Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

101- ДАРС

Павлус Римга юборилади

Павлус Римга юборилади

Павлуснинг учинчи ваъзгўйлик сафари Қуддусда якунланди. Ўша ерда уни ҳибсга олиб, қамоққа ташлашди. Павлус кечаси ваҳий кўрди. Ваҳийда Исо: «Сен Римга бориб, ўша ерда ваъз қиласан»,— деди. Павлусни Қуддусдан Кесарияга олиб кетишди ва ўша ерда у икки йил қамоқда ўтирди. Ҳоким Фест олдида ҳукм қилинаётганда, Павлус унга: «Мени Римда подшоҳ ҳукм этишини талаб қиламан»,— деди. Фест эса: «Подшоҳнинг ҳукмини талаб қилдингми, унинг олдига борасан»,— деб айтди. Шундай қилиб, Павлусни Римга кетаётган кемага миндиришди. Луқо ва Аристарх исмли иккита биродар ҳам у билан бирга боришди.

Денгизда кучли бўрон кўтарилиб, бир неча кун давом этди. Ҳамма биз ўлсак керак деб ўйлади. Аммо Павлус шундай деди: «Эй одамлар, фаришта менга ваҳийда кўриниб: “Қўрқма, Павлус. Сен Римга етиб борасан ва кемада сен билан бўлган барча омон қолади”,— деди. Бардам бўлинглар! Биз ўлмаймиз».

Бўрон 14 кун давом этди. Охири қуруқлик кўринди. Бу Мальта ороли эди. Кема саёзликка тиқилиб, тўлқинларнинг зарбасидан парчалана бошлади. Аммо кемадаги 276 та одамнинг ҳаммаси эсон-омон қуруқликка чиқиб олди. Айримлар сузиб, бошқалар эса кеманинг синиқ бўлакларига илашиб, соҳилга етиб олишди. Мальта аҳолиси уларга ғамхўрлик қилиб, исиниб олишлари учун гулхан ёқиб берди.

Уч ой ўтганидан кейин аскарлар Павлусни бошқа кемада Римга олиб кетишди. У етиб келганида биродарлар уни кутиб олишди. Уларни кўриб Павлус Яҳовага раҳмат айтди ва жасоратга тўлди. Гарчи маҳбус бўлса-да, Павлусга ижарага олинган уйда бир аскарнинг назорати остида яшашга рухсат беришди. Павлус у ерда икки йил яшади. Уни кўргани одамлар келиб-кетарди. Павлус уларга Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб, Исо тўғрисида таълим берарди. У шунингдек, Кичик Осиё ва Яҳудиядаги жамоатларга мактублар ёзди. Шу йўсин, Яҳова бошқа халқларга хушхабарни етказиш учун Павлусдан фойдаланди.

«Ҳар тарафлама ўзимизни Аллоҳнинг хизматчилари сифатида тавсия этяпмиз. Буни кўп синовларга чидашда, ғам-қайғуларда, муҳтожликда, қийинчиликларда [кўрсатяпмиз]». (2 Коринфликларга 6:4)