21-БОБ
«Мен бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмас»ман
Павлуснинг хизматдаги ғайрати ва оқсоқолларга берган маслаҳати
Ҳаворийлар 20:1–38 га асосланган
1–3. а) Евтих ўлган тунни тасвирлаб беринг. б) Павлус нима қилди ва бундан у ҳақда нимани билиб оляпмиз?
ПАВЛУС Троасдаги кўп имондошлар билан болохонада учрашди. У ерда Павлус анча вақт давомида нутқ сўзлади, чунки эртаси куни йўлга чиқиши керак эди. Тун ҳам келди. Болохонада жуда кўп мойчироқлар бор эди, шунинг учун ҳаво етишмасди ва жуда иссиқ эди. Деразада Евтих исмли бир бола ўтирибди. Павлус гапираётганда, Евтих ухлаб қолиб, учинчи қаватдан йиқилиб тушди.
2 Луқо табиб бўлгани учун, эҳтимол, биринчилардан бўлиб кўчага югуриб чиқди ва болани кўрди. Уларнинг қўлидан келган ягона бир нарса «унинг ўлигини кўтариш» эди, холос. (Ҳавор. 20:9) Бироқ кейин мўъжиза юз берди. Павлус эгилиб, болани қучоқлади ва бошқаларга: «Ваҳима қилманглар, у тирик»,— деди. Павлус Евтихни тирилтирди. (Ҳавор. 20:10)
3 Бу ҳодисада Аллоҳнинг кучи намоён бўлди. Павлусни Евтихнинг ўлимида айблаб бўлмайди. Аммо у ўша боланинг ўлими туфайли бу муҳим ҳодиса қайғуга айланишини ёки кимнингдир қоқинишига сабаб бўлишини хоҳламаганди. Евтихни тирилтириб, Павлус имондошларига тасалли берди ва хизматни давом эттира олишлари учун уларни мустаҳкамлади. Павлус бошқаларнинг ҳаётини жуда муҳим деб билгани шубҳасиз. Эсимизга «Мен бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмас[ман]» деган сўзлари келяпти. (Ҳавор. 20:26) Келинг, бу борада Павлуснинг ўрнаги бизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Павлус «Македонияга бориш учун йўлга чиқди» (Ҳаворийлар 20:1, 2)
4. Павлус қандай оғир синовни бошдан кечирди?
4 Ўтган бобдан билиб олганимиздек, Павлус оғир синовни бошдан кечирди. Эфесдаги хизмати туфайли анчагина ғала-ғовур кўтарилди. Тирикчилиги Артемидага сиғиниш билан боғлиқ заргарлар бу тартибсизликларга аралашиб қолганди. Ҳаворийлар 20:1 да айтилишича, «ғала-ғовур босилиб қолгач, Павлус шогирдларни чақиртириб, уларнинг руҳини кўтарди. Сўнг улар билан хайрлашиб, Македонияга бориш учун йўлга чиқди».
5, 6. а) Павлус Македонияда қанча вақт турган бўлиши мумкин ва у ўша ердаги биродарлар учун нима қилган? б) Павлус имондошларига қандай муносабатда бўлган?
5 Македонияга кетаётиб, Павлус Троаснинг денгиз портида тўхтади ва бир муддат у ерда қолди. Павлус олдинроқ Коринфга юборилган Титус у ерда унга ҳамроҳ бўлишига умид қилганди. (2 Кор. 2:12, 13) Лекин Титуснинг келмаслиги аниқ бўлганда, Павлус Македонияга кетди ва у ерда, эҳтимол, бир йилча қолиб, «кўпгина сўзлар билан шогирдларга далда берди». (Ҳавор. 20:2) a Охири Титус Македонияда Павлусга ҳамроҳ бўлди ва Коринфликларга йўллаган биринчи мактубига кўрсатган муносабати ҳақида яхши хабарларни етказди. (2 Кор. 7:5–7) Бу Павлусни уларга яна битта мактубни ёзишга ундади. Бу Коринфликларга йўлланган иккинчи мактубдир.
