Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН САККИЗИНЧИ БОБ

Худога бағишланиш ва сувга чўмиш

Худога бағишланиш ва сувга чўмиш

1. Бу китобни тадқиқ қилгач, нима ҳақда ўйлаб қолишингиз мумкин?

СИЗ бу китобни тадқиқ қилаётиб, кўпгина Муқаддас Китоб ҳақиқатлари, жумладан, Худонинг абадий яшаш ҳақидаги ваъдаси, ўлганларнинг ҳолати ҳамда тирилишга бўлган умид тўғрисида билиб олдингиз. (Воиз 9:5; Луқо 23:43; Юҳанно 5:28, 29; Ваҳий 21:3, 4) Эҳтимол, сиз Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнаб, улар Худога маъқул тарзда топинаётганига амин бўлгандирсиз. (Юҳанно 13:35) Шунингдек, Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантириб, Унга хизмат қилиш қарорига келгандирсиз. Шундай бўлса «Худога хизмат қилиш учун мендан нима кутилади?» деб ўйлашингиз мумкин.

2. Нима учун ҳабашистонлик амалдор сувга чўмишни истайди?

2 Биринчи асрда яшаган ҳабашистонлик бир амалдорни ҳам шу савол қизиқтирган. Исонинг ўлимидан бир мунча вақт ўтиб, Исонинг шогирди Филип бу кишига ваъз қилади. Филип ҳабашистонлик амалдорга Муқаддас Китоб асосида Исонинг Масиҳ эканини исботлаб беради. Билиб олганларидан таъсирланиб, амалдор ўша заҳоти: «Мана сув, менинг сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?» — деб айтади. (Ҳаворийлар 8:26–36)

3. а) Исо шогирдларига қандай вазифа берган? б) Сувга чўмиш қандай ўтказилади?

3 Муқаддас Китобда Яҳовага хизмат қилмоқчи бўлган киши сувга чўмиши кераклиги ҳақида аниқ айтилган. Исо шогирдларига шундай деган: «Боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар». (Матто 28:19) Исонинг ўзи ҳам сувга чўмиб бу борада ўрнак қолдирди. У сувга чўмганида сувга тўлиқ кирган. (Матто 3:16) Бугунги кунда ҳам масиҳийлар сувга чўмганда Исонинг намунасига тақлид қилишади.

4. Сувга чўмиш билан нимани кўрсатасиз?

4 Сувга чўмиб Худонинг дўсти бўлиш ҳамда Унга хизмат қилиш истагингиз борлигини омма олдида кўрсатасиз. (Забур 40:7, 8) Сувга чўмишни хоҳласангиз қандай қадамлар қўйишингиз керак?

БИЛИМ ВА ИМОН

5. а) Сувга чўмишдан олдин нима қилишингиз керак? б) Нима учун йиғилишларга мунтазам қатнаш муҳим?

5 Сувга чўмишдан олдин Яҳова ҳамда Исони таниб-билишингиз керак. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганингиздан буён, улар ҳақда билим оляпсиз. (Юҳанно 17:3 ни ўқинг.) Лекин бунинг ўзи етарли эмас. Муқаддас Китобда Яҳованинг «иродасини аниқ англашингиз» муҳимлиги ҳақида айтилган. (Колосаликларга 1:9) Яҳова Шоҳидларининг йиғилишлари Яҳова билан муносабатларингизни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу сабабли уларга мунтазам қатнаш жуда муҳим. (Ибронийларга 10:24, 25)

Сувга чўмишдан олдин Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш лозим

6. Сувга чўмиш учун Муқаддас Китобни қанчалик билишингиз керак?

6 Албатта, Яҳова сувга чўмишингиздан олдин Муқаддас Китобда ёзилган ҳамма нарсани билишингизни кутмайди. У буни ҳабашистонлик амалдордан ҳам кутмаган. (Ҳаворийлар 8:30, 31) Зеро, биз абадият давомида Худо ҳақида билим оламиз. (Воиз 3:11) Аммо сувга чўмишдан аввал ҳеч бўлмаганда Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини билишингиз лозим. (Ибронийларга 5:12)

7. Муқаддас Китоб тадқиқи сизга қандай ёрдам берди?

