16-БОБ
«Македонияга кел»
Бирор топшириқни қувонч ила қабул қилиш ва таъқибларни хурсанд бўлиб енгиш баракалар келтиради
Ҳаворийлар 16:6–40 га асосланган
1–3. а) Муқаддас руҳ Павлус ва унинг ҳамроҳларини қай йўсин йўналтирган? б) Қайси ҳодисаларни кўриб чиқамиз?
МАКЕДОНИЯНИНГ Филиппи шаҳридан бир гуруҳ аёллар чиқиб кетди. Улар бирпасда кичик Гангита дарёси соҳилига етиб келишди. Одати бўйича улар дарё бўйида ўтириб, Исроилнинг Худосига ибодат қилишмоқда. Яҳова уларни кузатиб турибди. (2 Сол. 16:9; Заб. 65:2)
2 Шу вақтнинг ўзида Филиппининг шарқидан 800 километр узоқликда жойлашган Галатия вилоятининг жанубидаги Листра шаҳридан бир гуруҳ киши йўлга чиқади. Бир неча кундан кейин улар Римнинг катта йўлига етиб келишади. Бу йўл уларни ғарб томон, яъни аҳолиси энг зич бўлган Осиё вилоятининг ҳудудига, яъни Эфесга ва бошқа шаҳарларга олиб борарди. Ўша гуруҳдагилар — Павлус, Сила ва Тимўтий Масиҳ тўғрисидаги хушхабарни эшитишга муҳтож бўлган минглаб одамларга ваъз қилмоқчи. Аммо улар ҳатто сафарга чиқишларидан олдин муқаддас руҳ уларга тўсқинлик қилади. Бу қандай юз бергани номаълум. Худонинг руҳи уларга Осиё вилоятида ваъз қилишга йўл қўймайди. Қизиқ, нима учун? Исо муқаддас руҳ ёрдамида Павлус ва унинг ҳамроҳларини Кичик Осиё вилояти ҳамда Эгей денгизи орқали Гангита номли кичик дарёнинг соҳилига бошлаб бормоқчи.
3 Исо Павлус билан ҳамроҳларини Македониягача бўлган ўзгача саёҳати давомида қай йўсин йўналтирганидан бир нечта муҳим сабоқ олишимиз мумкин. Шундай экан, келинг, тахминан мил. 49 йили бошланган Павлуснинг иккинчи ваъзгўйлик сафарида рўй берган бир нечта ҳодисани кўриб чиқайлик.
«Худо бизни... даъват этди» (Ҳаворийлар 16:6–15)
4, 5. а) Павлус ва унинг ҳамроҳлари Битинияга кирмоқчи бўлишганида нима юз берди? б) Биродарлар қандай қарор қабул қилишди ва бунинг натижаси қанақа бўлди?
4 Осиё вилоятида ваъз қилиш ман этилгани учун Павлус ва унинг ҳамроҳлари Битиния шаҳарларида хушхабарни айтиш ниятида шимол томон йўл олишди. У ерга бориш учун улар бир неча кун мобайнида Фригия ҳамда Галатиянинг аҳолиси кам бўлган туманларини бирлаштирувчи сўқмоқлардан юришга мажбур бўлишгандир. Бироқ улар Битинияга кирмоқчи бўлишганида, Исо яна муқаддас руҳ орқали уларнинг йўлини тўсди. (Ҳавор. 16:6, 7) Эҳтимол, бу кишилар бундан эсанкираб қолишгандир. Улар нима ҳақда ва қандай ваъз қилишни билишган, аммо қаерда ваъз қилишни билишмаган. Улар Осиё вилоятига кириш учун мажозий маънода эшикни тақиллатишди, бироқ бефойда. Битинияга ҳам киришга уринишди, лекин беҳуда. Шунга қарамай, Павлус очиладиган эшикни топмагунча тақиллатишда давом этишга қатъий қарор қилганди. Шунда бу ваъзгўйлар гўё мантиқсиз қарор қабул қилишди, яъни ғарбга бурилиб, бир нечта шаҳарни четлаб ўтиб, 550 километр йўл юришди ва Троас шаҳрига етиб келишди. У ердан улар Македонияга сузиб ўта олишарди. (Ҳавор. 16:8) Павлус учинчи марта эшикни тақиллатганида, у охир-оқибат кенг очилди!
