14-БОБ
Улар «якдиллик билан» қарор қилишди
Етакчи кенгаш қай йўсин қарор чиқаришини ва бу жамоатларни қандай бирлаштиришини билиб оламиз
Ҳаворийлар 15:13–35 га асосланган
1, 2. а) Биринчи асрдаги етакчи кенгаш қайси муҳим саволларни ҳал қилиши керак эди? б) Биродарларга тўғри қарор чиқаришга нима ёрдам берди?
ҲАММА муштоқ бўлиб ўтирибди. Қуддусдаги хонада ҳаворийлар ва оқсоқоллар ҳал қилувчи пайт келганини тушуниб, бир-бирига қараб туришибди. Чунки суннат қилиш масаласи бошқа муҳим саволлар билан боғлиқ: масиҳийлар Мусонинг Қонунига амал қилиши керакми? Яҳудий ва ўзга халқлардан бўлган масиҳийлар ўртасида фарқ борми?
2 Масъулиятли биродарлар кўп маълумотни кўриб чиқишди. Худонинг Каломидаги башоратлар ва Яҳованинг баракасини аён қилаётган гувоҳларнинг кучли шаҳодати уларнинг ёдида. Ҳамма ўз фикрини билдирди. Келтирилган далиллар керагидан ҳам ортиқ эди. Яҳованинг руҳи аниқ йўл кўрсатяпти. Хўш, биродарлар бунга қандай муносабат кўрсатишади?
3. Ҳаворийлар 15-бобни кўриб чиқиш бизга қандай фойда келтириши мумкин?
3 Бу масалада муқаддас руҳ орқали олган йўл-йўриқни қабул қилиш учун кучли имон ва жасорат керак бўлади. Улар чиқарган қарор яҳудий дин пешволарининг нафратини баттар қўзғатиши мумкин. Бундан ташқари, жамоатдагиларнинг айримлари Аллоҳнинг халқи яна Мусонинг Қонунига амал қилишини жуда хоҳлаган. Хўш, етакчи кенгаш қандай йўл тутади? Келинг, буни билиб олайлик. Ушбу бобда бугунги кунда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши ўша вақтдаги биродарлар қолдирган намуна бўйича йўл тутаётганини кўриб чиқамиз. Қарорлар чиқараётиб ёки масиҳий сифатида қийинчиликларни енгаётиб, биз ҳам ўша намуна бўйича йўл тутишимиз лозим.
«Бунга пайғамбарларнинг... сўзлари мувофиқ келяпти» (Ҳаворийлар 15:13–21)
4, 5. Ёқуб қайси сўзларни иқтибос қилиб келтирган?
4 Исонинг туғишган укаси Ёқуб сўзга чиқди a. Ўша йиғилишда у раислик қилганга ўхшайди. Ҳойнаҳой, унинг сўзлари ўша ердагилар билдирган фикрларга хотима ясади. Ёқуб уларга шундай деди: «Ҳозир Симўн бизга Аллоҳ бошқа халқларни ҳам қабул қилаётгани ҳақда айтиб берди. Демак, Тангри Ўз исми билан аталадиган халқни ўзга халқ вакилларидан ҳам танлаётган экан. Бунга пайғамбарларнинг... сўзлари ҳам мувофиқ келяпти». (Ҳавор. 15:14, 15)
5 Симўн, яъни Симун Бутруснинг нутқи ҳамда Барнабо билан Павлуснинг шаҳодати Ёқубга муҳокама қилинаётган масалани ёритиб берувчи оятларни эслатган бўлса керак. (Юҳан. 14:26) «Бунга пайғамбарларнинг... сўзлари ҳам мувофиқ келяпти», дегандан сўнг у Амос 9:11, 12 даги сўзларни келтирди. Бу китоб Ибронийча ёзувларнинг «пайғамбарлар китоблари» деган қисмига кирган. (Мат. 22:40; Ҳавор. 15:16–18) Ёқуб келтирган сўзлар ҳозирги Амос китобидагидан сал фарқ қилишини кўрасиз. Ҳойнаҳой, Ёқуб Септуагинтадан, яъни Ибронийча ёзувларнинг юнонча таржимасидан иқтибос келтирган.