6 Шуниси қизиқки, Луқо Павлуснинг Эфесдаги ҳамда Македониядаги биродарларни йўқлаб борганини тасвирлаганда, уларнинг «руҳини кўтарди» ва «далда берди» деган сўзларни қўллаган. Бу сўзлар билан у Павлуснинг имондошларига бўлган муносабатини нақадар аниқ тасвирлаган-а! Бошқаларни менсимаган фарзийлардан фарқли ўлароқ, Павлус ўша қўйдек ювош имондошларини хизматдош деб ҳисоблаган. (Юҳан. 7:47–49; 1 Кор. 3:9) Ҳатто жиддий панд-насиҳат берганда ҳам, Павлус уларга нисбатан муносабатини ўзгартирмаган. (2 Кор. 2:4)
7. Нозирлар Павлуснинг ўрнагига қандай тақлид қила олишади?
7 Бугун ҳам оқсоқоллар ва туман нозирлари Павлуснинг ўрнагига тақлид қилишга интилишади. Ҳатто жиддий маслаҳат берганда ҳам улар ёрдамга муҳтож бўлганларни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлашади. Улар бошқаларни ҳукм қилишмайди, аксинча, ҳамдард бўлиб, уларга далда беришади. Тажрибали туман нозири шундай деди: «Аксарият биродару опа-сингиллар тўғри йўл тутишни истайди, бироқ кўпинча умидсизлик, қўрқув ва ўзига ёрдам бериш қўлидан келмаслик ҳиссини енгиш учун жон-жаҳди билан курашади». Нозирлар бундай имондошлар учун куч манбаига айланиши мумкин. (Иброн. 12:12, 13)
«Унга қарши фитна уюштир»ишди (Ҳаворийлар 20:3, 4)
8, 9. а) Павлуснинг Сурияга кетиш режаси нега ўзгарди? б) Яҳудийлар Павлусдан нега нафратланган бўлиши мумкин?
8 Павлус Македониядан Коринфга йўл олди b. Ўша ерда у уч ой қолгач, Кенхреяга боришни, сўнг эса Сурияга борадиган кемага ўтиришни режалаштирган эди. У ердан Павлус Қуддусга бориб, муҳтож биродарларга хайр-эҳсонларни етказиб бериши мумкин эди. (Ҳавор. 24:17; Рим. 15:25, 26) c Аммо кутилмаган воқеалар дастидан Павлуснинг режалари ўзгарди. Ҳаворийлар 20:3 да баён этилишича, «яҳудийлар унга қарши фитна» уюштиришди.
9 Яҳудийлар Павлусдан нафратлангани ажабланарли эмас, чунки улар уни муртад деб ҳисоблашганди. Бундан олдин, Павлуснинг хизмати туфайли Коринф ибодатхонасида таниқли бўлган Крисп Масиҳнинг издоши бўлди. (Ҳавор. 18:7, 8; 1 Кор. 1:14) Бошқа сафар эса Коринфдаги яҳудийлар Ахая вилоятининг ҳокими Галлион олдида Павлусни айблашганди. Лекин Галлион бу айбловларни асоссиз деб айтганди. Шунда Павлуснинг душманлари ғазабга минишганди. (Ҳавор. 18:12–17) Эҳтимол, Коринфдаги яҳудийлар Павлус яқинда Кенхреядан кетишини билишган, шунинг учун унга қарши фитна уюштиришга тил бириктиришган. Қизиқ, у нима қилган?
10. Павлус Кенхреяга бормай қўрқоқлик қилдими? Тушунтиринг.
10 Ўзини ва ишониб топширилган пулни ҳимоя қилиш учун Павлус Кенхреяга бормасдан, яна Македония орқали кетишни афзал кўрди. Албатта, пиёда саёҳат қилиш ҳам хавфли эди. Ўшанда қароқчилар йўл бўйида кўпинча пистирма қўйишарди. Ҳатто меҳмонхоналар ҳам нотинч эди. Аммо Павлус Кенхреяда дуч келадиган қийинчиликларга қараганда, бу муаммоларни енгиш осонроқ бўлади деб ҳисоблаганди. Яхшиямки, у ёлғиз ўзи бўлмаганди. Ушбу ваъзгўйлик сафарида у билан бирга Аристарх, Гай, Секунд, Сопатр, Тимўтий, Тихик ва Трофим бўлганди. (Ҳавор. 20:3, 4)
11. Масиҳийлар ўзини ҳимоялаш учун қандай чоралар кўришади ва Исо бу борада қандай ўрнак қолдирган?
