Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

102- ДАРС

Юҳанно кўрган ваҳийлар

Юҳанно кўрган ваҳийлар

Ҳаворий Юҳанно Патмос оролига сургун қилинган эди. Ўшанда Исо унга келажакда юз берадиган воқеаларни кўрсатиш учун бирин-кетин 16 та ваҳий берди. Бу ваҳийлар орқали Яҳованинг исми муқаддас бўлиши, Шоҳлиги келиши ва осмонда бўлгани каби ер юзида ҳам иродаси амалга ошиши очиб берилди.

Бир ваҳийда Юҳанно Яҳова Ўзининг самодаги улуғвор тахтида ўтирганини, Унинг атрофида эса эгнига оқ либос, бошига олтин тож кийган 24 та оқсоқол борлигини кўрди. Тахтдан чақмоқ чақиб, момақалдироқ гулдураётгани эшитиларди. 24 та оқсоқол юзтубан тиз чўкиб Яҳовага сажда қиларди. Бошқа ваҳийда Юҳанно турли миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган улкан оломонни кўрди. Улар Яҳовага топинаётган эди. Қўзи, яъни Исо уларни боқиб, оби ҳаёт булоқларига олиб бораётганди. Яна бир ваҳийда Юҳанно Исонинг 24 та оқсоқол билан шоҳлик қилаётганини кўрди. Кейинги ваҳийда эса Исо Шайтонни тасвирловчи аждаҳо ва унинг жинлари билан жанг қилаётгани аён бўлди. Исо уларни осмондан ер юзига улоқтириб ташлади.

Сўнг Юҳанно гўзал манзарани, Қўзи ва 144 000 танланган кишилар Сион тоғида турганини кўрди. Яна у ер юзи узра учиб кетаётган фариштани кўрди. Бу фаришта одамларга Аллоҳдан қўрқиб, Унга шон-шараф келтиришни айтаётган эди.

Бошқа бир ваҳийда Армагеддон жанги бошлангани кўрсатилди. Бу жангда Исо ва унинг қўшини Шайтоннинг ёвуз дунёсини мағлуб қилди. Энг охирги ваҳийда Юҳанно еру осмонда тинчлик ҳукм сураётганини кўрди. Шайтон ва унга эргашганлар бутунлай йўқ қилинди. Осмону ердаги барча мавжудотлар Яҳованинг исмини муқаддас тутиб, фақат Унга топинаётган эди.

«Мен сен билан аёл орасига ва сенинг зурриётинг билан унинг зурриёти орасига адоват соламан. У сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан». (Ибтидо 3:15)