Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23-БОБ

«Ўзимни ҳимоялаш учун... айтадиган сўзларимга қулоқ солинглар»

«Ўзимни ҳимоялаш учун... айтадиган сўзларимга қулоқ солинглар»

Павлус қутурган тўда ва Олий Кенгаш олдида ҳақиқатни ҳимоялайди

Ҳаворийлар 21:18–23:10 га асосланган

1, 2. Нега Павлус Қуддусга келди ва у ерда қандай синовларни бошдан кечиради?

 ҚУДДУС! Павлус яна тор ва ғала-ғовур кўчаларидан кетяпти. Ҳали ҳеч бир шаҳар Яҳова халқининг тарихида бунчалик муҳим ўринга эга бўлмаган. Умуман олганда, шаҳар аҳолиси унинг ўтмиши билан фахрланади. Павлус бу ердаги кўпгина масиҳийлар ўтмишга ҳаддан ташқари кўп урғу беришини билади. Бу эса уларга очилиб бораётган Яҳованинг ниятлари билан ҳамқадам бўлишга халақит берарди. Павлус улар нафақат моддий, балки маънавий томондан ҳам қийинчиликларга дуч келишаётганини билади. У ҳали Эфесда бўлганида донғи кетган Қуддусга ташриф буюрмоқчи эди. (Ҳавор. 19:21) Бу хавфли бўлишига қарамай, Павлус ушбу шаҳарга келди.

2 Хўш, Павлус Қуддусда қандай синовларни бошдан кечиради? Уларнинг бири Павлус ҳақидаги миш-мишлар тўғрисида ташвишланаётган Масиҳнинг баъзи издошлари билан боғлиқ. Энг оғир синовлар эса Масиҳнинг душманлари томонидан бўлади. Улар Павлусга қарши айбловлар чиқариб, уни калтаклашади ва ўлим билан таҳдид қилишади. Бундай нотинч пайтда унда ўзини ҳимоялаш имкони пайдо бўлади. Бу оғир вазиятларда унинг намоён этган камтарлиги, жасорати ва имони бугунги масиҳийлар учун ажойиб ўрнакдир. Келинг, ундан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

«Улар Худони» улуғлашди (Ҳаворийлар 21:18–20а)

3–5. а) Павлус Қуддусда қандай учрашувда бўлган ва у ерда нима ҳақида гап кетган? б) Павлус ва Қуддусдаги оқсоқолларнинг учрашуви қандай ўтганидан нимани ўрганяпмиз?

3 Павлус ва унинг ҳамроҳлари Қуддусга келганда, эртаси куни жамоатдаги масъулиятли оқсоқоллар билан кўришишди. Ҳеч бир ҳаворий бу баёнотда тилга олинмаяпти. Эҳтимол, улар бошқа жойларда ваъз қилиш учун кетишгандир. Лекин Исонинг укаси Ёқуб Қуддусда эди. (Галат. 2:9) Павлус ва йиғилган «барча оқсоқоллар»нинг учрашувида Ёқуб раислик қилганга ўхшайди. (Ҳавор. 21:18)

4 Павлус оқсоқоллар билан салом-алик қилгач, «унинг хизмати орқали Аллоҳ бошқа халқлар орасида нималар қилганини батафсил айтиб берди». (Ҳавор. 21:19) Биродарлар қанчалик далда олганини тасаввур қилсак бўлади. Шунга ўхшаб, биз ҳам бошқа мамлакатлардаги имондош­ларимизнинг сони ошаётганини эшитганимизда қувонамиз. (Ҳик. 25:25)

5 Павлус Европадан олиб келган хайр-эҳсонлар тўғрисида айтиб ўтгандир. Узоқ юртлардаги имондошларнинг қайғураётганини билган бу биродарлар жуда бахтиёр ва миннатдор бўлганга ўхшайди. Улар Павлуснинг сўзларини эшитгач, Худони улуғлашди. (Ҳавор. 21:20а) Бугунги кунда ҳам бошига кулфат тушган ёки оғир касалликка чалинган имондошлар уларга ўз вақтида кўрсатилган ёрдам ва далда учун миннатдор бўлиб қувонади.

Кўплар «Тавротга астойдил амал қилади» (Ҳаворийлар 21:20б, 21)

6. Павлус қайси муаммо ҳақида хабар топди?

6 Сўнг оқсоқоллар Павлусга Яҳудияда шахсан унга тегишли бўлган муаммони айтишди. Улар қуйидагича дейишди: «Биродар, ўзингиз кўриб турганингиздай минглаб яҳудийлар Исонинг шогирди бўлишди. Уларнинг бари Тавротга астойдил амал қилади. Аммо сиз ҳақингизда уларнинг қулоғига турли миш-мишлар етиб келибди. Айтишларича, ўзга халқлар орасида яшайдиган яҳудийлар фарзандларини суннат қилмасин ва урф-одатларга риоя этмасин ва Мусонинг Таврот китобидан воз кечишсин дея ўргатаётган экансиз». (Ҳавор. 21:20б, 21) a

7, 8. а) Яҳудиядаги кўп масиҳийлар қандай нотўғри фикрда эди? б) Нега айрим яҳудий масиҳийларнинг бундай нотўғри фикрини муртадлик билан боғлиқ деб бўлмайди?

7 Мусонинг Қонуни бекор қилинганидан 20 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса ҳам, нега шунчалик кўп масиҳий унга астойдил амал қилган? (Колос. 2:14) Мил. 49 йили ҳаворийлар ва оқсоқоллар Қуддусда учрашиб, ўзга халқ вакиллари бўлган масиҳийлар суннат қилинмаслиги ва Мусонинг Қонунига амал қилиш керак эмаслиги тўғрисида жамоатларга хат юборишди. (Ҳавор. 15:23–29) Аммо хатда яҳудий масиҳийлар тилга олинмаган эди. Уларнинг кўпчилиги Мусонинг Қонунига бошқа амал қилиш керак эмаслигини тушунмасди.

8 Хўш, бундай нотўғри фикрга эга бўлган бу яҳудийлар энди масиҳий бўла олмаслигини англатармиди? Йўқ. Улар масиҳий бўлишдан олдин ҳам сохта худоларга сиғинмаган, шунинг учун масиҳий бўлишганидан кейин ҳам сохта дин урф-одатларига риоя қилишмасди. Улар муҳим деб билган Тавротни аслида Яҳованинг Ўзи берганди ва у жинлар билан боғлиқ эмас эди ёки нотўғри бўлмаганди. Аммо у эски аҳдга тегишли эди, масиҳийлар эса энди янги аҳд остида бўлганди. Энди Худога маъқул тарзда топиниш учун Қонун аҳдига амал қилиш талаб қилинмасди. Унга астойдил амал қилган яҳудий масиҳийлар буни охиригача тушунишмасди. Улар фикрлаш тарзини Яҳова очиб бораётган янги ҳақиқатларга биноан ўзгартириши керак эди ва масиҳийлар жамоатига ишонишлари кутиларди. (Ерм. 31:31–34; Луқо 22:20) b

«Сиз ҳақингиздаги миш-мишлар ёлғон» (Ҳаворийлар 21:22–26)

9. Мусонинг Қонуни борасида Павлус нималарни ўргатарди?

9 Павлус ўзга халқлар орасида яшайдиган яҳудийлар «фарзандларини суннат қилмасин ва урф-одатларга риоя этмасин» дегани ҳақидаги миш-мишлар тўғрисида нима деса бўлади? У ўзга халқларга юборилган ҳаворий бўлган ва Тавротга амал қилмаслик борасидаги қарорни қўллаб-қувватларди. Шунингдек, у ўзга халқ вакиллари бўлган масиҳийларни Тавротга амал қилиш рамзи сифатида суннат қилинишга ундаган кишиларни ҳам фош қиларди. (Галат. 5:1–7) Бошқа шаҳарларга ташриф буюрганда ҳам Павлус у ердаги яҳудийларга хушхабарни ваъз қиларди. Шубҳасизки, у самимий инсонларга Исонинг ўлимидан сўнг Мусонинг Қонуни бекор қилинганини ва одилликка унга амал қилиш эмас, балки имон туфайли эришиш мумкинлигини тушунтирарди. (Рим. 2:28, 29; 3:21–26)

10. Павлус Мусонинг Қонуни ва суннат масаласида мувозанатли бўлгани нимадан кўринган?

10 Аммо Павлус баъзи яҳудий урф-одатларига амал қилган инсонларни тушунган. Масалан, улар Шаббат куни ишламасди ёки муайян нарсаларни ейишмасди. (Рим. 14:1–6) Бундан ташқари, у суннат борасида қоидалар ўрнатмаган. Павлус яҳудийлар Тимўтийнинг отаси юнон бўлгани учун уни рад этмасин, деб уни ҳатто суннат қилган. (Ҳавор. 16:3) Суннат қилиниш-қилинмасликни ҳар ким ўзи ҳал қиларди. Павлус галатияликларга шундай деган: «Суннат ҳам, суннатсизлик ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, фақат муҳаббат орқали амал қилаётган имон аҳамиятга эга». (Галат. 5:6) Бироқ Тавротга амал қилиш ёки Яҳовага маъқул келиш учун суннат қилиниш керак деб бундай йўл тутган киши имони суст эканини кўрсатарди.

