Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

УЧИНЧИ БОБ

Худонинг инсониятга нисбатан нияти қандай?

Худонинг инсониятга нисбатан нияти қандай?

1. Худонинг инсониятга нисбатан қандай нияти бор?

ХУДОНИНГ инсониятга нисбатан ажойиб нияти бор. У биринчи эркак ва аёлни, яъни Одамато билан Момоҳавони гўзал боғда яшашлари учун яратган. Худо улар фарзандлар кўриб, бутун ер юзини жаннатга айлантиришини ҳамда ҳайвонларга ғамхўрлик қилишини истаган. (Ибтидо 1:28; 2:8, 9, 15; 6- иловага қаранг.)

2. а) Худо Ўз ниятини бажаришини қаердан биламиз? б) Муқаддас Китобга кўра, ер юзида қандай инсонлар ва қанча яшайди?

2 Сизнингча, ер юзида қачондир жаннат бўладими? Тангри Яҳова шундай деяпти: «Айтганимни амалга ошираман. Тилагимни бажо қиламан». (Ишаё 46:9–11; 55:11) Ҳа, У нимани ният қилган бўлса, шуни бажаради ва ҳеч нарса Уни тўхтата олмайди. Яҳова ерни муайян мақсад билан яратганини айтмоқда. У «ерни бекорга» барпо этмаган. (Ишаё 45:18) Аллоҳ инсонлар бутун ер юзини тўлдиришини истайди. У ер юзида қандай инсонлар ва қанча яшашини истайди? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Одил кишилар [ёки итоаткорлар] ер юзига эгалик қилади, улар ерда абадий яшайди». (Забур 37:29; Ваҳий 21:3, 4)

3. Дунёдаги муаммоларни кўрганингизда қандай савол туғилиши мумкин?

3 Аммо бугунги кунда инсонлар касаллик ва ўлимга дучор бўлишяпти. Дунёнинг кўп жойларида одамлар урушлар қилиб бир-бирини ўлдиришяпти. Шубҳасизки, бу Худонинг ниятига кирмаган! Бўлмаса, нега дунё бундай аҳволда? Бу саволга фақат Муқаддас Китобдан жавоб топа оламиз.

ХУДОНИНГ ДУШМАНИ

4, 5. а) Момоҳавога Адан боғида илон орқали ким гапирган? б) Қандай қилиб ростгўй инсон ўғрига айланиши мумкин?

4 Муқаддас Китобда Худонинг «Иблис ва Шайтон деб аталган» душмани борлиги ҳақида айтилган. Шайтон Адан боғида илондан фойдаланиб Момоҳавога гапирган. (Ваҳий 12:9; Ибтидо 3:1) У шундай қилганки, худди илон гапираётгандай туюлган. (7- иловага қаранг.)

5 Қизиқ, Шайтон Иблис қаердан пайдо бўлган? Худо уни ёвуз қилиб яратганми? Асло! Худо ер юзини Одамато билан Момоҳаво яшаши учун тайёрлаётганида у осмонда бир фаришта эди. (Аюб 38:4, 7) Аммо у ўзгаришни бошлади ва Шайтонга айланди. У шунингдек, Иблис деб ном олди. Фаришта мана шундай ўзгариб кетиши мумкинми? Буни ростгўй бир инсон ўзгариб, ўғрига айланиши билан солиштирса бўлади. Тўғри, бу одам ўғри бўлиб туғилмаган. Аммо у ўзига тегишли бўлмаган бирон нарсани олишни истайди. У бу ҳақда ўйлашни давом эттиради ва унинг нотўғри истаги кучайиб боради. Кейин имконият пайдо бўлиши билан у ўша нарсани ўғирлайди. Шундай қилиб, у ўғрига айланади. (Ёқуб 1:13–15 ни ўқинг; 8- иловага қаранг.)

6. Қандай қилиб бир фаришта Худонинг душманига айланган?

