Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланг

Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланг
  • Худони севиш нимани англатади?

  • Худонинг меҳр-муҳаббатида қандай сақланишимиз мумкин?

  • Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланганлар қандай мукофот олади?

Бўронга ўхшаш бу замонда Яҳова бошпанангиз бўладими?

1, 2. Мустаҳкам бошпанани қаердан топишимиз мумкин?

ТАСАВВУР қилинг, йўлда кетяпсиз, ҳаво булутли. Бир пайт осмон қоронғилашиб, чақмоқ чақдию момақалдироқ гумбурлаб, ёмғир қуя бошлади. Шоша-пиша у ёққа бу ёққа қарадингиз ва йўл бўйида бошпана кўриб қолиб, у ерга югуриб бордингиз. У ер хавфсиз, қуруқ ва қулай. Бундай жойни топганингиздан қанчалик хурсандсиз!

2 Биз нотинч замонда яшаяпмиз. Дунёдаги аҳвол оғирлашиб боряпти. Бироқ бизни ҳимоя қиладиган мустаҳкам бошпанамиз бор. Бу қандай бошпана экан? Жавобини Муқаддас Китобдан топиш мумкин: «Мен Яҳовага: “Сен менинг бошпанам ва қўрғонимсан, таянадиган Худойимсан”,— дейман». (Забур 91:2)

3. Қандай қилиб Яҳовани бошпанамиз қила оламиз?

3 Ўйлаб кўринг, Парвардигоримиз ва бутун оламнинг Ҳукмдори Яҳова мустаҳкам бошпанамиз бўлиши мумкин! У бизга зиён етказмоқчи бўлган ҳар кимдан ёки ҳар нарсадан қудратлироқ бўлиб, бизни ҳимоялашга қодир. Ҳатто бошимизга кулфат тушса ҳам, Яҳова бизни барча зарардан халос қила олади. Қандай қилиб Яҳовани бошпанамиз қила оламиз? Аввало Унга умид боғлашимиз керак. Шунингдек, Муқаддас Китобда: «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланглар»,— деб ёзилган. (Яҳудо 21) Дарҳақиқат, Худонинг меҳр-муҳаббати остида бўлиб, У билан дўстона муносабатларни ривожлантиришимиз керак. Шундагина Яҳова чиндан ҳам бошпанамиз бўлади. Лекин бундай муносабатларга қай йўсин эришиш мумкин?

ХУДОНИНГ МЕҲР-МУҲАББАТИНИ ҚАДРЛАНГ

4, 5. Яҳованинг бизга нисбатан меҳр-муҳаббати нималарда аён бўляпти?

4 Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланиш учун У бизга нисбатан бу фазилатни қандай намоён этаётганини англашимиз даркор. Масалан, бу китоб ёрдамида билиб олган таълимотлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Парвардигор Яҳова бизга совға сифатида ажойиб уйни — сайёрамизни берди. Бу уй турли-туман озиқ-овқатлар, сув, табиий бойликлар, ҳайвонот олами ва чиройли манзараларга бой. Муқаддас Китобнинг Муаллифи сифатида Худо бизга Ўз исминию фазилатларини очиб берди. Боз устига, У ер юзига севикли Ўғлини юбориб, у биз учун азоб чекиши ва ўлишига йўл қўйганини Каломидан билиб олдик. (Юҳанно 3:16) Бу ҳадя биз учун нимани англатади? У орқали ажойиб келажакка умид қилишимиз мумкин.

5 Келажакка умидимиз Аллоҳ амалга оширган яна бир нарсага боғлиқ. Яҳова самовий ҳукумат, яъни Масиҳий Шоҳлик ўрнатган. Бу Шоҳлик яқинда бизни барча азоб-уқубатлардан халос этиб, ер юзини жаннатга айлантиради. Бир ўйлаб кўринг, биз тинч-тотув ва бахтиёр ҳаёт кечиришимиз мумкин. (Забур 37:29) Бироқ ҳозирнинг ўзида ҳаётимизни яхшилашимиз учун Худованд бизга йўл-йўриқ тақдим этяпти. Шунингдек, ибодат қилиш шарафига эгамиз. Биз бемалол У билан мулоқот қилишимиз мумкин. Бу, Яҳова инсониятга ва шахсан сизга кўрсатаётган меҳр-муҳаббатнинг бир нечта исботи, холос.