6. Муқаддас Ёзувлар муҳокама қилинаётган масалани тушунишга қандай кўмаклашган?
6 Яҳова Амос пайғамбар орқали «Довуднинг йиқилган чодирини» қайта тиклаш, яъни бошқариш ҳуқуқини Довуднинг авлодига қайтариб, Масиҳий Шоҳликни ўрнатиш вақти келишини башорат қилган. (Ҳиз. 21:26, 27) Қизиқ, Яҳова яҳудий халқи билан яна ўзгача муносабатда бўладими? Йўқ. Башоратга биноан, «барча халқлардан чиққан» одамлар Тангрининг исми билан аталганлар сифатида бирга йиғилишади. Эсингизда бўлса, Бутруснинг шаҳодатига кўра, Аллоҳ «улар [ўзга халқлардан бўлган масиҳийлар] билан бизнинг [яҳудий масиҳийларнинг] орамизда ҳеч қандай фарқ йўқлигини кўрсатиб, қалбларини имонлари туфайли тозалади». (Ҳавор. 15:9) Бошқача айтганда, Худо яҳудийлар ҳам, ўзга халқ вакиллари ҳам Шоҳликнинг меросхўрлари бўлишини хоҳлайди. (Рим. 8:17; Эфес. 2:17–19) Илоҳий илҳом остида ёзилган башоратларнинг ҳеч бирида ўзга халқлардан бўлган масиҳийлар суннат қилиниши ёки яҳудий динига кирган бўлиши керак, деб ёзилмаган.
7, 8. а) Ёқуб нимани таклиф қилган? б) Ёқубнинг сўзларини қандай тушунишимиз лозим?
7 Ёқуб Муқаддас Ёзувлардаги исботларни ва гувоҳларнинг шаҳодатини инобатга олиб, қуйидаги сўзлар ҳақида ўйлаб кўришга чорлади: «Шундай экан, ўзга миллатлардан Аллоҳга ишонаётганларга қийинчилик туғдирмаслик керак, деб ўйлайман. Фақат уларга бутпарастлик билан булғанган нарсалардан, зинодан, ҳаром ўлган ҳайвон гўштидан ва қондан сақланиш тўғрисида ёзиб юбориш керак. Ахир, қадим замонлардан буён барча шаҳарларда Мусонинг Таврот китобидаги амрлар ваъз қилиниб, ҳар Шаббат куни ибодатхоналарда овоз чиқариб ўқилади». (Ҳавор. 15:19–21)
8 Ёқубнинг «деб ўйлайман» деган сўзлари у ўша йиғилишда бошчилик қилганини, яъни бошқа биродарлар устидан ҳукмронлик қилиб, нима қилиш кераклигини ўзи ҳал қилганини кўрсатяптими? Асло. «Деб ўйлайман» дея таржима қилинган юнонча ибора «фикримча» ёки «ўйлашимча» деган маънони билдириши ҳам мумкин. У тингловчиларининг устидан ҳокимлик қилмоқчи бўлмаган, аксинча, эшитган исботлари ва бу масала борасида Муқаддас Ёзувларда нима дейилганига асосланган бир қатор ҳаракатларни кўриб чиқишни таклиф қилган.
9. Ёқубнинг таклифи қандай фойда келтирди?
9 Ёқубнинг таклифи яхшимиди? Эҳтимол, ҳа, чунки кейинчалик ҳаворийлару оқсоқоллар уни қабул қилишди. Бу қандай фойда келтирди? Бир томондан, таклиф этилган ечим ўзга халқлардан бўлган масиҳийларга «қийинчилик» туғдирмаган ва Мусонинг Қонунига бўйсунишга мажбурламаган. (Ҳавор. 15:19) Бошқа томондан эса, бу билан йиллар оша Мусонинг Қонуни «ҳар Шаббат куни ибодатхоналарда овоз чиқариб» ўқилганда уни эшитишган яҳудий масиҳийларнинг виждонига ҳурмат кўрсатилган. (Ҳавор. 15:21) b Ўша ечим яҳудий масиҳийлар билан ўзга халқ вакиллари ўртасидаги риштани янада мустаҳкамлагани шубҳасиз. Устига-устак, бу Тангри Яҳовани мамнун этган, чунки Унинг ниятига мувофиқ бўлган. Чиндан ҳам ажойиб қарор чиқарилди! Энди Аллоҳнинг халқидан ташкил топган бутун жамоатнинг тинчлигига ҳеч нарса таҳдид солмасди! Бу ҳозирги имонлилар жамоати учун ҳам зўр намуна!
