Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8-БОБ

«Бутун жамоатда тинчлик ҳукм сура бошлади»

«Бутун жамоатда тинчлик ҳукм сура бошлади»

Ашаддий таъқибчи Шоул Худонинг ғайратли хизматчисига айланади

Ҳаворийлар 9:1–43 га асосланган

1, 2. Шоул қайси ниятда Дамашққа боради?

 ШАФҚАТСИЗ йўловчилар ёвуз ният билан Дамашққа яқинлашиб келишяпти. Улар Исонинг шогирдларини уйларидан судраб чиқаришади, боғлашади ва уларни камситиб, Олий Кенгаш ғазабини сочиши учун Қуддусга олиб кетишади.

2 Ушбу тўданинг бошлиғи Шоул a. Унинг қўллари аллақачон қонга ботган. У бундан сал олдин ўзига ўхшаган мутаассиблар Исонинг содиқ хизматчиси Стефанни тошбўрон қилишганини маъқуллаб кузатиб турган. (Ҳавор. 7:57–8:1) Исонинг шогирдларини Қуддусда таъқиб қилишдан қониқмай, Шоул бундан-да аёвсиз таъқибларни уюштиришга тайёр турибди. Унинг нияти «бу йўлдан юрадиган ҳар бир кишини» гумдон қилиш. (Ҳавор. 9:1, 2; « Шоулнинг Дамашқдаги ваколати» номли 61-саҳифадаги рамкага қаранг.)

3, 4. а) Шоул билан нима бўлди? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Тўсатдан Шоулнинг йўлига нур ёғилиб, атрофини ярқиратиб юборди. Унинг ҳамроҳлари нурни кўриб, донг қотиб қолишди. Шоулнинг кўзи кўрмай қолгани учун ерга йиқилди. Шунда у осмондан: «Шоул, Шоул, нимага мени таъқиб қиляпсан?» — деган бир садо эшитди. Гангиб қолган Шоул: «Эй Ҳазрат, сиз кимсиз?» — деб савол берди. «Мен, сен таъқиб қилаётган Исоман»,— деган жавоб эса юрагига ўқдай қадалди. (Ҳавор. 9:3–5; 22:9)

4 Исонинг Шоулга айтган илк сўзларидан нимани билиб олсак бўлади? Шоул масиҳий бўлиши тўғрисидаги воқеаларни кўриб чиқиш бизга қандай фойда келтириши мумкин? У масиҳийлар сафига қўшилгач, тинчлик ҳукм сура бошлаган. Жамоатдагилар бу пайтдан қандай фойдаланганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

«Нимага мени таъқиб қиляпсан?» (Ҳаворийлар 9:1–5)

5, 6. Исонинг Шоулга айтган сўзларидан нимани билиб олишимиз мумкин?

5 Исо Шоул Дамашққа кетаётганида, уни тўхтатган ва ундан: «Нимага шогирдларимни таъқиб қиляпсан?» — деб сўрамаган. Аксинча: «Нимага мени таъқиб қиляпсан?» — деган. (Ҳавор. 9:4) Ҳа, Исонинг шогирдлари азоб чекканда, у ҳам азоб чекади. (Мат. 25:34–40, 45)

6 Сизни масиҳий бўлганингиз учун таъқиб қилишса, ишонаверинг, Яҳова ҳамда Исо нималарни бошдан кечираётганингиздан хабардор. (Мат. 10:22, 28–31) Балки, ҳозир синовлардан бутунлай халос бўлишнинг иложи йўқдир. Шуни унутмангки, Исо Стефаннинг ўлимида Шоулнинг ҳам ҳиссаси борлигини ҳамда у Қуддусдаги масиҳийларни уйларидан судраб чиққанини кўрган. (Ҳавор. 8:3) Лекин у ўшанда бунга аралашмаган. Шундай бўлса-да, Яҳова Исо орқали Стефан ҳам, бошқа шогирдлар ҳам садоқатли қолишлари учун куч берган.

7. Таъқибларга дош беришингизга нима ёрдам беради?

7 Агар 1) нима бўлишидан қатъи назар, Аллоҳга содиқ қолишга қарор қилсангиз; 2) Яҳовадан ёрдам сўрасангиз (Филип. 4:6, 7); 3) қасосни Унинг қўлига топширсангиз (Рим. 12:17–21); 4) Худо синовдан сизни халос қилмагунча, уни бошдан кечиришингиз учун куч беришига ишонсангиз сиз ҳам таъқибларга дош бера оласиз. (Филип. 4:12, 13)

«Биродарим Шоул,... Ҳазратимиз Исо мени олдингизга юборди» (Ҳаворийлар 9:6–17)

8, 9. Ҳананияга вазифа топширилганда, у нималарни ҳис қилган бўлиши мумкин?

