Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

Бахтли оилавий ҳаёт

Бахтли оилавий ҳаёт
  • Яхши эр бўлиш учун нима қилиш керак?

  • Яхши хотин бўлиш учун нима қилиш лозим?

  • Яхши ота-она бўлиш учун нима қилиш даркор?

  • Фарзандлар оилавий бахтга қандай ҳисса қўша олади?

1. Оилавий бахтнинг сири нимада?

ХУДОВАНД ЯҲОВА оилангиз бахтли бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун, Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан оиланинг ҳар бир аъзоси ўзига фойдали маслаҳатлар топа олади. Агар улар бу маслаҳатларга риоя қилишса, оилавий ҳаёт бахт келтириши муқаррар. Исо шундай деган: «Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:28)

2. Оилавий ҳаёт бахтли бўлиши учун нимани тан олишимиз керак?

2 Ҳазрати Исо Тангри Яҳовани «Отамиз» деб атаган экан, демак, оилавий ҳаёт бахтли бўлиши учун оиланинг асосчиси Худо эканини тан олишимиз керак. (Матто 6:9) Ер юзидаги ҳар бир оила осмондаги Отамиз туфайли пайдо бўлган, шу боис, У оилавий бахтнинг сири нимада эканини яхши билади. (Эфесликларга 3:14, 15) Хўш, оиланинг ҳар бир аъзоси қандай ўринга эга экани ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

ОИЛАНИНГ АСОСЧИСИ ХУДОДИР

3. Муқаддас Китобга биноан илк оила қандай пайдо бўлган ва нега бунга ишонишимиз мумкин?

3 Яҳова Одамато билан Момоҳавони яратиб, уларни никоҳ ришталари билан боғлаган. У бу жуфтликни жаннатмакон Адан боғига жойлаштириб, фарзандли бўлишини айтган. Яҳова уларга: «Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар ва ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар»,— деган. (Ибтидо 1:26–28; 2:18, 21–24) Бу қандайдир афсона эмас, чунки Тавротда оилага асос солингани ҳақида ёзилганларни шахсан Исо тасдиқлаган эди. (Матто 19:4, 5) Тўғри, ҳозирги ҳаёт Худо ният қилганидай эмас ва муаммолар ҳам бошимиздан ошиб ётибди. Шунга қарамай, оила қандай қилиб бахтли бўлиши мумкинлигини кўриб чиқайлик.

4. а) Қандай қилиб оиланинг ҳар бир аъзоси оила бахтли бўлишига ҳисса қўша олади? б) Нега оилада бахтли бўлиш учун Исо ҳақида билиб олиш лозим?

4 Оиланинг ҳар бир аъзоси Худонинг севгисига тақлид қилса, оила бахтли бўлишига ҳисса қўшади. (Эфесликларга 5:1, 2) Аммо биз Худони кўрмаган бўлсак, Унга қандай тақлид қилишимиз мумкин? Яҳованинг шахсиятини билишимиз учун У тўнғич Ўғлини ер юзига юборган. (Юҳанно 1:14, 18) Исо ер юзида бўлганида самовий Отасига тақлид қилган. Шу йўсин, одамлар Исони тинглаганда ва кўрганда, худди Яҳовани кўриб, эшитгандай бўлишган. (Юҳанно 14:9) Хуллас, Исо намоён этган севги ҳақида билиб, унинг ўрнагига тақлид қилсак, ҳар биримиз оиламиз бахтли бўлишига кўмаклаша оламиз.

ЭРЛАР УЧУН ЎРНАК

5, 6. а) Исо жамоатга нисбатан қандай муносабатда эди ва эрлар ундан қандай ўрнак олиши мумкин? б) Гуноҳлар кечирилиши учун нима қилиш лозим?