10. Етакчи кенгаш биринчи асрда ўрнатилган намунага қандай амал қиляпти?
10 Ўтган бобда айтилганидай, бугунги кунда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши биринчи асрдаги етакчи кенгаш сингари, барча масала бўйича Олий Ҳукмдор Яҳовадан ҳамда жамоат Боши Исо Масиҳдан йўл-йўриқ излайди. (1 Кор. 11:3) c Бу қандай қилинади? Етакчи кенгашда 1974 йилдан бошлаб хизмат қилган ва 2006 йили мартда ер юзидаги ҳаётини якунлаган Альберт Шрёдер буни қуйидагича тушунтирган: «Етакчи кенгаш ҳар чоршанба куни йиғилиб, учрашувни ибодат ила бошлайди ва Яҳовадан муқаддас руҳи орқали йўл-йўриқ беришини сўрайди. Биродарлар муҳокама қилинаётган ҳар бир масала ва қабул қилинаётган ҳар бир қарор Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга мувофиқ бўлишига интилишади». Шунингдек, анча вақт мобайнида Етакчи кенгаш аъзоси бўлган ва 2003 йили мартда ер юзидаги ҳаётини якунлаган Милтон Хеншель Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 101-синфини битирган талабаларга қуйидаги муҳим саволни берган: «Раҳбарияти муҳим қарорлар чиқаришдан олдин Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан йўл-йўриқ излайдиган бошқа бир ташкилот борми?» Жавоби равшан.
Жўнатиш учун одамларни «танлашди» (Ҳаворийлар 15:22–29)
11. Етакчи кенгашнинг қарори жамоатларга қай тарзда етказилди?
11 Қуддусдаги етакчи кенгаш суннат қилиш масаласи бўйича якдил қарор чиқарди. Бироқ жамоатдаги биродарлар якдиллик ила йўл тутишлари учун бу қарорни аниқ, ижобий ва далда берувчи тарзда етказиш зарур эди. Хўш, бунинг энг яхши йўли қандай? Баёнотда шундай дейилган: «Ҳаворийлар билан оқсоқоллар ҳамда бутун жамоат ораларидан Барсабо деб аталмиш Яҳудони ва Силани танлашди. Уларни Павлус ва Барнабо билан бирга Антиохияга жўнатмоқчи бўлишди. Бу кишилар биродарлар орасида раҳбарликни ўз зиммаларига олишарди». Бундан ташқари, улар хат ёзиб, уни Антиохия, Сурия ва Киликиядаги барча жамоатларда ўқиб бериш учун ўша биродарлар орқали юборишди. (Ҳавор. 15:22–26)
12, 13. Яҳудо билан Силанинг келгани ҳамда етакчи кенгаш хат юборгани қандай натижа келтирди?
12 «Биродарлар орасида раҳбарликни ўз зиммаларига» олган Яҳудо ва Сила етакчи кенгашнинг вакили бўлиш учун бутунлай мос. Бу хабарни тўртта биродар етказгани у шунчаки дастлабки саволга жавоб эмас, балки етакчи кенгашнинг кўрсатмаси эканини тасдиқларди. Танланган биродарларнинг келиши Қуддусдаги яҳудий масиҳийларнинг ва жамоатлардаги ўзга халқ вакилларининг ришталарини мустаҳкамлаган. Нақадар доно ва меҳрга тўла қарор, шундай эмасми?! Бу Аллоҳнинг халқи орасида тинчлик ва бирлик бўлишига ҳисса қўшгани шубҳасиз.
