Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17-БОБ

Павлус «улар билан муқаддас ёзувлар асосида музокара қилди»

Павлус «улар билан муқаддас ёзувлар асосида музокара қилди»

Самарали таълим беришнинг асоси; верияликларнинг ажойиб ўрнаги

Ҳаворийлар 17:1–15 га асосланган

1, 2. Филиппидан Салоникага кимлар кетяпти ва улар, ҳойнаҳой, қайси воқеани эслашяпти?

 РИМЛИК моҳир муҳандислар томонидан қурилган серқатнов йўл қояли тоғлар орасида жойлашган. Бу йўлда турли товушлар: эшакларнинг ҳанграши, тошли йўл устида арава ғилдиракларининг тақир-туқури, йўловчиларнинг, жумладан, аскар, савдогар ва ҳунармандларнинг овозлари эшитиларди. Ушбу йўлдан учта ҳамкор — Павлус, Сила ва Тимўтий Филиппидан Салоника шаҳрига кетяпти. Бу шаҳарлар орасидаги масофа 130 километрдан кўпроқ бўлган. Сафар, айниқса, Павлус ва Сила учун қийин кечяпти. Сабаби, Филиппида хивич билан саваланишганида олган жароҳатлари ҳали битмади. (Ҳавор. 16:22, 23)

2 Ушбу узоқ сафар пайтида тушкунликка тушмасликка уларга нима ёрдам беряпти? Албатта, уларга мулоқот катта куч бахш этяпти. Филиппида қамоқхона назоратчиси ва унинг хонадонидагилари Исонинг издоши бўлишгани тўғрисидаги ҳаяжонли воқеа ҳали ҳам уларнинг ёдида. Ўша ҳодиса бу саёҳатчиларнинг Аллоҳ каломини ваъз қилишда давом этиш қарорини янада кучайтирди. Бироқ улар Салоника шаҳрига яқинлашгач, у ердаги яҳудийлар уларга қандай муносабат кўрсатишар экан, деб ўйлашаётгандир. Филиппида бўлганидек, улар бу ерда ҳам ҳужумга дуч келиб, калтакланишадими?

3. Павлуснинг ўрнаги жасорат ила ваъз қилишимизга қандай ёрдам бериши мумкин?

3 Кейинчалик, Павлус салоникаликларга йўллаган мактубида ўзини қандай ҳис қилгани тўғрисида қуйидагича ёзган: «Ўзларингиз билганингиздек, аввал Филиппи шаҳрида азоб чекиб ҳақоратга дучор бўлганмиз. Лекин кўпгина қаршиликларга қарамай Худонинг хушхабарини сизларга гапиришимиз учун Аллоҳ бизга жасорат ато этди». (1 Салон. 2:2) Демак, Павлус Филиппидаги воқеалардан кейин Салоника шаҳрига киришдан чўчиган бўлиши мумкин. Ҳа, уни тушунса бўлади. Хушхабарни эълон қилиш сиз учун ҳам қийинми? Павлус Яҳова уни мустаҳкамлашига ва у муҳтож бўлганида жасоратли бўлишга ёрдам беришига ишонган. Павлуснинг ўрнаги сизга ҳам шундай йўл тутишга кўмаклашади. (1 Кор. 4:16)

Павлус «Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қилди» (Ҳаворийлар 17:1–3)

4. Нега Павлус Салоникада уч ҳафтадан кўпроқ бўлган, деб хулоса қилиш мумкин?

4 Баёнотга биноан, Павлус Салоникада уч ҳафта давомида ҳар Шаббат куни ибодатхонада ваъз қиларди. Бу Павлус у ерда бор-йўғи уч ҳафта бўлганини англатадими? Йўқ. Павлус ўша шаҳарга келганидан кейин, илк бор қачон ибодатхонага борганини билмаймиз. Бундан ташқари, Павлуснинг мактубларидан у ҳамроҳлари билан Салоникада меҳнат қилиб, кун кечирганини билиб оляпмиз. (1 Салон. 2:9; 2 Салон. 3:7, 8) Шунингдек, Павлус у ерда бўлганида Филиппидаги биродарлар унга икки марта ёрдам юборишган. (Филип. 4:16) Демак, Павлус Салоникада уч ҳафтадан кўпроқ бўлган, деб хулоса қилиш мумкин.