11 Ҳозир ҳам масиҳийлар Павлус каби хизматда эҳтиёткорлик чораларини кўришади. Баъзи ҳудудларда улар гуруҳ билан ёки якка ўзи эмас, ҳеч бўлмаганда иккитадан бўлиб хизмат қилишади. Қувғунлар пайти ҳақида нима деса бўлади? Масиҳийлар таъқиблардан қочиб қутулиш иложсиз эканини тушунишади. (Юҳан. 15:20; 2 Тим. 3:12) Шу билан бирга улар била туриб ўзини хавф-хатарга солишмайди. Келинг, Исонинг мисолини кўриб чиқайлик. Бир куни Қуддусда душманлар уни тошбўрон қилиш учун қўлларига тош олишганда, «у яшириниб, маъбаддан чиқиб кетди». (Юҳан. 8:59) Кейинчалик, яҳудийлар уни ўлдирмоқчи бўлишганда, «Исо яҳудийлар орасида очиқчасига юрмайдиган бўлди. У саҳро яқинидаги Эфрайим номли шаҳарга кетди». (Юҳан. 11:54) Исо Худонинг иродасига мувофиқ бўлганда, ўзини ҳимоялаш учун донолик ила эҳтиёт чораларини кўрарди. Бугунги кунда ҳам масиҳийлар шундай йўл тутишади. (Мат. 10:16)
Улар «роса хурсанд бўлишди» (Ҳаворийлар 20:5–12)
12, 13. а) Евтихнинг тирилиши имондошларга қандай таъсир қилди? б) Муқаддас Китобга асосланган умид яқинларидан жудо бўлганларга қандай тасалли беряпти?
12 Павлус ва ҳамроҳлари Македонияга боришди, кейин эса тарқалиб кетганга ўхшайди. Ҳойнаҳой, улар яна Троасда кўришишди d. Ҳаворийлар 20:6 да: «Беш кунда Троасга етиб бордик»,— деб ёзилган e. Ушбу бобнинг бошида айтилганидек, ўша жойда Евтих исмли йигит тирилтирилган эди. Бу мўъжизани кўрган имондошлар нимани ҳис қилганини бир тасаввур қилинг. Баёнотда улар «роса хурсанд бўлишди» дейилган. (Ҳавор. 20:12)
13 Табиийки, ҳозир бундай мўъжизалар юз бермайди. Аммо яқинларидан жудо бўлганлар Муқаддас Китобга асосланган тирилиш умиди ҳақида эшитиб «роса хурсанд» бўлади. (Юҳан. 5:28, 29) Бир ўйлаб кўринг, Евтих номукаммал бўлгани учун кейинчалик ҳаётдан кўз юмганди. (Рим. 6:23) Бироқ янги дунёда тириладиган одамлар абадий яшаш имконига эга бўлади! Қолаверса, Исо билан бирга осмонда бошқариш учун тирилганлар бошқа ўлмайди. (1 Кор. 15:51–53) Ҳозирги вақтда мойланган масиҳийларда ҳам, «бошқа қўйлар»да ҳам хурсанд бўлиш учун асосли сабаб бор. (Юҳан. 10:16)
«Эл олдида ҳамда уйма-уй» (Ҳаворийлар 20:13–24)
14. Павлус Эфесдаги оқсоқоллар билан Милетда учрашиб, уларга нима деди?
14 Павлус ҳамроҳлари билан Троасдан Ассага, сўнг эса Митилина, Хиос, Самос ва Милетга боришди. Павлус Ҳосил байрамигача Қуддусга етиб бормоқчи эди. Шунинг учун ҳам у ўшанда Эфесга кириб ўтмади. Аммо Павлус Эфесдаги оқсоқоллар билан гаплашмоқчи бўлгани боис, улардан Милетда учрашишни илтимос қилди. (Ҳавор. 20:13–17) Улар етиб келишганда, Павлус қуйидагиларни айтди: «Осиё вилоятига қадам босган кунимдан буён мен доимо сизлар биланман. Яҳудийлар уюштирган фитна дастидан кўз ёшлар тўкиб, синовларга дуч келиб, камтарлик билан Раббимизга қулдай хизмат қилиб келдим. Фойдали бўлган ҳеч бир нарсадан сизларни маҳрум қилмай, деб эл олдида ҳамда уйма-уй юриб таълим бериш фурсатини бой бермадим. Яҳудийлар ҳам, юнонлар ҳам тавба қилиб Худога қайтишсин ва Ҳазратимиз Исога ишонишсин, дея мен уларга кенг шоҳидлик бердим». (Ҳавор. 20:18–21)
15. Уйма-уй ваъз қилишнинг афзалликлари қандай?
