Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

15-БОБ

Жамоатларга далда бериш

Жамоатларга далда бериш

Туман нозирлари жамоатларга имонда мустаҳкам бўлишга кўмаклашишяпти

Ҳаворийлар 15:36–16:5 га асосланган

1–3. а) Павлуснинг янги ҳамроҳи ким ва у ҳақда нималарни биламиз? б) Ушбу бобдан нимани билиб оламиз?

 ТЕПАЛИКЛАР бўйлаб шаҳарма-шаҳар юриб, ҳаворий Павлус ёш ҳамроҳига ўйланиб қарайди. Унинг исми Тимўтий. Навқирон ва кучга тўла Тимўтий эҳтимол 20 ёшларда. Бу сафарда у борган сайин ўз шаҳридан узоқ жойларга кетяпти. Кун охирига бориб Листра ва Икония аста-секин кўздан ғойиб бўляпти. Уларни олдинда нима кутяпти? Павлус бу борада оз-моз билади, чунки бу унинг иккинчи ваъзгўйлик сафари. У хавф-хатар ва муаммолар кўп бўлишини билади. Қизиқ, ёш ҳамроҳи-чи, бунга қандай муносабатда бўлади?

2 Павлус ёш камтарин бўлган Тимўтийга у ўзига ишонганидан ҳам кўпроқ ишоняпти. Яқинда бўлиб ўтган воқеалардан Павлус ишончли ҳамроҳга муҳтож эканига амин бўлди. У олдиларида кутаётган иш — жамоатларга ташриф буюриш ва уларни мустаҳкамлаш — туман нозирлари сифатида улардан қатъий ва ҳамфикр бўлишни талаб этишини билади. Нега Павлус шундай фикрда бўлган бўлиши мумкин? Сабабларидан бири, эҳтимол, Павлус ва Барнабо ўртасидаги тушунмовчиликдир. Буни деб улар бир-биридан айрилиб кетишганди.

3 Ушбу бобда тушунмовчиликларни ҳал қилишнинг энг яхши йўли тўғрисида билиб оламиз. Бундан ташқари, нега Павлус ҳамроҳи сифатида айнан Тимўтийни танлаганини ҳамда бугунги кунда туман нозирлари қандай муҳим вазифаларни бажаришаётганини яхшироқ тушуна оламиз.

«Энди кетдик,... биродарларни» йўқлаб борайлик (Ҳаворийлар 15:36)

4. Иккинчи ваъзгўйлик сафарида Павлус нима қилмоқчи эди?

4 Ўтган бобдан тўртта биродардан иборат гуруҳ, яъни Павлус, Барнабо, Яҳудо ва Сила етакчи кенгаш суннат масаласида чиқарган қарорини Антиохиядаги жамоатда айтиб далда берганини билиб олдик. Хўш, ундан кейин Павлус нима қилган? У кейинги сафарни режалаштириб, Барнабога шундай деган: «Энди кетдик, Яҳованинг каломини ваъз қилган шаҳарларимиздаги биродарларни йўқлаб, улардан ҳол-аҳвол сўрайлик». (Ҳавор. 15:36) Павлус яқинда масиҳий бўлган ўша биродарларникига шунчаки дўстона ташриф билан бормоқчи эмас эди. Ҳаворийлар китобида Павлуснинг иккинчи ваъзгўйлик сафарининг мақсади батафсил очиб берилади. Биринчидан, у етакчи кенгаш чиқарган қарорларни бошқаларга етказиб беришни хоҳлаган. (Ҳавор. 16:4) Иккинчидан, Павлус туман нозири сифатида жамоатларни маънан қўллаб-қувватлаб, имонда мустаҳкам бўлишга кўмаклашишга қатъий қарор қилган. (Рим. 1:11, 12) Ҳаворийлар ўрнатган тартибга бугунги кунда Яҳова Шоҳидларининг ташкилоти қандай тақлид қиляпти?

5. Қандай қилиб бугунги кунда Етакчи кенгаш жамоатларга йўл-йўриқ ва далда беради?

5 Бугунги кунда Масиҳ Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгашидан фойдаланиб жамоатларни бошқаряпти. Унинг аъзолари бўлмиш мойланган содиқ биродарлар дунё бўйлаб жамоатларга хатлар, ҳам онлайн, ҳам чоп этилган адабиётлар, йиғилишлар ҳамда бошқа мулоқот воситалари орқали йўл-йўриқ ва далда беришади. Етакчи кенгаш ҳар бир жамоат билан яқин алоқада бўлишга ҳам интилади. Бунда улар туман нозирларидан фойдаланади. Бутун дунё бўйлаб минглаб оқсоқоллар Етакчи кенгаш томонидан тўғридан-тўғри туман нозирлари сифатида тайинланади.

