Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Етакчи кенгашдан хат

Етакчи кенгашдан хат

Азиз биродару опа-сингиллар!

Худога ва одамларга бўлган севги бизни «боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар» деган амрга қулоқ солишга ундайди. (Мат. 28:19, 20; Марк 12:28–31) Фидойи севги катта кучга эга. Бу севги ёрдамида «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган»ларнинг қалбига таъсир қила оламиз. (Ҳавор. 13:48)

Олдинлари диққатимизни муқаддималарни ёдлашга ва адабиёт қолдиришга қаратганмиз. Энди эса суҳбат бошлаш маҳоратимизни яхшилаш устида ишлашимиз керак. Бошқаларга қизиқ бўлган мавзулар ҳақида суҳбатлашиб, уларга бўлган севгимизни кўрсатишни истаймиз. Бу мослашувчан бўлишни ва ҳар бир инсоннинг хавотирларию қизиқишлари ҳақида чуқур ўйлашни ўз ичига олади. Хўш, қай йўсин мазкур рисола бунда бизга ёрдам бера олади?

Бу рисолада 12 та дарс келтирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида одамларга севги кўрсатишимизга ва шогирд тайёрлашимизга кўмаклашадиган фазилатлар очиб берилади. Ҳар бир дарс Муқаддас Китобдаги бирон воқеага асосланади. Унда Исо ёки биринчи асрдаги хушхабар воизлари хизматда намоён этган муайян фазилат ёритилади. Мақсадимиз муқаддималарни ёдлаш эмас, балки одамларга севгимизни кўрсатишнинг йўлларини излашдир. Ҳар бир фазилат хизматимизнинг барча соҳасида зарур. Шунга қарамай, суҳбатлар бошлаганда, такрорий ташрифлар қилганда ва Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказганда қандай қилиб муайян фазилатлар айниқса муҳим эканини кўриб чиқамиз.

Ҳар бир дарсни ўқир экансиз, ҳудудингиздаги одамлар билан гаплашганда ўша фазилатни қандай намоён эта олишингиз тўғрисида чуқур мулоҳаза юритинг. Яҳовага ҳамда одамларга бўлган севгингизни ошириш учун жон куйдиринг. Бундай севги, ҳар қандай услубдан кўра, шогирд тайёрлаш мақсадингизга эришишингизга кўмаклашади.

Сиз билан елкама-елка хизмат қилиш шарафини қадрлаймиз. (Заф. 3:9) Одамларни севишда ва шогирд тайёрлашда давом этар экансиз, Яҳова сизга мўл-кўл баракалар ёғдирсин!

Биродарларингиз,

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши