Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5-БОБ

«Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак»

«Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак»

Ҳаворийлар барча масиҳийлар учун ўрнак

Ҳаворийлар 5:12–6:7 га асосланган

1–3. а) Нега ҳаворийлар Олий Кенгаш олдида туришган ва қандай жиддий масалага дуч келишган? б) Ҳаворийлар ўзини қандай тутгани нега бизни қизиқтириши даркор?

 ОЛИЙ КЕНГАШ ҳакамлари ғазаб ўтида! Исонинг ҳаворийлари жиноятда айбланиб, уларнинг олдида жавобгарликка тортиляпти. Қизиқ, нега? Олий Кенгашни бошқараётган олий руҳоний Юсуф Каяфа аччиқланиб: «Сизларга Исонинг номини тилга олиб бошқа таълим берманглар, деб тақиқлаб қўймаганмидик?» — деди. У гапида давом этиб: «Хўш, бу нима қилганингиз? Мана, таълимотингиз билан бутун Қуддусни тўлдириб юбордингизлар. Нима, бу билан ўша одамнинг қонини бизнинг бўйнимизга қўймоқчимисизлар?» — деди. (Ҳавор. 5:28) Ҳаворийларга аниқ қилиб айтилди: ваъз қилманг, акс ҳолда, кунингизни кўрсатамиз!

2 Ҳаворийлар қандай йўл тутади? Ваъз қилиш вазифасини уларга Исо топширган. Бу ваколатни унга Аллоҳ берган эди. (Мат. 28:18–20) Ҳаворийлар дўқ-пўписалардан қўрқиб, жим турадими? Ёки жасорат ила ваъз қилишни давом эттирадими? Улар жиддий масалага дуч келишди: Худога бўйсунишми ёки одамгами? Бутрус иккиланмай, барча ҳаворийлар номидан ғайрат ила аниқ жавоб беради.

3 Ҳаворийлар Олий Кенгаш таҳдидлари остида ўзини қандай тутгани бизни жуда қизиқтиради. Сабаби, ваъз қилиш топшириғи бизга ҳам тааллуқли. Аллоҳ топширган бу вазифани бажарганда, биз ҳам қаршиликларга дуч келишимиз мумкин. (Мат. 10:22) Бизга қаршилик кўрсатаётганлар фаолиятимизни чеклаб қўйишга ёки ман этишга уринишяпти. Хўш, биз қандай йўл тутамиз? Ҳаворийларга Олий Кенгашда жасоратли бўлишга нима ёрдам бергани ва улар у ерга боришидан олдин юз берган воқеалар ҳақида фикр юритиш фойдали бўлади a.

«Яҳованинг фариштаси қамоқхонанинг эшикларини очди» (Ҳаворийлар 5:12–21а)

4, 5. Нега Каяфа ва саддуқийлар ҳасадга тўлган эди?

4 Бутрус билан Юҳаннога ваъз қилиш биринчи марта ман этилганда, улар шундай жавоб беришганини эсланг: «Кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз». (Ҳавор. 4:20) Олий Кенгашдаги ўша тўқнашувдан сўнг Бутрус, Юҳанно ва бошқа ҳаворийлар маъбадда ваъз қилишни давом эттиришган. Ҳаворийлар мўъжизалар яратишган, масалан, касалларга шифо беришган ва жинларни қувиб чиқаришган. Улар буни кўп яҳудийлар йиғиладиган маъбаднинг шарқида жойлашган, тепаси ёпиқ, устунлари бор айвонда — «Сулаймон равоқида» қилишган. У ердаги одамлар, эҳтимол, ҳатто Бутруснинг сояси остида ҳам шифо топишган. Соғайган кўплар хушхабарни қабул қилган ва натижада «Ҳазратимизга ишонган эркагу аёлларнинг сони» ортиб борган. (Ҳавор. 5:12–15)

