19-БОБ
«Қўрқма, тинмай гапиравергин»
Павлус ўзига ғамхўрлик қилиш учун ишлаган бўлса ҳам, асосий диққатини хизматга қаратган
Ҳаворийлар 18:1–22 га асосланган
1–3. Ҳаворий Павлус Коринфга нега келди ва қандай муаммоларга учради?
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС мил. 50 йилнинг ўрталарида аҳолиси юнон, римликлар ва яҳудийлардан иборат бўлган бой савдо-сотиқ маркази бўлмиш Коринф шаҳрида a. Бироқ у бу ерга олди-сотди билан шуғулланиш ёки яхши иш топиш учун келмади. У Коринфга муҳимроқ иш, яъни Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик бериш учун келди. Лекин Павлусга бошпана керак ва у ҳеч кимга оғир юк бўлмоқчи эмас. Павлус одамлар у Каломдан таълим бергани учун унга пул тўлаш керак, деб ўйлашини хоҳламайди. Қизиқ, у қандай йўл тутади?
2 Павлус чодир тикишни билади. Бу машаққатли иш, лекин ўзига ғамхўрлик қилиш учун у ўз қўллари билан меҳнат қилишга тайёр. Хўш, бу гавжум шаҳарда у иш топа оладими? Яшаши учун мос жой-чи? Павлус бу муаммоларга дуч келган бўлса ҳам, асосий ишдан, яъни хизматдан диққатини қочирмади.
3 Ҳойнаҳой, Павлус Коринфда бир мунча вақт қолишга қарор қилди ва у ердаги хизмати яхши самаралар келтирди. Унинг Коринфда бажарган ишларидан нимани ўрганишимиз мумкин ва бу ҳудудимизда Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик беришда қандай қўл келади?
«Улар чодир тикишарди» (Ҳаворийлар 18:1–4)
4, 5. а) Коринфда Павлус кимникида яшаган ва қандай иш билан шуғулланган? б) Павлус чодир тикиш ҳунарига қандай эга бўлган?
4 Коринфга келгандан бир мунча вақт ўтгач, Павлус меҳмондўст жуфтлик — яҳудий Акила ва унинг хотини Прискилла ёки Приска билан танишди. Император Клавдий «барча яҳудийларга Римни тарк этишларини» буюргани учун улар Коринфга кўчиб келишди. (Ҳавор. 18:1, 2) Акила ва Прискилла Павлусни уйига қабул қилибгина қолмай, бирга ишлашни ҳам таклиф қилишди. Баёнотда қуйидагиларни ўқиймиз: «Улар ҳамкасб бўлишгани боис, бирга яшаб, ишлай бошлашди. Улар чодир тикишарди». (Ҳавор. 18:3) Коринфдаги хизмати давомида Павлус бу меҳмондўст ва меҳрибон оиланинг уйида яшади. Кейинчалик Муқаддас Китобнинг таркибига кирган бир нечта мактубни у айнан Акила ва Прискилланикида яшаганда ёзган бўлиши мумкин b.
5 «Шахсан Гамалиэлнинг ўзидан» таълим олган Павлус чодир тикиш ҳунарини қандай ўзлаштирган? (Ҳавор. 22:3) Биринчи асрда яҳудийлар фарзандлари ҳатто қўшимча таҳсил олган бўлса ҳам, бирор ҳунарни ўзлаштиришининг уятли жойи йўқ, деб билишгандир. Павлус Киликия вилоятидаги Тарс шаҳридан бўлган. Ўша ҳудуд чодир тикишда фойдаланилган киликиум матоси билан машҳур эди. Ҳойнаҳой, Павлус бу ҳунарни ёшлигидан ўзлаштирган. Қизиқ, бундай чодирлар қандай тайёрланарди? Бу ҳунар осон эмас эди. Чодир тикиш билан шуғулланганлар чодир матосини тўқишарди ёки матони бичиб, сўнг чодир тикишарди. Мато жуда дағал бўлгани учун буни қилиш қийин эди.