6. Яҳованинг меҳр-муҳаббатига жавобан нима қила оласиз?

6 Энди муҳим бир саволни кўриб чиқишингиз керак: «Яҳованинг меҳр-муҳаббатига жавобан нима қила оламан?» Кўплар: «Мен ҳам Яҳовани яхши кўришим керак»,— деб жавоб беради. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Исо қуйидаги амрни ҳаммасидан муҳимроқ деб таъкидлаган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севинг». (Матто 22:37) Ҳа, Худованд Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севиш учун барча асосларингиз бор. Аммо бу туйғунинг ўзи етарлими?

7. Худони севиш ҳис-туйғудан кўпроқ нарсани англатишини мисол ёрдамида тушунтиринг.

7 Муқаддас Китобдан билиб олганимиздай, Худони севиш ҳис-туйғудан кўпроқ нарсани англатади. Тўғри, Яҳовага нисбатан севги туйғуси бўлиши керак, бироқ бу ҳақиқий севгининг бошланиши, холос. Бир мисол: олма уруғидан мева келтирадиган катта дарахт ўсиб чиқиши мумкин. Агар олма ейишни хоҳласангиз, кимдир сизга уруғини берса олма егандай бўласизми? Қайдам. Худди шундай ҳис-туйғу, Яҳовага бўлган севгининг бошланиши, холос. Муқаддас Китобда шундай дейилади: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас». (1 Юҳанно 5:3) Худога бўлган чинакам севги яхши самара келтириши даркор. У амалда намоён бўлади. (Матто 7:16–20 ни ўқинг.)

8, 9. Худога бўлган севгимизни ва миннатдорчилигимизни қандай кўрсата оламиз?

8 Худога бўлган севгини Унинг амрларига ва принципларига амал қилиб кўрсата оламиз. Бундай йўл тутиш оғир эмас. Аксинча, Яҳованинг қонунлари яхши, бахтли ва мамнуният келтирадиган ҳаёт кечиришимизга кўмаклашади. (Ишаё 48:17, 18) Яҳованинг йўл-йўриқларига мувофиқ яшаб, У биз учун қилган барча яхшиликларидан миннатдор эканимизни кўрсатамиз. Афсуски, ҳозир бундай йўл тутаётганларнинг сони кам. Биз Исонинг баъзи замондошлари каби ношукур бўлишни истамаймиз. Бир сафар Исо ўнта моховни соғайтирган, аммо улардан фақат биттаси қайтиб келиб унга миннатдорчилик билдирган. (Луқо 17:12–17) Ҳа, биз яхшиликни билмайдиган тўққизта одамга эмас, балки миннатдор бўлган кишига ўхшашни хоҳлаймиз!

9 Хўш, Яҳованинг қайси амрларини бажаришимиз керак? Бу китобда анчасини кўриб чиқдик, энди эса келинг, бир нечтасини такрорлайлик. Худонинг амрларига риоя қилиш ўзимизни Унинг меҳр-муҳаббатида сақлашимизга ёрдам беради.

ЯҲОВАГА ЯҚИНЛАШИНГ

10. Тангри Яҳова ҳақида билим олишни давом эттириш нега муҳимлигини тушунтиринг.

10 Яҳовага яқинлашиш учун У ҳақда билим олиш зарур. Билим олишни асло тўхтатманг. Масалан, совуқ тунда кўчада қолсангиз, сизни иситиб турган гулхан ўчишига йўл қўярмидингиз? Йўқ. Гулхан ўчмаслиги учун унга ўтин ташлаб турар эдингиз, шундай эмасми? Чунки ҳаётингиз бунга боғлиқ! Ўтин гулханнинг ёнишига ёрдам берганидай, «Худо ҳақида билим» ҳам Унга нисбатан севгимизни мустаҳкамлайди. (Ҳикматлар 2:1–5)

Ўтин каби билим ҳам Яҳовага нисбатан севгимизни алангалатади

11. Исонинг сўзлари издошларига қандай таъсир қилган?

