4-БОБ
«Ўқимаган ва оддий одамлар»
Ҳаворийлар жасорат кўрсатади, Яҳова эса уларга барака беради
Ҳаворийлар 3:1–5:11 га асосланган
1, 2. Маъбад дарвозаси ёнида Бутрус билан Юҳанно қандай мўъжиза яратишди?
КУНДУЗИ қуёш нурлари халойиққа ёғилиб туради. Художўй яҳудийлару Исонинг шогирдлари маъбадга боради. Ҳадемай «ибодат маҳали» a бўлиб қолади. (Ҳавор. 2:46; 3:1) Уларнинг орасида Бутрус билан Юҳанно маъбаднинг Гўзал деган дарвозаси томон боради. Ҳамма гаплашиб кетаётгани учун у ер ғала-ғовур, ўрта ёшдаги камбағал туғма чўлоқ киши эса садақа сўраяпти. (Ҳавор. 3:2; 4:22)
2 Бутрус билан Юҳанно бу чўлоқ кишига яқинлашиб боришаркан, у ёдлаб олган илтижосини такрорларди. Улар тўхташади ва кўзлари умидвор нигоҳига тушади. Шунда Бутрус: «Менда кумуш ҳам, олтин ҳам йўқ. Аммо ўзимда борини сизга бераман: носиралик Исо Масиҳ номидан сизга айтаман, ўрнингиздан туриб юринг!» — дейди. Бутрус бу кишини қўлидан ушлаб оёққа турғизганида, одамлар у умрида биринчи марта тик турганини кўриб, қанчалик қойил қолганини тасаввур қилинг! (Ҳавор. 3:6, 7) Бу киши соғайган оёқларига ҳайрат билан қараб, илк қадамларини журъатсиз босаётганини кўз олдингизга келтира оласизми? Шубҳасизки, у ирғиб-сакраб юрганча, баланд овозда Аллоҳни мадҳ этарди!
3. Илгари чўлоқ бўлган киши ва халойиқ қандай инъомга эга бўлиши мумкин эди?
3 Халойиқ ҳангу манг бўлиб Сулаймон равоқи ёнида турган Бутрус ва Юҳаннонинг олдига югуриб боради. Қачонлардир Исо таълим бериб турган бу жойда, Бутрус ҳозиргина юз берган воқеанинг маъносини тушунтиради. (Юҳан. 10:23) У халойиққа ва илгари чўлоқ бўлган кишига кумушу олтиндан қадрлироқ бир инъомни таклиф этади. Бу тикланган соғликдан ҳам аълороқ инъом бўлиб, тавба қилиш, гуноҳлардан халос бўлиш ва Яҳова «ҳаётга етакловчи Раҳбар» этиб тайинлаган Исо Масиҳнинг издоши бўлиш имконидир. (Ҳавор. 3:15)
4. а) Мўъжизавий тарзда соғайтириш нимага олиб келди? б) Қайси иккита саволга жавоб топамиз?
4 Нақадар ажойиб кун! Битта одам жисмонан соғайиб, юра оладиган бўлди. Минглаб бошқа инсонларга эса Худони мамнун қилиш учун маънан соғайиш имкони берилди. (Колос. 1:9, 10) Бироқ ушбу воқеалар туфайли ҳокимиятга эга бўлган кишилар Масиҳнинг содиқ издошларига Шоҳлик ҳақидаги хабарни бошқаларга етказишга тўсқинлик қилишади. (Ҳавор. 1:8) Улар Бутрус билан Юҳаннони «ўқимаган ва оддий одамлар» деб ҳисоблашади. Лекин бу иккита ҳаворий халойиққа шоҳидлик берганидан нимани ўргансак бўлади? (Ҳавор. 4:13) b Қаршиликларни енгишда Бутрус, Юҳанно ва бошқа шогирдларга қандай тақлид қила оламиз?
«Ўз кучимиз билан» эмас (Ҳаворийлар 3:11–26)
5. Бутрус халойиққа қандай мурожаат қилганидан нимани ўрганишимиз мумкин?