11. Оқсоқоллар Павлусга нимани таклиф қилишди ва бунинг учун нима талаб қилинарди? (Изоҳга ҳам қаранг.)

11 Гарчи миш-мишлар бўрттирилган бўлса-да, яҳудий масиҳийларни бу роса ташвишлантирарди. Шу сабабли оқсоқоллар Павлусга қуйидагича йўл тутишни таклиф қилишди: «Орамизда Тангри олдида онт ичган тўрт киши бор. Уларни ёнингизга олиб, покланиш маросимини бажаринглар. Сочларини олдириш учун кетадиган харажатни ўз зиммангизга олинг. Шунда ҳамма сиз ҳақингиздаги миш-мишлар ёлғон эканини ҳамда ўзингиз ҳам Тавротга амал қилиб, тўғри йўл тутаётганингизни билишади». (Ҳавор. 21:23, 24) c

12. Павлус Қуддусдаги оқсоқоллар билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлганини қандай намоён этди?

12 Павлус ҳамма гап у ҳақдаги миш-мишларда эмас, яҳудий масиҳийларнинг Мусонинг Қонунига бўлган ғайратида, деб айтса бўларди. Лекин Худонинг принципларига зид бўлмаса, у мослашишга тайёр эди. Олдинроқ у шундай ёзганди: «Ўзим қонунга тобе бўлмасам ҳам, қонунга тобе бўлганларни Масиҳнинг йўлига олиб келай деб, улар учун қонунга тобе кишилардай бўлдим». (1 Кор. 9:20) Бу сафар Павлус Қуддусдаги оқсоқолларнинг айтганини қилиб, «қонунига тобе кишилардай» бўлди. Шу йўсин, у оқсоқоллар билан қандай ҳамкорлик қилишимиз ва ўзимизникида туриб олмаслик борасида яхши ўрнак қолдирди. (Иброн. 13:17)

Муқаддас Ёзувлардаги принциплар бузилмаганда, Павлус мослашувчан бўлган. Сиз-чи?

«Унинг яшашга ҳаққи йўқ!» (Ҳаворийлар 21:27–22:30)

13. а) Нега баъзи яҳудийлар маъбадда ғалаён кўтарди? б) Қандай қилиб Павлус омон қолди?

13 Маъбад тинч эмасди. Бу тўртта киши онтини бажариш вақти ўз якунига етиб қолганда, Осиёдаги яҳудийлар Павлусни кўриб қолишди ва уни ўзга халқ вакилларини маъбадга олиб келганликда айблаб, ғалаён кўтаришди. Римлик мингбоши аралашмаганида, яҳудийлар Павлусни чала ўлик қилиб уришарди. Мингбоши уни ҳибсга олди. Ўша кундан бошлаб у тўрт йилдан кўпроқ қамоқда ўтирди, кейин эса озод этилди. Аммо хавф-хатар ҳали ўтиб кетмаганди. Мингбоши яҳудийлардан нега Павлусга ҳужум қилишганини сўраганда, улар ҳар хил даъволарни келтира бошлашди. Бақир-чақир дастидан мингбоши ҳеч нарсани тушунмади. Охири Павлусни у ердан судраб чиқаришди. Павлус ва Рим аскарлари ҳарбий қисмга киришдан аввал у мингбошига шундай деди: «Илтимос, халққа гапиришимга рухсат беринг». (Ҳавор. 21:39) Мингбоши рози бўлди ва Павлус имонини жасорат ила ҳимоя қила бошлади.

14, 15. а) Павлус яҳудийларга нимани тушунтирди? б) Яҳудийларнинг нега аччиғи чиққанини билиш учун мингбоши нима қилди?

14 Павлус: «Ўзимни ҳимоялаш учун сизларга айтадиган сўзларимга қулоқ солинглар»,— деб гап бошлади. (Ҳавор. 22:1) У халойиққа ­ибронийчада ­мурожаат қилганида ҳамма жим бўлди. Павлус нега Масиҳнинг издоши бўлганини аниқ қилиб тушунтирди. Шу билан бирга у яҳудийлар текшириши мумкин бўлган далилларни келтирди. У машҳур Гамалиэлнинг ўзидан таълим олган, Масиҳнинг издошларини таъқиб қилган ва баъзилар бундан хабардор эди. Бироқ у Дамашққа кетаётганида тирилган Масиҳ унга гапираётганини ваҳийда кўрди. Унинг ҳамроҳлари эса ёрқин нурни кўришди ва товушни эшитишди, лекин маъносини тушунишмади. (Ҳавор. 9:7; 22:9) Сўнг улар ваҳий туфайли кўр бўлиб қолган Павлусни Дамашққа етаклаб боришди. У ерда яҳудийлар орасида таниқли бўлган Ҳанания исмли киши унинг кўзларини очди.

