Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2-БОБ

«Менинг шоҳидларим бўласизлар»

«Менинг шоҳидларим бўласизлар»

Исо ҳаворийларини ваъзгўйлик ишига бош-қош бўлишга қандай тайёрлаган?

Ҳаворийлар 1:1–26 га асосланган

1–3. Исо қай йўсин ғойиб бўлади ва қандай саволлар туғилади?

 УШБУ дамлар тугашини улар хоҳламайди. Чунки бу сўнгги ҳафталар ҳаворийлар учун жуда ҳаяжонли бўлди. Исо тирилгани учун уларнинг тушкун аҳволи қувончга айланди. 40 кун мобайнида Исо издошларига қайта-қайта кўриниб, уларга йўл-йўриқ берарди ва қўллаб-қувватларди. Аммо бу кун у охирги марта зоҳир бўлади.

2 Ҳаворийлар Зайтун тоғида йиғилиб, Исонинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглашади. У гапини тугатганида, улар учун бу жуда қисқа бўлиб туюлади. Сўнг Исо қўлларини кўтариб дуо қилади-да, уларнинг кўз ўнгида осмонга кўтарилади. Охири Исо булутлар орасида ғойиб бўлади, шогирдлар эса уни кўришмаса-да, осмонга тикилганча қараб туришади. (Луқо 24:50; Ҳавор. 1:9, 10)

3 Бу воқеа ҳаворийларнинг ҳаётини кескин ўзгартирди. Қизиқ, Исо Масиҳ осмонга кўтарилгач улар нима қилади? Шубҳасизки, у ўзи бошлаган ишни шогирдлари давом эттириши учун уларни тайёрлаган. Хўш, Исо бу муҳим топшириқ учун уларни қандай тайёрлаган ва улар бунга қандай муносабат кўрсатишган? Ҳозирги масиҳийларга бу қандай тааллуқли? Ҳаворийлар китобининг биринчи бобида далдали жавобларни топа оламиз.

«Ишонарли далиллар» (Ҳаворийлар 1:1–5)

4. Луқо Ҳаворийлар китобининг баёнотини қандай бошлаяпти?

4 Луқо баёнотини Теофил исмли кишига мурожаат қилиб бошлаяпти. У илгари ўзи ёзган хушхабарни ҳам унга йўллаган эди a. Луқо баён этган хушхабарнинг охирида ёзган воқеаларни Ҳаворийлар китобида бошқа сўзлар билан такрорлаб янги тафсилотларни ҳам келтирган.

5, 6. а) Исонинг издошларига имонини мустаҳкам сақлашга нима ёрдам беради? б) Қандай қилиб масиҳийларнинг имони «ишонарли далиллар»га асосланади?

5 Исонинг издошларига имонини мустаҳкам сақлашга нима ёрдам беради? Ҳаворийлар 1:3 да: «Исо... ўзининг тирик эканини ишонарли далиллар билан кўрсатди»,— дейилган. Муқаддас Китобда фақатгина «севикли табиб» Луқо «ишонарли далиллар» деган маънони англатадиган сўзни қўллаган. (Колос. 4:14) Бу ибора тиббий ҳужжатларда ишлатилган ва яққол, инкор этиб бўлмайдиган ҳамда ишончли далилларни назарда тутар эди. Исо айнан шундай далиллар келтирган. У кўп марта издошларига, баъзида биттасига ёки иккитасига, гоҳида барча ҳаворийларига, бир сафар эса ҳатто 500 дан зиёд масиҳийларга зоҳир бўлган. (1 Кор. 15:3–6) Бу у тирик бўлганининг ишонарли далиллари!

6 Бугун ҳам масиҳийларнинг имони «ишонарли далиллар»га асосланган. Хўш, Исо ер юзида яшаганини, гуноҳларимиз учун жонини берганини ва тирилганини тасдиқлайдиган далиллар борми? Албатта! Муқаддас Китобдаги воқеаларнинг гувоҳи бўлган инсонларнинг ишончли баёнотлари имонимизнинг тебранмас устуни бўлиб, биз учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу баёнотларни ўрганиб, Яҳовадан уларни тушунишга ёрдам сўрасак, имонимизни мустаҳкамлай оламиз. Унутмангки, ҳақиқий имон ишончли далилларга асосланади ва шунчаки ишонувчанликдан фарқ қилади. Абадий яшаш учун ҳақиқий имонга эга бўлиш зарур. (Юҳан. 3:16)

7. Таълим беришда ҳамда ваъз қилишда Исо издошларига қандай ўрнак кўрсатган?