11 Исо издошлари Яҳовага ҳамда Унинг қимматбаҳо Каломидаги ҳақиқатга нисбатан севгисини сақлашини ва у янада аланга олишини хоҳлаган. Тирилганидан сўнг Исо иккита шогирдига унинг ўзида амалга ошган Ибронийча ёзувлардаги баъзи башоратларни тушунтирган. Хўш, натижаси қандай бўлган? Кейинчалик улар: «Йўл-йўлакай биз билан гаплашиб, Муқаддас Ёзувларни тушунтириб берганда, юракларимиз завқ-шавққа тўлмаганмиди?» — деб айтишган. (Луқо 24:32)

12, 13. а) Бу дунёдаги кўп инсонларнинг Худога ва Унинг Каломига бўлган севгиси билан нима бўляпти? б) Қандай қилиб севгимиз совишининг олдини олишимиз мумкин?

12 Илк бор Муқаддас Китоб таълимотларини ўргана бошлаганингизда қалбингиз қувонч, ғайрат ва Худога нисбатан севгига тўлмаганмиди? Албатта тўлган! Кўпчиликда шундай бўлган. Аммо бу севгини асраб, уни кучайтириш осон иш эмас. Биз бу дунёнинг таъсирига берилишни сира ҳам истамаймиз. Исо: «Кўпчиликнинг севгиси совийди»,— деб башорат қилган. (Матто 24:12) Қандай қилиб Яҳовага ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларга бўлган севгимиз совишининг олдини олишимиз мумкин?

13 Аллоҳ Яҳова ҳамда Исо Масиҳ ҳақида билим олишни давом эттиринг. (Юҳанно 17:3) Худонинг Каломи устида чуқур мулоҳаза қилиб, ўзингизга шундай саволлар беринг: «Бу Тангри Яҳова ҳақида нималарни очиб беряпти? Қандай қилиб бу оятлар Уни бутун қалб, жон ва онгим билан севишга ундаяпти?» (1 Тимўтийга 4:15 ни ўқинг.) Бундай фикр юритиш Худони янада қаттиқроқ севишингизга ёрдам беради.

14. Яҳовага нисбатан севгимизни асрашда ибодат қандай ёрдам беради?

14 Яҳовага нисбатан севгимизни асраб, уни алангалатиб туришнинг яна бир йўли мунтазам ибодат қилишдир. (1 Салоникаликларга 5:17) Бу китобнинг 17- бобидан ибодат Худонинг қимматбаҳо ҳадяси эканини билиб олдик. Одамлар мунтазам, очиқ мулоқот қилиб бир-бирига яқинлашганидай, мунтазам ибодат қилсак Яҳова билан муносабатимиз яқин ва жонли бўлади. Асосийси, ибодатларимиз юзаки, яъни маъносиз ҳамда ўша-ўша сўзларни такрорлашдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Меҳрибон ота билан суҳбатлашадиган фарзанд каби Яҳова билан гаплашишимиз даркор. Албаттаки У билан ҳурмат ила, лекин очиқчасига, ростгўй бўлиб, сидқидилдан суҳбатлашишни хоҳлаймиз. (Забур 62:8) Ҳа, шахсий тадқиқ ва самимий ибодатлар топинишимизнинг асосий омиллари бўлиб, Аллоҳнинг меҳр-муҳаббатида сақланишимизга ёрдам беради.

ИЛОҲИЙ ХИЗМАТДАН ЗАВҚЛАНИНГ

15, 16. Нега ваъзгўйлик фаолиятини шараф деб билиб, уни хазинадек қадрлашимиз даркор?