5 Саддуқийлар ва бу мазҳабдан бўлган Каяфа «ҳасадга тўлиб», ҳаворийларни қамоқхонага ташлашган. (Ҳавор. 5:17, 18) Нега улар бундай йўл тутишган? Чунки ҳаворийлар Исонинг тирилгани ҳақида таълим беришган, саддуқийлар эса тирилишга ишонишмаган. Ҳаворийлар фақат Исога ишонган киши қутқарилиши мумкин, деб айтишган. Бироқ саддуқийлар одамлар Исони Йўлбошчиси деб ҳисоблашса, Рим ҳукумати уларни жазолашидан қўрқишган. (Юҳан. 11:48) Саддуқийлар ҳаворийларнинг оғзини ёпмоқчи бўлгани ажабланарли эмас.

6. Яҳованинг хизматчилари асосан ким туфайли таъқибларга дуч келишяпти ва нега бундан ҳайрон бўлмаслигимиз лозим?

6 Бугун ҳам Яҳованинг хизматчилари асосан дин пешволари дастидан таъқибларга учрайди. Фаолиятимизни тўхтатиш учун улар мавқеидан фойдаланиб, ҳукмрон ҳокимиятга ва оммавий ахборот воситаларига таъсир ўтказишади. Бундан ҳайрон бўлишимиз керакми? Йўқ. Боиси, биз ваъз қилаётган хабар сохта дин қилмишларини фош этади. Самимий инсонлар ҳақиқатни қабул қилиш орқали Муқаддас Китобга зид бўлган таълимотлару урф-одатлардан юз ўгиришади. (Юҳан. 8:32) Шунинг учун ҳам ҳасадга тўлиб-тошган дин пешволари хушхабардан нафратланиб, бизни таъқиб қилишяпти.

7, 8. Фариштанинг сўзлари ҳаворийларга қандай таъсир қилган ва ўзимизга қандай савол берсак бўлади?

7 Ҳаворийлар ҳукм чиқарилишини кутганда, имони туфайли душманлар томонидан азоб чекиб қатл этиламиз, деб хавотирланишгандир. (Мат. 24:9) Бироқ кечаси кутилмаган бир воқеа юз берди: «Яҳованинг фариштаси қамоқхонанинг эшикларини очди». (Ҳавор. 5:19) b Кейин фаришта уларга аниқ кўрсатма берди: «Маъбадда туриб,... барини айтиб беринглар». (Ҳавор. 5:20) Бу ҳаворийларни улар тўғри йўл тутишаётганига ишонтиргани шубҳасиз. Ҳойнаҳой, фариштанинг сўзлари туфайли улар нима бўлишидан қатъи назар ваъз қилишни давом эттиришга ҳам қарор қилишган. Кучли имон ва жасорат ила ҳаворийлар «саҳарда маъбадга кириб, таълим бера бошлаш»ган. (Ҳавор. 5:21)

8 Ҳар биримиз ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Шу каби вазиятларда ваъзгўйликни давом эттиришга имоним ва жасоратим етадими?» «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг» шоҳидлик бериш фаолияти фаришталарнинг кўмаги билан амалга ошаётганини билиш бизга куч ато этади. (Ҳавор. 28:23; Ваҳ. 14:6, 7)

«Биз одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак» (Ҳаворийлар 5:21б–33)

«Уларни олиб келишгач, Олий Кенгаш олдида турғизиб қўйишди». (Ҳаворийлар 5:27)

9–11. Олий Кенгаш ваъзгўйликни тўхтатишни талаб қилганда, ҳаворийлар қандай йўл тутишди ва ҳақиқий масиҳийларга қандай ўрнак кўрсатишди?