5 Бутрус билан Юҳанно халойиқ олдида турганида, уларнинг орасида, эҳтимол, Исони қатл этишни талаб қилган одамлар ҳам борлигини тушунишган эди. (Марк 15:8–15; Ҳавор. 3:13–15) Бутрус чўлоқ киши Исонинг номи билан соғайганини айтганда, қанчалик жасорат кўрсатгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. У ҳақиқатни борича айтиб, халойиқ Исонинг ўлимида айбдор эканини ошкор этган. Лекин Бутруснинг улардан жаҳли чиқмаган, чунки улар «билмасдан шундай йўл тутган». (Ҳавор. 3:17) У халойиққа биродарлар деб мурожаат қилган ва Шоҳлик тўғрисидаги хабарнинг ижобий томонларига эътибор қаратган. Агар улар тавба қилиб, Масиҳга ишонишганида, улар учун Яҳовадан «тетиклик бахш этадиган вақт» келарди. (Ҳавор. 3:19) Биз ҳам Аллоҳ келажакда амалга оширадиган ҳукмларни эълон қилганда, борича гапириб, жасур бўлишимиз керак. Шу билан бирга, бетгачопар ёки қўпол бўлмаслигимиз ва одамларни ҳукм қилмаслигимиз лозим. Аксинча, биз ваъз қилаётган одамларга бўлажак имондошларимиздай қараб, Бутрус сингари аввало Шоҳлик ҳақидаги хабарнинг ижобий томонларига эътибор қаратамиз.
6. Қандай қилиб Бутрус ва Юҳанно камтарлик намоён этган?
6 Ҳаворийлар камтарин бўлган. Улар бу мўъжизани ўз кучимиз билан қилдик, деб айтмаган. Бутрус халойиққа шундай деган: «Гўё биз бу кишини ўз кучимиз билан ёки художўйлигимиз туфайли оёққа турғизганимиздек, нимага бизга тикилиб турибсизлар?» (Ҳавор. 3:12) Бутрус ва бошқа ҳаворийлар хизматда қилган ҳамма эзгу ишларни ўзининг эмас, балки Аллоҳнинг қудрати билан бажарганини тан олишган. Шу боис улар эришган ютуқлари учун бутун шон-шарафни камтарлик ила Яҳовага ҳамда Исога қаратган.
7, 8. а) Одамларга қандай инъомни таклиф эта оламиз? б) Тангрининг «барча айтганларини ўз ўрнига» қўйиш ваъдаси бугун қандай амалга ошяпти?
7 Ваъз қилганда биз ҳам камтар бўлишимиз лозим. Бугунги кунда Аллоҳнинг руҳи ёрдамида инсонларни мўъжизавий тарзда соғайтириш қобилиятига эга эмасмиз. Аммо одамларга Худо ва Масиҳга бўлган имонини ривожлантиришга ҳамда Бутрус таклиф қилган инъомга — гуноҳлардан халос бўлиб, Яҳовадан тасалли олиш имкониятига эга бўлишга ёрдам бера оламиз. Ҳар йили юз минглаб одамлар бундай имкониятни қўлдан бой бермай, Масиҳнинг сувга чўмган шогирди бўляпти.
8 Дарҳақиқат, биз Бутрус айтган пайтда, яъни Тангри «барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган» вақтда яшаяпмиз. 1914 йили Самовий Шоҳлик бошқаришни бошлади ва бу билан «Аллоҳ қадимги муқаддас пайғамбарлари орқали» айтган сўзлари амалга ошди. (Ҳавор. 3:21; Заб. 110:1–3; Дон. 4:16, 17) Кўп ўтмай, Масиҳ шогирдларига ҳақ топинишни тиклашга ёрдам берди. Натижада миллионлаб инсонлар Худо Шоҳлигининг фуқароларига айланди ва ҳозир аҳил бўлиб Унга топиняпти. Улар эски, ёмон ўзликни ечиб ташлаб, «Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни» кийиб олишди. (Эфес. 4:22–24) Шифо топган чўлоқ киши билан юз берганидай, бу ажойиб иш инсонларнинг ҳаракатлари эмас, Худонинг руҳи туфайли амалга ошяпти. Бошқаларга таълим берганда Бутрус каби жасоратли бўлиб, Худонинг Каломидан моҳирлик ила фойдаланишимиз керак. Инсонларга Масиҳнинг шогирди бўлишга кўмаклашишда эришишимиз мумкин бўлган ҳар қандай ютуқни ўзимизнинг эмас, Аллоҳнинг кучи билан қўлга кирита оламиз.