5 Муқаддас Китобда айтилишича, Исо шогирдларига қандай муомала қилган бўлса, эрлар ҳам хотинларига шундай муомала қилишлари даркор. Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Эрлар, хотинларингизни доимо севинглар. Зеро Масиҳ ҳам жамоатни севиб, у учун ўзини фидо қилди. [...] Худди шундай, эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди. Масиҳ ҳам жамоати билан шундай йўл тутади». (Эфесликларга 5:23, 25–29)

6 Исо шогирдларини севгани эрлар учун ажойиб ўрнакдир. Шогирдлари номукаммал бўлишса-да, Исо уларни «охиригача севиб», улар учун ўз жонини фидо қилган. (Юҳанно 13:1; 15:13) Муқаддас Китобда эрларга: «Хотинларингизни севинглар ва уларга ғазабланманглар»,— деб маслаҳат берилган. (Колосаликларга 3:19) Айниқса хотини нотўғри йўл тутганда, эр бу маслаҳатга амал қилишига нима ёрдам беради? Авваламбор эр ҳам адашиб туришини ва Худо уни кечириши учун у нима қилиши кераклигини ёдда тутиши даркор. Хўш, эр нима қилиши лозим? Эр унга қарши гуноҳ қилганларни, жумладан, хотинини кечириши керак. Албатта, бу маслаҳат хотинига ҳам тегишли. (Матто 6:12, 14, 15 ни ўқинг.) Бахтли никоҳ, кечиришга тайёр бўлган икки кишининг иттифоқи, деб бежиз айтишмайди.

7. Исо нимани ҳисобга олар эди ва эрлар бундан қандай сабоқ олиши мумкин?

7 Исо шогирдларига доимо эътиборли бўлганини ҳам эрлар ёдда тутишлари керак. Исо уларнинг имкониятларию жисмоний эҳтиёжларини ҳисобга олар эди. Масалан, шогирдлари чарчаганида у: «Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз»,— деб айтган эди. (Марк 6:30–32) Хотинлар ҳам меҳр ва эътиборга муҳтож. Муқаддас Китобда аёллар «нафис идишга» ўхшатилган бўлиб, эрларга уларни «эъзозлаш» буюрилган. Нега? Чунки эрлар ҳам, хотинлар ҳам «ҳаёт инъомининг меросхўрлари». (1 Бутрус 3:7) Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, Худонинг назарида инсоннинг садоқати қадрли эканини эрлар эсда тутишлари керак. (Забур 101:6)

8. а) Қайси маънода «ўз хотинини севган ўзини ўзи севади»? б) Эр ва хотин «бир тан» бўлиши нимани англатади?

8 Муқаддас Китобда: «Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади»,— деб айтилган. Чунки Исо эркак ва аёл ҳақида «энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади» деган. (Матто 19:6) Демак, улар фақатгина бир-бири билан жинсий алоқада бўлиши лозим. (Ҳикматлар 5:15–21; Ибронийларга 13:4) Никоҳи бахтли бўлиши учун улар фақат ўзини ўйламай, бир-бирининг эҳтиёжларини инобатга олиши керак. (1 Коринфликларга 7:3–5) Қуйидаги эслатмага алоҳида эътибор қаратинг: «Ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди». Эр хотинини ўзини севгандай севиб, боши бўлган Исо Масиҳнинг олдида жавобгар эканини унутмаслиги керак. (Эфесликларга 5:29; 1 Коринфликларга 11:3)

9. Филиппиликларга 1:8 да Исонинг қайси фазилати тўғрисида айтилган ва нега эр бу фазилатни хотинига намоён этиши лозим?

9 Ҳаворий Павлус Исо Масиҳнинг бошқаларга нисбатан севгиси ҳақида айтиб ўтган. (Филиппиликларга 1:8) Исонинг севгиси одамларга тетиклик бахш этиб, уларни унга жалб қилган. Шу боис, аёллар ҳам Исонинг шогирди бўлишган. (Юҳанно 20:1, 11–13, 16) Аёллар турмуш ўртоқларидан айнан шундай севгини кутишади.

ХОТИНЛАР УЧУН ЎРНАК

10. Исо хотинларга қандай ўрнак кўрсатди?