6 Шундай ҳол ўша фаришта билан ҳам юз берди. Яҳова Одамато ва Момоҳавони яратганидан сўнг, уларга серфарзанд бўлиб «ер юзини тўлдиришни» буюрди. (Ибтидо 1:27, 28) Ўша фаришта «Барча инсонлар Яҳовага эмас, менга топинса бўлади-ку!» деб ўйлаган бўлиши мумкин. У бу ҳақда кўп ўйлагани сайин Яҳовага тегишли нарсага эга бўлиш истаги кучайиб борган. Бу фаришта инсонлар унга топинишини истаган. Шу сабабли у Момоҳавони алдаб, уни йўлдан урган. (Ибтидо 3:1–5 ни ўқинг.) Шундай йўл тутиб, у Шайтон Иблисга — Худонинг душманига айланган.

7. а) Одамато ва Момоҳаво нега ўлишди? б) Нега биз қариймиз ва ўламиз?

7 Одамато ва Момоҳаво Худога қулоқ солмай, тақиқланган мевадан ейишди. (Ибтидо 2:17; 3:6) Улар Яҳовага қарши гуноҳ қилишди ва Яҳова айтганидай вақт ўтиб вафот этишди. (Ибтидо 3:17–19) Одамато ва Момоҳавонинг болалари ҳам гуноҳкор бўлгани сабабли ўлишди. (Римликларга 5:12 ни ўқинг.) Нима учун уларнинг фарзандлари ҳам гуноҳкор бўлганини тушуниш учун, келинг, битта мисолни кўриб чиқайлик. Тасаввур қилинг: нон қолипининг эзилган жойи бор. Ундан чиққан ҳар бир нон эзилган жойининг изи билан чиқади. Одамато Худога қулоқ солмагани учун гуноҳкорга айланди. Одаматонинг фарзандлари бўлганимиз учун барчамиз гуноҳкормиз, бошқача айтганда, уники каби «из» билан туғиламиз. Ҳаммамиз гуноҳкор бўлганимиз боис қариймиз ва ўламиз. (Римликларга 3:23; 9- иловага қаранг.)

8, 9. а) Шайтон Одамато ва Момоҳавони нимага ишонтирмоқчи бўлди? б) Нега Яҳова исёнкорларни ўша заҳотиёқ йўқ қилмади?

8 Шайтон Одамато билан Момоҳавони Яҳовага итоатсизлик қилишга оғдириб, Унга қарши исён кўтарди. У Одамато билан Момоҳавони Яҳова ёлғончи ва уларга яхшиликни тиламайдиган ёмон ҳукмдор эканига ишонтирмоқчи бўлди. Шайтон: «Одамлар Худонинг йўл-йўриғига муҳтож эмас, нима яхши ва нима ёмон эканини ўзлари ҳам ҳал қила олади»,— дегандай бўлди. Яҳова-чи, қандай йўл тутди? У исёнкорларни йўқ қилиб, исёнга чек қўйиши мумкин эди. Аммо бу Шайтон ёлғончи эканини исботлармиди? Йўқ, исботламас эди.

9 Шу сабабли Яҳова исёнкорларни ўша заҳотиёқ йўқ қилмади. Аксинча, У инсонлар ўз-ўзини бошқаришига йўл қўйди. Бу туфайли Шайтон ёлғончи экани ҳамда Яҳова инсонлар учун нима яхши эканини билиши ошкор бўларди. 11- бобда бу ҳақида кўпроқ билиб оламиз. Сизнингча, Одамато ва Момоҳаво тўғри қарор чиқаришдими? Улар Худога қулоқ солмай, Шайтонга ишониб тўғри йўл тутишдими? Бу жуфтлик эга бўлган барча нарсани — мукаммал ҳаёт, яшашлари учун гўзал боғ ва қизиқарли ишни уларга Яҳова берган эди. Шайтон эса уларга ҳеч қандай яхшилик қилмаган эди. Уларнинг ўрнида бўлганингизда қандай йўл тутардингиз?

10. Ҳар биримиз қандай муҳим танлов олдида турибмиз?

10 Бугунги кунда ҳар биримиз худди шундай танлов олдида турибмиз ва ҳаётимиз шу танловга боғлиқ. Биз Яҳовага Ҳукмдор сифатида бўйсунишни танлашимиз ва Шайтон ёлғончи эканини исботлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Ёки ҳукмдор сифатида Шайтонни танлашимиз мумкин. (Забур 73:28; Ҳикматлар 27:11 ни ўқинг.) Бу дунёда ниҳоятда камчилик Худога бўйсуняпти. Бундан ташқари, дунёни Худо бошқармаяпти. Унда дунёни ким бошқаряпти?