«Айтмай туролмаймиз» (Ҳаворийлар 4:1–22)
9–11. а) Яҳудий раҳбарлар Бутрус билан Юҳаннонинг хабарига қандай муносабат билдиради? б) Ҳаворийлар қандай йўл тутишга қарор қилишади?
9 Бутруснинг нутқи ва илгари чўлоқ бўлган кишининг сакрашию ҳайқиргани дастидан тўполон кўтарилади. Шу боис маъбад ҳудудида тартиб бўлишига бош-қош бўлиш учун тайинланган маъбад соқчиларининг назоратчиси ва бош руҳонийлар тезда етиб келишади. Эҳтимол, бу кишилар саддуқийлар, яъни римликлар билан тинч муносабатларни ўрнатадиган таъсири кучли бой сиёсий мазҳабнинг аъзолари бўлган. Саддуқийлар Тавротга амал қиладиган фарзийлардан фарқли равишда оғзаки қонунни рад этиб, тирилишга ишонишмаган c. Улар Бутрус билан Юҳанно маъбадда Исонинг тирилгани ҳақида жасорат ила айтишганини кўришганда, ғазабга минишган!
10 Бутрус билан Юҳаннога қарши чиққан бу жаҳлдор кишилар уларни қамоққа ташлаб, эртасига яҳудийларнинг олий маҳкамасига судраб боришади. Уларнинг фикрича, Бутрус билан Юҳанно «ўқимаган ва оддий одамлар» бўлгани учун маъбадда таълим беришга ҳаққи йўқ эди. Чунки улар бирор таниқли диний мактабда ўқимаган. Бироқ улар очиқ-ойдин ва ишонч билан гапириб маҳкама аъзоларини ҳайрон қолдиради. Нега Бутрус билан Юҳанно бундай қила олган? Сабабларидан бири, улар «Исо билан бирга» бўлган. (Ҳавор. 4:13) Уларнинг Устози уламолар сингари эмас, балки Аллоҳдан ваколат олган кишидай ўргатарди. (Мат. 7:28, 29)
11 Маҳкама томонидан ҳаворийларга ваъзгўйликни тўхтатиш буюрилади. Ўша вақтларда маҳкаманинг қарорлари катта аҳамиятга эга эди. Бундан бир неча ҳафта олдин айнан бу маҳкама аъзолари Исо ҳақида: «У ўлимга лойиқ!» — деб эълон қилишган. (Мат. 26:59–66) Аммо Бутрус билан Юҳаннони ҳеч нарса қўрқита олмасди. Шундай бой, зиёли ва мартабали кишилар олдида улар қўрқмай, лекин ҳурмат ила қуйидагиларни айтишади: «Ўзларингиз ўйлаб кўринглар, Аллоҳнинг назарида Унга эмас, сизларга қулоқ солиш адолатданми? Бизлар эса кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз». (Ҳавор. 4:19, 20)
12. Имон ва жасоратни ривожлантиришда нима ёрдам бериши мумкин?
12 Сиз ҳам бундай жасорат кўрсата оласизми? Бой, зиёли ва мартабали кишиларга ваъз қилиш имкони туғилганда, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Оила аъзоларингиз, синфдошларингиз ёки ҳамкасбларингиз эътиқодингизни деб сизни масхара қилишса-чи? Қўрқиб қоласизми? Агар шундай бўлса, бу каби туйғуларни енгишингиз мумкин. Исо ер юзида бўлганида ҳаворийларга эътиқодини ишонч ва ҳурмат ила ҳимоя қилишни ўргатган. (Мат. 10:11–18) Тирилгач эса Исо шогирдларига «замонанинг охиригача» улар билан бўлишини ваъда қилган. (Мат. 28:20) Исонинг бошқаруви остида «ишончли ва ақлли хизматкор» эътиқодимизни қандай ҳимоялашимиз мумкинлигига ўргатяпти. (Мат. 24:45–47; 1 Бутр. 3:15) Бундай йўл-йўриқларни йиғилишларда, мисол учун, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз»да ҳамда Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар, масалан, jw.org сайтимиздаги «Муқаддас Китобга асосланган жавоблар» туркумидаги мақолалар орқали оляпмиз. Сиз ҳам бундай йиғилишларга бориб, адабиётларимизни ўқияпсизми? Агар шундай қилсангиз, янада жасоратли бўлиб, имонингизга имон қўшасиз. Ҳаворийлар каби сиз ҳам билиб олган ва эшитган ажойиб ҳақиқатлар тўғрисида гапиришингизга бирон нима халақит беришига йўл қўймайсиз.