7 Бундан ташқари, Исо «Худонинг Шоҳлиги ҳақида айтиб» берар эди. Масалан, у Масиҳнинг азоб чекиб ўлишини кўрсатувчи башоратларни тушунтирган эди. (Луқо 24:13–32, 46, 47) У Масиҳ сифатида қандай ўринга эга эканини ойдинлаштирганда, Худонинг Шоҳлигига эътибор қаратган, сабаби у бўлажак Шоҳ эди. Исо доим бу Шоҳлик тўғрисида ваъз қилган. Шунинг учун бугун ҳам унинг издошлари бу муҳим мавзуда одамлар билан суҳбатлашади. (Мат. 24:14; Луқо 4:43)

«Ҳатто ернинг четларига қадар» (Ҳаворийлар 1:6–12)

8, 9. а) Ҳаворийлар нимада янглишган? б) Исо уларга фикрлаш тарзини ўзгартиришга қандай кўмаклашган ва бу биз учун қандай сабоқ?

8 Ҳаворийлар Зайтун тоғида йиғилганда, Исони ер юзида охирги марта кўришган. Улар қизиқиб ундан: «Ҳазрат, ахир сиз Исроилда шоҳликни шу пайтда тикламайсизми?» — деб сўрашган. (Ҳавор. 1:6) Бу саволдан ҳаворийлар иккита нарсани англамаётгани аён бўлган. Биринчидан, улар Худонинг Шоҳлиги Исроил халқи учун тикланади, деб ўйлашган. Иккинчидан, ваъда қилинган Шоҳлик дарҳол, «шу пайтда» бошқаришни бошлайди, деб ҳисоблашган. Исо уларга фикрлаш тарзини ўзгартиришга қандай ёрдам берган?

9 Ҳойнаҳой, Исо уларнинг биринчи нотўғри фикри яқин орада ўзгаришини билган. Дарҳақиқат, ўн кун ўтар-ўтмас улар янги халқ — рамзий Исроил барпо этилишининг гувоҳи бўлишган! Аллоҳ Исроил халқи билан деярли орани очиқ қилганди. Шогирдларининг иккинчи нотўғри фикрига келсак, Исо уларга меҳр ила: «Отам Ўз ихтиёри билан белгилаган вақт ва муддатларни билишингиз шарт эмас»,— деб эслатган. (Ҳавор. 1:7) Ҳа, фақат Яҳова иродаси қачон амалга ошишини ҳал қилади. Исо ер юзида бўлганида, ҳатто ўзи ҳам «у кун ва у соат» ҳақида, яъни охират қачон келишини билмаслигини айтган. Буни «фақатгина самовий Отам билади» деган. (Мат. 24:36) Бугун ҳам масиҳийлар охират қачон келиши борасида ҳаддан ортиқ ташвишланса, аслида билиши шарт бўлмаган нарсалар ҳақида қайғурган бўлади.

10. Ҳаворийлар каби қандай муносабатни ривожлантиришимиз лозим ва нега?

10 Бироқ ҳаворийлар борасида нотўғри фикрга бормаслигимиз керак. Сабаби, уларнинг имони кучли эди. Улар хатосини камтарлик ила тан олишган. Уларнинг саволи нафақат нотўғри нуқтаи назарини, балки тўғри муносабатини ҳам кўрсатган. Исо шогирдларига қайта-қайта: «Ҳушёр туринглар»,— деб айтган. (Мат. 24:42; 25:13; 26:41) Улар маънан ҳушёр бўлишган ва Яҳова тез орада ҳаракатга тушишига ишора қиладиган ҳодисаларни диққат билан кузатишган. Биз ҳам шундай муносабатни ривожлантиришимиз лозим. Дарҳақиқат, бу биз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим, чунки биз «охирзамонда» яшаяпмиз. (2 Тим. 3:1–5)

11, 12. а) Исо издошларига қандай топшириқ берган? б) Исо ваъз қилиш топшириғини берганда муқаддас руҳ ҳақида эслатгани нега ўринли эди?

