Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7-БОБ

«Исо ҳақидаги хушхабарни» эълон қилиш

«Исо ҳақидаги хушхабарни» эълон қилиш

Хушхабар воизи Филипнинг ўрнаги

Ҳаворийлар 8:4–40 га асосланган

1, 2. Биринчи асрда ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатиш учун қилинган ҳаракатлар нимага олиб келди?

 КУЧЛИ қувғунлар бошланди ва Шоул жамоатга «зулм» ўтказадиган бўлди. (Ҳавор. 8:3) Шогирдлар Қуддусдан қочиб кетишади ва баъзилар Шоул масиҳийларни ваъз қилишдан тўхтатиб, мақсадига эришади, деб ўйлаши мумкин. Аммо шогирдларнинг тарқалиб кетгани туфайли кутилмаган бир нарса юз беради. Қизиқ, нима бўлади?

2 «Тарқаб кетган шогирдлар борган жойларида Аллоҳнинг каломи тўғрисидаги хушхабарни эълон этишади». (Ҳавор. 8:4) Ана холос! Қувғунлар ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатмади, аксинча, кенг ёйилишига сабабчи бўлди. Таъқиб қилувчилар Исонинг шогирдларини тарқатиб, ўзлари билмаган ҳолда хушхабар олис ерларга етиб боришига ҳисса қўшишди. Бунга ўхшаш воқеалар бизнинг давримизда ҳам содир бўлганини кўриб чиқамиз.

«Тарқаб кетган шогирдлар» (Ҳаворийлар 8:4–8)

3. а) Филип ким бўлган? б) Нега Самарияда хушхабар кенг тарқалмаган, аммо Исонинг сўзларига биноан, у ерда нима юз бериши керак эди?

3 «Тарқаб кетган шогирдлар»дан бири Филип a бўлган. (Ҳавор. 8:4; « ”Хушхабар воизи” Филип» номли 53-саҳифадаги рамкага қаранг.) У Самарияга боради. Бу шаҳарда кўпчилик хушхабарни ҳали эшитмаган эди. Сабаби, Исо қачонлардир ҳаворийларига: «Бошқа халқлар ҳудудидан ўтманглар ва самарияликларнинг ҳеч бир шаҳрига кирманглар. Сизлар яхшиси адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар»,— деган. (Мат. 10:5, 6) Аммо Исо кейинчалик бу шаҳарда кенг шоҳидлик берилишини билган, чунки осмонга кўтарилишидан олдин у шундай деган: «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8)

4. Самарияликлар хушхабарни қандай қабул қилишган ва бунга нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?

4 Филип Самарияда ҳосил етилганини пайқади. (Юҳан. 4:35) Филипнинг хабари у ерда яшовчи халқ учун роҳатбахш ҳаводай бўлган. Нега деганда, яҳудийлар самарияликлар билан мулоқот қилишмасди ва кўплари ҳатто улардан нафратланарди. Лекин самарияликлар хушхабар барча инсонлар учун эканини ва фарзийлар ўргатаётган нарсалардан фарқ қилишини тушунишган. Сабаби, фарзийлар одам ажратиб, ўзини бошқалардан зўр деб билишган. Филип эса юзхотирчилик қилмай, самарияликларга жасорат ила шоҳидлик бериб, уларни менсимаган одамларнинг фикри унга таъсир қилмаслигини кўрсатган. Бу халойиқ Филипни диққат ила эшитганининг сабабларидан бири бўлиши мумкин. (Ҳавор. 8:6)

5–7. Масиҳийларнинг тарқаб кетиши хушхабарнинг кенг ёйилишига олиб келгани тўғрисида мисол келтиринг.

5 Биринчи асрда бўлганидек, ҳозир ҳам Худонинг халқига қарши уюштирилган таъқиблар ваъзгўйлик фаолиятини тўхтата олмаяпти. Масиҳийлар мажбуран бир жойдан бошқа жойга қайта-қайта кўчиши ёки қамоққа тушиши туфайли Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни кўплаб инсонлар эшитган. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида Яҳованинг Шоҳидлари нацистлар концлагерларида шоҳидлик бериш имкониятини қўлдан бой беришмаган. Ўша ерда Яҳованинг Шоҳидларини учратган бир яҳудий киши шундай бўлишди: «Уларнинг ғайратига беш кетдим. Уларнинг имони Муқаддас Ёзувларга асосланганига амин бўлдим ва мен ҳам Яҳованинг Шоҳидига айландим».