9 Каяфа ҳамда Олий Кенгашнинг бошқа ҳакамлари ҳаворийларнинг таъзирини бермоқчи. Улар қамоқхонада нима юз берганидан бехабар эди ва ҳаворийларни келтириш учун у ерга одамларни жўнатишади. Улар «қамоқхона яхшилаб қулфланганини ҳамда эшик олдида соқчилар турганини», аммо ичида ҳеч ким йўқлигини кўриб, оғзи очилиб қолганини тасаввур қилинг! (Ҳавор. 5:23) Кўп ўтмай, соқчиларнинг назоратчиси ҳаворийлар яна маъбадда Исо Масиҳ тўғрисида шоҳидлик беришаётганини билиб қолади. Ахир, улар айнан шу сабабли қамоққа ташланган эди-ку! Шунда у соқчилар билан бирга ҳаворийларни тутиш учун тезда маъбадга боради ва уларни Олий Кенгашга етаклаб келади.

10 Бу бобнинг бошида айтилганидек, жаҳли чиққан дин пешволари ҳаворийларга ваъз қилишни тўхтатишлари кераклигини айтишган. Лекин ҳаворийлар қандай йўл тутишган? Бутрус барча ҳаворийлар номидан жасорат ила шундай деган: «Биз одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак». (Ҳавор. 5:29) Шу йўсин, ҳаворийлар барча ҳақиқий масиҳийларга ўрнак кўрсатишган. Ҳукмрон ҳокимият Худо биздан талаб қилаётган нарсани тақиқлаганда ёки У ман этаётган нарсани қилишга мажбурлаганда, уларга бўйсунмаймиз. Шунинг учун «ҳукмрон ҳокимият» ваъзгўйлик фаолиятини тақиқласа, Аллоҳнинг бу борадаги амрига бўйсунишимиз лозим. (Рим. 13:1) Дарҳақиқат, ҳукуматларнинг эътиборини ўзимизга жалб қилмай, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик беришнинг йўлларини топиб ваъз қилишни давом эттирамиз.

11 Ҳаворийларнинг жасорат ила берган жавоби ғазабга минган ҳакамларнинг жаҳлини баттар қўзғатгани ажабланарли эмас. Улар ҳаворийларни «ўлдирмоқчи бўлишди». (Ҳавор. 5:33) Бу жасур ва ғайратли шоҳидларнинг куни битди деса ҳам бўлади. Бироқ Яҳова уларга кутилмаган йўл орқали ёрдам берди!

«Уларни тўхтата олмайсизлар» (Ҳаворийлар 5:34–42)

12, 13. а) Гамалиэл ҳакамларга қанақа маслаҳат берди ва улар нима қилишди? б) Яҳова бугунги кунда халқини қандай ҳимоя қила олади ва У «одиллик учун» азоб чекишимизга йўл қўйса, нимада ишончимиз комил бўлиши даркор?

12 «Бутун халқнинг ҳурматини қозонган, Таврот муаллими бўлмиш Гамалиэл» сўзга чиқди c. Ҳойнаҳой, бошқа ҳакамлар ҳам уни ҳурмат қилишган. У масъулиятни ўз зиммасига олиб, ҳаворийларни «қисқа вақтга ташқарига чиқаришни» буюрганда бошқалар индамади. (Ҳавор. 5:34) Гамалиэл ўтмишда Римликларга қарши кўтарилган қўзғолонлар ҳақида айтиб, раҳбари ўлганидан кейин қўзғолончилар ҳам дарҳол даф бўлишини таъкидлади. Шу боис у ҳакамларни сабрли бўлишга чорлаб, ҳаворийларни тўхтатмасликни айтди. Чунки уларнинг Раҳбари Исо яқинда вафот этганди. Гамалиэл жиддий асос келтирди: «Бу инсонларга тега кўрманглар, уларни ўз ҳолига қўйинглар, чунки агар бу ташаббус ёки фаолият одамлардан чиққан бўлса, у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Борди-ю, Худодан бўлса, уларни тўхтата олмайсизлар. Тағин Аллоҳга қарши чиққан бўлманглар». (Ҳавор. 5:38, 39) Ҳакамлар унга қулоқ солишди. Лекин ҳаворийларни дўппослаб, «Исонинг номидан бошқа таълим бермасликни» буюришди. (Ҳавор. 5:40)