6, 7. Туман нозирларининг баъзи вазифаларига нималар киради?

6 Бугунги кунда туман нозирлари ташриф буюраётган жамоатларга шахсан эътибор қаратиб, маънан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишади. Қандай қилиб? Улар мил. биринчи асрдаги масиҳийлар, масалан, Павлус кўрсатган ўрнакка тақлид қилишади. У туман нозири бўлган Тимўтийга шундай деган: «Қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам каломни ваъз эт. Буни зудлик билан бажар, танбеҳ бер, жиддий огоҳлантир, сабр-тоқат ва таълим бериш маҳорати билан насиҳат қил. [...] Хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўл». (2 Тим. 4:2, 5)

7 Бу сўзларга мувофиқ тарзда туман нозири — агар у уйланган бўлса, хотини ҳам — маҳаллий ваъзгўйлар билан ваъзгўйлик ишининг турли соҳаларида иштирок этади. Ушбу туман нозирлари хизматда ғайратли бўлиб, маҳорат ила таълим беришади. Бу сурувдагиларга ижобий таъсир қилади. (Рим. 12:11; 2 Тим. 2:15) Туман нозирлари бўлиб хизмат қилаётган биродарлар авваламбор фидойи севгиси билан таниқли. Улар ўзини бошқаларга хизмат қилиш учун бутунлай бағишлаб, об-ҳаво ёмон бўлишига қарамай ва ҳатто хавфли ҳудудларда хушхабарни ваъз қилишади. (Филип. 2:3, 4) Бундан ташқари, улар Муқаддас Китобга асосланган нутқлар билан чиқиб, ҳар бир жамоатга далда, таълим ва панд-насиҳатлар беришади. Жамоатдагиларнинг барчаси туман нозирларининг ўрнаги борасида фикр юритиб, имонига тақлид қилиб фойда олади. (Иброн. 13:7)

«Қаттиқ тортишиб қолишди» (Ҳаворийлар 15:37–41)

8. Барнабо Павлуснинг таклифига қандай жавоб берди?

8 Барнабо Павлуснинг биродарларни йўқлаш тўғрисидаги таклифини бажонидил қабул қилди. (Ҳавор. 15:36) Улар илгари туман нозирлик ишида яхши ҳамкорлик қилишган ва ташриф буюрмоқчи бўлган жойлар ҳамда одамлар уларга таниш эди. (Ҳавор. 13:2–14:28) Шунинг учун бундай топшириқни бирга бажариш, эҳтимол, улар учун оқилона ҳамда амалий бўлиб кўринди. Бироқ бир муаммо юз берди. Ҳаворийлар 15:37 да шундай ёзилган: «Барнабо бўлса, Марк деб аталган Юҳаннони ўзи билан олишга қарор қилди». Барнабо шунчаки фикр билдиргани йўқ, балки жияни бўлмиш Маркни ваъзгўйлик сафарига олишга «қарор қилди».

9. Нега Павлус норозилик билдирди?

9 Лекин Павлус бунга рози бўлмади. Нега дейсизми? Баёнотда: «Павлус уни ўзлари билан олишни ўринли деб ҳисобламас эди. Чунки Марк улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб, Памфилияда уларни ташлаб кетган эди»,— деб ёзилган. (Ҳавор. 15:38) Ҳа, Марк Павлус ва Барнабо билан биринчи ваъзгўйлик сафарига борган, аммо улар билан охиригача қолмаган. (Ҳавор. 12:25; 13:13) Ваъзгўйлик сафарининг бошида улар Памфилияда бўлишганда Марк топшириқдан бош тортиб, Қуддусга уйига қайтиб кетган. Нима учун Марк айнан бундай йўл тутгани тўғрисида Муқаддас Китобда ҳеч нарса ёзилмаган. Аммо бундай йўл тутгани учун Павлус уни масъулиятсиз, деб ҳисоблаган. Ҳойнаҳой, у Марк ишончли эканидан шубҳаланган.

10. Павлус ва Барнабо ўртасидаги тушунмовчилик нималарга олиб келди?