6, 7. а) Павлус чодир тикиш ишига қандай муносабатда эди ва Акила билан Прискилла ҳам бундай нуқтаи назарда бўлганини нимадан биляпмиз? б) Бугунги кунда масиҳийлар Павлус, Акила ва Прискилланинг ўрнагига қандай тақлид қилишяпти?
6 Чодир тикиш Павлуснинг ҳаётида биринчи ўринда бўлмаган. У буни фақат ўз эҳтиёжларини қондириш ва хушхабарни «текинга» етказиш учун қилган. (2 Кор. 11:7) Акила билан Прискилла бу ҳунарга қандай муносабатда эди? Масиҳийлар сифатида улар ҳам бунга Павлусдек муносабат кўрсатгани шубҳасиз. Павлус мил. 52 йили Коринфдан кетганда, Акила билан Прискилла унинг орқасидан Эфесга боришган. Уларнинг у ердаги уйида маҳаллий жамоат йиғилишларни ўтказарди. (1 Кор. 16:19) Кейинчалик улар Римга қайтишган, сўнг яна Эфесга боришган. Ушбу ғайратли жуфтлик Худо Шоҳлигининг манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, бошқалар учун жонини аямаган. Бу туфайли «бошқа халқлардан ташкил топган жамоатларнинг ҳаммаси» улардан миннатдор бўлган. (Рим. 16:3–5; 2 Тим. 4:19)
7 Бугунги кунда масиҳийлар Павлус, Акила ва Прискилланинг ўрнагига тақлид қилишади. Ғайратли ваъзгўйлар бошқаларга «юк бўлмайлик» деб тиришқоқлик билан меҳнат қилишади. (1 Салон. 2:9) Кўп тўла вақтли ваъзгўйлар харажатларини қоплаш учун ҳафтада бир неча кун ёки йилда бир неча ой ишлайди. Хизмат эса улар учун энг муҳим ўринда. Акила ва Прискилла каби кўпгина меҳмондўст ваъзгўйлар уйига туман нозирларини таклиф қилади. «Меҳмондўст бўлинглар» деган сўзларга амал қилаётган барча бу жуда далдали ва оромбахш эканини билади. (Рим. 12:13)
Ҳаворийлар 18:5–8)
«Кўплаб коринфликлар» ишонди (8, 9. Яҳудийларга ғайрат ила шоҳидлик бериш таъқибларни юзага келтирганда, Павлус нима қилди ва у ваъзгўйлик фаолиятини қаерда давом эттирди?
8 Сила билан Тимўтий Македониядан сахийлик ила қилинган совғаларни олиб келишганида Павлус чодир тикиш ишини хизматини бажариш йўлидаги восита деб билгани аён бўлди. (2 Кор. 11:9) У шу заҳоти «Аллоҳнинг каломи ҳақида айтишга астойдил киришди». (Ҳавор. 18:5) Бироқ яҳудийларга ғайрат ила шоҳидлик бериш таъқибларни юзага келтирди. Масиҳ ҳақидаги ҳаётбахш хабарни қабул қилишдан бош тортган кишилар учун масъул эмаслигини кўрсатиш мақсадида Павлус кийимларини қоқиб, қарши чиққан яҳудийларга шундай деди: «Ўз қонингиз ўз бўйнингизда. Мен айбдор эмасман. Энди бошқа миллатлар олдига бораман». (Ҳавор. 18:6; Ҳиз. 3:18, 19)
9 Ваъз қилиш учун кейин у қаерга борди? Ҳойнаҳой, яҳудий динига кирган Титас Юстус исмли киши Павлусни уйига таклиф қилди. Унинг уйи ибодатхона билан ёнма-ён эди. Шунинг учун у ибодатхонадан чиқиб, Юстуснинг уйига борди. (Ҳавор. 18:7) Павлус Коринфда бўлганида, Акила билан Прискилланикида яшарди, бироқ ваъзгўйлик фаолиятини Юстуснинг уйида олиб борарди.
10. Павлус фақат бошқа миллат вакилларига ваъз қилишга қатъий қарор қилмаганини нимадан кўрсак бўлади?