8 Исо Шоулнинг: «Эй Ҳазрат, сиз кимсиз?» — деган саволига жавоб бериб: «Ўрнингдан туриб, шаҳарга кир ва нима қилишинг кераклигини билиб оласан»,— деди. (Ҳавор. 9:6) Кўр бўлиб қолган Шоулни Дамашққа олиб боришди. Ўша ерда у уч кун рўза тутиб, ибодат қилди. Шу орада Исо Дамашқда яшаган «яҳудийлар орасида яхши ном орттирган Ҳанания исмли» шогирдига Шоул тўғрисида гапириб берди. (Ҳавор. 22:12)

9 Ўшанда Ҳанания нималарни ҳис қилганини тасаввур қилинг! Жамоат Боши — тирилган Исо Масиҳ у билан шахсан гаплашиб, уни ўзгача вазифага тайинлади. Бу катта шараф ва шу билан бирга мушкул вазифа! Исо Ҳананияга Шоул билан гаплашишни айтганда, у шундай жавоб берган: «Ҳазратим, бу одам Қуддусдаги муқаддас хизматчиларингизга қанча ёмонлик қилганини мен кўплардан эшитганман. У шу ерда ҳам исмингизни айтиб чақирадиганларни ҳибсга олиш учун бош руҳонийлардан ваколат олган». (Ҳавор. 9:13, 14)

10. Исо Ҳанания билан қай тарзда гаплашганидан нималарни билиб оляпмиз?

10 Ҳанания ўз хавотирлари билан бўлишгани учун Исо уни койимади. Аксинча, унга аниқ йўл-йўриқ берди. Шунингдек, ушбу ўзгача вазифани Ҳананияга топширганининг сабабини айтиб, Исо уни ҳурмат қилганини кўрсатди. Исо Шоул тўғрисида қуйидагиларни айтди: «Ўз исмимни бошқа халқларга, шунингдек, шоҳларга ва Исроил ўғилларига етказиш учун бу кишини танлаганман. Бундан ташқари, у исмим учун яна қанча азоб чекиши кераклигини унга кўрсатаман». (Ҳавор. 9:15, 16) Ҳанания имилламасдан Исонинг айтганини қилди. У ўша таъқибчини қидириб топиб, унга: «Биродарим Шоул, кўзларингиз очилиб, муқаддас руҳга эга бўлишингиз учун йўлингизда сизга кўринган Ҳазратимиз Исо мени олдингизга юборди»,— деб айтди. (Ҳавор. 9:17)

11, 12. Исо, Ҳанания ва Шоул ҳақидаги баёнотдан қандай хулосалар чиқарсак бўлади?

11 Исо, Ҳанания ва Шоул ҳақидаги баёнотдан бир нечта хулоса чиқарсак бўлади. Масалан, Исо ваъда қилганидай, ваъзгўйлик ишини бошқаряпти. (Мат. 28:20) Гарчи у бугунги кунда одамларга шахсан ўзи мурожаат қилмаса-да, ишончли хизматкор ёрдами билан ваъзгўйлик фаолиятига бошчилик қиляпти. Исо унга уйдагиларига ғамхўрлик қилишни топширган. (Мат. 24:45–47) Етакчи кенгашнинг назорати остида ваъзгўйлар ва кашшофлар Масиҳ тўғрисида кўпроқ билишни хоҳлаган кишиларни излаб топишяпти. Ўтган бобда айтилганидек, бу каби кўп инсонлар Худодан йўл-йўриқ сўрашган ва бундан сўнг уларникига Яҳованинг Шоҳидлари келишган. (Ҳавор. 9:11)

12 Ҳанания топширилган вазифани итоаткорлик ила бажарди ва натижада баракаларга эга бўлди. Кенг шоҳидлик бериш вазифаси сизда қўрқув уйғотаётган бўлса-да, уни итоаткорлик ила бажаряпсизми? Масалан, баъзилар учун уйма-уй юриб, бегоналар билан суҳбат қуриш қийин кечиши мумкин. Бошқаларга эса иш жойида, кўча-кўйда ёки телефон орқали ваъз қилиш осон кечмас. Ҳанания қўрқувни енга олган ва Шоулга муқаддас руҳга эга бўлишга ёрдам бериш шарафига муяссар бўлган b. Дарҳақиқат, у Исога ишониб, Шоулга биродаридек қарагани учун муваффақиятга эришган. Ҳананияга тақлид қилиб, ваъзгўйлик фаолиятини Исо бошқараётганини ёдда тутсак, одамларга раҳм-шафқатли бўлсак ва уларга бўлажак имондошларимиздек қарасак, қўрқувни енга оламиз. (Мат. 9:36)