10 Оила худди ташкилотга ўхшайди ва у муваффақиятли бўлиши учун унинг боши бўлиши керак. Ҳатто Исо ҳам ўз Бошига бўйсунади. Масиҳнинг боши Худо бўлгани каби «аёлнинг боши эркак». (1 Коринфликларга 11:3) Худонинг бошчилигига итоат қилиб, Исо бизга яхши ўрнак кўрсатди, зеро ҳар биримизнинг бошимиз бор.

11. Хотин эрига нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак ва бу қандай самара келтириши мумкин?

11 Ҳар бир эркак номукаммал, шу боис доим ҳам оиладаги вазифаларини аъло даражада бажара олмайди. Хўш, хотини нима қилиши лозим? У эрининг обрўйини тўкмаслиги ёки бошчиликни ўз қўлига олмаслиги керак. Аёллар Худонинг назарида сокин ва мулойим руҳ қимматбаҳо эканини ёдда тутиши мақсадга мувофиқ. (1 Бутрус 3:4) Агар хотин бундай руҳни намоён этса, ҳатто мушкул пайтда ҳам эрини бош сифатида тан олиши осонроқ бўлади. Ахир Муқаддас Китобда: «Хотин эса эрини чуқур ҳурмат қилсин»,— дейилган. (Эфесликларга 5:33) Бироқ эр Масиҳни ўз боши сифатида тан олмаса-чи? Муқаддас Китобда хотинлар учун: «Эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар. Шунингдек, улар бенуқсон хатти-ҳаракатингизни ва чуқур ҳурмат қилишингизни кўришсин»,— деган маслаҳат бор. (1 Бутрус 3:1, 2)

12. Нега аёл ўз фикрини мулойимлик билан айтиши ҳурматсизликни англатмайди?

12 Эри имондошимиз бўладими ёки йўқми, аёл киши ўз фикрини мулойимлик билан айтса бу ҳурматсизликни англатмайди. Унинг нуқтаи назари тўғри бўлиши мумкин ва эри унга қулоқ солса бутун оиласи фойда кўради. Масалан, Иброҳим пайғамбар оилавий бир масалада хотини Соранинг фикрига қўшилмаганда Худо унга: «Унинг гапларига қулоқ сол»,— деб айтган. (Ибтидо 21:9–12 ни ўқинг.) Албатта, эр Худонинг амрига зид бўлмаган қарор чиқарган бўлса, хотини бўйсуниб, бу қарорга қўшилади. (Ҳаворийлар 5:29; Эфесликларга 5:24)

Сора хотинларга қандай ажойиб ўрнак кўрсатди?

13. а) Титусга 2:4, 5 га кўра хотин нима қилиши керак? б) Муқаддас Китобда алоҳида яшаш ва ажралиш тўғрисида нима дейилган?

13 Ўз вазифаларини бажараётиб хотин оиласига кўп жиҳатдан ғамхўрлик қилиши мумкин. Масалан, Муқаддас Китобда хотинлар «эрларини, фарзандларини севишга, ақли расо, ахлоқан пок, рўзғорга жонкуяр, ҳимматли бўлишга, эрларига бўйсунишга» ўрганишсин, деб айтилган. (Титусга 2:4, 5) Бу маслаҳатга амал қилган аёл эрининг ҳамда болаларининг меҳринию ҳурматини қозонади. (Ҳикматлар 31:10, 28 ни ўқинг.) Никоҳ иккита номукаммал одамнинг иттифоқи экан, баъзи жиддий вазиятлар уларнинг алоҳида яшаши ёки ажралишига олиб келиши мумкин. Муқаддас Китобда муайян вазиятларда эр-хотин алоҳида яшашига ижозат берилган. Бироқ бундай қарорни енгилтаклик ила чиқармаслик лозим. Худонинг Каломида қуйидагини ўқиймиз: «Хотин эрини ташлаб кетмасин. [...] Эр ҳам хотинини ташлаб кетмасин». (1 Коринфликларга 7:10, 11) Лекин Муқаддас Китобга биноан ажралишга ягона сабаб бевафоликдир. (Матто 19:9)

ОТА-ОНАЛАР УЧУН ЎРНАК

14. а) Исо болаларга қандай муомала қилган? б) Фарзандлар нимага муҳтож?