15 Кейин Павлус Қуддусга қайтиб келганида, маъбадда ваҳий кўрганини айтиб берди. Яҳудийлар эса жаҳл билан: «Уни ўлдиринглар, унинг яшашга ҳаққи йўқ!» — деб бақиришарди. (Ҳавор. 22:22) Павлусни қутқариш учун мингбоши аскарларга уни ҳарбий қисмга олиб кетишни буюрди. У нега яҳудийларнинг Павлусга аччиғи чиққанини билишни истарди. Шунинг учун уни қамчилаб, сўроқ қилишни буюрди. Аммо Павлус ўз ҳуқуқини талаб қилиб, Рим фуқароси эканини айтди. Бугун ҳам Яҳованинг Шоҳидлари эътиқодини ҳимоя қилиш ниятида турли қонунлардан фойдаланишади. (« Рим қонуни ва Рим фуқаролари» номли 184-саҳифадаги ҳамда « Бизнинг давримиздаги суд ишлари» номли рамкаларга қаранг.) Павлус Рим фуқароси эканини эшитиб, мингбоши сўроқ-саволни бошқача тарзда қилиш кераклигини тушунди. Эртаси куни у Олий Кенгаш аъзоларига йиғилишларини буюриб, Павлусни у ерга, яъни яҳудийларнинг олий судига олиб борди.

«Мен фарзийман» (Ҳаворийлар 23:1–10)

16, 17. а) Павлус Олий Кенгашга мурожаат қилганида нималар юз берганини айтиб беринг. б) Павлуснинг оғзига уришганда, у камтарликни қандай намоён этди?

16 Павлус Олий Кенгаш олдида ўзини ҳимоялаш учун бошида шундай деди: «Биродарлар, мен шу кунгача Аллоҳ олдида топ-тоза виждон билан яшаб келяпман». (Ҳавор. 23:1) У бошқа нарса айтишга улгурмади. Баёнотда: «Шунда олий руҳоний Ҳанания, Павлуснинг ёнида турган кишиларга унинг оғзига уришларини буюрди»,— дейилган. (Ҳавор. 23:2) Буни ўтакетган камситилиш деса бўлади. Қолаверса, олий руҳоний одам ажратиб, ҳатто ишни кўриб чиқмай Павлусни ёлғончига чиқарди! Шунинг учун ҳам Павлус: «Эй оқланган девор, Худо сени уради! Сен мени Қонун бўйича ҳукм қила туриб, тағин Қонунга зид равишда мени уришларини буюрасанми?» — деб айтган. (Ҳавор. 23:3)

17 Баъзилар Павлусни уришгани учун эмас, балки унинг сўзларидан ҳангу манг бўлди. Улар: «Сен ҳали Тангрининг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?» — дейишди. Павлус эса камтарин бўлиб, Тавротга бўлган ҳурматини намоён этди. У шундай деди: «Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканлигини билмабман. Ахир, Муқаддас Ёзувларда: “Халқ йўлбошчисини ёмонламанг”,— дейилган-ку». (Ҳавор. 23:4, 5; Чиқ. 22:28) d Сўнг Павлус бошқача йўл тутишга қарор қилди. У Олий Кенгаш фарзийлару саддуқийлардан иборат бўлганини билгани учун қуйидагича деди: «Биродарлар, мен фарзийман, фарзий ўғлиман. Ҳозир эса тирилишга бўлган умидим учун ҳукм қилиняпман». (Ҳавор. 23:6)

Биз ҳам Павлус каби турли дин вакиллари билан суҳбатлашганда, умумийликни топишга интиламиз

18. Нега Павлус ўзини фарзий деб айтган ва биз бундан нимани ўргансак ­бўлади?