«Ҳаммаси... ибодат қилишди» (Ҳаворийлар 4:23–31)
13, 14. Қаршиликка дуч келганимизда нима қилиш керак ва нега?
13 Бутрус ва Юҳанно озодликка чиқиши биланоқ имондошлар билан учрашишди. Улар ваъзгўйликни тўхтатмаслик учун Аллоҳдан жасорат сўраб, «ҳаммаси... ибодат қилишди». (Ҳавор. 4:24) Бутрус Худонинг иродасини бажаришга интилганда, ўз кучига ишониш нодонлик эканини яхши биларди. Бундан бир неча ҳафта олдин у ўзига ишониб, Исога: «Ҳамма сиздан юз ўгирса ҳам, мен асло юз ўгирмайман!» — деган эди. Лекин Исо башорат қилганидай, у дарров қўрқувга берилиб, дўстию устозидан тонди. Шундай бўлса-да, Бутрус хатосидан сабоқ олди. (Мат. 26:33, 34, 69–75)
14 Масиҳ тўғрисида шоҳидлик бериш топшириғини бажариш учун жасоратнинг ўзи етарли эмас. Душманлар сизни имондан қайтаришга ёки ваъз қилишдан тўхтатишга уринишса, Бутрус ва Юҳаннога тақлид қилинг. Яҳовадан куч сўраб ибодат қилинг. Имондошлардан ёрдам беришини сўранг. Бошдан кечираётган қийинчиликларингиз тўғрисида оқсоқолларга ва маънан етук имондошларга айтинг. Бошқаларнинг дуолари сизни қўллаб-қувватлашда кучли таъсирга эга бўлиши мумкин. (Эфес. 6:18; Ёқб. 5:16)
15. Ваъзгўйликни вақтинча тўхтатганлар нега таслим бўлмаслиги керак?
15 Борди-ю, қачондир босимга берилиб, қайсидир вақт давомида ваъз қилмаётган бўлсангиз, таслим бўлманг. Эсингизда бўлса, Исонинг ўлимидан кейин ҳамма ҳаворийлар муайян вақтга ваъзгўйликни тўхтатган, лекин кейинчалик яна фаолиятли бўлган. (Мат. 26:56; 28:10, 16–20) Ўтмишдаги хатолар дастидан сиқилишнинг ўрнига, улардан сабоқлар олиб, бошқаларга далда бериш учун улардан фойдалана оласизми?
16, 17. Масиҳнинг издошлари Қуддусда қилган ибодатидан нимани ўрганишимиз мумкин?
16 Ҳокимият томонидан таъқибларга йўлиқсак, нима ҳақда ибодат қилишимиз лозим? Эътибор беринг, Масиҳнинг шогирдлари синовлардан халос бўлишни сўрамаган. Улар Исо: «Агар мени таъқиб қилган бўлишса, сизларни ҳам таъқиб қилишади»,— деб айтган сўзларини ёдда тутган. (Юҳан. 15:20) Ушбу содиқ шогирдлар Яҳовадан душманларнинг дўқ-пўписаларига эътибор беришини сўраган. (Ҳавор. 4:29) Шогирдлар Худонинг иродаси муҳим ва таъқибларга йўлиқиши башоратларнинг амалга ошиши эканини тушунган. Исо ибодат қилишни ўргатганидай, инсоний ҳукуматлар нима дейишидан қатъи назар Худонинг иродаси «ерда ҳам» бажо бўлишини улар билган. (Мат. 6:9, 10)
17 Аллоҳнинг иродасини бажариш учун шогирдлар Яҳовага: «Каломингни гапириш учун қулларингга жасорат ато эт»,— деб ибодат қилган. Яҳова шу заҳотиёқ нима қилганини биласизми? «Ўтирган жойлари силкиниб кетди ва уларнинг ҳар бири муқаддас руҳга тўлиб, Тангрининг каломини жасорат билан гапира бошлади». (Ҳавор. 4:29–31) Ҳа, Унинг иродаси бажо бўлишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. (Ишаё 55:11) Қийинчиликлар қанчалик оғир ва душманлар қанчалик кучли бўлмасин, Аллоҳга илтижо қилсак, Унинг каломини жасорат ила гапириш учун У бизга куч беришига аминмиз.
