда, кема йўлга чиқди. (Ҳавор. 27:10–13)

12. Крит оролидан кетгач, кема қандай хавф-хатарга йўлиқди ва кема экипажи омон қолиш учун нималар қилди?

12 Сўнг кўпроқ қийинчиликлар пайдо бўлди: «кучли шимоли-шарқий шамол кўтарилди». Қайсидир вақт ичида улар Гўзал бандаргоҳлардан тахминан 65 километр яқинида жойлашган «унчалик катта бўлмаган Кавда оролини» паналаб сузишди. Лекин кема ҳалиям хавф остида эди, чунки уни жанубга оқизиб кетиши ва Африка соҳилидаги қумлоқ саёзлик ёнида барбод бўлиши мумкин эди. Бунга йўлиқмаслик учун денгизчилар кема қуйруғидаги қайиқни кўтариб олишди. Аммо буни қилиш осон бўлмади, чунки қайиқ сувга тўлиб-тошганга ўхшайди. Кейин улар бу катта кемани боғлаб, ёғочлари бўшаб кетмаслиги учун арқонларни ёки занжирларни унинг пастки қисмидан ўтказишди. Сўнг улар елканларни тушириб, бўронни енгиб ўтиш учун кўп тер тўкишди. Бу қанчалик қўрқинчли бўлганини бир тасаввур қилинг! Бироқ бу чоралар етарли эмас эди, чунки бўрон ҳалиям «кемани қаттиқ тебратган» эди. Учинчи куни эса, ҳойнаҳой, улар чўкиб кетмаслик учун кема жиҳозларини ҳам денгизга ташлашди. (Ҳавор. 27:14–19)

13. Бўрон пайтида кемада нима бўлганини тасвирлаб беринг.

13 Кемадагилар даҳшатга тушгандир. Бироқ Павлус ва унинг ҳамроҳлари омон қолишига амин эди. Бундан олдин Ҳазрати Исо уни Римда шоҳидлик беришига ишонтирган ва кейинчалик фаришта ҳам буни тасдиқлаган. (Ҳавор. 19:21; 23:11) Шундай бўлса ҳам, икки ҳафта мобайнида кечаю кундуз бўрон тўхтамасди. Жала ёққани ва осмонни қора булутлар қоплагани сабабли на қуёш, на юлдузлар кўринарди ва кема бошқарувчиси кема қайси жойда эканини ёки қаерга сузиб кетаётганини тушуна олмаётганди. Овқатланиб олиш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмаётганди. Бундай совуқ, нам, қўрқинчли ва кема чайқалган пайтда ҳеч ким овқат ҳақида ўйламаган бўлса керак.

14, 15. а) Нега Павлус аввал айтган сўзларни эслатди? б) Павлус умид ҳақидаги хабарни айтганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

14 Павлус ўрнидан турди. У кемадагиларга бундан аввал айтган сўзларни эслатди, лекин бу билан: «Мен сизларга айтган эдим-ку»,— демоқчи эмас эди. Бўлаётган ҳодисалар унинг гапида жон борлигини тасдиқларди. Кейин Павлус: «Тушкунликка тушманглар, чунки кемадан ташқари ҳеч бир жон ҳалок бўлмайди»,— деди. (Ҳавор. 27:21, 22) Бу сўзлар тингловчиларга таскин берган бўлса керак! Ҳойнаҳой, Павлус Яҳова унга бошқалар билан ҳам баҳам кўриши мумкин бўлган бундай хабарни етказганидан роса қувонган. Яҳова ҳар бир кишига ғамхўрлик қилаётганини ёдда тутишимиз ўта муҳим. Ҳар бир одам Худо учун қадрли. Ҳаворий Бутрус: «Яҳова... ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди»,— деб ёзган. (2 Бутр. 3:9) Шу боис Яҳова берган умид ҳақидаги хабарни имкон борича кўпроқ инсонлар билан бўлишиш учун жон куйдириш зарур! Бу ҳаёт-мамот масаласи.