10 Шундай бўлса ҳам Барнабо Маркни ваъзгўйлик сафарига олишга қатъий қарор қилган. Павлус ҳам ўз қароридан қайтмоқчи эмас. Ҳаворийлар 15:39 да қуйидагича айтилган: «Шу сабабли улар қаттиқ тортишиб қолишди-да, бир-биридан айрилишди». Барнабо Марк билан бирга Кипр оролига уйга сузиб кетди. Павлус эса сафарини давом эттирди. Баёнотда қуйидагиларни ўқиймиз: «Павлус эса Силани танлади. Биродарлар уни иноятли Тангри Яҳованинг қўлига топширгандан сўнг, у йўлга чиқди». (Ҳавор. 15:40) Биргаликда улар «Сурия ва Киликиядан ўтиб борган сари, жамоатларга» далда беришарди. (Ҳавор. 15:41)

11. Бизни ранжитган инсон билан дўст бўлиб қолишга қандай фазилатлар кўмаклашади?

11 Ушбу воқеа бизга хом сут эмган бандалар эканимизни эслатади. Етакчи кенгаш вакиллари сифатида Павлус ҳамда Барнабога ўзгача топшириқлар берилганди. Павлуснинг ўзи ҳам кейинчалик етакчи кенгашнинг аъзоси бўлгани эҳтимолга яқин. Бунга қарамай, ўша вазиятда номукаммаллик Павлус ҳамда Барнабони ютиб чиқди. Лекин бунинг дастидан улар узоқ вақт давомида бир-биридан кўнгли қолишига йўл қўйишдими? Йўқ. Павлус ва Барнабо номукаммал бўлишларига қарамай, камтарин бўлиб, Масиҳ каби фикр юритишарди. Шубҳасизки, вақт ўтиб, улар бир-бирини кечиришди ва дўстлигини тиклашди. (Эфес. 4:1–3) Кейинчалик Павлус ҳамда Марк яна ҳамкорлик қилишди. (Колос. 4:10) a

12. Павлус билан Барнабога эргашишни истайдиган оқсоқоллар қандай хислатларга эга бўлишлари лозим?

12 Тортишиб қолиш Павлус билан Барнабога хос эмасди. Барнабо меҳрибон ва сахий киши тариқасида танилган бўлиб, шу хислатларни ҳаётида шунчалик намоён этганки, ҳатто ҳаворийлар уни Юсуф эмас, балки Барнабо деб аташарди. Унинг бу исми «тасалли ўғли» деган маънони англатади. (Ҳавор. 4:36) Павлусни ҳам юмшоқ муомалали ва меҳрибон киши деб билишган. (1 Салон. 2:7, 8) Бугун ҳам барча оқсоқоллар, жумладан, туман нозирлари Павлус билан Барнабо каби доим камтарликни намоён этишлари ҳамда бошқа оқсоқолларга ва бутун сурувга юмшоқ муомалада бўлишлари керак. (1 Бутр. 5:2, 3)

«Яхши ном қозонганди» (Ҳаворийлар 16:1–3)

13, 14. а) Тимўтий ким эди ва Павлус у билан қандай танишган бўлиши мумкин? б) Нега Павлус Тимўтийга ўзгача эътибор қаратганди? в) Тимўтийга қандай масъулият юкланганди?

13 Иккинчи ваъзгўйлик сафарида Павлус Римнинг Галатия вилоятига келганида, у ерда аллақачон бир нечта жамоат ташкил топган эди. Кейинчалик у «Дербега, кейин эса Листрага» борди. Баёнотда яна шундай айтилган: «Ўша ерда Тимўтий исмли шогирд бор эди. Унинг онаси имонга кирган яҳудий, отаси эса юнон эди». (Ҳавор. 16:1) b

14 Ҳойнаҳой, Павлус Тимўтийнинг оиласи билан тахминан мил. 47 йили у ерга биринчи бор келганида танишганди. Энди эса икки-уч йил ўтиб, Павлус иккинчи ваъзгўйлик сафарида ёш бир йигит Тимўтийга ўзгача эътибор қаратди. Қизиқ, нима учун? Чунки Тимўтий «биродарлар орасида яхши ном қозонганди». У нафақат она шаҳридаги жамоатда, балки бошқа ердаги жамоатларда ҳам яхши номга эга эди. Баёнотда ёзилишича, Листрадаги ва ундан тахминан 30 километр узоқликда жойлашган Икониядаги биродарлар Тимўтийни яхши сўз билан тилга олишарди. (Ҳавор. 16:2) Муқаддас руҳ бошқаруви остида оқсоқоллар Тимўтийнинг зиммасига жиддий масъулият юклашганди, яъни у туман нозири сифатида Павлус билан Силага ёрдам бериши керак эди. (Ҳавор. 16:3)

15, 16. Тимўтий нима туфайли яхши ном қозонган?