5 Троасда Павлус ва унинг ҳамроҳларига қўшилган Инжил ёзувчиси Луқо нима рўй берганини шундай таърифлаб берди: «Кечаси Павлус ваҳий кўрди. Ваҳийда қандайдир македониялик киши ундан: “Македонияга келиб, бизга ёрдам беринг”,— деб ёлвораётган эди. Павлус бу ваҳийни кўргандан сўнг, Худо бизни уларга хушхабар айтишга даъват этди, дея биз дарров Македонияга отландик». (Ҳавор. 16:9, 10) a Энди, Павлус қаерда ваъз қилиш кераклигини билиб олди. У таслим бўлмай, бошлаган сафарини давом эттирганидан жуда хурсанд эди! Ўша тўртта биродар зудлик билан Македонияга сузиб кетди.
6, 7. а) Павлуснинг сафари давомида содир бўлган воқеадан қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Павлуснинг мисоли бизни нимага ишонтирмоқда?
6 Ушбу воқеадан нимани ўрганишимиз мумкин? Эътибор берган бўлсангиз, Павлус Осиё вилоятига йўл олганидан сўнггина Худонинг руҳи уни бошқа йўлга йўналтирди. У деярли Битинияга етиб борганидан сўнггина Исо унга тўсқинлик қилди ва Троас шаҳрига етиб борганидан сўнггина Исо уни Македонияга йўналтирди. Жамоат Боши сифатида Исо бизни ҳам шундай йўналтира олади. (Колос. 1:18) Масалан, кашшофлик хизматини бошлаш ёки ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудга кўчиб ўтиш ҳақида бир қанча вақтдан бери ўйлаб юргандирмиз. Бироқ бу мақсадга эришиш йўлида муайян қадамлар қўйганимиздан сўнггина Исо муқаддас руҳ орқали бизни йўналтиради. Нима учун? Мана бир мисол. Ҳайдовчи машинаси фақат ҳаракатда бўлганида, уни ўнгга ёки чапга бура олади. Шунга ўхшаб, агар бор кучимиз билан хизматимизни кенгайтиришга ҳаракат қилсаккина, Исо бизни йўналтиради.
7 Уринишларимиз дарҳол самара бермаса-чи? Худонинг руҳи бизни йўналтирмаяпти, деб таслим бўлишимиз керакми? Асло. Эсингизда бўлса, Павлус ҳам мақсадга эришишда тўсиқларга учраган. Лекин у хизмат қилишга имкон очадиган эшикни излашда давом этган. Агар фаолият кўрсатиш учун «катта эшикни» излашда давом этсак, Яҳова ҳаракатларимизга барака беришига аминмиз. (1 Кор. 16:9)
8. а) Филиппи шаҳрини тасвирлаб беринг. б) Павлус «ибодат қиладиган жой»да ваъз қилгани туфайли қандай ажойиб воқеа юз берди?
8 Македония вилоятига етиб боргач, Павлус ҳамроҳлари билан Филиппига йўл олди. Унинг аҳолиси Рим фуқаролари эканлигидан фахрланарди. Филиппидаги кўп нарсалар Римдагидай эди ва истеъфога чиққан Рим аскарлари у ерда ўзини гўё Римда яшагандай ҳис қилишарди. Шогирдлар шаҳар дарвозасининг ташқарисида, кичик дарё бўйида «ибодат қиладиган жой» топишди b. Шаббат куни улар ўша ерга боришганида, Худога топиниш учун йиғилган бир нечта аёлни учратишди. Шогирдлар уларнинг ёнига бориб, суҳбат қуришди. Лидия исмли бир аёл уларни «тинглаб ўтирарди... Яҳова унинг юрагини очди». Шогирдлар айтган хушхабар Лидиянинг қалбини забт этгани туфайли у ва унинг уйдагилари сувга чўмишди. Кейин у Павлус билан ҳамроҳларидан уйига кириб меҳмон бўлишларини илтимос қилди. (Ҳавор. 16:13–15) c
9. Ҳозирги пайтда кўпчилик Павлуснинг намунасига қандай тақлид қиляпти ва натижада улар қанақа баракаларга эга бўлишяпти?