5. Қандай қилиб Павлус одамларда қизиқиш уйғотарди?

5 Жасоратга тўлиб, Павлус ибодатхонада йиғилганларга мурожаат қилди. Павлус ўзининг одатига кўра, «улар билан Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қилди. Масиҳ азоб чекиб ўлиши, кейин эса тирилиши керак бўлганини тушунтириб, Муқаддас Ёзувлардан исботлар келтирди-да: “Бу Масиҳ, мен сизларга ваъз қилаётган Исодир”,— деб айтди». (Ҳавор. 17:2, 3) Эътибор берган бўлсангиз, Павлус тингловчиларнинг ҳис-туйғуларини жунбишга келтирмади; уларни фикрлашга ундади. Ибодатхонадагилар Муқаддас Ёзувлар билан таниш бўлиб, уларни ҳурмат қилишини Павлус билади. Улар Муқаддас Ёзувларни яхши тушунишмайди. Шунинг учун Павлус носиралик Исо ваъда қилинган Масиҳ эканига ишора қилиб, Муқаддас Ёзувлар асосида тушунтирар, музокара қилар ва далиллар келтирарди.

6. Исо Муқаддас Ёзувлар асосида қай йўсин музокара қилган ва натижаси қандай бўлган?

6 Павлус таълимотларини Муқаддас Ёзувларга асослаган Исодан ўрнак оларди. Масалан, омма олдида ваъз қилганида Исо издошларига Муқаддас Ёзувларга биноан, Инсон Ўғли азоб чекиб ўлиши ва тирилиши кераклигини айтган. (Мат. 16:21) Тирилгандан сўнг Исо шогирдларига кўринган. Бу эса у айтган нарсалар ҳақиқат эканини тасдиқларди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. У баъзи шогирдларига қандай таълим бергани ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: «У Мусодан тортиб барча пайғамбарлар китобларида ўзи ҳақида нима ёзилганини уларга талқин қилиб берди». Бунинг натижаси қандай бўлди? Шогирдлар шундай хитоб қилишди: «Йўл-йўлакай биз билан гаплашиб, Муқаддас Ёзувларни тушунтириб берганда, юракларимиз завқ-шавққа тўлмаганмиди?» (Луқо 24:13, 27, 32)

7. Нега таълимотларимизни Муқаддас Ёзувларга асослаш муҳим?

7 Худонинг Каломидаги хабар кучли таъсирга эга. (Иброн. 4:12) Шунинг учун бугун ҳам Аллоҳнинг хизматчилари Исо, Павлус ва бошқа ҳаворийлар каби таълимотларини Каломга асослашади. Одамлар билан Муқаддас Китоб асосида музокара қиламиз ва айтаётганларимизни тасдиқлаш учун уни очиб кўрсатамиз. Биз етказаётган хабар бизники эмаслигини кўрсатиш учун бундай қиламиз. Муқаддас Ёзувларни тез-тез қўллаб, ўз фикрларимизни эмас, балки Худонинг таълимотларини ваъз қилаётганимизни кўрсатамиз. Бундан ташқари, биз эълон қилаётган хабар бутунлай Аллоҳнинг Каломига асосланганини ёдда тутиш оқилонадир. Ҳа, у мутлақ ишончга сазовор. Хўш, буни билиш ишонч бахш этиб, сизни ҳам Павлус каби жасорат ила ваъз қилишга ундаяптими?

Баъзилар Исонинг издоши бўлди (Ҳаворийлар 17:4–9)

8–10. а) Салоникадаги одамлар хушхабарга қандай муносабат билдиришди? б) Нега айрим яҳудийлар Павлусга ҳасад қилишган? в) Қарши бўлган яҳудийлар қандай йўл тутишди?

8 Павлус Исонинг қуйидаги сўзлари ҳақ эканига амин бўлди: «Мени таъқиб қилган бўлишса, сизларни ҳам таъқиб қилишади. Агар менинг сўзимга риоя қилган бўлишса, унда сизларнинг сўзингизга ҳам риоя қилишади». (Юҳан. 15:20) Салоникада Павлус Исо айтгандай, одамларнинг турли муносабатига дуч келди. Баъзилар унинг айтганларига бажонидил риоя қилишди, бошқалар эса йўқ. Яхши муносабат билдирган инсонлар ҳақида Луқо шундай деб ёзган: «Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрққан кўпгина юнонлар билан бир қанча обрўли аёллар ҳам Исонинг издоши бўлиб, Павлус билан Силага қўшилдилар». (Ҳавор. 17:4) Албаттаки, бу янги шогирдлар Муқаддас Ёзувларни яхшироқ тушунишларига йўл очилганидан роса хурсанд бўлишди.