10 Павлуснинг «энди бошқа миллатлар олдига бораман» деган сўзлари у барча яҳудий ва яҳудий динига кирганлардан, ҳатто хушхабарни қабул қилишга мойил бўлганлардан юз ўгирганини англатадими? Қайдам. Мисол учун, «ибодатхона бошлиғи Крисп бутун хонадони билан Ҳазратимизга ишонди». Ҳойнаҳой, ибодатхонага борганларнинг анчагинаси Криспга қўшилган, чунки Каломда: «Хушхабарни эшитган кўплаб коринфликлар ҳам ишониб сувга чўмишди»,— дейилган. (Ҳавор. 18:8) Шу йўсин, Коринфда янги ташкил топган жамоат Титас Юстуснинг уйида йиғилишларни ўтказадиган бўлди. Ҳаворийлар китоби Луқога хос услубда — хронологик тартибда баён этилган бўлса, унда ўша яҳудийлар ёки яҳудий динига кирганлар Павлус кийимларини қоққандан кейин масиҳий бўлган, деб хулоса қилиш мумкин. Бу Павлус мослашишга тайёр бўлганидан далолатдир.
11. Яҳованинг Шоҳидлари ўзини масиҳий деб билган кишилар билан суҳбатлашганда Павлусга қандай тақлид қилишади?
11 Бугунги кунда кўп мамлакатларда христиан оламининг черковлари барқарор ўринга эга бўлиб, аъзоларига кучли таъсир ўтказади. Баъзи мамлакатларда ва оролли ҳудудларда христиан оламининг миссионерлари нуқтаи назарини олға суриш учун анча ҳисса қўшди. Ўзини масиҳий деб биладиган одамлар биринчи асрда Коринфда яшаган яҳудийлар каби кўпинча урф-одатларнинг қули бўлиб юришибди. Аммо биз — Яҳованинг Шоҳидлари Павлус сингари бундай одамлар билан умумийликни топиб, улар Муқаддас Ёзувлардан биладиган нарсалари асосида суҳбат қуришга интиламиз. Ҳатто улар бизга қаршилик кўрсатишса ёки уларнинг дин раҳбарлари бизни қувғун қилишса, умидни асло йўқотмаймиз. Худонинг хизматида ғайрати бор, «аммо бу ғайрат аниқ билимга мувофиқ» бўлмаган одамлар орасида кўпгина камтарин кишилар бўлиши мумкин. Биз уларни излаб топишимиз керак. (Рим. 10:2)
«Бу шаҳарда менга ишонадиган ҳали кўп одамлар бор» (Ҳаворийлар 18:9–17)
12. Павлус ваҳий орқали қандай далда олди?
12 Павлус Коринфда хизматини давом эттириши ҳақида шубҳаланган бўлса ҳам, Ҳазратимиз Исо кечаси унга ваҳий орқали: «Қўрқма, тинмай гапиравергин. Мен сен билан биргаман, ҳеч ким сенга қўл теккизиб ёмонлик қилмайди. Чунки бу шаҳарда менга ишонадиган ҳали кўп одамлар бор»,— деб айтганда шубҳалари ғойиб бўлди. (Ҳавор. 18:9, 10) Бу ваҳий унга далда берди! Исонинг ўзи Павлусни хавф-хатардан ҳимоя қилишига ишонтириб, бу шаҳарда ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган кўплар борлигини айтди. Хўш, у кейин нима қилди? Баёнотда қуйидагича ёзилган: «Павлус ўша ерда бир йилу олти ой қолиб, уларга Худонинг каломини ўргатди». (Ҳавор. 18:11)
13. Павлус ҳакамлик курсисига яқинлашаётиб, нима ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин ва у бунга дуч келмаслигига нега ишонган?
13 Павлус Коринфда деярли бир йил бўлгач, Ҳазрати Исо уни қўллаб-қувватлашига ишонтирган яна бир воқеа юз берди. «Яҳудийлар бирлашиб, Павлусга қарши чиқишди-да, ҳакамлик курсиси жойлашган ерга олиб келишди». У ер бема деб аталарди. (Ҳавор. 18:12) Баъзиларнинг фикрича, бема ҳаворанг ва оқ рангли, ўйилган нақшли мармартошдан ясалган курси бўлиб, эҳтимол, Коринфнинг бозор майдонида жойлашган. Ҳакамлик курсисининг олд томонида катта оломон сиғадиган жой бор эди. Археологик қазилмалар асосида бу курси ибодатхонадан бир-икки қадам узоқликда, демак, Юстуснинг уйига яқин жойлашган деб тахмин қилса бўлади. Павлус бемага яқинлашаётиб, Исо ҳақида шоҳидлик бергани учун ўлдирилган илк масиҳий Стефанни эслаган бўлиши мумкин. Ўша пайтда у Шоул деб аталган ва унинг «ўлдирилишини маъқуллаган эди». (Ҳавор. 8:1) Павлусни ҳам ўлдиришадими? Йўқ, чунки Исо «ҳеч ким» унга қўл теккизмаслигини ваъда қилган. (Ҳавор. 18:10)
14, 15. а) Яҳудийлар Павлусни нимада айблашди ва нега Галлион масалага якун ясади? б) Состен билан нима юз берди ва, эҳтимол, у билан кейинчалик нима бўлди?
14 Хўш, Павлус ҳакамлик курсиси ёнига келганида нима бўлди? Ўша пайтда Галлион ҳакам эди. У Ахая вилоятининг ҳокими ва Рим файласуфи Сенеканинг акаси эди. Яҳудийлар Павлусни шундай деб айблашди: «Бу киши одамларни Тангрига ўзгача тарзда сиғинишга ундаб, қонунни бузяпти». (Ҳавор. 18:13) Бошқача айтганда, улар Павлус одамларни ноқонуний тарзда ўз динига оғдиряпти, деб таъкидлашди. Бироқ Галлион Павлусни ҳеч қандай «қилмиш» ёки «оғир жиноят»да айбдор деб топмади. (Ҳавор. 18:14) Галлион яҳудийларнинг баҳс-мунозарасига аралашмоқчи эмасди. Павлус ўзини ҳимоялаш учун энди оғиз очмоқчи бўлганида, Галлион масала якунланганини айтди! Айбловчиларнинг қони қайнаб кетди. Улар, эҳтимол, Криспнинг ўрнига ибодатхона бошлиғи этиб тайинланган Состенга қаҳрини сочишди ва уни ушлаб, «ҳакамлик курсиси олдида уришди». (Ҳавор. 18:17)
15 Нега Галлион улар Состенни дўппослаганида бунга аралашмади? Ҳойнаҳой, Галлион бу тўдани Состен бошқарган ва шунинг учун қилмишига яраша жазосини оляпти деган фикрда эди. Нима бўлганда ҳам, бу воқеа ижобий натижа билан якунлангандир. Бундан бир неча йил ўтиб, Павлус Коринфдаги жамоатга йўллаган биринчи мактубда исми Состен бўлган биродарни тилга олди. (1 Кор. 1:1, 2) У Коринфда дўппосланган ўша Состен бўлганми? Агар шундай бўлса, оғриқли ўша воқеа туфайли Состен масиҳий бўлганга ўхшайди.
16. Исо: «Қўрқма, тинмай гапиравергин. Мен сен билан биргаман»,— деб айтган сўзлари хизматимизга қандай таъсир қиляпти?
16 Эсимизда бўлса, яҳудийлар Павлус айтган хабарни рад этишганидан кейин Ҳазрати Исо уни: «Қўрқма, тинмай гапиравергин. Мен сен билан биргаман»,— деб ишонтирган. (Ҳавор. 18:9, 10) Биз ҳам бу сўзларни, айниқса, бошқалар хушхабарни рад этганида ёдда тутишимиз лозим. Яҳова одамнинг қалбидагиларни кўришини ва самимий инсонларни Ўзи жалб қилишини ҳеч қачон эсингиздан чиқарманг. (1 Шоҳ. 16:7; Юҳан. 6:44) Бу бизга далда бериб, бундан кейин ҳам хизматда банд бўлишга ундаяпти! Ҳар йили юз минглаб, яъни кунига юзлаб кишилар сувга чўмяпти. «Барча халқлардан шогирд тайёрланглар» деган амрга амал қилганларни Исо: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деб ишонтиряпти. (Мат. 28:19, 20)
Ҳаворийлар 18:18–22)
«Агар Яҳова хоҳласа» (17, 18. Павлус Эфесга кетаётганда нима ҳақда ўйлаган бўлиши мумкин?