13 Хатда ўзга халқлардан бўлган масиҳийларга нафақат суннат қилиш масаласида, балки Яҳовани қувонтириб, баракасига эга бўлиш учун улар нима қилиши кераклиги борасида аниқ йўл-йўриқ берилган эди. Хатнинг асосий қисмида шундай ёзилганди: «Муқаддас руҳ ёрдами билан биз қуйида келтирилган зарур нарсалардан ортиғини бўйнингизга юкламасликка қарор қилдик: бутларга бағишланган нарсалардан, қондан, ҳаром ўлган ҳайвон гўштидан ва зинодан ўзингизни сақланглар. Бу нарсалардан ўзингизни астойдил сақласангиз, эсон-омон бўласизлар. Саломат бўлинглар!» (Ҳавор. 15:28, 29)
14. Ўзаро бўлинган бу дунёда Яҳованинг халқи қай йўсин бирликка эришяпти?
14 Ҳозир дунё бўйлаб 100 000 дан зиёд жамоатларда сони 8 000 000 дан ортиқ бўлган Яҳованинг Шоҳидлари орасида таълимотларию ишларида уйғунлик кузатилади. Можаролар ва келишмовчиликлар ҳукм сураётган бу дунёда улар бунга қандай эришяпти? Бу асосан, жамоат Боши Исо Масиҳ «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали тақдим этаётган аниқ йўл-йўриқлар туфайли амалга ошяпти. (Мат. 24:45–47) Шунингдек, бутун дунёдаги биродару опа-сингиллар Етакчи кенгашнинг йўл-йўриқларига бажонидил амал қилаётгани сабаб бўляпти.
«Биродарлар... далда берувчи сўзлардан севинишди» (Ҳаворийлар 15:30–35)
15, 16. Суннат масаласи борасида чиқарилган қарор жамоатларда қандай қабул қилинди ва бунга нима сабаб бўлди?
15 Ҳаворийлар китобининг давомида айтилишича, биродарлар гуруҳи Қуддусдан Антиохияга етиб келгач, «ҳамма биродарларни тўплашди-да, уларга бу хатни топширишди». Хўш, маҳаллий биродарлар етакчи кенгашнинг кўрсатмасига қандай муносабат билдиришди? «Биродарлар хатни ўқиб, ундаги далда берувчи сўзлардан севинишди». (Ҳавор. 15:30, 31) Боз устига, Яҳудо ва Сила «кўплаб нутқлари билан биродарларни қўллаб-қувватлашди». Шунинг учун ўша иккита биродар, Барнабо, Павлус ва бошқалар ҳам «пайғамбарлар» дейилган. Бу сўз Аллоҳнинг иродасини етказган ёки эълон қилган кишиларга нисбатан қўлланилади. (Ҳавор. 13:1; 15:32; Чиқ. 7:1, 2)
16 Яҳова етакчи кенгашнинг қарорига барака бергани аниқ ва масала муваффақият ила ҳал қилинди. Бу ижобий якун топишига нима сабаб бўлди? Шубҳасизки, бу етакчи кенгаш Калом асосида ва муқаддас руҳнинг бошқаруви билан аниқ ҳамда ўз вақтида тақдим этган йўл-йўриғи туфайли амалга ошди. Бу қарор севги ва меҳр ила жамоатларга етказилгани ҳам катта аҳамиятга эга эди.
17. Туман нозирлари Павлус, Барнабо, Яҳудо ва Силага қай йўсин тақлид қилишади?
17 Ҳозир ҳам Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши ўша намунага риоя қилиб, бутун дунёдаги имондошларимизга ўз вақтида йўл-йўриқлар тақдим этяпти. Қабул қилинган қарорлар жамоатларга тўғридан-тўғри ва тушунарли тарзда етказилади. Масалан, бу туман нозирларининг ташрифлари орқали қилинади. Ушбу фидойи биродарлар жамоатларга ташриф буюрганда, аниқ кўрсатмалар беришади ва тетиклик бахш этишади. Улар Павлус ва Барнабо каби «таълим бериб, бошқа биродарлар билан бирга Яҳованинг каломи ҳақидаги хушхабарни эълон қилиб» юришади. (Ҳавор. 15:35) Улар Яҳудо ва Силага ўхшаб «кўплаб нутқлари билан биродарларни» қўллаб-қувватлашади.