11 Исо ҳаворийларга нимага диққат қаратиш кераклигини эслатган. У қуйидагича деган: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб, Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8) Улар Исонинг тирилиши ҳақида энг аввало Қуддусда — уни ўлдиришган шаҳарда ваъз қилишлари керак эди. Сўнг эса буни бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва олис ерларда эълон этишлари лозим эди.

12 Исо шогирдларини ваъз қилишга жўнатишдан олдин муқаддас руҳни ёрдамчи сифатида беришни эслатгани ўринли эди. Бу «муқаддас руҳ» ибораси Ҳаворийлар китобида учраган 40 дан зиёд жойлардан бири, холос. Ҳаворийлар китобида Яҳованинг иродасини муқаддас руҳсиз амалга оширишимиз имконсизлиги қайта-қайта таъкидланган. Ҳа, Худодан муқаддас руҳ сўраб туришимиз ўта муҳим! (Луқо 11:13) Нега деганда, унга ҳар қачонгидан кўпроқ муҳтожмиз.

13. Ваъз қилиш топшириғи қанчалик кенг миқёсда бажариляпти ва нега бу билан банд бўлишимиз лозим?

13 Ўша пайтдан буён «ҳатто ернинг четларига қадар» деган тушунчанинг маъноси ўзгарди. Ўтган бобда айтилганидай, биз Худо ҳар турли одамлар Шоҳлик хабарини эшитишини хоҳлаганини билиб, ваъз қилиш топшириғини чин қалбдан қабул қиламиз. (1 Тим. 2:3, 4) Сиз ҳам бу нажотбахш ишда фаол иштирок этяпсизми? Бундай мамнуният бахш этадиган қониқарли ишни ҳеч қаерда топа олмайсиз! Ишонаверинг, уни бажаришингиз учун Яҳова сизга керакли кучни беради. Ҳаворийлар китобидан хизматда муваффақиятли бўлиш учун қайси усулларни қўллаш ва тўғри муносабатни қандай ривожлантириш мумкинлигини билиб оласиз.

14, 15. а) Фаришталар Исонинг қайтиб келиши борасида нима деган ва бу қандай маънога эга? (Изоҳга ҳам қаранг.) б) Нега Исо ер юзини тарк этганидай қайтиб келган деб айта оламиз?

14 Ушбу бобнинг бошида айтилганидай, Исо осмонга кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлган. Лекин 11 та ҳаворий осмонга тикилиб қараб турган. Ўшанда иккита фаришта пайдо бўлиб, уларга шундай деган: «Эй жалилаликлар, нега осмонга тикилиб қараб турибсизлар? Орангиздан осмонга олинган бу Исонинг кўкка кўтарилганини қандай кўрган бўлсангиз, у худди шундай қайтиб келади». (Ҳавор. 1:11) Бу билан фаришталар баъзи динларда ўргатилганидек, Исо жисмоний танада қайтиб келади демоқчимиди? Йўқ. Буни қаердан биламиз?

15 Фаришталар Исо ўша кўринишда эмас, «худди шундай қайтиб келади» деган b. Хўш, Исо ер юзини қандай тарк этган? Фаришталар гапираётганда, у кўздан ғойиб бўлган. Исо ер юзини тарк этиб, самовий Отасининг ҳузурига қайтишини фақат бир нечта одам, яъни ҳаворийлар кўрган. Унинг қайтиб келиши ҳам «худди шундай» бўлиши керак эди. Ҳа, айнан шундай ҳам бўлди. Бугунги кунда Муқаддас Китобни тўғри тушунадиган кишиларгина Исо осмонда Шоҳ сифатида бошқараётганини англаб етяпти. (Луқо 17:20) Биз Исо ҳукм сураётганини тасдиқловчи далилларни кўра олишимиз ва буни бошқаларга ҳам етказишимиз керак. Шунда улар ҳам қайси вақтда яшаётганимизни тушунади.