17 Коринфдаги жамоат учун тинчлик даври бошлаганига Галлионнинг қарори сабаб бўлган-бўлмаганини билмаймиз. Аммо Павлус ўша ерда «яна анча кун» турганидан кейин Коринфдаги биродарлар билан хайрлашиб кетди. Мил. 52 йили баҳорда у Коринфнинг шарқидан тахминан 11 километр узоқликда бўлган Кенхреядан Сурияга боришни режалаштирди. Кенхреядан кетишдан аввал Павлус «Худо олдида онт ичгани учун» сочини қирқтирди. (Ҳавор. 18:18) c Сўнг у Акила ва Прискилла билан бирга Эгей денгизидан Кичик Осиёдаги Эфес шаҳрига кетди.
18 Павлус Кенхреядан кетаётганда, ҳойнаҳой, Коринфда юз берган воқеалар ҳақида мулоҳаза юритган. У кўп ёқимли хотираларни эслаган ва чуқур мамнуниятни ҳис қилган. Бир ярим йиллик хизмати ажойиб самаралар келтирди. Коринфда биринчи жамоат ташкил этилиб, йиғилишлар Юстуснинг уйида ўтказиларди. Масиҳий бўлганлар орасида Юстус, Крисп ва унинг хонадони ҳамда бошқа кўплар бор эди. Павлус бу янги имондошларини яхши кўрарди, чунки уларга масиҳий бўлишга ёрдам берганди. Кейинчалик, у бу имондошларига хат ёзган ва уларни қалбида ёзилган тавсиянома деб атаган. Биз ҳам Яҳовага топинишга кўмаклашган одамларга боғланиб қолганимизни сезамиз. «Тавсиянома» каби бўлган биродару опа-сингилларимизни кўришдан жуда хурсандмиз. (2 Кор. 3:1–3)
19, 20. Павлус Эфесга келибоқ нима билан шуғулланди ва маънавий мақсадларга интилишда унга қандай тақлид қилишимиз мумкин?
19 Павлус Эфесга келибоқ хушхабарни ваъз қила бошлади. У «ибодатхонага кириб, яҳудийлар билан суҳбатлашди». (Ҳавор. 18:19) Бу сафар Павлус Эфесда узоқ вақт қолмади. Гарчи ундан кўпроқ вақт қолишини илтимос қилишса-да, «у кўнмади». Эфесликлар билан хайрлашганида у: «Агар Яҳова хоҳласа, яна қайтиб келаман»,— деди. (Ҳавор. 18:20, 21) Павлус Эфесда ҳали кўплар хушхабарни эшитиши кераклигини тушунгани шубҳасиз. У бу ерга қайтиб келишни режалаштирган бўлса-да, барчасини Яҳованинг қўлига топширишни маъқул кўрди. Биз учун нақадар зўр ўрнак, шундай эмасми?! Маънавий мақсадларга интилаётиб, ташаббускорлик кўрсатишимиз лозим. Бироқ доим Яҳованинг кўрсатмасига амал қилиб, Унинг иродасига мувофиқ йўл тутсак, нур устига аъло нур бўларди. (Ёқб. 4:15)
20 Акила ва Прискиллани Эфесда қолдиргач, Павлус кемага ўтириб Кесарияга кетди. Ҳойнаҳой, у Қуддусга «борди» ва у ердаги жамоат билан кўришди. (Ҳавор. 18:22) Сўнг Павлус тез-тез тўхтаб ўтадиган Антиохиядаги (Сурия) уйга қайтди. Шу билан Павлуснинг иккинчи ваъзгўйлик сафари муваффақият ила ниҳоясига етди. Қизиқ, охирги ваъзгўйлик сафарида уни нима кутяпти?
a « Иккита портга эга Коринф шаҳри» номли 149-саҳифадаги рамкага қаранг.
b « Илоҳий илҳом остида ёзилган далдали мактублар» номли 150-саҳифадаги рамкага қаранг.
c « Павлуснинг онти» номли 152-саҳифадаги рамкага қаранг.