«Одамларга эмас, Аллоҳга» ҳисобдормиз (Ҳаворийлар 4:32–5:11)
18. Қуддусдаги жамоатдагилар бир-бирига қандай ёрдам беришган?
18 Қуддусдаги янги ташкил топган жамоатда қисқа муддат ичида 5 000 дан зиёд киши пайдо бўлди d. Келиб чиқиши турлича бўлишига қарамай, шогирдлар «бир жон, бир тан» ва ўй-фикрда якдил эди. (Ҳавор. 4:32; 1 Кор. 1:10) Шогирдлар Яҳова ҳаракатларига барака беришини сўрабгина қолмай, бир-бирини маънан қўллаб-қувватлаган ва керак бўлганда моддий ёрдам кўрсатган. (1 Юҳан. 3:16–18) Мисол учун, ҳаворийлар Барнабо деб ном қўйган Юсуф Қуддусга олис юртлардан келган инсонлар у ерда узоқ вақт қолиб, янги эътиқоди борасида кўпроқ билиб олиши учун ўз ерини сотиб, пулини эҳсон қилган.
19. Нима учун Яҳова Ҳанания билан Саффирани жазолади?
19 Ҳанания ва Саффира жуфтлиги ҳам ўз мол-мулкини сотиб, хайр-эҳсон қилди. Улар ўзини ҳамма пулни бергандек кўрсатди. Аслида эса Ҳанания «пулнинг бир қисмини яширди» ва хотини бундан хабардор эди. (Ҳавор. 5:2) Яҳова бу жуфтликни кам хайр-эҳсон қилгани эмас, балки буни ёмон ният билан қилиб, алдагани учун ўлимга мубтало этди. Улар «одамларга эмас, Аллоҳга ёлғон гапирди». (Ҳавор. 5:4) Исо айблаган иккиюзламачилар каби, Ҳанания ва Саффира ҳам Тангрининг розилигини олишни истамаган, улар аввало одамлардан мақтов олмоқчи эди. (Мат. 6:1–3)
20. Хайр-эҳсонларимизга Яҳова қандай қарашидан нималарни билиб олдик?
20 Биринчи асрда Қуддусдаги масиҳийлар сахийлик кўрсатишгани каби бугун ҳам миллионлаб Яҳованинг Шоҳидлари хайр-эҳсонлар орқали умумжаҳон ваъзгўйлик ишини қўллаб-қувватлаяпти. Уларни бунга ҳеч ким мажбурламайди ҳамда вақтию маблағини ажратишни талаб қилмайди. Ахир Яҳова биз ўз хоҳишимизга қарши ёки мажбурият юзасидан Унга хизмат қилишимизни истамайди. (2 Кор. 9:7) Шуни ёдда тутишимиз керакки, Яҳова учун қанча беришимиз эмас, қайси ниятда беришимиз муҳим. (Марк 12:41–44) Илойим, ҳеч қачон Ҳанания ва Саффира каби бўлмайлик, Аллоҳга ғаразли ният ила ёки ўзимизга шараф излаб хизмат қилмайлик. Аксинча, Бутрус, Юҳанно ҳамда Барнабога ўхшаб Худога ва яқинимизга бўлган самимий севги Унга хизмат қилишга бизни доим ундасин. (Мат. 22:37–40)
a Маъбадда эрталаб ва кундузи қурбонликлар келтирилганда одамлар ибодат қиларди. Қурбонлик кундузи «соат учларда» ёки куннинг тўққизинчи соатида келтириларди.
b « Бутрус — ғайратли ҳаворийга айланган балиқчи» номли 30-саҳифадаги ва « Юҳанно — Исонинг севимли шогирди» номли 33-саҳифадаги рамкаларга қаранг.
c « Олий руҳоний ва бош руҳонийлар» номли 34-саҳифадаги рамкага қаранг.
d Мил. 33 йили Қуддусда, эҳтимол, бор-йўғи 6 000 га яқин фарзий ва бундан сал озроқ саддуқийлар бўлган. Ҳойнаҳой, бу Исонинг таълимотлари улар учун катта хавф туғдиради, деб ҳисоблаганининг яна бир сабаби.