18. Қандай қилиб Яҳованинг халқи Унинг баракаларидан доимо завқ олиши мумкин?
18 Жамоатлар ҳақида нима дейиш мумкин? Бу ўзаро бўлинган дунёда ер юзи бўйлаб жамоатлар нима туфайли тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашяпти? Исонинг укаси Ёқуб кейинчалик нима деб ёзганини эсланг: «Юқоридан тушган донолик эса биринчидан пок, иккинчидан тинчликпарвар, мулоҳазали, бўйсунувчан... Адолат ҳосилини берадиган уруғ тинчлик ўрнатувчилар учун тинчлик бор жойда сепилади». (Ёқб. 3:17, 18) Бу ерда Ёқуб Қуддусдаги йиғилишни назарда тутганми ёки йўқми, бизга номаълум. Аммо Ҳаворийлар 15-бобдаги воқеаларни кўриб чиқиб, шунга амин бўлиш мумкинки, бирлик ва ҳамкорлик ҳукм сурганда Яҳованинг баракаларига эга бўламиз.
19, 20. а) Антиохиядаги жамоатда тинчлик ва бирлик ҳукм сурганини қаердан биламиз? б) Павлус ва Барнабо энди нима иш қилишлари мумкин эди?
19 Энди Антиохиядаги жамоатда тинчлик ва бирлик ҳукм сураётгани аниқ кўриниб турарди. У ердаги биродарлар Қуддусдан келган биродарлар билан баҳслашмади, аксинча, улар Яҳудо ва Силанинг ташрифини қадрлашарди, чунки Яҳудо ва Сила «ўша ерда бир мунча вақт бўлишгандан сўнг, биродарлар уларга оқ йўл тилаб кузатиб қўйишди» ва улар Қуддусга қайтиб кетишди. (Ҳавор. 15:33) d Шубҳасизки, Қуддусдаги биродарлар улар сафари тўғрисида айтиб берганларини эшитиб хурсанд бўлишди. Яҳованинг инояти туфайли уларнинг вазифаси ижобий якун топди!
20 Павлус ва Барнабо эса Антиохияда қолиб, диққатини ваъзгўйлик фаолиятини ташкил этиш учун ҳаракат қилишга қаратиши мумкин эди. Бугун ҳам туман нозирлари жамоатларга ташриф буюришганда, худди шундай йўл тутишади. (Ҳавор. 13:2, 3) Бу Яҳованинг халқи учун чинакам барака! Қизиқ, Яҳова ўша иккита ғайратли ваъзгўйдан кейинчалик қандай фойдаланган ва уларга қандай барака берган? Буни кейинги бобдан билиб оламиз.
a « ”Ҳазратимизнинг укаси Ёқуб”» номли 112-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Ёқуб Мусо пайғамбар ёзган китобларга ишора қилиб оқилона йўл тутди. Чунки ўша китобларда нафақат Мусонинг Қонуни, балки Аллоҳнинг ишлари ҳамда бу қонун берилишидан олдин Унинг иродаси қандай бўлгани ёзилган. Масалан, Ибтидо китобидан Худонинг қонга, зинога ва бутпарастликка бўлган нуқтаи назарини билиб оляпмиз. (Ибт. 9:3, 4; 20:2–9; 35:2, 4) Шу йўсин, Яҳова барча инсонлар, хоҳ яҳудийлар, хоҳ ўзга халқ вакиллари амал қилиши керак бўлган принципларни аён этган.
c « Бугунги кунда Етакчи кенгаш қандай тузилган?» номли 110-саҳифадаги рамкага қаранг.
d Баъзи таржималарда, масалан, Туркия Муқаддас Китоб жамиятининг нашрида 34-оятда «Сила Антиохияда қолишни афзал кўрди» деган сўзларни ўқиш мумкин. Лекин бу сўзлар кейинчалик қўшилганга ўхшайди.