14 Фарзандларга қандай муомала қилиш борасида Исо ота-оналарга ажойиб ўрнак кўрсатди. Унинг ёнига болаларни қўйишмаганда, у: «Болажонларга тўсқинлик қилманглар, олдимга келаверишсин»,— деди. Муқаддас Китобда айтилишича, «Исо болаларни қучоқлаб, устиларига қўлини қўйиб дуо қилди». (Марк 10:13–16) Исо болаларга вақт ажратган бўлса, азиз ота-оналар, сиз ҳам фарзандларингизга вақт ажратсангиз яхши бўлади, шундай эмасми? Фарзандларингиз бир оз эмас, кўп вақт ажратишингизга муҳтож. Сиз уларга таълим-тарбия бериш учун вақт ажратишингиз керак, чунки буни Яҳова амр этган. (Қонунлар 6:4–9 ни ўқинг.)

15. Ота-оналар фарзандларини қандай ҳимоя қилиши мумкин?

15 Бу дунё ёвузлашиб боряпти экан, ота-оналар фарзандларини ҳимоя қилиши даркор, айниқса, номусга тажовуз қиладиган разил одамлардан. Исо «севикли болаларим», деб атаган шогирдларини қандай ҳимоя қилганига эътибор беринг. Исони ўлдириш учун ҳибсга олишганда, у шогирдлари қочиб кетиши учун имкон яратган. (Юҳанно 13:33; 18:7–9) Ота-она сифатида, Иблис фарзандларингизга зарар етказмаслиги учун сергак бўлишингиз керак. Уларни доимо огоҳлантириб туришингиз лозим *. (1 Бутрус 5:8) Уларнинг жисмоний, маънавий ва ахлоқий соғлиги ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ хавф остидадир.

Исо болаларга қилган муносабатдан ота-оналар нимани ўрганиши мумкин?

16. Исо шогирдларнинг номукаммаллигига қандай қараган ва ота-оналарга бу қандай ўрнак?

16 Исонинг ўлимидан олдинги кечада шогирдлар ким буюкроқ деб ўзаро баҳслашишган. Исо уларга ғазабланмай, ҳам сўзда, ҳам амалда севги ила таълим беришда давом этган. (Луқо 22:24–27; Юҳанно 13:3–8) Ота-она бўлсангиз, болаларни тўғри йўлга солишда Исога қандай тақлид қилишингиз мумкин? Тўғри, уларни тарбиялашга ҳақлисиз, бироқ буни «етарлича», яъни меъёридан оширмай, ғазабланмасдан қилиш лозим. Сўзларингиз «қиличдай» жароҳатлайдиган бўлмасин. (Еремиё 30:11; Ҳикматлар 12:18) Шундай тарбия берингки, бола кейинчалик бу ўринли бўлганини тушунсин. (Эфесликларга 6:4; Ибронийларга 12:9–11)

ФАРЗАНДЛАР УЧУН ЎРНАК

17. Қандай қилиб Исо болаларга мукаммал ўрнак кўрсатган?

17 Исодан болалар ҳам ўрнак олиши мумкинми? Бўлмасам-чи! Ота-онага итоат қилишда Исо ажойиб ўрнак кўрсатган. У шундай деган: «Отам қандай ўргатган бўлса, шуларни айтяпман. [...] Мен доим Унга маъқул бўлган ишни қиламан». (Юҳанно 8:28, 29) Исо самовий Отасига итоат қилган, болалар ҳам ота-оналарига итоат қилиши керак. (Эфесликларга 6:1–3 ни ўқинг.) Исо мукаммал бола бўлганига қарамай, номукаммал ота-онаси Юсуф билан Марямга бўйсунган. Шубҳасизки, бу оиланинг ҳар бир аъзосига шодлик келтирган. (Луқо 2:4, 5, 51, 52)

18. а) Нега Исо доимо самовий Отасига итоат қилган? б) Итоатли бўлиб болалар кимни хурсанд қилади?