«У... Исо Худонинг Ўғли эканини... ваъз эта бошлади» (Ҳаворийлар 9:18–30)

13, 14. Муқаддас Китобни ўрганаётган, лекин ҳали сувга чўммаган бўлсангиз, Шоулдан қандай ўрнак олишингиз мумкин?

13 Шоул билиб олган нарсаларини дарҳол амалда қўллади. Кўзлари кўра бошлагач у сувга чўмиб, Дамашқдаги шогирдлар билан мулоқот қила бошлади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Шоул «дарҳол Исо Худонинг Ўғли эканини ибодатхоналарда ваъз эта бошлади». (Ҳавор. 9:20)

14 Сиз ҳам Муқаддас Китобни ўрганаётган, лекин ҳали сувга чўммаган бўлсангиз, билиб олганларингизни Шоул каби дарҳол қўллайсизми? У Исо яратган мўъжизанинг гувоҳи бўлган ва бу уни муайян ҳаракатларга ундагани шубҳасиз. Аммо бошқа кишилар ҳам Исонинг мўъжизаларини кўрган. Мисол учун, баъзи фарзийлар Исо қўли қуриб қолган бир одамни соғайтирганини кўрган. Яҳудийларнинг аксарияти ҳам Исо Лазарни тирилтирганини билган. Шундай бўлса-да, кўпчилиги бепарво бўлиб, ҳатто унга қарши чиққан. (Марк 3:1–6; Юҳан. 12:9, 10) Улардан фарқли ўлароқ, Шоул бутунлай ўзгарган. Нега у ҳақиқатни қабул қилган, бошқалар эса йўқ? Чунки у одамлардан кўра Худодан кўпроқ қўрққан ва Масиҳ унга намоён этган раҳм-шафқатни қадрлаган. (Филип. 3:8) Сиз ҳам Шоулга ўхшаб йўл тутсангиз, хушхабарни эълон этиб, сувга чўмишингизга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди.

15, 16. Шоул Дамашқдаги ибодатхоналарда нима қилган ва яҳудийлар бунга қандай муносабат билдирган?

15 Шоул ибодатхоналарда Исо тўғрисида ваъз қилишни бошлаганда, халойиқ қанчалик ҳайратланганини ва ғазабланганини тасаввур қила оласизми? Улар: «Бу, Қуддусда Исонинг исмини айтиб чақирадиганларни шиддат билан таъқиб қилган киши эмасми?» — деб сўрашарди. (Ҳавор. 9:21) Шоул Исога бўлган муносабатини ўзгартирганини тушунтирганда, «Исонинг Масиҳ эканига мантиқий далиллар» келтирарди. (Ҳавор. 9:22) Бироқ қуруқ мантиқ доим ҳам етарли эмас. Сабаби, урф-одатларга қаттиқ риоя қиладиган ёки мағрур кишилар учун мантиқ ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Шоул эса таслим бўлмаган.

16 Орадан уч йил ўтиб, Дамашқдаги яҳудийлар ҳали ҳам Шоулга қарши чиқарди. Охир-оқибат, улар Шоулни ўлдиришга тил бириктиришди. (Ҳавор. 9:23; 2 Кор. 11:32, 33; Галат. 1:13–18) Аммо Шоул бу фитна ҳақида хабар топгач, ақл-идрок билан иш тутиб, шаҳарни тарк этди. Уни саватга ўтқизиб, шаҳар деворидаги тешикдан тушириб қўйишди. Луқонинг баён этишича, буни «Шоулнинг шогирдлари» қилишди. (Ҳавор. 9:25) Демак, Дамашқда Шоулни тинглаганларнинг баъзилари хушхабарни қабул қилиб, Масиҳнинг издоши бўлишди.

17. а) Одамлар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга қандай муносабат кўрсатяпти? б) Нима қилишни давом эттиришимиз керак ва нега?