15 Павлус кемадагиларнинг кўпчилигига «Аллоҳнинг... берган ваъдасига умид» қилиш тўғрисида шоҳидлик берганга ўхшайди. (Ҳавор. 26:6; Колос. 1:5) Аммо улар яқин орада кема ҳалокатига учраймиз деб ўйлаганда, Павлус улар омон қолишга умид боғлаши учун асосли сабаб келтира олди. У қуйидагича деди: «Бу кеча мен топинадиган Аллоҳ Ўз фариштасини юборди. У менга шундай деб айтди: “Қўрқма, Павлус. Сен подшоҳнинг олдида туришинг керак. Тангри сен билан бирга бўлганларнинг ҳаётини сақлаб қолади”». Павлус уларни шундай деб ундади: «Шунинг учун жаноблар, бардам бўлинглар. Сабаби мен, Худо айтган барча нарсалар рўёбга чиқишига ишонаман. Фақат кемамиз қайсидир орол яқинида ҳалокатга учрайди». (Ҳавор. 27:23–26)

«Ҳамма қуруқликка эсон-омон етиб олди» (Ҳаворийлар 27:27–44)

«Павлус... ҳамманинг олдида шукрона дуосини айт[ди]». (Ҳаворийлар 27:35)

16, 17. а) Павлус қачон ибодат қилди ва бу қандай самара келтирди? б) Павлуснинг башорати қандай амалга ошди?

16 Даҳшатли икки ҳафтадан кейин кемани тахминан 870 километр узоқликка оқизиб кетганда денгизчилар бошқа бир товушни, яъни қуруқликка урилаётган тўлқинларнинг шовқинини эшитиб қолишди. Улар кемани оқизиб кетмаслиги учун лангарларни ташлашди ва кемани саёзликка чиқариш ниятида тумшуғини қуруқликка қаратиб қўйишди. Бу пайтда денгизчилар кемадан қочмоқчи бўлишди, лекин аскарлар бунга тўсқинлик қилишди. Павлус юзбоши ва аскарларга: «Агар бу кишилар кемада қолишмаса, сизлар қутула олмайсизлар»,— деди. Кема жойида мустаҳкамроқ тура бошлаганда эса Павлус барчани овқатланиб олишга чорлаб, омон қолишларига уларни яна бир бор ишонтирди. Кейин Павлус «ҳамманинг олдида шукрона дуосини» айтди. (Ҳавор. 27:31, 35) Шукрона дуоси билан у Луқога, Аристархга ва бугунги масиҳийларга ўрнак кўрсатди. Сиз ҳам барчанинг олдида ибодат қилганингизда, бошқалар бундан тасалли ва далда оляптими?

17 Павлуснинг ибодатидан сўнг «ҳамма дадил бўлиб ейишга киришди». (Ҳавор. 27:36) Денгизчилар буғдойни денгизга ташлаб кемани анча енгилроқ қилишди, бу туфайли кема соҳилга яқинроқ сузиши мумкин. Кун ёришганда эса кемани саёз жойга чиқаришга ҳаракат қилаётганда бемалол ҳаракатланиш учун улар лангарларни узиб ташлаб, йўналтирувчи эшкакларнинг арқонларини ечишди ва олд қисмидаги кичик елканни кўтаришди. Кейин кема тумшуғи, ҳойнаҳой, қумлоқ саёзлик ёки лойда ботиб қолди ва қуйруғи тўлқинларнинг кучи билан парчалана бошлади. Баъзи аскарлар маҳбуслар қочиб кетмаслиги учун уларни ўлдирмоқчи бўлди, лекин Юлий аралашиб, бунга йўл қўймади. У ҳаммага соҳилгача сузиб ёки бирорта нарсадан фойдаланиб етиб олишни буюрди. Павлус башорат қилганидек, 276 киши қутқарилди ва «ҳамма қуруқликка эсон-омон етиб олди». Қизиқ, улар қаерга етиб келишди? (Ҳавор. 27:44)

«Одатдан ташқари инсонийлик» (Ҳаворийлар 28:1–10)

18–20. Қандай қилиб Мальта аҳли «одатдан ташқари инсонийлик кўрсатди» ва Павлус билан қандай мўъжиза юз берди?

