Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ИЛОВА

1914 йил — Муқаддас Китоб башоратига кўра муҳим сана

1914 йил — Муқаддас Китоб башоратига кўра муҳим сана

МУҚАДДАС КИТОБ тадқиқотчилари 1914 йилдан бир неча ўн йил аввал, бу санада муҳим воқеалар юз беришини эълон қилишган. Нималар юз бериши керак эди ва айнан 1914 йил тарихдаги муҳим сана экани нимадан кўринган?

Луқо 21:24 да ёзилганидай, Исо шундай деган: «Қуддус бўлса, ўзга халқлар даври тугагунча улар томонидан оёқ ости қилинади». Қуддус шаҳри яҳудий халқининг пойтахти бўлиб, шоҳ Довуд хонадонидан келиб чиққан шоҳлар у ердан бошқарар эди. (Забур 48:1, 2) Лекин бу шоҳлар бошқа халқларнинг шоҳларидан фарқ қилишган. Улар Аллоҳнинг вакиллари сифатида «Яҳованинг тахтида» ўтиришган. (1 Солномалар 29:23) Шунинг учун, Қуддус Яҳова ҳукмдорлигининг рамзи эди.

Хўш, «ўзга халқлар» Худонинг ҳукмдорлигини қачон ва қандай қилиб оёқ ости қила бошлади? Бу давр милоддан аввалги 607 йили Қуддус бобилликлар томонидан вайрон қилинганда бошланди. «Яҳованинг тахти» бўш қолиб, Довуд наслидан бўлган шоҳларнинг ҳукмронлигига чек қўйилди. (4 Шоҳлар 25:1–26) Худонинг ҳукмдорлиги абадий оёқ ости қилинадими? Йўқ, чунки Ҳизқиё пайғамбарнинг башоратида Қуддуснинг охирги шоҳи Зидқиёга шундай дейилган эди: «Саллани ечиб, тожни олиб ташла. [...] То қонуний ҳуқуқи бор келмагунча, тож ҳеч кимга берилмайди. Тожни унга бераман». (Ҳизқиё 21:26, 27) Довуднинг тожини олишга фақат Исо Масиҳнинг «қонуний ҳуқуқи бор». (Луқо 1:32, 33) Демак, Исо тахтга ўтирганда Худонинг ҳукмдорлиги оёқ ости қилинишига чек қўйилади.

Бу муҳим воқеа қачон юз бериши керак? Исо ўзга халқлар муайян вақт давомида ҳукм суриши ҳақида айтган. Бу вақт қанча давом этишини Дониёр китобининг 4- бобида баён этилган маълумот ёрдамида билиб олиш мумкин. У ерда Бобил шоҳи Навуходоносорнинг башоратли туши тасвирланган. Шоҳ тушида улкан бир дарахт чопиб ташланганини кўрган. Тўнкасидан янги новда чиқмаслиги учун уни темир ва мис билан боғлаб қўйишган. Фаришта: «Етти давр ўтсин»,— деб эълон қилган. (Дониёр 4:10–16)

Муқаддас Китобда дарахтлар гоҳида ҳукмдорлик рамзи сифатида қўлланилади. (Ҳизқиё 17:22–24; 31:2–5) Демак, мажозий дарахтнинг чопиб ташлангани Худо ҳукмдорлигининг рамзи бўлган Қуддусдаги шоҳларнинг бошқарувига чек қўйилишини англатар эди. Бироқ тушдан кўриняптики, Қуддус доим эмас, балки «етти давр» мобайнида оёқ ости қилинади. Қизиқ, бу вақт қанча давом этади?

Ваҳий 12:6, 14 дан уч ярим муддат «1 260 кунга» тенг келишини билиб оляпмиз. Демак, «етти давр» (яъни иккига кўпайтирилган уч ярим муддат) 2 520 кунга тўғри келади. Бироқ Қуддус вайрон қилинишидан 2 520 кун ўтгач, ўзга халқлар Худонинг ҳукмдорлигини оёқ ости қилишдан тўхтамади. Бу башорат кўпроқ вақтни ўз ичига олади. Саҳрода 14:34 ва Ҳизқиё 4:6 асосида «бир йил учун бир кун» ҳисобласак, «етти давр» 2 520 йилга тўғри келяпти.

2 520 йил милоддан аввалги 607 йили октябрда бобилликлар Қуддусни вайрон қилиб, Довуд хонадонидан бўлган шоҳ тахтдан туширилганда бошланди. Бу давр 1914 йили октябрда тугади. Ўшанда «ўзга халқлар даври» тугаб, Исо Масиҳ самовий Шоҳликда тахтга ўтирди *. (Забур 2:1–6; Дониёр 7:13, 14)

Исо башорат қилганидай, унинг самовий Шоҳ сифатида «ҳозир бўлиши» дунёдаги аҳвол кескин ўзгаришига, яъни уруш, очарчилик, зилзилалар ва ўлатлар кўпайишига олиб келди. (Матто 24:3–8; Луқо 21:11) Буларнинг бари Худонинг Самовий Шоҳлиги 1914 йилда ўрнатилганини ва «охирзамон» бошланганини яққол кўрсатиб турибди. (2 Тимўтийга 3:1–5)

^ абз. 4 Милоддан аввалги 607 йил октябрдан то милоддан аввалги 1 йил октябргача 606 йил ўтди. Нолинчи йил бўлмагани сабабли, милоддан аввалги 1 йил октябрдан то милодий 1914 йил октябргача 1 914 йил ўтди. 606 йилга 1 914 йилни қўшсак, жами 2 520 йил бўляпти. Милоддан аввалги 607 йили Қуддус вайронага айлангани тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг «Солнома» мавзусига қаранг.