Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН БИРИНЧИ БОБ

Нега дунё азоб-уқубатларга тўла?

Нега дунё азоб-уқубатларга тўла?

1, 2. Кўпчиликда қандай саволлар пайдо бўлади?

ҲАР КУНИ дунё бўйлаб турли фожиалар юз беряпти. Масалан, цунами бутун бир қишлоқни вайрон қилгани, террорчилар гуруҳи меҳмонхонада отишма уюштириб кўпчиликни жароҳатлагани ва ўлдиргани, саратон бир онани ҳаётдан олиб кетиб бешта болани етим қолдиргани ҳақида эшитишимиз мумкин.

2 Дунёда мана шу каби табиий офатлар ёки бахтсизликлар содир бўлганда, кўп одамларда шундай саволлар пайдо бўлади: «Нега бундай бўляпти? Нега дунё нафрат ва азоб-уқубатга тўла?» Сизнинг ҳам хаёлингиздан мана шу каби саволлар ўтганми?

3, 4. а) Хабаққуқ пайғамбар Яҳовага қандай саволлар берган? б) Яҳова унга қандай жавоб қайтарган?

3 Муқаддас Китобдан Худога қаттиқ ишонган кишилар ҳам шу каби саволларни беришгани ҳақида билиб олишимиз мумкин. Масалан, Хабаққуқ пайғамбар Яҳовадан қуйидагиларни сўраган: «Нега ёмонликни кўришимга йўл қўйяпсан? Нега жабр-зулмга чидаб турибсан? Нима учун вайронагарчилигу зўравонлик содир бўляпти? Нега жанжал ва низо кўпайиб кетди?» (Хабаққуқ 1:3)

4 Хабаққуқ 2:2, 3 да Худо унга қандай жавоб қайтаргани ҳамда вазиятни тўғрилашни ваъда қилгани ҳақида ўқиймиз. Яҳова одамларни қаттиқ яхши кўради. Муқаддас Китобда: «У сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб айтилган. (1 Бутрус 5:7) Бизга инсонлар азоб чекаётганини кўриш оғир, Яҳовага эса бундан ҳам оғир. (Ишаё 55:8, 9) Шундай экан, келинг, «Нега дунё азоб-уқубатга тўла?» деган саволни муҳокама қилайлик.

НЕГА ДУНЁ АЗОБ-УҚУБАТГА ТЎЛА?

5. Аксарият диний устозлар азоб-уқубат ҳақида нима дейишади? Муқаддас Китоб эса нимага ўргатади?

5 Одамнинг ҳаётида бахтсизлик ёки ёмон ҳодиса рўй берса, айримлар: «Тақдир экан-да»,— дейишади. Шунингдек, кимдир азоб-уқубат чекса, руҳонийлар ва диний устозлар бу Худонинг иродаси эканини айтишади. Баъзиларнинг фикрича, Худо одамларни, ҳатто кичкина болаларни Ўз даргоҳига чақириб олади. Аммо бу ёлғон. Яҳова ҳеч қачон ёмонликка сабабчи бўлмайди. Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Ҳақ Тангри ёвуз ишга қўл уришига, Қодир Аллоҳ ёмонлик қилишига ақл бовар қилмайди!» (Аюб 34:10)

6. Нима учун дунёдаги азоб-уқубатларда Худони айблашади?

6 Кўпчилик дунёни Худо бошқаряпти деб ўйлагани учун, барча азоб-уқубатларда Уни айблайди. Аммо 3- бобдан билиб олганимиздай, дунёни аслида Шайтон Иблис бошқаряпти.

7, 8. Нега дунё дард-аламга тўлиб-тошган?

7 Муқаддас Китобда «бутун дунё Шайтоннинг ҳукмида» экани айтилган. (1 Юҳанно 5:19) Бу дунёнинг ҳукмдори Шайтон ёвуз ва шафқатсиз. У «бутун ер юзини йўлдан оздириб юрибди». (Ваҳий 12:9) Кўп одамлар унинг шахсиятини ўзида акс эттиряпти. Бу эса дунё ёлғон, нафрат ва шафқатсизликка тўлиб кетганининг биргина сабаби, холос.

8 Дунё дард-аламга тўлиб-тошганининг бошқа сабаблари ҳам бор. Одамато билан Момоҳаво исён кўтарганидан кейин, гуноҳ уларнинг фарзандларига ўтди. Гуноҳ туфайли инсонлар бошқаларнинг азоб чекишига сабабчи бўляпти. Одамлар кўпинча ўзини бошқалардан устун қўйишни истайди. Улар ўзаро жанжаллашади, урушларга боради, бошқаларга таҳдид қилади. (Воиз 4:1; 8:9) Баъзида эса инсонлар «вақт ва тасодиф» туфайли азоб чекади. (Воиз 9:11) Ноўрин вақтда ноўрин жойда бўлишгани учун, улар билан бахтсизлик ёки ёмон нарса содир бўлиши мумкин.

