6-БОБ
«Тангрининг марҳамати ва қудратига тўлган Стефан»
Олий Кенгаш олдида жасорат ила шоҳидлик берган Стефаннинг ўрнаги
Ҳаворийлар 6:8–8:3 га асосланган
1–3. а) Стефан қандай вазиятга тушиб қолди ва у ўзини қандай тутди? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?
СТЕФАН маҳкама аъзолари олдида турибди. Ҳойнаҳой, Қуддус маъбади яқинида жойлашган катта бир залда 71 та киши ярим доира бўлиб ўтирибди. Олий Кенгаш Стефанни ҳукм қилиш учун йиғилди. У ердаги ҳакамлар обрўли ва азимкор кишилар бўлиб, улардан кўпи Исонинг бу шогирдини ёмон кўради. Ҳакамларни йиққан олий руҳоний Каяфа ҳам шу ерда. Бир неча ой олдин Исони ўлимга маҳкум этишганида, у Олий Кенгашда бошчилик қилган. Қизиқ, Стефан қўрқяптими?
2 Айни пайтда Стефаннинг юз ифодаси ўзгача. Ҳайратда қолган ҳакамлар унга қараб, «юзи худди фариштанинг юзига» ўхшаб қолганини кўришяпти. (Ҳавор. 6:15) Фаришталар Аллоҳ Яҳованинг хабарини етказишгани учун ҳеч нарсадан қўрқишмайди, тинч ва хотиржам бўлишади. Стефан ҳам ўзини шундай ҳис қиляпти. Ҳатто ундан нафратланган ҳакамлар буни кўряпти. Қандай қилиб Стефан хотиржамликни сақлай оляпти?
3 Бугунги кунда масиҳийлар бу саволнинг жавобидан кўп нарсани ўрганиши мумкин. Аввалига, Стефан бундай мураккаб вазиятга тушиб қолганининг сабабини билиб олишимиз керак. У имонини илгари қандай ҳимоялаган? Қай йўсин унга тақлид қилишимиз мумкин?
«Улар халқни... қўзғатишди» (Ҳаворийлар 6:8–15)
4, 5. а) Нега Стефан жамоатга ёрдам бера олган? б) У «Тангрининг марҳамати ва қудратига тўлгани» нимадан кўринган?
4 Яқинда ташкил топган жамоатга Стефаннинг ёрдами текканини билиб олдик. Олдинги бобда у ҳаворийларга чин юракдан ва камтарлик ила ёрдам берган етти кишидан бири бўлганини кўрдик. Худо унга ато этган қобилиятлари ҳақида ўйласак, унинг камтарлик борасидаги ўрнаги бизга янада кўпроқ таъсир қилади. Баъзи ҳаворийлар каби Стефан ҳам «аломату ғаройиботлар» содир этган. (Ҳавор. 6:8) Устига-устак, у «Тангрининг марҳамати ва қудратига тўлган». Бу нимани англатади?
5 «Тангрининг марҳамати» деб таржима қилинган юнонча ибора «Тангрининг инояти» деб ўгирилиши ҳам мумкин. Шубҳасизки, Стефан меҳрибон ва мулойим бўлган. Шунинг учун одамлар унга талпинарди. Унинг сўзлари шунчалик ишончли эдики, тингловчиларнинг кўпи унинг самимийлигида ва айтган гаплари қадр-қимматли эканида амин бўларди. Стефан Яҳованинг руҳи унга таъсир қилишига камтарлик ила йўл қўйгани учун қудратга тўлган эди. У эга бўлган инъому қобилиятлардан мағрурланмасди. Аксинча, барча мақтовни Яҳовага йўналтириб, тингловчиларга меҳрини намоён этарди. Ана шу боис душманлар уни хавфли деб ҳисоблаган!
6–8. а) Душманлар Стефанга нима деб туҳмат қилган ва нега? б) Нега Стефаннинг мисоли биз учун фойдали бўлиши мумкин?
6 Баъзилар ўрнидан туриб Стефан билан баҳслашган, «аммо унинг донолигига ва гапираётганда уни бошқариб турган муқаддас руҳга қарши чиқа олишмади» a. Охири кучи етмаганидан улар баъзилар билан «яширинча... тил бириктириб», Масиҳнинг бу беозор шогирдига туҳмат қилишди. Шунингдек, «улар халқни, оқсоқоллар ва уламоларни» қўзғатиб, уни Олий Кенгашга судраб кетишди. (Ҳавор. 6:9–12) Хуллас, улар Стефанга туҳмат қилиб, Худони ва Мусони ҳақоратлаганликда айблашди. Қай йўсин?