15 Ёш бўла туриб Тимўтий нима туфайли яхши ном қозонганди? Ақли, қомади ёки қобилиятлари туфайлими? Кўпинча одамлар бундай хусусиятлардан ҳайратда қолишади. Бир куни Шомуил пайғамбарда ҳам бир кишининг ташқи кўриниши катта таассурот қолдирганди. Бироқ Яҳова унга қуйидагиларни эслатган: «Аллоҳ одам қарагандай қарамайди, одам ташқи кўринишга қарайди, Яҳова эса инсоннинг қалбига қарайди». (1 Шоҳ. 16:7) Тимўтий ташқи кўриниши ёки қобилиятлари туфайли эмас, балки фазилатлари учун имондошлари орасида яхши ном қозонганди.

16 Йиллар ўтиб, ҳаворий Павлус Тимўтийнинг баъзи фазилатларини тилга олган. У Тимўтийнинг ижобий муносабатини, фидойи севгисини ҳамда илоҳий топшириқларни қунт билан бажараётганини таъкидлаб ўтган. (Филип. 2:20–22) У «самимий имони» билан ҳам танилган. (2 Тим. 1:5)

17. Бугунги кунда ёшлар Тимўтийга қандай тақлид қилишлари мумкин?

17 Бугун ҳам кўп ёшлар Тимўтийга тақлид қилиб, илоҳий фазилатларни ривожлантиришяпти. Шу йўсин, улар ёшлик чоғиданоқ Тангри Яҳова ҳамда Унинг халқи олдида яхши ном орттиришяпти. (Ҳик. 22:1; 1 Тим. 4:15) Улар икки хил ҳаёт тарзини кечирмай, самимий имонни намоён этишяпти. (Заб. 26:4) Натижада, кўпгина йигиту қизлар Тимўтий каби жамоатга катта ҳисса қўша олишяпти. Улар хушхабарни ваъз қилиб, ўзини Худога бағишлаб, сувга чўмишганда, Яҳованинг дўстларига далда бахш этишади!

«Жамоатлар имонда мустаҳкам» бўлишарди (Ҳаворийлар 16:4, 5)

18. а) Туман нозирлари сифатида Павлус билан Тимўтийда қандай вазифалар бўлган? б) Жамоатлар қандай баракаларга эга бўлган?

18 Павлус билан Тимўтий кўп йиллар давомида бирга ҳамкорлик қилишган. Туман нозирлари сифатида улар етакчи кенгашдан олган турли топшириқларни бажаришарди. Худонинг Каломида шундай дейилган: «Шаҳарма-шаҳар юриб, улар Қуддусдаги ҳаворийлару оқсоқоллар чиқарган қарорларни етказиб, уларга риоя қилиш кераклигини кўрсатишарди». (Ҳавор. 16:4) Бундан яққол кўриниб турганидек, жамоатлар ҳаворийларнинг ҳамда Қуддусдаги оқсоқолларнинг йўл-йўриқларига амал қилишарди. Бундай итоаткорликнинг оқибатида «жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан-кунга имонлиларнинг сони ортиб борарди». (Ҳавор. 16:5)

19, 20. Нега масиҳийлар «раҳбарликни ўз зиммасига олганлар»нинг кўрсатмаларига итоат қилишлари керак?

19 Худди шундай Яҳованинг Шоҳидлари ҳам бугунги кунда кўп қут-баракаларга эга бўлишяпти. Боиси, улар ораларида «раҳбарликни ўз зиммасига олганлар»нинг кўрсатмаларига итоат қилишяпти. (Иброн. 13:17) Бу дунёнинг саҳнаси ўзгариб борар экан, «ишончли ва ақлли хизматкор» адабиётларда тақдим этаётган кўрсатмаларга риоя қилишимиз ўта муҳим. (Мат. 24:45; 1 Кор. 7:29–31) Бу эса ҳақиқат йўлидан қайтмаслигимизга ҳамда бу дунёда ўзимизни пок сақлашга ёрдам беради. (Ёқб. 1:27)

20 Тўғри, оқсоқоллар, жумладан, Етакчи кенгаш аъзолари Павлус, Барнабо, Марк ва биринчи асрдаги бошқа мойланган оқсоқоллар каби номукаммал. (Рим. 5:12; Ёқб. 3:2) Бироқ улар Аллоҳ Каломидаги қонун-қоидаларга қатъий риоя қилишгани ва ҳаворийларнинг ўрнагига эргашгани учун ишончли эканини намоён этишяпти. (2 Тим. 1:13, 14) Бунинг натижасида жамоатлар далда олиб, имонда мустаҳкам бўлишяпти.

a  «Марк кўпгина шарафли вазифаларни бажарган» номли 118-саҳифадаги рамкага қаранг.

b « Тимўтий “хушхабар ёйилишида” жон куйдирган» номли 121-саҳифадаги рамкага қаранг.