15 Бугунги кунда одамларга хушхабарни етказиш усуллари кўп. Биз ҳам Павлус каби одамлар бор бўлган жойларга, жумладан, бекатлар, серқатнов кўчалар ва бозорларга боришга ҳаракат қиламиз. Бироқ Яҳованинг Шоҳидлари асосан уйма-уй ваъз қилишади. Нега, дейсизми? Биринчидан, уйма-уй ваъз қилиш барча инсонларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни доим эшитиб туриш имконини беради ва шу йўсин, Аллоҳ одам танламаслигини намоён этади. Иккинчидан, бу усул туфайли самимий инсонларга алоҳида ёрдам кўрсатилади. Учинчидан, уйма-уй ваъз қилиш орқали имонимизни мустаҳкамлаймиз ва янада бардошли бўламиз. Дарҳақиқат, «эл олдида ҳамда уйма-уй» ғайрат ила ваъз қилиш Масиҳнинг ҳақиқий издошларини бошқалардан ажратиб туради.
16, 17. Павлус ҳеч нарсадан қўрқмаслигини қандай кўрсатди ва бугунги кунда масиҳийлар унга қандай тақлид қиляпти?
16 Павлус Эфесдаги оқсоқолларга Қуддусда уни қандай хавф-хатарлар кутаётганини билмаслигини тушунтирди. У шундай деди: «Бироқ мен сира ҳам жонимни аямайман. Фақат Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш учун, шу масофани югуриб ўтсам ва Ҳазрати Исодан олган хизматимни охиригача етказиб қўйсам бас». (Ҳавор. 20:24) Павлус жасоратли бўлиб, уни ҳеч нарса — ёмон соғлик ёки шиддатли қувғун хизматини адо этишга халақит беришига йўл қўймаган.
17 Ҳозир ҳам масиҳийлар турли қийинчиликларни бошдан кечиряпти. Баъзилари ҳукумат томонидан тақиқ ва қаршиликларга йўлиқяпти. Бошқалари эса оғир жисмоний ёки ҳиссий дард билан чидам ила курашяпти. Ёш масиҳийлар мактабда тенгдошларининг босимига дуч келяпти. Ҳа, Яҳованинг Шоҳидлари ҳар қандай вазиятда Павлус сингари сабот-матонатни намоён этишяпти. Улар «хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш»га қатъий қарор қилишган.
«Ўзингизга ва бутун сурувга диққат қилинглар» (Ҳаворийлар 20:25–38)
18. Павлус бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор бўлмаслик учун нима қилган ва Эфесдаги оқсоқоллар ундан қандай ўрнак олиши мумкин эди?
18 Кейин Павлус ўзини мисол қилиб, Эфесдаги оқсоқолларга очиқ-ойдин маслаҳат берди. Дастлаб, улар билан, ҳойнаҳой, охирги марта кўришаётганини айтди. Сўнг эса: «Мен бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмаслигимга бугун гувоҳ бўлишингизни истайман»,— деди. Қизиқ, бу оқсоқоллар инсонларнинг қони тўкилишида айбдор бўлмай, Павлусга қандай тақлид қила олишарди? У шундай деди: «Ўзингизга ва бутун сурувга диққат қилинглар. Сизлар, Худо Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган жамоатга чўпонлик қилиш учун, муқаддас руҳ орқали шу сурув ичида нозир этиб тайинлангансизлар». (Ҳавор. 20:26–28) Павлус масиҳийларни орасига «йиртқич бўрилар» кириши ва улар «шогирдларни ортидан эргаштириш учун нотўғри таълимотларни» тарқатиши ҳақида огоҳлантирди. Хўш, оқсоқоллар нима қилиши керак эди? Павлус уларни қуйидагича огоҳлантирди: «Ҳушёр бўлинглар. Мен уч йил мобайнида кечаю кундуз тинмай ҳар бирингизга кўз ёшлар билан насиҳат қилганимни ёдда тутинглар». (Ҳавор. 20:29–31)
19. Биринчи асрнинг охирида муртадлик қандай пайдо бўлди ва кейинчалик бу нимага олиб келди?