9 Баъзилар Павлус айтган гапларни қадрлашарди, бошқалар эса унга қарши тиш қайрашарди. Салоникадаги айрим яҳудийлар Павлусга ҳасад қилишган, чунки у «кўпгина юнонлар»ни ҳақиқатга жалб қилганди. Улар юнонларни яҳудий динига киритишни хоҳлашгани учун Ибронийча ёзувлар бўйича таълим беришган ва уларни худди ўз шогирдларидай кўришган. Павлус эса уларнинг ибодатхонасига келди ва ўша юнонларни Масиҳнинг издоши бўлишга ундаб, ўз томонига оғдирди. Яҳудийлар бундан ғазабга минди.

«Улар... Павлус билан Силани оломоннинг олдига олиб чиқмоқчи бўлишди». (Ҳаворийлар 17:5)

10 Луқо кейин нима юз бергани ҳақида қуйидагича ёзган: «Ҳасадга тўлган яҳудийлар, бозор майдонидаги бекорчилар орасидан айрим ёвуз кишиларни йиғиб, бир тўда бўлишди-да, шаҳарда тўполон кўтаришди. Улар Ясоннинг уйига бостириб бориб, Павлус билан Силани оломоннинг олдига олиб чиқмоқчи бўлишди. Уларни тополмай, Ясонни ва айрим биродарларни шаҳар бошлиқларининг олдига судраб бориб, шундай дея бақиришди: “Ер юзини алғов-далғов қилган бу кишилар энди шу ерга ҳам келишибди. Ясон эса уларга меҳмондўстлик кўрсатибди. Бу кишиларнинг бари Исо деган бошқа бир шоҳ тўғрисида гапириб, подшоҳимизнинг фармонига қарши чиқишяпти”». (Ҳавор. 17:5–7) Хўш, бу тўданинг ҳаракатлари Павлус ва унинг ҳамроҳларига қандай таъсир қилади?

11. Павлус билан унинг ҳамроҳларини нимада айблашди ва яҳудийлар қандай фармонга ишора қилган бўлиши мумкин? (Изоҳга қаранг.)

11 Назорат қилиб бўлмайдиган тўданинг қўлидан ҳамма нарса келади. Тўпланган одамлар жўш урган дарё каби ўз йўлида учраган ҳар нарсани оқизиб кетади. Яҳудийлар улар орқали Павлус билан Силадан қутулмоқчи бўлишди. Кейин улар шаҳарда «тўполон кўтаришди» ва Павлус билан Силага қўйилган айбловлар адолатли эканига шаҳар бошлиқларини ишонтирмоқчи бўлишди. Биринчи айблов Павлус ва унинг ҳамроҳлари «ер юзини алғов-далғов» қилгани ҳақида эди, ваҳоланки, улар Салоникада ҳеч қандай тўполон кўтаришмаган. Уларга қўйилган иккинчи айблов бундан ҳам жиддийроқ эди. Яҳудийлар уларни бошқа шоҳ — Исо тўғрисида гапириб, подшоҳнинг фармонига қарши чиққанликда айблашди a.

12. Салоникадаги масиҳийларга қўйилган айбловлар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги нимадан кўриняпти?

12 Эсингизда бўлса, дин раҳбарлари Исони ҳам шундай айблашган. Улар Пилатга: «Бу одам халқимизни йўлдан оздираётганини... ва ўзини Масиҳ, шоҳ деб атаётганини аниқладик»,— дейишган. (Луқо 23:2) Пилат эса подшоҳ уни хиёнатда айблаши мумкинлигидан қўрққани учун Исони ўлимга маҳкум қилган. Шунга ўхшаб Салоникадаги масиҳийларга қўйилган айбловлар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Бир китобга биноан, «уларнинг вазияти чиндан ҳам хавфли эди, чунки “одатда подшоҳларга хиёнат қилишда гумон қилинаётган киши ҳам ўлимга маҳкум қилиниши мумкин эди”». Қизиқ, яҳудийларнинг ёвуз режаси амалга ошадими?