9 Лидиянинг сувга чўмгани қанча шодлик олиб келганини бир тасаввур қилинг! Павлус «Македонияга кел» деган таклифни қабул қилганидан жуда хурсанд бўлгандир. Шунингдек, Павлус Яҳова у ва ҳамроҳлари орқали ўша художўй аёлларнинг ибодатларига жавоб берганидан суюнгандир! Ҳозир ҳам кўпгина имондошларимиз — ёшу қари, турмуш қурган ва қурмаганлар — эҳтиёж катта бўлган ҳудудларга кўчиб ўтишяпти. Албатта, қийинчиликлар бўлиши турган гап. Бироқ бу ваъзгўйлар Лидия каби ҳақиқатни қабул қиладиган кишиларни топишганида, бу қийинчиликлар улар ҳис қиладиган хурсандчилик олдида кўринмай кетади. Сиз ҳам муайян ўзгаришлар қилиб, эҳтиёж катта бўлган ҳудудга кўча оласизми? Ахир, «Сендан ҳаракат — Худодан баракат» деганлари бежиз эмас. Келинг, Эрон исмли биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик. У ёши 20 дан ошганда Марказий Американинг бир мамлакатига кўчиб ўтган. Бошқа мамлакатда хизмат қиладиган кўплар каби у шундай деди: «Чет элда хизмат қилиш маънан ўсишимга ёрдам бериб, Яҳова билан бўлган муносабатларимни янада мустаҳкамлади. Бу ерда ваъз қилиш менга жудаям ёқади. Ҳозир саккизта киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаман».
«Халойиқ уларга қарши чиқди» (Ҳаворийлар 16:16–24)
10. Жинлар одамларни Павлус ва унинг ҳамроҳларига қарши қайраб қўйиш учун нима қилишган?
10 Шайтон унинг ва жинларининг таъсири остида бўлган жойларда хушхабар тарқалишни бошлаганидан ғазаблангани шубҳасиз. Шу боис жинлар одамларни Павлус ва унинг ҳамроҳларига қарши қайраб қўйиш учун қўлидан келганини қилишгани ажабланарли эмас! Улар ибодат қиладиган жойга яна боришганида, фолчилик қилиб, хўжайинларига кўп даромад келтирадиган чўри қиз уларнинг орқасидан юриб: «Бу одамлар Тангри Таолонинг қуллари. Улар сизларга нажот хабарини айтишяпти»,— дея бақирарди. Одамлар бу қизнинг башорати ва Павлуснинг таълимотлари Худодан деб ҳисоблаши учун жин уни ўша сўзларни айтишга ундагандир. Шу йўсин, бу одамларнинг диққати Масиҳнинг ҳақиқий издошларидан чалғир эди. Бироқ Павлус жинни ҳайдаб чиқаргач, ўша қиз жим бўлиб қолди. (Ҳавор. 16:16–18)
11. Чўри қиздан жин чиқиб кетгач, Павлус ва Сила билан нима юз берди?
11 Чўри қизнинг хўжайинлари енгил даромаддан айрилганини тушунишгач, роса аччиқланишди. Улар Павлус ва Силани тутиб, бозор майдонидаги шаҳар маъмурлари — Рим ҳукуматининг вакиллари олдига судраб боришди. У ерда улар одамларнинг масалалари бўйича ҳукм чиқаришарди. Чўри қизнинг хўжайинлари ҳакамлар яҳудийлардан нафратланишини ҳамда уларнинг ватанпарварлик туйғусини инобатга олиб, шундай дейишди: «Бу одамлар шаҳримизнинг тинчлигини бузишяпти. Улар яҳудий бўлиб, биз римликларга қабул қилиш ҳам, уларга риоя қилиш ҳам ман этилган урф-одатларни эълон қилишяпти». Бу сўзларнинг таъсири остида бозор майдонидаги «халойиқ... [Павлус ва Силага] қарши чиқди, шаҳар маъмурлари эса» уларни хивич билан савалашга буюришди. Кейин Павлус билан Силани қамоқхонага ташлашди. Қамоқхона назоратчиси саваланган бу кишиларни қамоқхонанинг яхши қўриқланадиган қисмига ташлаб, оёқларини кундалаб қўйди. (Ҳавор. 16:19–24) Назоратчи эшикни ёпганида, қамоқхона зулматга бурканганди ва Павлус билан Сила бир-бирини зўрға кўра оларди. Аммо Яҳова ҳаммасини кўриб турарди. (Заб. 139:12)
12. а) Масиҳнинг шогирдлари таъқибларга қандай муносабатда бўлишган ва нега? б) Шайтон ва унинг малайлари ҳалиям қайси усуллардан фойдаланишяпти?