17 Билиб олганларингизни оила аъзоларингиз, дўстларингиз ва бошқа кишиларга айтишни бошлаганда, Муқаддас Китобдаги ҳақиқат мантиқан тўғри бўлгани учун улар уни қабул қилади, деб ўйлагандирсиз. Эҳтимол, баъзилар уни қабул қилгандир, кўпчилиги эса йўқ. Ҳатто оила аъзоларингиз сизга душмандай муносабат кўрсатгандир. (Мат. 10:32–38) Аммо Муқаддас Ёзувлар асосида музокара юритиш маҳоратини яхшилашда давом этсангиз ва хулқ-атворингиз яхши бўлса, ҳатто қаршилик кўрсатаётганлар ҳам сизга бўлган муносабатини кейинчалик ўзгартириши мумкин. (Ҳавор. 17:2; 1 Бутр. 2:12; 3:1, 2, 7)

18, 19. а) Барнабо Шоулга ёрдам бергани қандай натижа келтирди? б) Барнабо билан Шоулга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

18 Шоул Қуддусга келганида, шогирдлар муайян сабабларга кўра у масиҳий бўлганига ишонишмаган. Лекин Барнабо у масиҳий бўлганини тасдиқлаганда, ҳаворийлар уни қабул қилишган ва у билан муайян вақт мобайнида бирга бўлишган. (Ҳавор. 9:26–28) Шоул эҳтиёткор бўлган, лекин хушхабарни эълон қилишдан уялмаган. (Рим. 1:16) Исо Масиҳнинг шогирдларини шафқатсизларча таъқиб қилган Шоул кейинчалик Қуддусда ғайрат ила ваъз қилган. Қуддусдаги яҳудийлар илгари яҳудий динининг ашаддий тарафдори бўлган Шоул масиҳий бўлганини билгач, уни ўлдирмоқчи бўлишган. Ҳаворийлар 9:30 да шундай ёзилган: «Бундан хабар топган биродарлар уни [Шоулни] Кесарияга олиб боришди-да, кейин эса Тарсга жўнатиб юборишди». Исо жамоат орқали берган йўл-йўриққа Шоул қулоқ солди. Бу унга ҳам, жамоатга ҳам фойда келтирди.

19 Барнабо ташаббус кўрсатиб, Шоулга ёрдам қўлини чўзганига эътибор беринг. Албатта, меҳрибонлик ила қилинган бундай ҳаракат туфайли Яҳованинг бу ғайратли хизматчилари қалин дўст бўлиб қолишган. Сиз ҳам Барнабога ўхшаб жамоатнинг янги аъзолари билан ваъзгўйликда ҳамкорлик қилиб, маънан улғайишига ёрдам беряпсизми? Шундай қилсангиз, қут-баракаларга эга бўласиз. Агар Шоул каби янги ваъзгўй бўлсангиз, сизга таклиф қилинаётган ёрдамни қабул қиляпсизми? Тажрибали ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилсангиз, хизматдаги маҳоратингиз ошиб, қувончга тўласиз. Боз устига, абадий давом этадиган дўстона муносабатларни ривожлантира оласиз.

«Кўплар Ҳазратимизга ишонди» (Ҳаворийлар 9:31–43)

20, 21. Тинчлик ҳукм сура бошлаганда, ўтмишда Худонинг халқи бундан қандай фойдаланган ва ҳозир қандай фойдаланяпти?

20 Шоул масиҳий бўлиб, Қуддусни эсон-омон тарк этгач, «Яҳудия, Жалила ва Самариядаги бутун жамоатда тинчлик ҳукм сура бошлади». (Ҳавор. 9:31) Шогирдлар бу пайтдан қандай фойдаланди? (2 Тим. 4:2) Баёнотдан жамоат мустаҳкамланиб борганини билиб оляпмиз. Ҳаворийлар ҳамда бошқа масъулиятли биродарлар шогирдларнинг имонига имон қўшиб, жамоатдагиларга «Яҳовадан қўрқиб,... муқаддас руҳдан» тасалли топишга ёрдам беришарди. Мисол учун, Бутрус Шарон текислигида жойлашган Лидда шаҳридаги шогирдларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Унинг ҳаракатлари зое кетмади, боиси, у ерда яшаган кўплар «Ҳазратимизга ишонди». (Ҳавор. 9:32–35) Шогирдлар кераксиз нарсаларга чалғимаган, аксинча, бир-бирига ғамхўрлик қилишга ва хушхабарни ваъз қилишга жон куйдирган. Натижада, «шогирдларнинг сони тобора ортарди».