19 «Йиртқич бўрилар» биринчи асрнинг охирида пайдо бўлди. Тахминан мил. 98 йили ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган: «Ҳатто ҳозир кўп дажжоллар пайдо бўлган... Улар бизнинг орамиздан чиқишган, аммо биз каби эмасдилар. Ахир биз каби бўлишганида эди, биз билан қолишарди». (1 Юҳан. 2:18, 19) Учинчи асрга келиб муртадлик кенг ёйилиши оқибатида христиан оламининг руҳонийлар табақаси юзага келди ва тўртинчи асрда император Константин бу сохта «христиан» динини расмийлаштирди. Бутпарастларнинг расм-русумларини қабул қилиш ва уларни «христиан» динига мослаштириш орқали дин пешволари чиндан ҳам «нотўғри таълимотларни» тарқатарди. Ўша муртадликнинг таъсири ҳозиргача христиан оламининг урф-одатларида акс этяпти.
20, 21. Павлус фидойилик руҳини қандай намоён этган ва оқсоқоллар бу борада унга қандай тақлид қила олишади?
20 Павлус кейинчалик сурувга ҳокимлик қила бошлаган кишилардан фарқ қиларди. У жамоатдагиларга оғир юк бўлишни хоҳламай, ўзи ишларди. Павлус биродарларга хизмат қилиб, улар пул беришини кутмасди. У Эфесдаги оқсоқолларни фидойилик руҳини намоён этишга чорларди. Павлус уларга шундай деган: «Бундай меҳнат қилиб, муҳтожларга ёрдам беришингиз кераклигини мен сизларга ҳар соҳада кўрсатганман. Шунингдек, Ҳазратимиз Исонинг: “Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта”,— деган сўзларини унутмаслигингиз лозим». (Ҳавор. 20:35)
21 Бугунги кунда ҳам оқсоқоллар Павлус каби фидойилик руҳини намоён этишяпти. Ўз сурувини талон-торож қилаётган христиан оламининг руҳонийларидан фарқли ўлароқ, Аллоҳ томонидан «жамоатга чўпонлик қилиш учун» тайинланган кишилар ўз вазифаларини холисона бажаряпти. Масиҳийлар орасида мағрурлик ва манманликка ўрин йўқ, зеро «ўзига шараф излаган» инсонлар охир-оқибат муваффақиятсизликка учрайди. (Ҳик. 25:27) Ҳа, манманлик шармандаликка олиб келади. (Ҳик. 11:2)
22. Нега Павлус Эфесдаги оқсоқоллар учун қадрли бўлиб қолган?
22 Павлус биродарларга чин севги намоён этгани туфайли улар учун қадрли бўлиб қолди. Шу сабабли у билан хайрлашиш вақти келганда, «барчаси зор йиғлаганча Павлусни қучоқлаб меҳр ила ўпишарди». (Ҳавор. 20:37, 38) Павлус каби, сурувнинг фойдаси учун вақт ҳамда кучини сарфлайдиган фидойи оқсоқолларни масиҳийлар жуда қадрлайди. Павлуснинг ажойиб ўрнагини кўриб чиқиб, у «бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмас»лигини айтганида, мақтанмаган ва бўрттириб гапирмаган деб аминлик билан айта оламиз. (Ҳавор. 20:26)
a « Павлус Македониядан йўллаган мактублар» номли рамкага қаранг.
b Ҳойнаҳой, Павлус Коринфга бу сафар келганда, Римликларга йўлланган мактубни ёзган.
c « Павлус хайр-эҳсонларни етказиб беряпти» номли 169-саҳифадаги рамкага қаранг.
d Ҳаворийлар 20:5, 6 да Луқо биринчи шахс номидан ёзгани у Филиппида Павлус билан яна учрашганига ишора қиляпти, сабаби бундан аввал Павлус уни муайян муддатга қолдириб кетган эди. (Ҳавор. 16:10–17, 40)
e Филиппидан Троасга бориш учун беш кун кетганди. Ҳойнаҳой, бу сафар қаттиқ шамол эсган, чунки бундан олдин худди шундай саёҳатга бор-йўғи икки кун кетганди. (Ҳавор. 16:11)