6 Баъзида ҳатто таъқиб қилувчилар Шоҳлик хабарини тинглаб, ҳақиқатни қабул қилишган. Мана бир мисол. Франц Деш исмли имондошимизни Гузен концлагерига (Австрия) кўчиришганида, у СС офицери билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган. Йиллар ўтиб, улар Яҳова Шоҳидларининг анжуманида кўришганида, иккаласи ҳам ваъзгўй сифатида хизмат қилаётганидан жуда хурсанд бўлишганини бир тасаввур қилинг!

7 Шунга ўхшаш воқеалар масиҳийлар қувғунлар дастидан бир мамлакатдан бошқасига қочиб кетишганида ҳам юз берган. Масалан, 1970 йилларда Малавидаги Яҳованинг Шоҳидлари Мозамбикка қочиб кетишганида, у ерда кенг шоҳидлик берилган. Ҳатто кейинчалик Мозамбикда ҳам қувғунлар бошланганида ваъзгўйлик иши тўхтамаган. Бу ҳақда Франсиску Коана исмли биродаримиз шундай фикр билдирди: «Тўғри, ваъзгўйлик фаолияти учун баъзи имондошларимизни бир неча марта ҳибсга олиб, қамоққа ташлашган. Аммо кўп одамлар хушхабарни қабул қилганини кўрганимизда, Худо биринчи асрдаги масиҳийларга ёрдам берганидек, бизни ҳам қўллаб-қувватлаётганига амин эдик».

8. Сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар ваъзгўйлик фаолиятига қандай таъсир қилган?

8 Албатта, масиҳийларнинг сони тобора ошиши фақатгина қувғунлар туфайли бўлмаган. Кейинги ўн йиллар мобайнида сиёсий ҳамда иқтисодий ўзгаришлар туфайли ҳар хил халқлар ва турли тилларда гапирадиган одамлар хушхабарни эшитиш имконига эга бўлган. Баъзилари барқарор ҳаёт илинжида урушлар бўлаётган ёки иқтисодий томондан камбағал ҳудудлардан кетган ва у ерда Муқаддас Китобни ўргана бошлаган. Бу эса ўзга тилда гапирадиган ҳудудларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Сиз ҳам ҳудудингиздаги «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган» одамларга ваъз қилишга интиляпсизми? (Ваҳ. 7:9)

«Менга ҳам шундай иқтидор беринглар» (Ҳаворийлар 8:9–25)

«Ҳаворийлар қўл қўйган кишиларга муқаддас руҳ берилаётганини кўрган Симун уларга пул таклиф қилди». (Ҳаворийлар 8:18)

9. Симун ким бўлган ва уни нима таъсирлантирган бўлиши мумкин?

9 Филип Самарияда кўп аломатлар кўрсатган. Мисол учун, у беморларни соғайтирган ва ҳатто жинларни қувиб чиқарган. (Ҳавор. 8:6–8) Айниқса, бир одам Филипнинг мўъжиза яратиш қобилиятидан қаттиқ таъсирланган. Ўша кишининг исми Симун бўлган ва у сеҳр-жоду билан шуғулланган. Уни жуда ҳурмат қилган одамлар: «Бу кишида катта илоҳий куч бор»,— деб айтишган. Аммо Симун Филипнинг мўъжизаларини кўрганда, унда ҳақиқий илоҳий куч борлигини тушунган ва Масиҳнинг издошига айланган. (Ҳавор. 8:9–13) Бироқ кейинчалик Симуннинг ниятлари синалган. Қандай қилиб?

10. а) Самарияда Бутрус билан Юҳанно нима қилган? б) Бутрус ва Юҳанно янги шогирдларнинг устига қўлларини қўйишганини кўргач, Симун нима қилган?

10 Ҳаворийлар Самарияда ҳақиқатни қабул қилганларнинг сони ошиб бораётганини эшитгач, у ерга Бутрус билан Юҳаннони юборишган. (« Бутрус “Осмон Шоҳлигининг калитларини” қўлламоқда» номли шу саҳифадаги рамкага қаранг.) Бу иккита ҳаворий у ерга боргач, янги шогирдларнинг устига қўлларини қўйган. Шунда уларнинг ҳар бири муқаддас руҳга эга бўлган b. Бу Симунда қизиқиш уйғотган. У ҳаворийларга: «Менга ҳам шундай иқтидор беринглар, токи кимнинг устига қўлимни қўйсам, ўша муқаддас руҳга эга бўлсин»,— деган. Симун бу қобилиятни ҳатто пулга сотиб олмоқчи бўлган. (Ҳавор. 8:14–19)

11. Бутрус Симунга қатъийлик ила нима деган ва у буни қандай қабул қилган?

11 Бутрус Симунга қатъийлик ила шундай жавоб берган: «Кумушинг ўзинг билан қўшмозор бўлсин. Чунки сен Худонинг инъомини пулга сотиб олмоқчи бўлдинг. Тангри олдида юрагингдаги ният бузуқ бўлгани учун, бу ишда сенинг улушинг йўқ». Кейин Бутрус уни тавба қилишга ва Худодан кечирим сўрашга ундаб, қуйидаги сўзларни айтган: «Юрагингдаги бузуқ ният кечирилиши учун,... Яҳовага ёлвор». Ҳойнаҳой, Симун ёмон инсон бўлмаган. У тўғри йўл тутишни хоҳлаган, бироқ ўша пайтда нотўғри истакларига берилган. Шунинг учун у ҳаворийлардан: «Мен учун Яҳовага илтижо қилинглар, тағин айтганларингиздан ҳеч бири бошимга тушмасин»,— деб сўраган. (Ҳавор. 8:20–24)

12. «Симония» нима дегани ва у христиан олами учун қандай тузоққа айланган?

12 Бутруснинг Симунга айтган сўзлари барча масиҳийлар учун огоҳ тариқасида хизмат қилади. «Симония» сўзи айнан бу кишининг исми асосида пайдо бўлиб, муайян, айниқса, диний унвонларни олиб-сотишни билдиради. Христиан оламининг тарихи бундай мисолларга тўлиб-тошган. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Талабалар папаларнинг конклавлар c тарихини тадқиқ қилиб ҳеч бир сайлов симониясиз ўтмаганига амин бўлади. Конклавларда кўпинча беадаб, уятсиз ва очиқдан-очиқ симониялар бўлган». («The Encyclopædia Britannica», 1878)

13. Қандай қилиб масиҳийлар симониядан қоча олади?

13 Бугунги кунда масиҳийлар симониядан эҳтиёт бўлиши лозим. Масалан, масъулиятли вазифаларни бажаришга тайинлайдиган биродарларга хушомадгўйлик қилишга интилмаймиз ёки фақат уларга сахийлик кўрсатиб, совғалар тақдим этмаймиз. Бошқа томондан, масъулиятли биродарлар бой имондошларга ўзгача муносабат кўрсатишдан узоқлашиши лозим. Бу иккала вазият ҳам симонияга киради. Ҳа, Худонинг ҳар бир хизматчиси «ўзини паст олиб», Яҳова Ўз руҳи орқали бундай шарафли хизматга тайинлаш вақтини кутиши даркор. (Луқо 9:48) Аллоҳнинг ташкилотида «ўзига шараф излаган» инсонларга ўрин йўқ. (Ҳик. 25:27)

 

«Ўқиётганларингизни тушуняпсизми?» (Ҳаворийлар 8:26–40)

14, 15. а) Ҳабашистонлик амалдор ким бўлган ва Филип уни қаерда учратган? б) Амалдор Филипнинг хабарига қандай муносабат билдирган ва нега унинг сувга чўмгани ҳис-туйғуларга асосланмаган эди? (Изоҳга қаранг.)

14 Яҳованинг фариштаси Филипга Қуддусдан Ғазога борадиган йўлга тушишни айтади. Балки, Филипнинг кўнглидан нима учун деган фикр ўтгандир. Аммо у «Ишаё пайғамбарнинг китобини овоз чиқариб ўқиб кетаётган» амалдорни кўргач, бунинг сабабини англаб етади. (« Ҳабашистонлик амалдор» номли 57-саҳифадаги рамкага қаранг.) Яҳованинг муқаддас руҳи Филипни унинг аравасига етиб олишга ундайди. Филип арава ёнида чопиб кетаётганда, ундан: «Ўқиётганларингизни тушуняпсизми?» — дея сўрайди. У жавобан: «Агар биров ўргатмаса, қандай тушуна оламан?» — дейди. (Ҳавор. 8:26–31)

15 Кейин у Филипдан аравага чиқиб ўтиришини илтимос қилади. Уларнинг қизиқарли суҳбатини бир тасаввур қилинг! Бошқа кўплар каби бу амалдор ҳам Ишаё пайғамбарнинг башоратидаги «қўзи» ёки «хизматкор» кимни билдиришини билмаган. (Ишаё 53:1–12) Йўл-йўлакай Филип унга бу башорат Исо Масиҳда амалга ошганини тушунтирган. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида сувга чўмганлар каби яҳудий динига кирган бу амалдор ҳам нима қилиши кераклигини дарров англаган. У Филипга: «Мана сув, менинг сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?» — деган. Шунда Филип уни шу заҳотиёқ сувга чўмдирган! d Сувга чўмиш» номли рамкага қаранг.) Сўнг Филипга янги вазифа топширилган. У Ашдодга бориб, хушхабарни ваъз қилиши керак эди. (Ҳавор. 8:32–40)

 
 

16, 17. Қандай қилиб фаришталар бугунги кунда ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этишяпти?