12 Бир неча йил олдин Исо издошларига: «Сизларни ҳам таъқиб қилишади»,— деб айтган эди. (Юҳан. 15:20) Шундай экан, Павлус ва унинг ҳамроҳлари таъқибларга тайёр бўлиб Македонияга келишган. Улар дуч келган қаршиликларни Яҳованинг норозилиги эмас, балки Шайтоннинг ғазаби деб билишган. Бугунги кунда Шайтоннинг малайлари Филиппи шаҳрида қўлланилган усулдан фойдаланишяпти. Ашаддий душманлар биз ҳақимизда мактабда ёки ишда туҳмат тарқатиб, бизга қаршилик кўрсатилишига ҳисса қўшишяпти. Баъзи мамлакатларда дин раҳбарлари судда бизни гўё шундай айблашяпти: «Бу Шоҳидлар “ота-боболаримизнинг динига” тўғри келмайдиган нарсаларни олға сураётгани турли муаммоларга сабаб бўляпти». Бошқа жойларда эса имондошларимизни дўппослаб, қамоққа ташлашяпти. Аммо Яҳова ҳаммасини кўриб турибди. (1 Бутр. 3:12)
«Дарров... сувга чўмди» (Ҳаворийлар 16:25–34)
13. Нега қамоқхона назоратчиси шундай сўради: «Нажот топишим учун нима қилишим керак?»
13 Павлус билан Сила ўша куни бўлган даҳшатли воқеалардан кейин ўзига келиш учун бироз вақт керак бўлгандир. Ярим кечада улар ўзини яхшироқ ҳис қилишди ва ҳатто «ибодат қилиб, Аллоҳга ҳамду санолар куйлаб ўтиришганди». Қўққисдан кучли зилзила юз берди ва қамоқхона силкиниб кетди! Шунда қамоқхона назоратчиси уйғонди ва барча эшиклар очилганини кўриб, маҳбуслар қочиб кетди, деб даҳшатга тушди. У бунинг учун жазоланишини билиб «қиличини чиқариб ўзини ўлдирмоқчи бўлди». Аммо Павлус унга баланд овозда: «Жонингизга қасд қилманг, ҳаммамиз шу ердамиз!» — деди. Дами ичига тушиб кетган назоратчи: «Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?» — деб сўради. На Павлус, на Сила унга нажот бера оларди, буни фақат Исо қила оларди. Шу сабабли улар унга шундай жавоб беришди: «Ҳазратимиз Исога ишонинг, шунда ўзингиз ҳам, хонадонингиз ҳам нажот топасиз». (Ҳавор. 16:25–31)
14. а) Павлус билан Сила қамоқхона назоратчисига қандай ёрдам кўрсатишди? б) Павлус билан Сила таъқибларни хурсандчилик ила енгишгани учун қандай баракага эга бўлишди?
14 Назоратчининг саволи самимий бўлганми? Павлус унинг самимийлигидан шубҳаланмаган. Назоратчи яҳудий бўлмаган ва Муқаддас Ёзувларни билмаган. Масиҳий бўлишдан аввал у Худонинг Каломидаги асосий ҳақиқатларни қабул қилиши лозим эди. Шу боис Павлус билан Сила «Яҳованинг каломини унга» ваъз қилиш учун бироз вақт ажратишди. Улар Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни берилиб тушунтиришганидан, ҳатто яралару оғриқларини эсдан чиқаришгандир. Бироқ қамоқхона назоратчиси уларнинг белида яраларини кўриб, уларни ювиб тозалади. Ундан кейин «дарров ўзи ҳамда бутун хонадони сувга чўмди». Павлус билан Сила таъқибларни хурсандчилик ила енгишгани учун қут-баракага эга бўлишди! (Ҳавор. 16:32–34)
15. а) Кўп Яҳованинг Шоҳидлари Павлус билан Силанинг ўрнагига қандай тақлид қиляпти? б) Нега ҳудудимиздаги инсонларникига қайта-қайта ташриф буюриш муҳим?
15 Бугун ҳам Павлус билан Сила каби, имони туфайли қамоқда бўлган кўп Яҳованинг Шоҳидлари у ерда хушхабарни бўлишиб, яхши самара кўришяпти. Масалан, бир вақтлар фаолиятимиз тақиқланган бир мамлакатда Яҳова Шоҳидларининг 40 фоизи ҳақиқатни қамоқхонада билиб олган. (Ишаё 54:17) Эътибор берган бўлсангиз, қамоқхона назоратчиси зилзила бўлгандан сўнг ёрдам сўраган. Шунга ўхшаб, бугун ҳам илгари хушхабарни қабул қилмаган айрим кишилар кутилмаганда ҳаётида қандайдир бахтсизлик юз бергандан сўнг хушхабарни эшитишга мойил бўлар. Ҳудудимиздаги инсонларникига қайта-қайта ташриф буюриб уларга ёрдам беришга тайёр эканимизни кўрсатамиз.
«Энди эса бизни яширинча чиқариб юборишмоқчими?» (Ҳаворийлар 16:35–40)
16. Павлус билан Сила савалангач, эртаси куни нима юз берди?