13, 14. а) Нега тўданинг ҳужуми муваффақиятсизлик билан якунланди? б) Павлус Исонинг маслаҳатига риоя қилиб, қай йўсин эҳтиёткор бўлган ва унга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

13 Ўша тўда Салоникадаги ваъзгўйлик фаолиятини тўхтата олмади. Нима учун? Сабабларидан бири, улар Павлус билан Силани топа олишмади. Бундан ташқари, шаҳар бошлиқлари айбловлар адолатли эканидан шубҳаланишди. Улар «гаров олгач», уларнинг олдига олиб келинган Ясон ва бошқа биродарларни озод этишди. (Ҳавор. 17:8, 9) Исонинг: «Илонлардай эҳтиёткор, каптарлардай беғубор бўлинглар»,— деб айтган маслаҳатига риоя қилиб, Павлус бошқа жойларда ваъз қила олиш мақсадида хавфли вазиятларга тушмаслик учун эҳтиёткор бўлган. (Мат. 10:16) Павлус жасоратли бўлса-да, ўйламай иш қилмасди. Масиҳийлар ундан қандай ўрнак олиши мумкин?

14 Бугун ҳам христиан оламидаги руҳонийлар кўпинча тўдани Яҳованинг Шоҳидларига қарши қайраб қўйишади. Улар ҳукумат аъзолари бизга қарши чиқишсин, дея бизни исёнкорликда ва давлатга хиёнат қилганликда айблаб келишяпти. Биринчи асрда бўлганидек, ҳозир ҳам таъқиб қилувчилар ҳасад қилиб шундай йўл тутишяпти. Аслида Исонинг ҳақиқий издошлари муаммо орттиришни истамайди. Бундай жаҳлдор, бефаросат одамлардан имкон қадар узоқроқ юришга интиламиз ва, эҳтимол, вақт ўтиб вазият юмшагач, ваъзгўйлик фаолиятимизни тинчгина давом эттирамиз.

«Улар Худонинг каломини катта иштиёқ билан» қабул қилишди (Ҳаворийлар 17:10–15)

15. Верияликлар хушхабарни қандай қабул қилишди?

15 Биродарлар хавфсизликни кўзлаб, Павлус билан Силани Салоникадан тахминан 65 километр узоқликда бўлган Верияга юборишди. Верияда Павлус ибодатхонага кириб, у ердагилар билан суҳбатлашди. Хушхабарни эшитишга тайёр бўлган одамларни топишдан у жуда хурсанд бўлгандир. Луқонинг айтишича, Вериядаги яҳудийлар «Салоника аҳолисидан фарқли равишда холисона фикр юритишарди. Улар Худонинг каломини катта иштиёқ билан қабул қилиб, айтилганлар тўғрими ёки йўқми дея, Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганишарди». (Ҳавор. 17:10, 11) Бу ҳақиқатни қабул қилган салоникаликлар нотўғри нуқтаи назарга эга бўлишганини англатмайди. Кейинчалик Павлус уларга қуйидагиларни ёзган: «Сизлар Худонинг каломини биздан эшитганингизда, буни инсон сўзи сифатида эмас, балки Аллоҳ каломи сифатида қабул қилганингиз учун Худога тинмай шукроналар айтяпмиз. Ҳақиқатан ҳам бу, сиз имонлиларга таъсир қилиб келаётган Аллоҳ каломидир». (1 Салон. 2:13) Хўш, Вериядаги яҳудийларни Худонинг каломини катта иштиёқ билан қабул қилишга нима ундади?

16. Нега верияликлар «холисона фикр юритишарди», деб айта оламиз?

16 Гарчи верияликлар учун эшитган нарсалари янги бўлса-да, улар шубҳаланишмади ёки буни танқид қилишмади, шу билан бирга дарров ишониб ҳам кетишмади. Аввал улар Павлусни диққат ила тинглашди. Сўнг Павлус уларга тушунишга ёрдам берган нарсаларни Муқаддас Ёзувларда ёзилганлар билан солиштиришди. Қолаверса, улар Каломни нафақат Шаббат куни, балки ҳар куни синчковлик билан ўрганишди. Улар буни «катта иштиёқ билан» қилишди ва янги таълимот борасида Муқаддас Ёзувларда нима ёзилганини билиш учун вақт ажратишди. Бундан ташқари, улар камтарин бўлиб, ҳаётига ўзгаришлар киритишди, боиси «улардан кўплари... Исонинг издоши бўлишди». (Ҳавор. 17:12) Луқо улар «холисона фикр юритишарди», деб бекорга ёзмаган!