18 Омон қолганлар Сицилиянинг жанубида, Мальта оролида эди. (« Қайси Мальта?» номли рамкага қаранг.) Маҳаллий халқ уларга «одатдан ташқари инсонийлик кўрсатди». (Ҳавор. 28:2) Роса ивиб, совуқдан титраб соҳилгача етиб келган мусофирлар учун улар гулхан ёқишди. Совуқ бўлишига ва ёмғир ёғаётганига қарамай, улар исиниб олишди. Кейин бир мўъжиза юз берди.

19 Павлус ёрдам бермоқчи бўлди. У бир қучоқ ўтин териб келди ва уни гулхан устига қўяётганида, заҳарли илон иссиқдан қочиб унинг қўлига ўралиб олди. Мальта аҳли бу худоларнинг жазоси деб ўйлади a.

20 Павлусни илон чаққанини кўрган маҳаллий халқ «унинг қўли шишиб кетади» деб ўйлади. Бир манбага кўра, бу оятда қўлланилган сўз асл нусхада тиббий атамани билдиради. «Севикли табиб Луқо» айнан бу сўзни қўллагани ажабланарли эмас. (Ҳавор. 28:6; Колос. 4:14) Аммо Павлус ҳеч қанақа зиён кўрмай заҳарли илонни силкитиб юборди.

21. а) Қайси мисоллар Луқонинг баёноти ишончли ва аниқ эканини кўрсатяпти? б) Павлус қандай мўъжизалар яратди ва бу Мальта аҳлига қандай таъсир қилди?

21 Ўша ҳудудда Публий исмли бой бўлган ер эгаси яшарди. Ҳойнаҳой, у Мальтада римлик бош амалдор бўлган. Луқо уни «орол бошқарувчиси» деб тасвирлаган ва Мальтада топилган иккита ёзувда айнан бу унвон қўлланилган. У Павлус билан ҳамроҳларини уч кун меҳмон қилди. Ўшанда Публийнинг отаси қаттиқ касал эди. Бу сафар ҳам Луқо беморнинг ҳолатини аниқ қилиб тасвирлаган. У Публийнинг отаси «ичбуруғ касаллигига йўлиқиб, иситмаси чиқиб ётганди» деган. Павлус ибодат қилди ва қўлларини устига қўйиб унга шифо берди. Бу мўъжизадан ҳайратда қолган аҳоли Павлуснинг олдига бошқа беморларни келтирди ва у билан ҳамроҳларида керакли барча нарса бўлиши учун кўп совғалар берди. (Ҳавор. 28:7–10)

22. а) Луқонинг баёноти ҳақида бир олим қандай фикр билдирди? б) Кейинги бобдан нимани билиб оламиз?

22 Ҳозир кўриб чиққанимиздек, Павлуснинг сафари тўғрисидаги баёнот жуда аниқ ва ишончли. Бир олим шундай деди: «Луқонинг баёноти... Муқаддас Китобда майда тафсилотларигача ёзилган баёнотлардан биридир. Биринчи асрдаги кемаларнинг денгизда юриши ҳақидаги тафсилотлар аниқ-равшан бўлиб, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилидаги шароитларнинг тавсифи ишончли» ва, ҳойнҳой, кемадаги журналда ёзилганларга асосланади. Луқо Павлус билан саёҳат қилаётиб, шу каби тафсилотларни ёзиб борганга ўхшайди. Агар шундай бўлса, унда у сафарининг давомида бўлган воқеалар ҳақида анчагина тафсилотларни ёзган. Хўш, Павлус билан ҳамроҳлари охири Римга етиб боришса, у билан нима юз беради? Келинг, буни билиб олайлик.

a Одамлар бундай илонлар ҳақида билиши, ўша пайтда бу оролда илонлар бўлганини кўрсатяпти. Ҳозир Мальтада илонлар йўқ. Эҳтимол, юзлаб йиллар давомида иқлим шароитларининг ўзгариши бунга сабаб бўлгандир. Ёки, ҳойнаҳой, оролда аҳоли сони ошгани туфайли илонлар бартараф қилинган.