7 Муқаддас Китобда: «Имон бўлмаса Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир»,— деб ёзилган. (Ибронийларга 11:6) Шундай экан, сувга чўмишдан олдин имонингизни намоён этишингиз зарур. Муқаддас Китобдан шуни билиб оляпмизки, қадимги Коринф шаҳридаги баъзилар Исонинг шогирдлари ўргатган нарсаларни эшитганида «ишониб сувга чўмишган». (Ҳаворийлар 18:8) Шу сингари сизнинг ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, Худонинг ваъдаларига ҳамда Исонинг қурбонлиги гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод этишига ишончингиз ошди. (Ёшуа 23:14; Ҳаворийлар 4:12; 2 Тимўтийга 3:16, 17)

ҲАҚИҚАТНИ БОШҚАЛАРГА АЙТИНГ

8. Ўрганганларингизни бошқаларга айтишга нима ундайди?

8 Муқаддас Китобдан билим олганингиз ва бу сизга қандай ёрдам бераётганини кўрганингиз сайин, имонингиз мустаҳкамланиб боради. Шунда ўрганганларингизни бошқалар билан бўлишишни истайсиз. (Еремиё 20:9; 2 Коринфликларга 4:13) Келинг, бу ҳақда кимларга айтишингиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

Имон билимларни баҳам кўришга ундайди

9, 10. а) Ўрганганларингизни кимларга айтишингиз мумкин? б) Жамоат билан ваъз қилишни истасангиз, нима қилишингиз лозим?

9 Эҳтимол, ўрганганларингизни оила аъзоларингиз, дўстларингиз ёки ҳамкасбларингизга айтишни истарсиз. Бу яхши ният, аммо буни доимо мулойимлик ва меҳр ила қилинг. Вақти келиб, Яҳованинг Шоҳидлари билан ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этишни хоҳларсиз. Ўзингизни тайёр деб билсангиз, сиз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган Яҳованинг Шоҳидига бу истагингизни айтинг. Агар у ҳам сизни тайёр деб ҳисобласа ҳамда Муқаддас Китоб принципларига мувофиқ яшаётган бўлсангиз, жамоатнинг иккита оқсоқоли сизлар билан учрашиб бу масалани муҳокама қилади.

10 Бу учрашув қандай ўтади? Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини тушуниб, уларга ишонаётганингизни, Худонинг принципларига кундалик ҳаётда амал қилаётганингизни ҳамда Яҳованинг Шоҳиди бўлиш истагингизни кўриш учун оқсоқоллар сиз билан гаплашишади. Унутмангки, оқсоқоллар жамоатнинг барча аъзоларига, жумладан, сизга ғамхўрлик қилади. Шу сабабли уларга мурожаат қилишдан қўрқманг. (Ҳаворийлар 20:28; 1 Бутрус 5:2, 3) Бу учрашувдан сўнг оқсоқоллар жамоат билан ваъз қилишга тайёр ёки тайёр эмаслигингизни айтади.

11. Нима учун жамоат билан ваъз қилишни бошлашдан олдин ҳаётингизда ўзгаришлар қилишингиз муҳим?

11 Эҳтимол, оқсоқоллар жамоат билан ваъз қилишни бошлашдан олдин ҳаётингизда яна ўзгаришлар қилишингиз кераклиги ҳақида айтар. Нима учун бу ўзгаришларни қилиш муҳим? Худо ҳақида ваъз қилар эканмиз, Яҳованинг вакиллари сифатида гапирамиз. Шунинг учун ҳаёт тарзимиз билан Унга шараф келтиришимиз керак. (1 Коринфликларга 6:9, 10; Галатияликларга 5:19–21)

ТАВБА ҚИЛИБ, ХУДОГА ҚАЙТИНГ

12. Нимага ҳамма одамлар тавба қилишга муҳтож?

12 Сувга чўмишдан олдин, яна бир муҳим нарсани қилишингиз лозим. Ҳаворий Бутрус: «Гуноҳларингиз ювилиши учун тавба қилиб, Худога қайтинглар»,— деб айтган эди. (Ҳаворийлар 3:19) Тавба қилиш нимани англатади? Тавба — қандайдир ёмон ишни қилгандан сидқидилдан пушаймон бўлишни билдиради. Масалан, ахлоқсиз ҳаёт кечирган бўлсангиз, тавба қилишингиз керак. Ҳатто умрингиз давомида тўғри йўл тутишга ҳаракат қилган бўлсангиз ҳам, тавба қилишингиз даркор. Чунки барчамиз гуноҳкормиз ва Худо бизни кечиришига муҳтожмиз. (Римликларга 3:23; 5:12)

13. «Худога қайтиш» нимани англатади?

