Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

92- ДАРС

Исо яна шогирдларига кўринади

Исо яна шогирдларига кўринади

Исо ҳаворийларга кўринганидан бир мунча вақт ўтиб, Бутрус балиқ овлаш учун Жалила денгизига борди. Тўма, Ёқуб, Юҳанно ва бошқа шогирдлар ҳам у билан кетишди. Улар туни билан ҳаракат қилишди-ю, аммо ҳеч нима тута олишмади.

Тонг отганда, улар соҳилда бир киши турганини кўришди. Ўша киши соҳилдан: «Бирор нима тута олдингизми?» — деб сўради. Улар бўлса: «Йўқ!» — дейишди. Ўша киши: «Тўрни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар»,— деб айтди. Улар у айтганидек қилишди ва тўрга шунчалик кўп балиқ илиндики, уни тортиб чиқара олишмади. Шунда Юҳанно ўша киши Исо эканини таниб қолиб: «Бу Ҳазратимиз-ку!» — деди. Бутрус шу заҳоти сувга сакраб, соҳилга сузиб кетди. Бошқа шогирдлар эса қайиқда келишди.

Улар қирғоққа етиб келганида, нонни ва оловда пишаётган балиқни кўришди. Исо шогирдларидан яна бир нечта балиқ келтиришни сўради. Кейин у: «Келинглар, нонушта қилиб олинглар»,— деди.

Улар нонушта қилиб бўлгач, Исо: «Бутрус, балиқ овлашдан кўра мени кўпроқ яхши кўрасизми?» — деб сўради. Бутрус жавобан: «Ҳа, Ҳазрат! Сизни яхши кўришимни биласиз-ку!» — деди. Исо унга: «Ундай бўлса, қўзиларимни ўтлатинг»,— деб айтди. У яна: «Бутрус, мени яхши кўрасизми?» — деб сўради. Бутрус унга: «Ҳазрат, сизни яхши кўришимни биласиз-ку!» — деди. Исо унга: «Қўзиларимни ўтлатинг»,— деб айтди. У Бутрусга учинчи марта яна шу саволни берди. Бутрус қаттиқ хафа бўлиб: «Ҳазрат, сиз ҳамма нарсани, сизни яхши кўришимни ҳам биласиз-ку!» — деди. Исо унга: «Қўзиларимни ўтлатинг»,— деб айтди. Кейин эса: «Сиз орқамдан юраверинг»,— деди.

«Исо уларга: “Менинг ортимдан юринглар, мен сизларни одам овчилари қиламан”,— деди. Шунда улар дарҳол тўрларини қолдириб, Исонинг кетидан эргашдилар». (Матто 4:19, 20)