16 Бугунги кунда масиҳийлар Филип каби хушхабарни баҳам кўриш шарафига эга. Одатда улар Шоҳлик тўғрисидаги хабар билан норасмий тарзда, масалан, саёҳат қилганда бўлишишади. Кўп ҳолларда, самимий инсонларни учратишни тасодиф деб айтиб бўлмайди. Бундай вазиятлар юз бериши табиий, чунки Муқаддас Китобга биноан, ваъзгўйлик фаолиятида бизни фаришталар йўналтиради. Шу боис бу хабар «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» етказиляпти. (Ваҳ. 14:6) Исо ҳам ваъзгўйлик фаолиятида қатнашаётганларни фаришталар йўналтиришини башорат қилган. У буғдой ва бегона ўтлар тўғрисидаги масални айтиб, ўрим-йиғим пайтида — охирзамонда — «ўроқчилар» фаришталар бўлишини тушунтирган. Шунингдек, Исо улар «унинг Шоҳлигидан бошқаларни гуноҳга етаклайдиган барча нарсани ва қонунбузарларни» тўплашларини айтган. (Мат. 13:37–41) Шу билан бирга, Яҳова самода бошқариш умидига эга бўлганларни йиғишда ва «бошқа қўйлар»дан иборат «улкан оломонни» халқига қўшишда фаришталардан фойдаланади. (Ваҳ. 7:9; Юҳан. 6:44, 65; 10:16)

17 Бунинг тасдиғи сифатида биз хизматда учратган одамлар Аллоҳдан ёрдам сўраб ибодат қилишганини айтиб берган вазиятларни келтирса бўлади. Битта воқеага назар солайлик. Бир куни иккита ваъзгўй билан ёш болакай хизмат қилган. Тушликка яқин улар хизматни тугатмоқчи бўлишган. Лекин болакай яна бир хонадон эшигини тақиллатмоқчи бўлган. У ҳатто ўша хонадонга ўзи бориб, эшикни тақиллатган! Эшикни ёш аёл очганда, ўша иккита ваъзгўй унга хушхабарни айтишган. Қизиғи шундаки, у бундан сал олдин ибодат қилиб, уникига кимдир келишини ва Муқаддас Китобни тушунтириб беришини Худодан сўраган. Шундай қилиб, у Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган!

«Эй Худо, бор бўлсанг, илтимос, менга ёрдам бер»

18. Нега хизматимизни ҳамиша қадрлашимиз керак?

18 Худонинг хизматчиси сифатида сиз кенг миқёсда олиб борилаётган ваъзгўйлик фаолиятида фаришталар билан ҳамкорлик қилиш шарафига эгасиз. Буни ҳамиша қадрланг! Ғайрат ила ваъз қилиш ва «Исо ҳақидаги хушхабарни» айтиб бериш орқали улкан қувонч топасиз. (Ҳавор. 8:35)

 

a Бу ерда ҳаворий Филип эмас, ушбу китобнинг 5-бобида тилга олинган Филип тўғрисида гап кетяпти. У «яхши ном орттирган... етти киши»дан бири бўлиб, юнон ва иброний тилида гапирган Қуддусдаги беваларга кундалик ризқ-рўзни тарқатишга ғамхўрлик қилишга тайинланган эди. (Ҳавор. 6:1–6)

b Ҳойнаҳой, ўшанда янги шогирдлар сувга чўмганда, муқаддас руҳ билан мойланишган ёки унга эга бўлишган. Бу уларга келажакда осмонда шоҳ ва руҳоний сифатида Исо билан бирга бошқариш имконини очиб берган. (2 Кор. 1:21, 22; Ваҳ. 5:9, 10; 20:6) Бироқ айнан бу вазиятда янги шогирдлар сувга чўмганда муқаддас руҳ билан мойланмаган эди. Бутрус ва Юҳанно сувга чўмган янги шогирдларнинг устига қўлларини қўйишганда, улар муқаддас руҳга, жумладан, мўъжизалар яратиш кучига эга бўлишган.

c Бу Рим папасини сайлаш мақсадида чақириладиган кардиналлар йиғини.

d Амалдорнинг бу иши ҳис-туйғуларга асосланмаган эди. Чунки у яҳудий динига кирган эди ва аллақачон Муқаддас Ёзувларни, жумладан, Масиҳга тааллуқли башоратларни биларди. Аллоҳнинг иродаси амалга ошишида Исонинг ўрни қандай аҳамиятга эга эканини билгач эса у дарров сувга чўмган.