15 Шахсий тадқиқ ва ибодат топинишнинг бир қисми бўлиб, Худо билан бўлган шахсий муносабатларимизга таъсир қилади. Энди келинг, топинишнинг яна бир соҳаси, яъни бошқаларга эътиқодларимиз ҳақида гапириш масаласини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китобдаги айрим ҳақиқатларни бошқалар билан бўлишяпсизми? Бундай йўл тутиш катта шараф. (Луқо 1:74) Яҳова ҳақида билиб олган ҳақиқатлар билан бўлишганимизда, барча чинакам масиҳийларга берилган муҳим нарсани, яъни Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз этиш топшириғини бажарган бўламиз. (Матто 24:14; 28:19, 20 ни ўқинг.)

16 Ҳаворий Павлус бу фаолиятни қадрлаган ва уни хазина деб атаган. (2 Коринфликларга 4:7) Яҳова ҳамда Унинг ниятлари ҳақида гапириш қўлимиздан келадиган энг аъло фаолиятдир. Ахир бу энг яхши Хўжайинга хизмат қилиш демакдир. Ҳар қандай ишдан кўра бу хизмат улкан қут-баракалар келтиради. Унда иштирок этиб сиз самимий инсонларга самовий Отамизга яқинлашиб, абадий ҳаётга етаклайдиган йўлдан юришга ёрдам берасиз. Хўш, инсонга бундан ҳам кўпроқ мамнуният бахш этадиган фаолият борми? Бундан ташқари, Яҳова ҳамда Унинг Каломи тўғрисида шоҳидлик бериб имонингизни мустаҳкамлайсиз ва Унга нисбатан севгингиз ортиб боради. Тангри Яҳова қилган меҳнатингизни қадрлайди. (Ибронийларга 6:10) Бундай хизмат билан банд бўлиш сизга Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланишга ёрдам беради. (1 Коринфликларга 15:58 ни ўқинг.)

17. Нега Шоҳлик тўғрисида ваъз этиш фаолияти шошилинч?

17 Шоҳлик тўғрисида ваъз қилиш шошилинч иш эканини унутмаслик ўта муҳим. Муқаддас Китобда: «Каломни ваъз эт... Буни зудлик билан бажар»,— деб айтилган. (2 Тимўтийга 4:2) Нега ҳозир буни зудлик билан бажариш керак? Худонинг Каломида: «Яҳованинг улуғ куни яқин! Ўша кун яқин ва шиддат билан яқинлашиб келяпти!» — дейилган. (Зафаниё 1:14) Ҳа, Яҳова бу замонага чек қўядиган вақт шиддат билан яқинлашиб келяпти. Одамларни бу ҳақда огоҳлантириш керак! Улар ҳозир Яҳовани Олий Ҳукмдор сифатида тан олиш вақти эканини билиши даркор. Охират эса «кечикмайди»! (Хабаққуқ 2:3)

18. Нега Масиҳнинг чинакам издошлари билан бирга Яҳовага топинишимиз керак?

18 Яҳова биз Масиҳнинг чинакам издошлари билан бирга Унга топинишимизни хоҳлайди. Айнан шу сабабли Унинг Каломида қуйидагилар ёзилган: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик». (Ибронийларга 10:24, 25) Жамоат учрашувларида имондошларимиз билан йиғилганда, меҳрибон Худовандимизни олқишлаб, Унга топиниш имкониятига эгамиз. Шунингдек, у ерда бир-биримизга далда ва тасалли берамиз.

19. Қандай қилиб жамоатдаги севги ришталарини мустаҳкамлай оламиз?

