Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

63- ДАРС

Девордаги ёзув

Девордаги ёзув

Вақт ўтиб Бобил устидан Валтасар шоҳ бўлди. Бир куни кечаси у юртдаги мингта асилзодани зиёфатга таклиф қилди. У хизматкорларига Навуходоносор Яҳованинг маъбадидан олиб келган олтин идишларни келтиришни буюрди. Валтасар ва унинг меҳмонлари ўша идишлардан шароб ичиб, ўз худоларини улуғлашди. Кутилмаганда одам қўли пайдо бўлиб, улар овқатланаётган хонанинг деворига сирли сўзларни ёзди.

Валтасар қўрқиб кетди. У афсунгарларини чақиртириб: «Кимда-ким ушбу сўзларнинг маъносини тушунтириб берса, Бобилдаги учинчи қудратли одам бўлади»,— деб ваъда берди. Улар қанча уринмасин, ҳеч бири бу сўзларнинг маъносини тушунтириб бера олмади. Кейин малика келди ва шоҳга: «Дониёр исмли бир киши бор. У Навуходоносорга тушларнинг маъносини тушунтириб, топишмоқларни топишга ёрдам берган. Бу сўзларнинг маъносини ўша одам айтиб бера олади»,— деди.

Дониёр шоҳ ҳузурига келди. Валтасар унга: «Агар бу ёзувни ўқиб, маъносини менга тушунтириб берсанг, бўйнингга олтин занжир тақилади ва Бобилдаги учинчи қудратли одам бўласан»,—деб айтди. Дониёр шоҳга шундай деди: «Совғаларингиз менга керак эмас, лекин бу сўзларнинг маъносини сизга тушунтириб бераман. Отангиз Навуходоносор мағрур одам бўлгани учун Яҳова уни пасайтирди. У билан содир бўлган воқеаларни сиз яхши билсангиз ҳам, Яҳованинг маъбадидан келтирилган олтин идишлардан шароб ичиб, Унга ҳурматсизлик қилдингиз. Шу боис Худо мана бу сўзларни ёзди: МЕНЕ, МЕНЕ, ТЕКЕЛ ва ПАРСИН. Уларнинг маъноси шуки, мидияликлар ва форслар Бобилни забт этади ва сиз бошқа шоҳ бўлмайсиз».

Бобилни ҳеч ким енга олмайдигандай туюларди. Шаҳар қалин девор ва чуқур дарё билан ўралган эди. Лекин ўша куни кечаси мидияликлар ва форслар ҳужум қилишди. Форс шоҳи Кир дарё сувларини бошқа томонга буриб юборди. Шунда аскарлар шаҳар дарвозасигача сувни бемалол кечиб ўтишди. Улар қарашса, дарвозалар очиқ экан! Қўшин шаҳарга бостириб кириб, уни эгаллади, шоҳни эса ўлдирди. Сўнг Кир Бобил ҳукмдорига айланди.

Ўша йили Кир шундай фармон берди: «Яҳова менга Қуддусдаги маъбадини қайта қуришни айтди. Унинг халқидан бўлган ва қурилишда ёрдам беришни истаган ҳар ким у ерга бориши мумкин». Шундай қилиб, Яҳова ваъда берганидай, кўплаб яҳудийлар Қуддус вайрон қилинганидан 70 йил ўтиб уйларига қайтишди. Кир шоҳ Навуходоносор маъбаддан олиб келган олтин ва кумуш идишларни ҳамда бошқа анжомларни Қуддусга қайтариб юборди. Яҳова Ўз халқига ёрдам бериш учун Кирдан қандай фойдаланганини кўряпсизми?

«Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди! У жинларнинг маконига... айланди». (Ваҳий 18:2)