17. Нега верияликларнинг ўрнагига тақлид қилишимиз керак ва қанчадан бери ҳақиқатда бўлишимизга қарамай, қай йўсин бундай қилишда давом эта оламиз?

17 Верияликлар хушхабарга нисбатан ижобий нуқтаи назарда бўлгани тўғрисида Аллоҳнинг Каломида ёзилиши ва биз учун холисона фикр юритишда ўрнак бўлиши уларнинг хаёлига ҳам келмагандир. Улар Павлус умид қилганидек ва Тангри Яҳова хоҳлаганидек йўл тутишди. Биз ҳам одамларни шундай йўл тутишга, яъни уларнинг имони бутунлай Худонинг Каломига асосланган бўлиши учун уни синчковлик билан ўрганишга ундаяпмиз. Исонинг издоши бўлганимиздан кейин ҳам холисона фикр юритишимиз керакми? Албатта, бу жуда муҳим, сабаби Яҳовадан таълим олиш ва буни дарров амалда қўллаш ниҳоятда долзарб бўлиб боряпти. Бундай йўл тутиб, Яҳова бизни шакллантиришига ва иродасига мувофиқ таълим беришига йўл қўямиз. (Ишаё 64:8) Шу йўсин, самовий Отажонимизга фойдамиз тегиб, Уни тўла-тўкис хурсанд қиламиз.

18, 19. а) Нега Павлус Вериядан кетди? Лекин у нима қилишда давом этди ва биз унга қандай тақлид қила оламиз? б) Павлус яна кимларга ваъз қилмоқчи ва қаерда?

18 Павлус Верияда кўп вақт бўлмади. Баёнотда қуйидагиларни ўқиймиз: «Павлус Верия шаҳрида ҳам Худонинг каломини ваъз қилаётганини эшитган Салоникадаги яҳудийлар у ерга ҳам келиб, халойиқни гижгижлаб, Павлусга қарши қилиб қўйишди. Шунда биродарлар Павлусни зудлик билан денгиз соҳилига кузатиб қўйишди. Сила билан Тимўтий эса ўша ерда қолишди. Павлусни кузатиб қўйган биродарлар у билан Афинагача боришди. Сила билан Тимўтий имкон қадар тезроқ келишсин, деган топшириқни олгач, улар орқага қайтишди». (Ҳавор. 17:13–15) Ваъзгўйлик ишига қаршилик кўрсатганлар таслим бўлмоқчи эмасди! Улар Павлусни Салоникадан ҳайдашгани етмаганидек, Верияга бориб худди шундай қилмоқчи эди, аммо бу иш бермади. Павлус қиладиган ишлари ҳали кўплигини биларди, шунинг учун бошқа жойга бориб, у ерда ваъз қилди. Келинг, ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатмоқчи бўлганларга енгилмаслик қароримиз қатъий бўлсин!

19 Павлус Салоника ҳамда Вериядаги яҳудийларга кенг шоҳидлик бериб, жасорат ила ваъз қилиш ва Муқаддас Ёзувлар асосида музокара юритиш жуда муҳим эканини тушунди. Биз ҳам буни тушуняпмиз. Энди эса Павлус бошқа турдаги тингловчилар билан — Афинадаги ўзга миллат вакиллари билан учрашади. Қизиқ, бу шаҳардагилар хушхабарга қандай муносабат билдиради? Буни кейинги бобдан билиб оламиз.

a Бир олимнинг айтишича, ўша пайтда подшоҳнинг фармонига биноан, «айниқса бошқараётган подшоҳнинг ўрнини эгаллаши ёки уни ҳукм қилиши мумкин бўлган янги подшоҳнинг ёки шоҳликнинг пайдо бўлиши» ҳақида гапириш ман этилган. Павлусга қарши чиққанлар унинг гапларини нотўғри талқин қилиб, у ушбу фармонни бузганликда айблашгани эҳтимолдан йироқ эмас. « Ҳаворийлар китобидаги подшоҳлар» номли 137-саҳифадаги рамкага қаранг.