9. Яҳова азоб-уқубатларга йўл қўяётганининг асосли сабаби борлигига нега амин бўлишимиз мумкин?

9 Яҳова асло азоб-уқубатларга сабабчи бўлмайди. Дунёда содир бўлаётган урушлар, жиноят ва жабр-зулм учун У айбдор эмас. Худо зилзилалар, бўронлар ва сув тошқинлари каби табиий офатларни келтириб чиқармайди. Бироқ сизда шундай савол туғилиши мумкин: «Агар Яҳова коинотдаги энг қудратли шахс бўлса, унда нега содир бўлаётган даҳшатли воқеаларга чек қўймаяпти?» Биламизки, Худо бизни жудаям яхши кўради. Демак, азоб-уқубатларга йўл қўяётганининг асосли сабаби бор. (1 Юҳанно 4:8)

НЕГА ЯҲОВА АЗОБ-УҚУБАТЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙЯПТИ?

10. Шайтон қандай даъво кўтарган?

10 Иблис Адан боғида Одамато ва Момоҳавони алдаган. Шайтон Худони ёмон Ҳукмдор деб айблаган. У даъво қилиб, Худо Одамато ва Момоҳаводан яхшиликни яшираётганини айтган. Шайтон одамларни у Худодан кўра яхшироқ ҳукмдор бўлишига ва улар Худога муҳтож эмаслигига ишонтирмоқчи бўлган. (Ибтидо 3:2–5; 27- иловага қаранг.)

11. Қайси саволга жавоб топишимиз керак?

11 Одамато ва Момоҳаво Яҳовага итоатсизлик қилиб, Унга қарши исён кўтаришди. Улар ўзларини нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилишга ҳақли деб ҳисоблашди. Қандай қилиб Яҳова исёнкорлар ноҳақлигини ҳамда биз учун нима яхши эканини фақат У билишини исботлай оларди?

12, 13. а) Нега Яҳова исёнкорларни дарҳол йўқ қилмади? б) Нима учун Яҳова Шайтонга бу дунёни бошқаришга, инсонларга эса ўз ҳукуматларини ўрнатишга йўл қўйди?

12 Яҳова ер юзини Одамато ва Момоҳавонинг авлодлари билан тўлдирмоқчи эди ва улар ер юзидаги жаннатда яшашини истаганди. Шайтоннинг уринишларига қарамай, Яҳова бу ниятини амалга оширмоқчи эди. (Ибтидо 1:28; Ишаё 55:10, 11) Шу сабабли У Одамато ва Момоҳавони дарҳол йўқ қилмади. Аксинча, улар фарзанд кўришларига йўл қўйди. Яҳова уларнинг фарзандларига кимни ҳукмдор сифатида танлашни ўзлари ҳал қилишга имкон берди.

13 Шайтон Яҳовага миллионлаб фаришталар олдида туҳмат қилди. (Аюб 38:7; Дониёр 7:10) Шу боис Яҳова Шайтон ўз даъвосини исботлашига вақт берди. Шунингдек, Худо инсонларга вақт бериб, Шайтоннинг бошқаруви остидаги дунёда ўз ҳукуматларини ўрнатишга ва Худонинг ёрдамисиз ҳам муваффақият қозонишини исботлашга йўл қўйди.

14. Вақт нимани исботлади?

14 Минглаб йиллар давомида одамлар ўзларини бошқаришга уринишди, аммо уринишлари пучга чиқди. Шайтон ёлғончи экани исботланди. Одамлар Худонинг ёрдамига муҳтож. Еремиё пайғамбар: «Эй Яҳова, аниқ биламан, инсоннинг йўли ўз ихтиёрида эмас, одамга ҳатто ўз қадамларини йўналтириш ваколати берилмаган»,— дея ҳақ гапни айтган. (Еремиё 10:23)

НЕГА ЯҲОВА УЗОҚ КУТЯПТИ?

15, 16. а) Нега Яҳова азоб-уқубатлар узоқ давом этишига йўл қўйяпти? б) Нима учун Яҳова Шайтон келтириб чиқарган муаммоларни бартараф этмаяпти?