13 Яҳова ҳозир ҳам Гамалиэл каби зиёли кишилар орқали Ўз халқини ҳимоя қилиши мумкин. (Ҳик. 21:1) У муқаддас руҳдан фойдаланиб қудратли бошқарувчиларни, ҳакамларни ёки қонун чиқарувчиларни Унинг иродасига мувофиқ йўл тутишга ундай олади. (Нахим. 2:4–8) Бироқ Худо «одиллик учун» азоб чекишимизга йўл қўйса ҳам, иккита нарсада ишончимиз комил. (1 Бутр. 3:14) Биринчидан, У бардошли бўлишимиз учун куч бера олади. (1 Кор. 10:13) Иккинчидан, душманлар Аллоҳнинг ишини тўхтата олишмайди. (Ишаё 54:17)

14, 15. а) Ҳаворийлар дўппослангач, нима қилишган ва нега? б) Яҳованинг хизматчилари қувонч ила бардош қилишини кўрсатувчи мисол келтиринг.

14 Ҳаворийлар дўппослангач, руҳи тушдими ёки ғайрати сўндими? Асло! Улар «Олий Кенгашдан суюниб чиқиб кетишди». (Ҳавор. 5:41) Нега улар суюнишди? Албатта, калтак еб азоб чеккани учун эмас. Улар Яҳовага содиқ қолиб, Исонинг изидан юришгани учун таъқибларга дуч келаётганини билиб суюнишди. (Мат. 5:11, 12)

15 Биринчи асрдаги имондошларимиз сингари хушхабар туфайли чеккан азобларимизни қувонч ила енгамиз. (1 Бутр. 4:12–14) Албатта, бизни қўрқитишса, таъқиб қилишса ёки қамоққа ташлашса хурсанд бўлмаймиз. Бироқ Аллоҳга содиқ қолганимиздан ич-ичимиздан мамнун бўламиз. Масалан, тоталитар режимларда анча йиллар ваҳший муносабатга дуч келган Хенрик Дорникни олайлик. У ҳукумат 1944 йили августда уни ва акасини концлагерга жўнатганини эслайди. Бизга қарши бўлганлар шундай деган: «Уларни бу йўлдан қайтариб бўлмайди. Улар имони туфайли ўлиши мумкинлигини билишдан қувонч ҳис қилади». Биродар Дорник қуйидагича тушунтирди: «Мен азоб чекишни хоҳламасдим. Аммо жасоратни ва ўзимга нисбатан ҳурматни йўқотмай, Яҳовага содиқ қолганимдан хурсандман». (Ёқб. 1:2–4)

Биз ҳам ҳаворийлар каби «уйма-уй» ваъз қиламиз

16. Ҳаворийлар кенг шоҳидлик беришга тайёр бўлганини нимадан кўрсак бўлади ва уларнинг усулига қандай тақлид қила оламиз?

16 Ҳаворийлар вақтни бой бермай ваъзгўйликни давом эттиришди. Жасорат билан «улар ҳар куни маъбадда ва уйма-уй таълим бериб, Исо Масиҳ тўғрисидаги хушхабарни ёйишдан тинмасдилар». (Ҳавор. 5:42) d Ўша ғайратли ваъзгўйлар кенг шоҳидлик беришга бел боғлашган. Улар Исо Масиҳ буюрганидай, уйма-уй юриб ваъз қилишган. (Мат. 10:7, 11–14) Дарҳақиқат, шу йўсин улар бутун Қуддусни ҳақиқат билан тўлдириб юборишган. Бугун ҳам Яҳованинг Шоҳидлари ҳаворийлар каби бу усулдан фойдаланиб ваъз қилишади. Ҳудудимиздаги ҳар бир эшикни тақиллатганда, барча инсонларга ваъз қилиб хушхабарни эшитиш имконини бермоқчи эканимизни кўрсатамиз. Хўш, Яҳова уйма-уй хизматимизга барака беряптими? Бўлмасам-чи! Бу охирзамонда миллионлаб инсонлар Шоҳлик хабарини қабул қиляпти ва кўплари Яҳованинг Шоҳидлари уйларига борганида хушхабарни биринчи марта эшитган.