19 Тангри Яҳовага топинаётган одамлар билан мулоқот қилиб, жамоатдаги севги ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаймиз. Яҳова яхши томонларимизни кўраётганидай, биз ҳам бошқаларнинг яхши фазилатларини кўришга ҳаракат қилишимиз муҳим. Имондошларингиздан мукаммалликни кутманг. Ёдда тутинг, ҳамманинг маънан улғайиш даражаси турлича ва барчамиз хатолар қилишга мойилмиз. (Колосаликларга 3:13 ни ўқинг.) Яҳовани бутун қалби билан севганлар сизнинг яқин дўстларингиз бўлсин. Бу маънан улғайишингизга ҳисса қўшади. Ҳа, биродару опа-сингиллар билан Яҳовага топиниш, Унинг меҳр-муҳаббатида сақланишингизга кўмаклашади. Хўш, Яҳовага садоқат ила топинаётган ва Унинг меҳр-муҳаббатида сақланаётганлар қандай мукофот олади?

«ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТГА» ИНТИЛИНГ

20, 21. «Ҳақиқий ҳаёт» нима ва нега бу умид ажойиб?

20 Яҳова содиқ хизматчиларини ҳаёт билан тақдирлайди. Қандай ҳаёт билан? Ахир ҳозир ҳам яшаяпмиз-ку! Тўғри, барчамиз нафас оляпмиз ва еб-ичяпмиз. Шубҳасиз, биз яшаяпмиз ва ҳаётимизнинг энг бахтли онларида: «Мана буни ҳақиқий ҳаёт деса бўлади!» — деб айтамиз, шундай эмасми?! Бироқ Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, ҳозир ҳақиқий ҳаёт кечираётган одам йўқ.

Яҳова «ҳақиқий ҳаётдан» завқланишингизни истайди. Сиз бунга интиляпсизми?

21 Худонинг Каломида айтилганидай «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик» зарур. (1 Тимўтийга 6:19). Бу сўзлардан кўриниб турганидек «ҳақиқий ҳаётга» келажакда эришамиз. Фақат мукаммал бўлганимизда ҳақиқий ҳаёт нималигини тўлиқ тушунамиз. Чунки ўшанда Худонинг илк нияти бўйича яшаймиз. Ер юзидаги жаннатда соғ-саломат, тинч ва бахтли умр кечириб «ҳақиқий ҳаёт», яъни абадий ҳаётга эга бўламиз. (1 Тимўтийга 6:12). Бу жуда ҳам ажойиб умид!

22. Қандай қилиб «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик» мумкин?

22 Қандай қилиб «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик» мумкин? Буни айтишдан аввал ҳаворий Павлус масиҳийларга «яхшилик қилиб, эзгу ишлари билан бойисинлар» деган. (1 Тимўтийга 6:18) Демак, кўп нарса Муқаддас Китобдан билиб олган ҳақиқатларни амалда қўллашимизга боғлиқ. Бироқ Павлуснинг сўзлари яхшилик қилиб «ҳақиқий ҳаётга» эришиш мумкинлигини англатадими? Йўқ, чунки бундай ажойиб имконият фақат Аллоҳнинг «иноятига» боғлиқ. (Римликларга 5:15) Лекин Яҳова Унга садоқат ила хизмат қилаётганларни бажонидил мукофотлайди. У «ҳақиқий ҳаётга» эга бўлишингизни истайди. Ўзини Худонинг меҳр-муҳаббатида сақлаганларни келажакда бахтли, тинч ва абадий ҳаёт кутяпти.

23. Нега Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланиш ўта муҳим?

23 Ҳар биримиз ўзимизга шундай савол беришимиз керак: «Худога Муқаддас Китобда айтилаётгандай топиняпманми?» Агар кундан-кунга бу саволга «ҳа» деб жавоб бераётган бўлсак, демак, тўғри йўлдамиз. Яҳова бошпанамиз эканига амин бўлишимиз мумкин. Бу эски дунёнинг охирги қийин кунларида Яҳова содиқ хизматчиларини асраб қолади. Ҳа, У яқинлашиб қолган янги дунёга ўтишимизга ғамхўрлик қилади. Бу вақтни кўриш нақадар ҳаяжонли бўлади! Охирги кунларда тўғри йўлни танлаганимиздан янги дунёда ғоят хурсанд бўламиз! Ҳа, ҳозир тўғри йўлни танласангиз, Худо ният қилганидек «ҳақиқий ҳаётдан» тоабад завқланасиз!