13 Қилган ишингиздан пушаймон бўлишнинг ўзи етарлими? Йўқ. Бутрус, шунингдек, «Худога қайтиш» кераклигини айтган. Бу илгариги ёмон хулқ-атвордан воз кечиб, тўғри ишлар қилишни англатади. Дейлик, сиз машинада нотаниш жойга саёҳатга чиқдингиз. Бироз вақт ўтгач нотўғри йўналишда бораётганингизни пайқаб қолдингиз. Шунда нима қиласиз? Шубҳасизки, тезликни пасайтириб тўхтайсиз ва орқага қайтиб тўғри йўналишда йўлингизни давом эттирасиз. Шу сингари Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, ёмон одатларингиз борлигини ёки турмуш тарзингизда муайян ўзгаришлар қилиш кераклигини тушунасиз. Шундай экан, «Худога қайтишга», яъни зарурий ўзгаришлар қилиб, тўғри йўлдан юришни бошлашга тайёр бўлинг.

ҲАЁТИНГИЗНИ ХУДОГА БАҒИШЛАНГ

Яҳовага Унга хизмат қилишга ваъда бердингизми?

14. Ўзингизни Яҳовага бағишлаш нимани билдиради?

14 Сувга чўмишдан аввал яна бир муҳим қадам қўйиш керак. Ўзингизни Яҳова Таолога бағишлашингиз даркор. Ибодат қилиб ўзингизни Яҳовага бағишлаганда фақат Унга хизмат қилишга ҳамда Унинг иродасини бажаришни ҳаётингизда биринчи ўринга қўйишга ваъда берасиз. (Қонунлар 6:15)

15, 16. Инсонни ўз ҳаётини Худога бағишлашга нима ундайди?

15 Яҳовага хизмат қилишга берган ваъдангизни севган инсонингиз билан қолган умрингизни ўтказишга аҳдлашиш билан солиштирса бўлади. Айтайлик, йигит бир қиз билан учрашишни бошлайди. Қизни яқинроқ билгани сайин, йигит уни янада кўпроқ ёқтира бошлайди ва у билан турмуш қуришни истайди. Гарчи бу жиддий қарор бўлса-да, йигит қизни севиб қолгани учун бу масъулиятни тайёрлик ила бўйнига олади.

16 Худованд Яҳовани таниб-билганингиз сайин, Унга севгингиз ошиб бориб, чин қалбдан хизмат қилишни истайсиз. Бу эса ибодатда Унга хизмат қилиш хоҳишингиз борлигини айтишга ундайди. Муқаддас Китобда Исонинг издоши бўлишни истовчи ҳар бир инсон «ўзидан кечиши» кераклиги ҳақида айтилган. (Марк 8:34) Бу нимани билдиради? Ўзидан кечиш — Яҳовага итоат этишни ҳаётингизда биринчи ўринга қўйишни англатади. Яҳованинг иродаси сизнинг хоҳиш ва мақсадларингизга қараганда муҳимроқ. (1 Бутрус 4:2 ни ўқинг.)

МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИКДАН ҚЎРҚМАНГ

17. Нима учун баъзилар ҳаётини Яҳовага бағишлагиси келмайди?

17 Баъзилар Яҳовага хизмат қилишга берган ваъдасини бажара олмасликдан қўрқиб, ҳаётини Унга бағишламайди. Улар Яҳованинг кўнглини ранжитгиси келмайди ёки «Ҳаётимни Яҳовага бағишламасам, қилган ишларим учун жавобгарликка тортилмайман» деб мулоҳаза юритиши мумкин.

18. Яҳовани хафа қилиш олдидаги қўрқувни енгишингизга нима ёрдам беради?

18 Яҳовага бўлган кучли севгингиз Уни хафа қилиш олдидаги қўрқувни енгишга ёрдам беради. Уни яхши кўрганингиз учун берган ваъдангиз устидан чиқишга жон-жаҳдингиз билан интиласиз. (Воиз 5:4; Колосаликларга 1:10) Шунингдек, «Яҳованинг иродасини бажариш қийин» деб ўйламайсиз. Ҳаворий Юҳанно: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас»,— деб ёзган эди. (1 Юҳанно 5:3)

19. Нега ҳаётингизни Яҳовага бағишлашдан қўрқмаслигингиз керак?