16 Эртаси куни шаҳар маъмурлари ҳибсга олинган Павлус билан Силани озод қилишни буюришди. Аммо Павлус шундай деди: «Улар ҳамманинг кўз олдида биз, Рим фуқароларини ҳеч қандай ҳукм чиқармасдан савалаб, қамоқхонага ташлашди, энди эса бизни яширинча чиқариб юборишмоқчими? Йўқ, ўзлари келиб, бизни чиқариб юборишсин». Улар бу иккита маҳбус Рим фуқаролари эканини эшитиб, қўрқиб кетишди, чунки уларнинг ҳуқуқларини бузишди d. Вазият кескин ўзгарди. Шогирдлар ҳамманинг кўз ўнгида саваланди, энди эса шаҳар маъмурлари ҳамманинг олдида улардан узр сўраши лозим. Кейин эса улар Павлус билан Силадан Филиппини тарк этишларини ялиниб-ёлворишди. Улар рози бўлди, аммо у ердан кетишдан аввал янги шогирдлардан иборат бўлган маънан улғаётган гуруҳни қўллаб-қувватлашди. Бундан сўнггина улар шаҳарни тарк этишди.
17. Павлус билан Сила бардошли эканини кўрган янги шогирдлар қандай муҳим сабоқ олишган?
17 Агар Павлус билан Силанинг ҳуқуқларига Рим фуқаролари сифатида ҳурмат кўрсатилганида эди, ҳойнаҳой, уларни саваламаган бўлишарди. (Ҳавор. 22:25, 26) Аммо Филиппидаги шогирдлар Павлус билан Сила Масиҳ учун азоб чекмаслик ниятида ўз ҳуқуқларидан фойдаланишяпти, деган фикрга бориши мумкин эди. Рим фуқароси бўлмаган шогирдларнинг имонига бу қандай таъсир қиларди? Чунки қонун уларни савалинишдан ҳимоя қилмас эди. Шу боис Павлус ва унинг ҳамроҳи бардошли бўлиб, ўрнаги орқали янги шогирдларга Масиҳнинг издошлари таъқибларда мустаҳкам бўла олишини кўрсатишди. Устига-устак, Павлус билан Сила фуқаролик ҳуқуқини талаб қилиб, шаҳар маъмурларини омма олдида ноқонуний иш тутишганини тан олишга мажбурлашди. Бу эса, ҳойнаҳой, Павлуснинг имондошларини маъмурларнинг ёмон муносабатидан асраган ва келажакда шу каби ҳужумлардан қонуний ҳимоя сифатида хизмат қилган.
18. а) Оқсоқоллар Павлуснинг ўрнагига қандай тақлид қилишяпти? б) Қай йўсин хушхабарни ҳимоялаб, қонунийлаштиряпмиз?
18 Ҳозир ҳам оқсоқоллар ўз ўрнаги билан таълим беришади. Имондошларидан кутиладиган нарсани улар ўзлари ҳам астойдил бажаришади. Биз ҳам Павлусга ўхшаб ҳимояга эга бўлиш учун қонуний ҳақ-ҳуқуқларимиздан қаерда ва қай йўсин фойдаланиш мумкинлиги ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрамиз. Юридик ҳимояга эга бўлиш ва топинишимизни давом эттириш учун керак бўлса, маҳаллий, миллий ва ҳатто халқаро судларга мурожаат қиламиз. Мақсадимиз ижтимоий ислоҳот ўтказиш эмас, балки Павлус Филиппида қамоқда бўлганидан деярли ўн йил ўтгач, у ердаги жамоатга ёзганидек, «хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштириш». (Филип. 1:7) Суд қандай қарор чиқармасин, Павлус ва унинг ҳамроҳлари каби Худонинг руҳи бизни йўналтирадиган ҳар жойда «хушхабар айтиш» қароримиз қатъий. (Ҳавор. 16:10)
a « Ҳаворийлар китобини ёзган Луқо» номли 128-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Эҳтимол, Филиппи ҳарбий шаҳар бўлгани учун яҳудийларга ибодатхона қуриш ман этилган. Ёки бу шаҳарда ибодатхонани барпо этиш учун талаб қилинган камида ўнта яҳудий эркак бўлмагандир.
c « Лидия қирмизи буюмлар сотарди» номли 132-саҳифадаги рамкага қаранг.
d Рим қонунига кўра, фуқароси уни ўринли тарзда ҳукм қилишларини талаб қилиш ҳуқуқига эга эди ва у айбдор деб тан олинмагунча омма олдида жазоланмаслиги керак эди.