7 Айбловчилар Стефан «муқаддас жой» — Қуддусдаги маъбад тўғрисида ёмон нарсаларни айтиб, Худога қарши гапиряпти дейишган. (Ҳавор. 6:13) Уларнинг сўзларига кўра, Стефан Мусо ўргатган урф-одатларни ўзгартириб, Тавротга қарши гапирган ва Мусога ҳурматсизлик кўрсатган. Бу жиддий айблов бўлган. Чунки ўша пайтда яҳудийлар учун маъбад, Тавротнинг тафсилотлари ва ўзлари унга киритган кўп урф-одатлар катта аҳамиятга эга эди. Шундай қилиб, Стефанга қарши айтилган айбловлар у хавфли ва ўлимга лойиқ эканини кўрсатиб турарди!
8 Минг афсуски, Худонинг хизматчиларига қаршилик кўрсатиш учун диндор кишилар бундай усуллардан тез-тез фойдаланишади. Бугун ҳам диндор кишилар баъзида ҳукуматни Яҳованинг Шоҳидларига қарши қайрашади. Хўш, одамлар бизга туҳмат қилганда қандай йўл тутишимиз керак? Бунда Стефандан ўрнак олишимиз мумкин.
«Улуғвор Аллоҳ» ҳақида жасорат ила шоҳидлик бериш (Ҳаворийлар 7:1–53)
9, 10. Стефан Олий Кенгашда айтган гаплари борасида танқидчилар қандай фикр билдирган ва биз нимани ёдда тутишимиз керак?
9 Юқорида айтилганидек, Стефанга қарши айбловлар қўйилганда, у хотиржам бўлиб турган ва юзи худди фариштанинг юзига ўхшаб қолган. Кейин Каяфа унга қараб: «Бу гаплар ростми?» — деб сўраган. (Ҳавор. 7:1) Шунда Стефанда гапириш имкони туғилган ва у ғайрат ила гапирган!
10 Баъзи танқидчиларнинг сўзларига кўра, Стефан кўп гапирганига қарамай, унга қарши қўйилган айбловларга жавоб бермаган. Аслида эса хушхабар ҳақида сўраган ҳар бир кишига қандай «жавоб бериш» борасида Стефан яхши ўрнак кўрсатган. (1 Бутр. 3:15) Уни маъбадга қарши гапириб, Худога ва Тавротга ҳурматсизлик кўрсатаётганликда айблашганини унутманг. Ўшанда Стефан Исроил тарихидаги учта давр ҳақида гапирган ва баъзи тафсилотларга эътибор қаратган. Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
11, 12. а) Стефан Иброҳимнинг мисолидан қандай фойдаланган? б) Нега Стефан Юсуфни тилга олган?
11 Бобокалонлар даври. (Ҳавор. 7:1–16) Стефан яҳудийлар имони учун ҳурмат қилган Иброҳим пайғамбар ҳақида гапиришдан бошлаган. Стефан уларни ўзаро боғлайдиган умумий фикрни топиб, «улуғвор Аллоҳимиз» Яҳова Ўзини Иброҳимга Месопотамияда ошкор этганини таъкидлаган. (Ҳавор. 7:2) Аслини олганда, Иброҳим ваъда қилинган юртда мусофир эди. У яшаган даврда на маъбад, на Мусонинг Қонуни бўлган. Шундай экан, инсон Худога содиқ қолиши учун маъбад бўлиши ёки қонунлар чиқарилиши керак, деб ҳеч ким айта олмасди.
12 Стефанни тинглаганлар Иброҳимнинг авлоди бўлмиш Юсуфни ҳам ҳурмат қилишарди. Бироқ Стефан Юсуфнинг акалари — Исроил қабилаларининг оталари бу одил инсонни таъқиб қилиб, қулликка сотишганини эслатган. Шундай бўлса ҳам Аллоҳ Юсуф орқали Исроил халқини очарчиликдан қутқариб қолган. Шубҳасизки, Стефан Юсуфнинг ва Исонинг ўртасидаги ўхшашликни кўрган. Лекин тингловчиларнинг эътиборини сақлаб қолиш учун уларни солиштирмаган.