19 Ҳаётингизни Яҳовага бағишлаш учун мукаммал бўлишингиз шарт эмас. У ҳеч қачон кучимиздан ортиқ нарсани талаб қилмайди. (Забур 103:14) У тўғри йўл тутишингизга ёрдам беради. (Ишаё 41:10) Муқаддас Китобда: «Яҳовага бутун қалбинг билан таян... У йўлларингни равон қилади»,— дейилган. (Ҳикматлар 3:5, 6)

СУВГА ЧЎМИНГ

20. Худога бағишлангандан кейинги қадам қандай?

20 Сизнингча, ўзингизни Яҳовага бағишлашга тайёрмисиз? Ўзингизни Яҳовага бағишлаган бўлсангиз, энди кейинги қадамни қўйишга, яъни сувга чўмишга тайёрсиз.

21, 22. Қандай қилиб имонингиз ҳақида «очиқдан-очиқ эълон қиласиз»?

21 Ўзингизни Яҳовага бағишлаб бўлганингиз ва сувга чўмишни хоҳлаётганингиз ҳақида жамоатингиздаги оқсоқоллар кенгашининг раисига хабар беринг. У ўз навбатида баъзи оқсоқоллар сиз билан Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини такрорлаб чиқишини ташкиллаштиради. Агар бу оқсоқоллар тайёр эканингизни кўришса, Яҳова Шоҳидларининг кейинги туман ёки ҳудудий анжуманида сувга чўмишингиз мумкинлигини айтишади. Анжуманда одатда сувга чўмиш муносабати билан бунинг маъноси тушунтириб бериладиган нутқ сўзланади. Нутқнинг охирида маърузачи сувга чўмишни хоҳлаётганларга иккита оддий савол беради. Мазкур саволларга жавоб бериш орқали имонингиз ҳақида «очиқдан-очиқ эълон қиласиз». (Римликларга 10:10)

22 Ва ниҳоят сувга чўмасиз, яъни сувга тўлиқ кириб чиқасиз. Сувга чўмиш орқали барчага Худога бағишланганингизни ва энди Яҳованинг Шоҳиди бўлганингизни очиқ кўрсатасиз.

СУВГА ЧЎМИШНИНГ МАЪНОСИ

23. «Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан» сувга чўмдирилиш нимани англатади?

23 Исо унинг шогирдлари «Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан» сувга чўмдирилиши кераклиги ҳақида айтган эди. (Матто 28:19 ни ўқинг.) Бу нимани англатади? Бу дегани, сувга чўмаётган одам Яҳованинг мавқеини, Худонинг ниятида Исонинг ўрнини, шунингдек, Худо Ўз иродасини бажариш учун муқаддас руҳидан фойдаланишини тан олаётганини кўрсатади. (Забур 83:18; Матто 28:18; Галатияликларга 5:22, 23; 2 Бутрус 1:21)

Сувга чўмиб, Худонинг иродасини бажаришни истаётганингизни кўрсатасиз

24, 25. а) Сувга чўмиш нимани билдиради? б) Охирги бобда қайси саволни кўриб чиқамиз?

24 Сувга чўмиш чуқур маънога эга. Сувга тўлиқ кирганингиз мажозий маънода олдинги ҳаётингиз учун ўлганингизни, сувдан чиққанингиз эса Худонинг иродасини бажариш учун тирилганингизни билдиради. Энди бундан буён сиз Яҳованинг иродасини бажариш учун яшайсиз. Эсингизда бўлсин, сиз ҳаётингизни қандайдир иш, одам ёки ташкилотга эмас, Аллоҳ Яҳовага бағишлаяпсиз.

25 Ҳаётингизни Яҳовага бағишлаб, Худо билан ўзгача дўстона муносабатларни ривожлантирасиз. (Забур 25:14) Аммо сувга чўмиш нажот топишга кафолат бермайди. Ҳаворий Павлус: «Қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эришишга урининглар»,— деб ёзган эди. (Филиппиликларга 2:12) Сувга чўмиш нажот топиш учун қўйилган илк қадам, холос. Лекин қандай қилиб Яҳова билан дўстликни сақлаб қолсак бўлади? Сўнгги боб бу саволга жавоб топишингизга ёрдам беради.