18 Болалар қайси жиҳатдан Исога кўпроқ тақлид қилиб, ота-онасини хурсанд қила олади? Тўғри, ота-онанинг гапига қулоқ солиш доимо осон эмас, бироқ бу Тангрининг хоҳиш-иродасидир. (Ҳикматлар 1:8; 6:20) Исо ҳатто қийин вазиятларда ҳам самовий Отасига итоат қилган. Бир сафар, Худонинг иродасини бажариш ниҳоятда қийин бўлгани учун Исо: «Бу косани [маълум бир вазифани] мендан узоқлаштир»,— деган эди. Лекин у Отаси қандай йўл тутиш кераклигини яхшироқ билишини тушуниб Унинг айтганини бажарган. (Луқо 22:42) Итоатли бўлишни ўрганиб, болалар ота-онасини ҳам, самовий Отамизни ҳам хурсанд қила олади *. (Ҳикматлар 23:22–25)

Васваса пайтда ёшлар нимани ёдда тутиши керак?

19. а) Шайтон болаларни қай йўсин васвасага соляпти? б) Болаларнинг ёмон хулқи ота-онага қандай таъсир қилиши мумкин?

19 Иблис ҳатто Исони васвасага солган. Шубҳасиз, у болаларни ҳам ёмон ишлар қилишга ундайди. (Матто 4:1–10) Шайтон Иблис тенгдошларнинг босимини ишга солади ва бунга қарши туриш осон эмас. Шунинг учун, болалар ёмонлик қилувчи одамлар билан дўстлашмаслиги нақадар муҳим! (1 Коринфликларга 15:33) Масалан, Ёқубнинг Дина деган қизи Яҳовага топинмайдиган одамлар билан дўст бўлиб, бошига бало орттирган эди. (Ибтидо 34:1, 2) Агар кимдир ахлоқсизликка қўл урса, оиласига бу қанчалик қайғу келтиришини бир ўйлаб кўринг. (Ҳикматлар 17:21, 25)

ОИЛАВИЙ БАХТНИНГ СИРИ

20. Оила бахтли бўлиши учун оиланинг ҳар бир аъзоси нима қилиши керак?

20 Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга риоя қилсак, оилавий муаммоларни енгиш осонроқ бўлади. Ҳа, шу каби маслаҳатларга амал қилиш оилавий бахтнинг сиридир. Хуллас, эрлар, хотинларингизни севиб, уларга Исо шогирдларига қилгандай муомалада бўлинг. Хотинлар, эрларингизнинг бошчилигига бўйсуниб, Ҳикматлар 31:10–31 да ёзилган «фаросатли хотинга» тақлид қилинг. Ота-оналар, фарзандларингизни тарбияланг. (Ҳикматлар 22:6) Оталар, уйингиздагиларни «яхши бошқара оладиган» бўлинг. (1 Тимўтийга 3:4, 5; 5:8) Фарзандлар, ота-онангизга қулоқ солинг. (Колосаликларга 3:20) Ҳеч бир оила мукаммал эмас ва барчамиз хато қиламиз. Шундай экан, бир-биримиздан камтарлик ила кечирим сўрайлик.

21. Бизни қандай ажойиб келажак кутяпти ва оилавий бахтга ҳозирнинг ўзида қандай эриша оламиз?

21 Дарҳақиқат, Муқаддас Китобда оилага тегишли қимматбаҳо маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар мавжуд. Боз устига, унда янги дунё ҳақида ва ер юзидаги жаннат Яҳовага топинадиган бахтли одамларга тўлиши тўғрисида айтилган. (Ваҳий 21:3, 4) Бизни ажойиб келажак кутяпти! Лекин ҳозирнинг ўзида Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқларга риоя қилиб, оилавий бахтга эриша оламиз.

^ абз. 15 Фарзандларингизни ҳимоя қилиш борасида кўпроқ маълумот олиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Улуғ Устозга қулоқ солинг» китобининг 32- бобига қаранг.

^ абз. 18 Ота-она Худонинг амрига зид нарсани талаб қилгандагина, бола уларга итоат қилмаслиги мумкин. (Ҳаворийлар 5:29)