«Муҳим вазифани» бажаришга лаёқатли кишилар тайинланган (Ҳаворийлар 6:1–6)

17–19. Қандай муаммо пайдо бўлди ва уни ҳал қилиш учун ҳаворийлар қандай йўл-йўриқ беришди?

17 Яқинда ташкил этилган жамоатда яширин хавф-хатар пайдо бўлди. Қизиқ, қандай? Сувга чўмган кўп шогирдлар турли жойлардан Қуддусга келиб, уйга кетишдан аввал кўпроқ билим олмоқчи бўлди. Қуддусдаги шогирдлар имондошларида егулик ва бошқа керакли нарсалар бўлиши учун хайр-эҳсон қилишди. (Ҳавор. 2:44–46; 4:34–37) Айнан ўшанда нозик бир масала юзага келди. «Кундалик ризқ-рўзни тақсимлашда» юнон тилида гапирган беваларни четлаб ўтишди. (Ҳавор. 6:1) Иброний тилида гапирган беваларни эса четлаб ўтишмади. Ҳойнаҳой, муаммо одам ажратишда эди. Ҳа, бу туфайли жамоатнинг бирлигига путур етиши мумкин эди.

18 Ўша пайтда ўсиб бораётган жамоатнинг етакчи кенгаши сифатида ҳаворийлар «Аллоҳнинг каломидан таълим беришни бир четга суриб қўйиб,... егулик тортиқ қилиш» оқилона эмаслигини тушунишди. (Ҳавор. 6:2) Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида улар ушбу «муҳим вазифа»га тайинлаш учун шогирдларга «муқаддас руҳ ва доноликка эга» бўлган етти кишини танлашни топширишди. (Ҳавор. 6:3) Лаёқатли кишиларга эҳтиёж бор эди, чунки улар, эҳтимол, нафақат ризқ-рўзни тарқатиш, балки пулни тақсимлаш, бозор-ўчар қилиш ва кирим-чиқимни ҳисоблаш учун керак эди. Танланган барча кишиларнинг исмлари юнонча бўлгани бежиз эмас, чунки камситилган бевалар уларга бемалол мурожаат қила олиши эҳтимолга яқин. Ҳаворийлар ибодат ила тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиб, бу «муҳим вазифа»га етти кишини тайинлашди e.

19 Хўш, ризқ-рўзни тарқатишга тайинланган етти киши энди хушхабарни ваъз қилмаса ҳам бўлармиди? Албатта, йўқ! Улар орасида жасорат ва ғайрат ила ваъз қилган Стефан бор эди. (Ҳавор. 6:8–10) Улар сафига «хушхабар воизи» деб аталган Филип ҳам кирган. (Ҳавор. 21:8) Шубҳасизки, ўша етти киши Шоҳлик хабарини ғайрат ила ваъз қилишда давом этган.

20. Бугунги кунда Худонинг халқи ҳаворийларнинг ўрнагига қандай тақлид қиляпти?