ДУНЁНИ КИМ БОШҚАРЯПТИ?

Дунёдаги барча шоҳликлар Шайтонга тегишли бўлмаганида Исога уларни таклиф қила олармиди?

11, 12. а) Шайтоннинг Исога қилган таклифидан нимани билиб оляпмиз? б) Қайси оятлар дунёни Шайтон бошқараётганини кўрсатяпти?

11 Исо дунёни аслида ким бошқараётганини биларди. Бир сафар Шайтон унга «дунёнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини кўрсатган». Кейин Исога шундай деб ваъда берган: «Буларнинг ҳаммасини сенга бераман, фақат менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас». (Матто 4:8, 9; Луқо 4:5, 6) Бир ўйлаб кўринг: агар бу шоҳликлар Шайтонга тегишли бўлмаганида, Исога уларни таклиф қилармиди? Йўқ, албатта. Барча ҳукуматлар Шайтонга тегишли.

12 Сиз «Қанақасига Шайтон бу дунёнинг ҳукмдори бўлиши мумкин? Ахир бутун борлиқни Қодир Тангри Яҳова яратган-ку!» деб ўйлашингиз мумкин. (Ваҳий 4:11) Ҳа, У яратган, лекин Исо Шайтонни «бу дунёнинг ҳокими» деб очиқчасига айтган. (Юҳанно 12:31; 14:30; 16:11) Худонинг хизматчиси Павлус Шайтон Иблисни «ушбу замонанинг худоси» деб атаган. (2 Коринфликларга 4:3, 4) Бошқа бир хизматчиси Юҳанно: «Бутун дунё эса Шайтоннинг ҳукмида»,— деб ёзган. (1 Юҳанно 5:19)

ШАЙТОННИНГ ДУНЁСИ ҚАЙ ЙЎСИН ЯКСОН ҚИЛИНАДИ?

13. Нега янги дунёга муҳтожмиз?

13 Бу дунё борган сари хавфли бўлиб боряпти. Дунё урушлар, порахўрлик, иккиюзламачилик ва зўравонликка тўлиб-тошган. Инсонлар қанча уринмасин, бу барча муаммоларни бартараф эта олмайди. Бироқ тез орада Аллоҳ Армагеддон жангида бу ёвуз дунёни яксон қилади ва ўрнига адолатли янги дунёни ўрнатади. (Ваҳий 16:14–16; 10- иловага қаранг.)

14. Яҳова Шоҳликнинг Шоҳи сифатида кимни танлади? Муқаддас Китобда Исо ҳақида нима башорат қилинган?

14 Қандай қилиб Худо янги дунёни ўрнатади? У буни Самовий ҳукумати орқали амалга оширади. Бу ҳукумат Худонинг Шоҳлиги деб аталади. Яҳова Исо Масиҳни бу Шоҳликнинг Шоҳи сифатида танлади. Минглаб йиллар аввал Муқаддас Китобда Исо «Тинчлик шаҳзодаси» сифатида бошқариши ҳамда унинг ҳукумати мангу туриши ҳақида башорат қилинган. (Ишаё 9:6, 7) Исо ўз издошларини ушбу ҳукумат тўғрисида шундай деб ибодат қилишни ўргатган: «Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин». (Матто 6:10) Қай йўсин Худонинг Шоҳлиги ер юзидаги ҳукуматларнинг ўрнини эгаллаши ҳақида 8- бобда билиб оламиз. (Дониёр 2:44 ни ўқинг.) Худонинг Шоҳлиги ер юзини гўзал жаннатга айлантиради. (11- иловага қаранг.)

ЯНГИ ДУНЁ ЯҚИН!

15. «Янги ер» ибораси нимани англатади?

15 Муқаддас Китобда шундай сўзлар ёзилган: «Биз... адолат ҳукм сурадиган янги осмон ва янги ерни кутяпмиз». (2 Бутрус 3:13; Ишаё 65:17) Баъзан Муқаддас Китобда «ер» сўзи остида унда яшовчи одамлар назарда тутилади. (1 Солномалар 16:31) Демак, адолат ҳукм сурадиган «янги ер» деганда Худога итоаткор ва Унинг марҳаматига эга бўлган одамлар тушунилади.