13. Стефан Мусо тўғрисида гапириб, айбловлар нотўғри эканини қандай исботлаган ва қайси ҳақиқатни очиб берган?
13 Мусонинг даври. (Ҳавор. 7:17–43) Стефан Мусо тўғрисида кўп гапириб оқилона йўл тутган, боиси Олий Кенгашнинг аксарият аъзолари саддуқийлар бўлган ва улар фақат Тавротни тан олган. Эсимизда бўлса, Стефан Мусога ҳурматсизлик кўрсатганликда айбланган. У Мусони ва Тавротни ҳурмат қилишини кўрсатиб, уларнинг айблови нотўғри эканини исботлаган. (Ҳавор. 7:38) Стефан Мусо қутқармоқчи бўлган одамлар уни ҳам рад этишганини айтган. Мусонинг ёши 40 да бўлганида, улар ундан воз кечишган. 40 йилдан зиёд вақт ўтгач, Исроил халқи бир неча марта Мусонинг бошчилик қилиш ҳуқуқини шубҳа остига қўйган b. Шундай қилиб, Стефан аста-секин Худонинг халқи борасида муҳим бир ҳақиқатни очиб берган: улар Тангри Яҳова тайинлаган кишиларни қайта-қайта рад этишган.
14. Стефан Мусо пайғамбарнинг мисолини келтириб қандай фикрни тасдиқлади?
14 Стефан тингловчиларига Мусо Исроил халқидан унга ўхшаган пайғамбар келиб чиқишини башорат қилганини эслатди. У ким бўлар экан ва уни қандай қабул қилишади? Стефан бу саволларга жавоб берган. Қолаверса, у яна бир муҳим фикрни айтган: Мусо ҳар қандай жой муқаддас бўла олишини билиб олган. Буни Яҳова унга ёнаётган бута ичидан гапирган вазиятдан кўриш мумкин. Демак, Яҳова одамлар Унга фақат муайян бинода, масалан, Қуддусдаги маъбадда топинишини хоҳлайдими? Келинг, буни кўриб чиқамиз.
15, 16. а) Нега Стефан муқаддас чодир тўғрисида айтган? б) Стефан Сулаймоннинг маъбадини тилга олиб нимани таъкидлаган?
15 Муқаддас чодир ва маъбад. (Ҳавор. 7:44–50) Стефан маҳкамада яна бир нарсани эслатди. Қуддусда маъбад қурилишидан олдин Мусо Аллоҳнинг амрига биноан муқаддас чодир — Худога топиниш учун қўлланиладиган ва кўчириш мумкин бўлган иншоот барпо этган. Уни тинглаганларнинг ҳеч бири муқаддас чодир маъбаддан камроқ аҳамиятга эга, деб айта олмасди. Сабаби, у ерда Мусо Аллоҳга топинган.
16 Кейинчалик, Сулаймон Қуддусда маъбадни қуриб бўлгач, ибодатида муҳим бир фикрни айтган. Стефан бунга ўхшаш фикрни айтган: «Аллоҳ Таоло инсон қўли билан ясалган жойда яшамайди». (Ҳавор. 7:48; 2 Сол. 6:18) Яҳова ниятларини амалга ошириш учун маъбаддан фойдаланиши мумкин, лекин буни усиз ҳам қила олади. Шундай экан, Аллоҳнинг хизматчилари инсон қурган жойда, масалан, фақат маъбадда топиниш мумкин, деб ўйламасликлари керак. Стефан охирида Ишаё китобидан иқтибос келтириб, таъсирли фикрни айтган: «Осмон Менинг тахтим, ер эса оёқ қўядиган курсимдир. Шундай экан, Мен учун қандай уй қура оласиз? — демоқда Яҳова. — Қайси жой Менга маскан бўла олади? Буларнинг ҳаммасини қўлларим билан яратмадимми?» (Ҳавор. 7:49, 50; Ишаё 66:1, 2)
17. а) Қай йўсин Стефан тингловчилари нотўғри фикрда эканини кўрсатган? б) У ёмон иш қилмаганини қандай исботлаган?