20 Ҳозир Худонинг хизматчилари ҳаворийларнинг ўрнагига тақлид қилишяпти. Жамоатга бош-қош бўлиш учун тавсия этилган эркаклар илоҳий доноликни намоён этиб, уларни муқаддас руҳ бошқараётганини кўрсатишлари керак. Муқаддас Китоб талабларига мос келадиган эркаклар Етакчи кенгаш йўл-йўриғи билан оқсоқол ёки жамоат хизматкори этиб тайинланади. (1 Тим. 3:1–9, 12, 13) f Бу талабларга мос келадиган кишилар муқаддас руҳ томонидан тайинланади, деб айтсак бўлади. Улар кўпгина муҳим вазифаларни бажариш учун жон куйдиришади. Масалан, оқсоқоллар ёрдамга муҳтож бўлган садоқатли ёши улуғ имондошларга амалий ёрдам кўрсатилишини ташкиллаштириши мумкин. (Ёқб. 1:27) Баъзи оқсоқоллар Йиғилиш залларининг қурилишида ва анжуманлар ташкил этилишида ёрдам беради ёки Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитасида хизмат қилади. Жамоат хизматкорлари эса чўпонлик қилиш ёки таълим бериш билан боғлиқ бўлмаган кўпгина вазифаларни бажаришади. Бу қобилиятли кишилар жамоатдаги ва ташкилотдаги вазифаларини бажариш билан бирга Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ваъз этишни ҳам давом эттириши лозим. (1 Кор. 9:16)

«Аллоҳнинг каломи кенг ёйила бошлади» (Ҳаворийлар 6:7)

21, 22. Яқинда ташкил топган жамоатга Яҳова барака бергани нимадан кўриняпти?

21 Янги ташкил топган жамоат таъқибларга дош бериб, унинг бирлигига путур етказиши мумкин бўлган муаммони Яҳованинг мадади билан енга олди. Ўша жамоатга Яҳова барака берганини қуйидаги сўзлардан кўриш мумкин: «Аллоҳнинг каломи кенг ёйила бошлади ва Қуддусда Исо шогирдларининг сони ғоят ошиб бораверди. Анчагина руҳонийлар ҳам имонга кирди». (Ҳавор. 6:7) Бу Ҳаворийлар китобида жамоатнинг тобора ўсиши ҳақида ёзилган кўпгина мисоллардан бири, холос. (Ҳавор. 9:31; 12:24; 16:5; 19:20; 28:31) Бугун ҳам дунёнинг турли жойларида Шоҳлик хабари кенг ёйилиши тўғрисидаги маълумотларни эшитиш бизга хурсандчилик бахш этади, шундай эмасми?!

22 Биринчи асрда ғазабга минган дин пешволари қўл қовуштириб ўтиришмади. Таъқиблар янада кучайди. Яқинда Стефан шиддатли қаршиликларга дуч келади. Кейинги бобда унинг мисолини кўриб чиқамиз.

a « Олий Кенгаш — яҳудийларнинг олий маҳкамаси» номли 39-саҳифадаги рамкага қаранг.

b Ҳаворийлар китобида фаришталар ҳақида тахминан 20 марта айтилган. Бу биринчиси. Бундан олдин Ҳаворийлар 1:10 да улар тўғрисида «оқ либос кийган икки киши» дейилган.

c « Гамалиэл — раввинлар орасида обрў қозонган» номли 41-саҳифадаги рамкага қаранг.

d « “Уйма-уй” ваъз қилиш» номли 42-саҳифадаги рамкага қаранг.

e Бу «муҳим вазифа» жиддий бўлгани сабаб уни бажаришга тайинланган кишилар оқсоқоллар учун талабларга мос келган бўлса керак. Лекин Муқаддас Ёзувларда эркак кишилар жамоатда қачон оқсоқол ёки нозир этиб тайинланишни бошлагани борасида аниқ маълумот йўқ.

f Биринчи асрда лаёқатли эркак кишиларга оқсоқолларни тайинлаш ваколати берилганди. (Ҳавор. 14:23; 1 Тим. 5:22; Титус. 1:5) Бугунги кунда Етакчи кенгаш томонидан тайинланадиган туман нозирлари оқсоқолларни ва жамоат хизматкорларини тайинлаш масъулиятига эга.