21 Тахминан 1990 йилларда кўп мамлакатларда Яҳованинг Шоҳидлари учун «тинчлик ҳукм сура бошлади». Кўп йиллар мобайнида Худонинг халқига зулм ўтказган турли ҳукуматлар қўққисдан ўз кучини йўқотди. Шунда фаолиятимиз ман этилган мамлакатларда ваъз қилиш осонроқ бўлиб қолди ва баъзи жойларда ҳатто эркинлик берилди. Ўн минглаб Яҳованинг Шоҳидлари бундан фойдаланиб, хушхабарни жамоат жойларида ваъз қила бошлади. Бу самарали натижалар олиб келди.

22. Эркинликдан қай йўсин фойдалана оласиз?

22 Сиз ҳам бундай эркинликдан фойдаланяпсизми? Дин эркинлиги бор мамлакатда яшаётган бўлсангиз, Шайтон сиз Шоҳлик манфаатлари пайидан бўлишингизни эмас, бойлик сари интилишингизни хоҳлайди. (Мат. 13:22) Шундай экан, бошқа нарсалар сизни чалғитишига йўл қўйманг. Яхшиси, нисбатан тинчлик ҳукм сурган пайтдан донолик ила фойдаланинг. Кенг шоҳидлик бериш ҳамда жамоатдагиларни мустаҳкамлаш имконини қўлдан бой берманг. Унутманг, шароитингиз қўққисдан ўзгариши мумкин.

23, 24. а) Тавита ҳақидаги баёнотдан қандай сабоқ оляпмиз? б) Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

23 Келинг, Тавита ёки Дорка c исмли масиҳий аёл билан нима юз берганини кўриб чиқайлик. У Лидда шаҳрига яқин бўлган Яффада яшаган. Тавита вақтию маблағини донолик билан сарфларди ва «кўп эзгу ишлар қилиб, хайр-садақа берарди». Кутилмаганда у касал бўлиб, вафот этди. Унинг ўлими Яффадаги шогирдларни, айниқса, унинг меҳрибонлигини кўрган беваларни қайғуга солди. Тавита дафн этилишга тайёрланаётган уйга Бутрус келади ва ҳали ҳеч бир ҳаворий қилмаган мўъжизани яратади. Бутрус ибодат қилади ва уни тирилтиради! Ҳаворий Бутрус бевалару бошқа шогирдларни хонага чақириб, Тавита тирик эканини кўрсатганда, улар қанчалик қувонганини бир тасаввур қилинг. Ҳойнаҳой, бу уларни бўлажак қийинчиликлар учун мустаҳкамлаган. Дарҳақиқат, бу мўъжиза «бутун Яффага маълум бўлди ва шунда кўплар Ҳазратимизга ишонди». (Ҳавор. 9:36–42)

Тавитага қандай тақлид қила оласиз?

24 Тавита ҳақидаги таъсирли баёнотдан иккита муҳим сабоқ оляпмиз. 1) Умр қисқа. Ҳали ҳаёт эканмиз, Аллоҳнинг назарида яхши ном орттириш зарур! (Воиз 7:1) 2) Тирилишга бўлган умидимиз ишончли. Яҳова Тавитанинг кўп эзгу ишларини кўриб, бу учун уни тақдирлаган. Биз ҳам Армагеддонгача ҳаётдан кўз юмсак, Худо меҳнатимизни эсга олади ва бизни ҳаётга қайтаради. (Иброн. 6:10) Шундай экан, «ноқулай пайтда» яшаяпмизми ёки тинчлик ҳукм сурган даврдами, келинг, Масиҳ тўғрисида тинмай кенг шоҳидлик берайлик. (2 Тим. 4:2)

a « Фарзий Шоул» номли 62-саҳифадаги рамкага қаранг.

b Кўп ҳолларда фақат ҳаворийлар орқали муқаддас руҳ инъомлари бериларди. Бироқ бу ўзгача вазиятда Исо Ҳанания орқали Шоулга муқаддас руҳ инъомларини берган. Шоул масиҳий бўлгач, анча вақт давомида 12 та ҳаворий билан кўришмаган. Аммо у ўша пайтда ваъзгўйликда фаол қатнашган бўлса керак. Шунинг учун Исо Шоул ваъз қилиш топшириғини бажариши учун керакли кучга эга бўлишига ғамхўрлик қилганга ўхшайди.

c « Тавита “кўп эзгу ишлар” қиларди» номли 67-саҳифадаги рамкага қаранг.