17 Олий Кенгашга қарата айтган сўзлари билан Стефан айбловлар ёлғон эканини моҳирона кўрсатиб берди, шундай эмасми?! У Яҳова мослашувчан бўлиб, ниятини турли йўллар орқали бажара олишини кўрсатган. У ниятини амалга оширишига ҳеч қандай вазият ёки урф-одат тўсқинлик қила олмайди. Стефаннинг тингловчилари Қуддусдаги кўркам маъбадни ва Мусонинг Қонунига инсонлар қўшган урф-одатларни яхши кўрган. Аммо улар Тавротнинг асл моҳиятини ва маъбаднинг мақсадини тушунмаган. Стефаннинг гаплари ортида жиддий савол турган: «Таврот ва маъбадни эъзозлашнинг энг яхши йўли Яҳовага итоатли бўлиш эмасми?» Чиндан ҳам, Стефаннинг гаплари у ёмон иш қилмаганини тасдиқлаган, чунки у Яҳовага бўйсуниш учун жон куйдирган.
18. Стефанга қандай тақлид қилишимиз лозим?
18 Стефаннинг нутқидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? У Муқаддас Ёзувларни яхши билган. Биз ҳам «ҳақиқат каломини тўғри» етказишни истасак, уни пухта ўрганишимиз лозим. (2 Тим. 2:15) Стефанга ўхшаб одамлар билан мулойим бўлишимиз ва уларга оғир ботадиган гапларни айтмаслигимиз керак. Унинг тингловчилари ашаддий душманлар эди! Бироқ Стефан улар учун муҳим бўлган умумий мавзуни топишга ҳаракат қилган. Устига-устак, Стефан уларга ҳурмат кўрсатиб, ёши улуғ кишиларга «оталар» деб мурожаат қилган. (Ҳавор. 7:2) Биз ҳам Аллоҳнинг Каломидаги ҳақиқатларни «мулойимлик ва камоли эҳтиром» билан гапиришимиз керак. (1 Бутр. 3:15)
19. Стефан Олий Кенгаш олдида Яҳованинг ҳукмлари ҳақидаги хабарни қандай айтган?
19 Аммо одамларни хафа қилиб қўйишдан қўрқиш Худонинг Каломидаги ҳақиқатларни етказишдан бизни тўхтатмаслиги лозим. Қолаверса, бошқаларнинг кўнглини топиш ниятида Яҳованинг ҳукмлари тўғрисидаги хабарни юмшатмаслигимиз даркор. Бунда Стефан биз учун яхши ўрнак. У Олий Кенгаш олдида келтирган барча далиллар бағритош ҳакамларни ўзгартирмаслигини тушунган. Шунинг учун у муқаддас руҳ таъсири остида нутқининг якунида улар Юсуф, Мусо ҳамда барча пайғамбарларни рад этган ота-боболари каби йўл тутишганини қўрқмасдан айтган. (Ҳавор. 7:51–53) Дарҳақиқат, Олий Кенгашнинг бу ҳакамлари Мусо ва барча пайғамбарлар келишини башорат қилган Масиҳни ўлдиришган. Ҳа, улар Мусонинг Қонунига амал қилмай энг оғир гуноҳга қўл уришган!
«Эй Ҳазратим Исо, ҳаётимни қўлингизга топширяпман» (Ҳаворийлар 7:54–8:3)
20, 21. Стефаннинг сўзлари Олий Кенгашга қандай таъсир қилган ва Яҳова уни қай йўсин мустаҳкамлаган?
20 Стефан рад қилиб бўлмайдиган ҳақиқатни айтганида, ҳакамлар ғазабга минган. Улар ўзини ёмон тутиб, Стефанга қарши тишларини ғижирлата бошлашган. Бу садоқатли киши Ҳазрати Исо билан бўлганидай, унга ҳам раҳм-шафқат кўрсатилмаслигини англаб етганга ўхшайди.
21 Яқинда бошига тушадиган нарсаларга дош бериш учун Стефан жасоратли бўлиши керак эди. Шубҳасизки, у Яҳова меҳр ила унга берган ваҳийдан далда олган. Ваҳийда Стефан Аллоҳнинг улуғворлигини ва Унинг ўнг томонида турган Исони кўрган! Стефан бу ваҳий ҳақида гапирганда, ҳакамлар қулоқларини беркитиб олишган. Нима учун? Боиси, бундан олдин Исо ўша маҳкамада туриб, Масиҳ эканини ва яқинда Отасининг ўнг томонида бўлишини айтган эди. (Марк 14:62) Стефан кўрган ваҳий буни тасдиқлаган. Ҳа, Олий Кенгаш Масиҳга хиёнат қилиб, уни ўлдирган! Ҳакамлар жамулжам бўлиб Стефанга ташланишган ва уни тошбўрон қилишган c.