18 Нега Павлус ўзини фарзий деб айтган? Сабаби, у «фарзий ўғли» бўлиб, бу мазҳабга тегишли оилага мансуб эди. Шунга кўплар уни ҳалиям фарзий, деб ҳисоблагандир e. Лекин қандай қилиб Павлус ўзини фарзий деган, ахир улар тирилиш борасида нотўғри фикрда бўлган-ку? Фарзийлар ўлимдан кейин жон яшашда давом этишига ва одил кишиларнинг жони инсонларнинг танасида яна яшай олишига ишонишарди. Павлус бунга ишонмасди. У Исо ўргатганидай, одамларнинг тирилишига ишонарди. (Юҳан. 5:25–29) Шундай бўлса-да, Павлус фарзийларнинг ўлимдан кейин яшаш умиди борлиги ҳақидаги фикрига қўшилган. Саддуқийлар эса бунга ишонишмасди. Биз ҳам турли дин вакиллари билан суҳбатлашганимизда, умумийликни топишга ҳаракат қиламиз. Албатта, улар ўз худосига ишонади, биз эса Муқаддас Китобда тилга олинган Аллоҳга ишонамиз. Шундай бўлса ҳам улар каби Худо борлигига аминмиз.

19. Нимага Олий Кенгашда бўлиниш юзага келди?

19 Павлуснинг гаплари Олий Кенгашда бўлиниш юзага келишига сабаб бўлди. Баёнотда шундай ёзилган: «Кейин бақир-чақир бошланиб кетди. Фарзийлар орасидан чиққан баъзи уламолар ўринларидан туриб, қаттиқ баҳс-мунозара кўтаришди. Улар шундай дейишарди: “Бизнингча, бу одамнинг ҳеч қандай айби йўқ. Агар у билан бирон-бир руҳ ёки фаришта гаплашган бўлса, унда...”». (Ҳавор. 23:9) Фаришталар борлигига умуман ишонмаган саддуқийлар учун Павлус билан фаришта гаплашгани ҳақидаги тахминнинг ўзи жирканч эди! (« Саддуқийлар ва фарзийлар» номли рамкага қаранг.) Жанжал кучайганида мингбоши яна Павлусни қутқариб қолди. (Ҳавор. 23:10) Бироқ Павлус барибир хавф остида эди. Қизиқ, у билан нима юз беради? Буни келаси бобдан билиб оламиз.

a Анчагина яҳудий масиҳийларнинг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик ­қилиш учун кўп жамоатлар йиғилишларни ўз уйларида ўтказганга ўхшайди.

b Бир неча йил ўтгач, Павлус Ибронийларга йўлланган мактубни ёзиб, янги аҳднинг афзалликларини исботлади. Бу мактубда Павлус эски аҳднинг ўрнига янгиси бўлишини аниқ кўрсатди. Унинг фикрлари масиҳийларга уларга қарши бўлган яҳудийлар билан музокара қилишга кўмаклашди. Шу билан бирга, унинг сўзлари Мусонинг Қонунига ҳаддан ташқари кўп урғу бераётган баъзи масиҳийларнинг имонини мустаҳкамлаган бўлса керак. (Иброн. 8:7–13)

c Олимларнинг айтишича, бу эркаклар ўзини назр қилиш борасида онт ичган. (Саҳ. 6:1–21) Тўғри, улар Мусонинг Қонуни бўйича ичган бу онти ўша вақтга келиб ўз кучини йўқотган. Шундай бўлса-да, Павлус улар Яҳовага берган онтини бажаришининг ёмон жойи йўқ, деб ҳисоблагандир. Шунинг учун уларнинг харажатини қоплаб, улар билан кетгани нотўғри эмас эди. Қандай онт ичилгани бизга номаълум, лекин Павлус гуноҳдан пок бўлиш мақсадида (назр қилинган кишилар қилганидай) бирон ҳайвонни қурбонликка келтиришни маъқулламаган бўларди. Масиҳнинг мукаммал қурбонлиги туфайли бундай қурбонликлар гуноҳларни бошқа қоплай олмасди. Қандай бўлмасин, шунга амин бўлишимиз мумкинки, Павлус виждонига қарши йўл тутмаган бўларди.

d Баъзиларнинг фикрича, Павлуснинг кўзи яхши кўрмагани учун олий руҳонийни танимаган. Ёки, эҳтимол, Қуддусда анча вақт бўлмагани боис ўша пайтда ким олий руҳоний эканини билмаган. Ёки одам кўплигидан уни ким уришни буюрганини кўрмай қолгандир.

e Мил. 49 йили ҳаворийлар ва оқсоқоллар ўзга халқ вакиллари Мусонинг Қонунига амал қилиши керак ёки керак эмаслигини муҳокама қилишганда, ораларида «илгари фарзийлар мазҳабида бўлган айрим шогирдлар» ҳам бор эди. (Ҳавор. 15:5) Бундан кўриниб турибдики, келиб чиқиши туфайли уларни қайсидир маънода ҳалиям фарзий деб ҳисоблашарди.