«Кимни танлаб олганингни бизга кўрсат» (Ҳаворийлар 1:13–26)

16–18. а) Ҳаворийлар 1:13, 14 дан йиғилишлар ҳақида нимани билиб оляпмиз? б) Исонинг онаси Марямнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? в) Нега йиғилишлар бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга?

16 Ҳаворийлар «жуда хурсанд бўлиб Қуддусга» қайтгани ажабланарли эмас. (Луқо 24:52) Қизиқ, улар Исонинг йўл-йўриқ ва кўрсатмаларига қандай муносабат билдирган? Ҳаворийлар 1:13, 14 дан шогирдлар «болохонада» йиғилганини ва бундай учрашувларнинг қизиқарли тафсилотларини билиб оляпмиз. Ўша пайтларда Фаластиндаги уйларнинг болохонаси бўлиб, у ерга ташқаридаги зинадан чиқиларди. Эҳтимол, бундай «болохона» Ҳаворийлар 12:12 да тилга олинган уйда ҳам бўлган. Ўша уй Маркнинг онасига тегишли бўлиб, жуда оддий ва шинам эди. Хўш, ўша йиғилишга кимлар келган ва улар нима қилган?

17 Эътибор беринг, йиғилишда фақат ҳаворийлар ва эркаклар бўлмаган. У ерда «бошқа аёллар» қатори, Исонинг онаси Марям ҳам бўлган. Мазкур оятда унинг исми охирги марта учрайди. У имондошлари билан бирга камтарлик ила Худога топинганини ва ўзига бино қўймаганини кўз олдимизга келтирсак бўлади. Исо ҳаётлигида уни тан олмаган укалари энди унинг издошлари бўлгани Марямга далда бахш этгандир. (Мат. 13:55; Юҳан. 7:5) Акаси ўлиб, тирилганидан кейин улар анча ўзгариб қолишган. (1 Кор. 15:7)

18 Энди эса улар нега йиғилганига диққат қаратайлик. Уларнинг ҳаммаси тинмай ибодат қилаётганди. (Ҳавор. 1:14) Масиҳийлар доимо йиғилишларни Худога топинишнинг ажралмас қисми деб ҳисоблашган. Биз ҳам бир-биримизга далда бериш, маслаҳат ҳамда йўл-йўриқ олиш ва энг асосийси, самовий Отамиз Яҳовага топиниш учун бирга йиғиламиз. Йиғилишларда ибодат қилганимиз ва ҳамду санолар куйлаганимиз Яҳовани қувонтиради. Бу ўзимиз учун ҳам муҳим. Илоё, бундай муқаддас ва далдали йиғилишларни ҳеч қачон қолдирмайлик! (Иброн. 10:24, 25)

19–21. а) Бутрус жамоат ишларида фаол иштирок этганидан қандай сабоқ оляпмиз? б) Нега Яҳудонинг ўрнига бошқаси танланиши керак эди ва бу масала қандай ечилганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

19 Исонинг шогирдлари муҳим бир масалага дуч келишди ва ҳаворий Бутрус уни ҳал қилишда раҳбарликни ўз зиммасига олди. (15–26 оятлар) Бутрус Ҳазратидан уч марта тонганидан кейин бир неча ҳафта ўтиб қанчалик ўзгарганини билиш жуда қувончли! (Марк 14:72) Барчамиз гуноҳ қилишга мойилмиз, лекин Яҳова «меҳрибон» ва чин дилдан тавба қилганларни «кечиришга тайёр» эканини доим ёдда тутишимиз лозим. (Заб. 86:5)