22, 23. Қайси маънода Стефаннинг ўлими Исоникига ўхшаш эди ва қай йўсин масиҳийлар у каби Яҳовага ишона олади?
22 Стефан ўлими пайтида Хўжайини Исо каби хотиржам қалб билан Яҳовага умид боғлаган ва қотилларини кечирган. Эҳтимол, у ҳали ҳам ваҳийда Инсон Ўғлини Отаси билан кўргани учун шундай деб айтган: «Эй Ҳазратим Исо, ҳаётимни қўлингизга топширяпман». Стефан Исонинг: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман»,— деган далдали сўзларини эслагани шубҳасиз. (Юҳан. 11:25) Сўнг у баланд овозда шундай деган: «Эй Яҳова, уларни бу гуноҳи учун жазолама». Буларни айтгач, у ўлим уйқусига кетган. (Ҳавор. 7:59, 60)
23 Шу йўсин, Стефан душманлар томонидан ўлдирилган Масиҳнинг издошларидан биринчиси сифатида Муқаддас Китобда тилга олинган. (« Нега Стефанни азоб чеккан масиҳий деса бўлади?» номли 48-саҳифадаги рамкага қаранг.) Афсуски, у охиргиси бўлмаган. Бизнинг вақтимизга қадар Яҳованинг баъзи содиқ хизматчилари диний ва сиёсий фанатиклар ҳамда бошқа ашаддий душманлар томонидан ўлдирилган. Лекин Стефанга ўхшаб Яҳовага ишонсак бўлади. Ҳозир Исо осмонда Шоҳ ва Яҳова унга улкан куч берган. Содиқ издошларини тирилтиришга унга ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди. (Юҳан. 5:28, 29)
24. Шоул Стефаннинг ўлимига қандай ҳисса қўшган ва унинг ўлими масиҳийларни нима қилишга ундаган?
24 Шоул исмли ёш киши буларнинг барини кузатиб турган. У Стефаннинг ўлимини маъқуллаб, тошбўрон қилганларнинг кийимларини қўриқлаб турган. Кўп ўтмай, унинг ўзи ҳам масиҳийларни таъқиб қила бошлаган. Аммо Стефаннинг ўлими узоқ вақт мобайнида масиҳийларга ёрдам берган. Унинг ўрнаги туфайли улар ўлимигача Худога садоқатли қолган. Бундан ташқари, Шоул — кейинчалик асосан Павлус деб танилган — Стефаннинг ўлдирилишида қатнашганидан роса афсусланган. (Ҳавор. 22:20) Ҳа, у Стефаннинг ўлимига ҳисса қўшган, аммо кейинчалик: «Мен илгари шаккок, таъқиб қилувчи ва сурбет бўлганман»,— деб тан олган. (1 Тим. 1:13) Павлус Стефанни ва ўша кунги нутқини унутмагани аниқ. У баъзи нутқ ва мактубларда Стефан айтиб ўтган мавзуларни ёритиб берган. (Ҳавор. 7:48; 17:24; Иброн. 9:24) Вақт ўтиб, Павлус «Тангрининг марҳамати ва қудратига тўлган» Стефаннинг имон ва жасоратига тақлид қилишни ўрганган. Биз ҳам унинг ўрнагига эргашамизми?
a Стефанга қарши чиққанларнинг айримлари «Озодлар ибодатхонасига» мансуб эди. Ҳойнаҳой, уларни қачондир римликлар асирликка олиб, кейин қўйиб юборишган. Ёки улар яҳудий динини қабул қилган озод этилган қуллар бўлишган. Баъзилари тарслик Шоул каби Киликиядан бўлган. Бу баёнотда Шоул Стефанга қарши чиқа олмаган ўша киликияликлар орасида бўлган-бўлмагани ҳақида айтилмаган.
b Стефан айтган маълумотлар, масалан, Мусога мисрликлар томонидан таълим берилгани, у ердан биринчи марта қочиб кетгани ва Мидиёнда қанча вақт яшагани ҳақида Муқаддас Китобнинг бошқа ҳеч қаерида ёзилмаган.
c Рим қонунига кўра, Олий Кенгаш ўлимга маҳкум қилиш ҳуқуқига эга бўлмаганга ўхшайди. (Юҳан. 18:31) Стефан ўлим жазосига қонунан маҳкум этилмаган. Уни қутурган тўда ўлдирган, деб айтиш ҳақиқатга яқинроқ.