16. Худо янги дунёда яшайдиганларга қандай совға беради ва бу совғани олиш учун нима қилишимиз керак?

16 Исонинг ваъдасига кўра, Худонинг янги дунёсида яшайдиган инсонларга «абадий ҳаёт» тақдим этилади. (Марк 10:30) Ушбу совғани олиш учун нима қилишимиз керак? Жавоб топиш учун, марҳамат, Юҳанно 3:16 ва 17:3 ни ўқинг. Келинг энди, ер юзидаги жаннатда ҳаёт қандай бўлиши ҳақида Муқаддас Китобда нималар ёзилганини кўриб чиқайлик.

17, 18. Бутун ер юзида тинчлик-осойишталик бўлишини ва хавфсизликда яшашимизни қаердан биламиз?

17 Ёвузлик, жиноятчилик, зўравонлик ва урушлар бошқа бўлмайди. Ер юзида битта ҳам ёвуз инсон қолмайди. (Забур 37:10, 11) Аллоҳ «ер юзи бўйлаб жангларга барҳам беради». (Забур 46:9; Ишаё 2:4) Бутун ер юзида Худони яхши кўрадиган ва Унга итоаткор инсонлар яшайди. Тоабад тинчлик-осойишталик бўлади. (Забур 72:7)

18 Яҳованинг халқи хавфсизликда яшайди. Қадимда исроилликлар Худога итоат қилиб юрган пайтда У уларни ҳимоя қилган. Шунинг учун улар бехатар ҳаёт кечиришган. (Левилар 25:18, 19) Жаннатда ҳеч ким ва ҳеч нарса бизни қўрқувга солмайди. Биз ҳамиша хавфсизликда яшаймиз! (Ишаё 32:18; Михо 4:4 ни ўқинг.)

19. Янги дунёда озиқ-овқат сероб бўлишига нега ишончимиз комил?

19 Озиқ-овқат сероб бўлади. «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади». (Забур 72:16) Яҳова «Худойимиз бизни баракали қилади» ва «замин ўз ҳосилини беради». (Забур 67:6)

20. Бутун ер юзи жаннатга айланишини қаердан биламиз?

20 Бутун ер юзи жаннатга айланади. Одамларнинг чиройли уйлари ва боғлари бўлади. (Ишаё 65:21–24; Ваҳий 11:18 ни ўқинг.) Рўйи замин Адан боғидай гўзал боққа айланади. Яҳова биз нимага муҳтож бўлсак, шуни беради. Муқаддас Китобда У ҳақида шундай дейилган: «Сен қўлингни очиб, ҳар бир тирик жоннинг истагини қондирасан». (Забур 145:16)

21. Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида тинчлик бўлишини қаердан биламиз?

21 Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида тинчлик бўлади. Ҳайвонлар инсонларга зарар етказмайди. Кичкина болалар бугунги кунда хавфли ҳисобланган ҳайвонлар орасида ҳам ўзини бехатар ҳис қилади. (Ишаё 11:6–9; 65:25 ни ўқинг.)

22. Исо касал инсонлар учун нима қилади?

22 Ҳеч ким касал бўлмайди. Исо ер юзида бўлганида кўп инсонларга шифо берган. (Матто 9:35; Марк 1:40–42; Юҳанно 5:5–9) Аммо Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида Исо барчага шифо беради. Ўшанда ҳеч ким: «Мен касалман»,— демайди. (Ишаё 33:24; 35:5, 6)

23. Худо ҳаётдан кўз юмган инсонлар учун нима қилади?

23 Вафот этган инсонлар яна яшайди. Худо ҳаётдан кўз юмган миллионлаб инсонларни тирилтиришга ваъда беряпти. «Адолатли ва адолатсиз одамлар тирилади». (Ҳаворийлар 24:15; Юҳанно 5:28, 29 ни ўқинг.)

24. Жаннатда яшашни истайсизми?

24 Барчамиз танлаш имкониятига эгамиз. Биз Яҳова ҳақида билим олиш ва Унга хизмат қилишни танлашимиз ёки ўзимиз хоҳлаганча йўл тутишимиз мумкин. Яҳовага хизмат қилишни танласак, келажагимиз порлоқ бўлади. Исо ёнида ўлаётган жиноятчига: «Сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз»,— деб ваъда берган. (Луқо 23:43)