20 Бутрус Исога хоинлик қилган ҳаворий Яҳудонинг ўрнини бошқаси эгаллаши кераклигини тушунарди. Бу ким бўларкин? У Исонинг хизмати давомида унга эргашган ва тирилишини кўрган бўлиши шарт эди. (Ҳавор. 1:21, 22) Бу Исонинг қуйидаги сўзларига мувофиқ: «Менинг орқамдан эргашган сизлар ҳам 12 тахтга ўтириб, Исроилнинг 12 қабиласини ҳукм қиласизлар». (Мат. 19:28) Ҳойнаҳой, Яҳова Исонинг ер юзидаги хизмати давомида унга эргашган 12 та ҳаворий келажакда Янги Қуддуснинг «пойдеворида 12 та тош» бўлишини хоҳлаган. (Ваҳ. 21:2, 14) Худо Бутрусга «Нозирлик вазифасини бошқаси олсин» деган башорат Яҳудога тегишли эканини тушунишга кўмаклашган. (Заб. 109:8)

21 Хўш, танлов қандай амалга оширилган? Қадимги одатга кўра, улар қуръа ташлашган. (Ҳик. 16:33) Бу Муқаддас Китобда қуръа ташлаш тилга олинган охирги вазият. Кейинчалик, муқаддас руҳ ёғдирилиши билан бунга бошқа ҳожат қолмаганга ўхшайди. Аммо нега қуръа ташланганига эътибор беринг. Ҳаворийлар шундай ибодат қилишган: «Эй Яҳова, Сен барчанинг қалбини биласан, бу икки кишидан кимни танлаб олганингни бизга кўрсат». (Ҳавор. 1:23, 24) Демак, улар танловни Яҳовага қўйиб беришган. Қуръа Исо ваъзгўйликка юборган 70 та шогирдидан бири бўлмиш Маттияга тушган. Шундай қилиб, Маттия «12 ҳаворий»нинг бири бўлган. (Ҳавор. 6:2) c

22, 23. Нега жамоатда раҳбарликни ўз зиммасига олганларга итоатли бўлиб, қулоқ солишимиз муҳим?

22 Бу воқеадан кўряпмизки, Худо халқи ташкиллаштирилган бўлишини хоҳлайди. Бугун ҳам жамоатда кўз-қулоқ бўлиш учун масъулиятли кишилар тайинланади. Оқсоқоллар улар Муқаддас Китоб талабларига мос келиш-келмаслигини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, Худодан муқаддас руҳ орқали йўналтиришини сўрашади. Шунинг учун жамоат бу кишилар муқаддас руҳ орқали тайинланган, деб ҳисоблайди. Биз эса уларнинг кўрсатмаларига итоатли бўлиб, қулоқ соламиз. Бу жамоатнинг ҳамжиҳатлигига ҳисса қўшади. (Иброн. 13:17)

Тайинланган нозирларга итоатли бўлиб, қулоқ соламиз

23 Шогирдлар Исони тирилганидан кейин кўришгач ҳамда ваъзгўйлик ишини ташкиллаштиришга кўмаклашган ўзгаришлар юз бергач уларнинг имони мустаҳкамланди. Шу йўсин, улар кейинчалик содир бўладиган воқеага бутунлайин тайёр бўлишди. Навбатдаги бобда уни батафсил кўриб чиқамиз.

a Луқо баён этган хушхабарида унга «муҳтарам Теофил» деб мурожаат қилиши, эҳтимол, у обрўли инсон эканига, аммо ҳали масиҳий бўлмаганига ишора қиляпти. (Луқо 1:3) Лекин Ҳаворийлар китобида Луқо уни «азиз Теофил» деб айтяпти. Баъзи олимларнинг фикрича, Теофил Луқо баён этган хушхабарни ўқигандан кейин масиҳий бўлган. Шунинг учун уларнинг айтишича, Луқо унга энди баландпарвоз унвонни ишлатмай мурожаат қиляпти.

b Бу ерда «кўриниш» маъносини англатадиган юнонча морфе́ сўзи эмас, балки «услубни» англатадиган тро́пос сўзи ишлатилган.

c Кейинчалик Павлус «ўзга халқларга юборилган ҳаворий» бўлиб тайинланган, лекин у 12 ҳаворий қаторига кирмаган. (Рим. 11:13; 1 Кор. 15:4–8) У Исонинг ер юзидаги хизмати давомида унга эргашмагани учун бундай ўзгача шарафга лойиқ бўлмаган.