Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- ДАРС

Халқ ваъдасини бузади

Халқ ваъдасини бузади

Яҳова Мусога: «Тоққа, Менинг ёнимга чиқ. Қонунларимни тош лавҳаларга ёзиб, сенга бераман»,— деди. Мусо тоққа чиқиб, 40 кечаю 40 кундуз ўша ерда қолди. Мусо тоғда бўлганида, Яҳова иккита тош лавҳага Ўнта амрни ёзиб, унга берди.

Мусо тоғдан узоқ вақт тушмаётганини кўриб, исроилликлар у бизни ташлаб кетди, деб ўйлашди. Улар Ҳорунга: «Бизга йўлбошчи керак. Шунинг учун, бизга худо ясаб бер!»— дейишди. Ҳорун эса: «Олтинларингизни менга олиб келинглар»,— деб айтди. У олтинларни эритиб, бузоқ ҳайкалини ясади. Халқ шундай деди: «Бу бузоқ бизни Миср юртидан олиб чиққан Тангримиздир!» Улар олтин бузоққа сажда қилишни бошлаб, байрам уюштиришди. Бу тўғримиди? Йўқ, албатта! Чунки халқ фақат Яҳовага топинамиз, деб ваъда берганди. Аммо улар бу ваъдасини бузишди.

Яҳова нима бўлаётганини кўриб, Мусога: «Халқнинг олдига туш. Улар сохта худога сиғиниб, Менга итоатсизлик қилишяпти»,— деди. Мусо иккита тош лавҳани кўтариб, тоғдан тушди.

Мусо қароргоҳга яқинлашаётиб, халқнинг куйлаётганини эшитди. Кейин у одамлар бузоққа сажда қилиб, рақсга тушаётганини кўрди. Бундан Мусонинг қаттиқ жаҳли чиқди. У иккита тош лавҳани ерга ташлаб юборди ва улар чилпарчин бўлди. У шу заҳоти ҳайкални бузиб ташлади. Сўнг Мусо Ҳорундан: «Бу халқ қандай қилиб сизни бундай жирканч иш қилишга кўндирди?»— деб сўради. Ҳорун шундай деди: «Жаҳлингиз чиқмасин. Ахир бу халқ қанақалигини биласиз-ку! Улар худо ясаб беришни сўрашди. Мен улар берган олтинни оловга ташлагандим, мана шу бузоқ чиқди!» Ҳорун буни қилмаслиги керак эди. Мусо яна тоққа чиқиб, Яҳовадан халқни кечиришини сўраб ёлворди.

Яҳова Унга тайёрлик ила итоат этганларни кечирди. Исроилликлар Мусонинг бошчилигига бўйсуниши қанчалик муҳим бўлганини кўряпсизми?

«Худога ваъда берсанг, уни бажаришни орқага сурма. Чунки У ваъдаси устидан чиқмаган нодонлардан мамнун бўлмайди. Берган ваъдангда тур». (Воиз 5:4)