15 Нега Яҳова азоб-уқубатлар бунчалик узоқ давом этишига йўл қўйяпти? Нима сабабдан У ёвузликка чек қўймаяпти? Шайтоннинг бошқаруви муваффақият келтирмаслигини исботлашга вақт талаб этиларди. Инсонлар бошқарувнинг ҳар қандай турини синаб кўрган бўлишса-да, исталган натижага эриша олишмади. Тўғри, илм-фан ва технология соҳасида баъзи ютуқларга эришилди, лекин адолатсизлик, қашшоқлик, жиноятчилик ва урушлар авжига чиқди. Инсонлар Худонинг ёрдамисиз муваффақият қозона олмайди.

16 Лекин Яҳова Шайтон келтириб чиқарган муаммоларни бартараф этмаяпти. Агар Худо шундай йўл тутганида, Шайтоннинг бошқарувини қўллаб-қувватлаётган бўлиб қоларди. Қолаверса, Шайтон даъво қилганидек, одамлар ўзларини бошқаришда муваффақиятга эришяпмиз деб ўйларди. Аммо бу ёлғон. Яҳова на Шайтонни, на инсонларни бу борада қўллаб-қувватлайди. Худо асло ёлғон гапирмайди. (Ибронийларга 6:18)

17, 18. Яҳова Шайтон етказган зиённи қандай бартараф этади?

17 Шайтон ва инсонларнинг исёни дастидан етказилган барча зиённи Яҳова бартараф эта оладими? Албатта. Худо учун иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Яҳова белгиланган вақтда Шайтон кўтарган даъвога тўлиқ жавоб қайтаради. Ўшанда У илк ниятига кўра, ер юзини жаннатга айлантиради. «Мозорларда бўлган» барча инсонлар ҳаётга қайтарилади. (Юҳанно 5:28, 29) Одамлар ҳеч қачон касал бўлмайди ва ўлмайди. Исо Шайтон етказган барча зарарни йўқ қилади. Яҳова «Иблиснинг ишларини барбод қилиш» учун Исодан фойдаланади. (1 Юҳанно 3:8) Айни пайтда эса Яҳова бизга нисбатан сабр-тоқатли бўлгани туфайли Уни таниб-билиб, Ҳукмдоримиз сифатида танлашга имконимиз борлигидан миннатдормиз. (2 Бутрус 3:9, 10 ни ўқинг.) Азоб-уқубат чекканимизда, У бардошли бўлишимизга кўмаклашади. (Юҳанно 4:23; 1 Коринфликларга 10:13 ни ўқинг.)

18 Яҳова бизни ҳукмдор сифатида Уни танлашга мажбурламайди. У инсонларга ирода эркинлигини ҳадя қилган. Келинг, бу бебаҳо ҳадя биз учун нимани англатишини кўриб чиқайлик.

ХУДОНИНГ ҲАДЯСИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАСИЗ?

19. Яҳова бизга қандай ажойиб ҳадя берган? Бу учун нега миннатдор бўлишимиз керак?

19 Ҳайвонлардан фарқли равишда Яҳова бизга ирода эркинлигидек ажойиб совғани тақдим этган. Ҳайвонлар инстинкт бўйича ҳаракат қилади. Улар яхшини ёмондан ажратиш қобилиятига эга эмас. (Ҳикматлар 30:24–28) Лекин биз қандай ҳаёт кечириш ва Яҳовага маъқул келиш-келмаслик борасида ўзимиз қарор чиқара оламиз. Биз робот эмасмиз. Қанақа инсон бўлиш, ким билан дўстлашиш ва ҳаётимизни қандай яшаб ўтиш каби соҳаларда танлаш имконига эгамиз. Яҳова ҳаётдан завқланиб яшашимизни истайди.

20, 21. Ҳозир қандай энг яхши танлов қила оласиз?

20 Яҳова Уни яхши кўришимизни истайди. (Матто 22:37, 38) У фарзанди: «Сизни яхши кўраман», деб мажбурликдан эмас, чин дилдан айтганида хурсанд бўладиган отага ўхшайди. Яҳова бизга Унга хизмат қилиш-қилмасликни танлаш эркинлигини берган. Шайтон, Одамато ва Момоҳаво Яҳовадан юз ўгиришди. Сиз-чи, ирода эркинлигидан қандай фойдаланасиз?

21 Ирода эркинлигидан Яҳовага хизмат қилиш учун фойдаланинг. Миллионлаб инсонлар Яҳовага маъқул келишни ва Шайтондан юз ўгиришни танлашди. (Ҳикматлар 27:11) Худо барча азоб-уқубатларни бартараф этганида янги дунёда яшаш учун ҳозир нима қилсангиз бўлади? Бу саволга кейинги бобдан жавоб топамиз.