Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17- БОБ

«Гўг, Мен сенга қарши чиқаман»

«Гўг, Мен сенга қарши чиқаман»

ҲИЗҚИЁ 38:3

БУ БОБДА: «Гўг» ва у бостириб кирадиган «юрт» нимани билдиради?

1, 2. Қайси буюк уруш ҳали олдинда ва қандай саволлар туғиляпти? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)

ЕР ЮЗИ минглаб йиллар давомида инсонлар урушда тўккан қон, жумладан, 20- асрда юз берган иккита жаҳон урушидаги хунрезлик дастидан булғаниб келмоқда. Лекин инсоният тарихидаги энг буюк уруш ҳали олдинда. Аммо бу уруш шунчаки ғаразли ниятлар туфайли ўзаро курашаётган одамлар, яъни ер юзидаги халқлар ўртасидаги келишмовчилик бўлмайди. Аксинча, яқинлашиб келаётган бу уруш «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жанг» бўлади. (Ваҳ. 16:14) Такаббур душман Худо учун қадрли бўлган юртга бостириб киради; бу ҳужум эса Олий Ҳукмдор Яҳовани ҳалокатли кучини улуғвор тарзда намоён этишга ундайди. Ер юзида бунақаси ҳали бўлмаган.

2 Қуйидаги айрим саволлар туғилиши табиий: бу душман ким? У қайси юртга бостириб киради? У қачон, нега ва қай йўсин бу юртга бостириб киради? Келажакда юз берадиган бу воқеалар Яҳовага ер юзида пок тарзда топинувчиларга, яъни бизга тааллуқли экан, мазкур саволларга жавоб топишимиз лозим. Ҳизқиё 38- ва 39- боблардаги ажойиб башоратдан уларнинг жавобларини топа оламиз.

Душман — Магўг юртидаги Гўг

3. Ҳизқиё Магўг юртидаги Гўг ҳақида айтган башоратнинг мазмунини тушунтиринг.

 3 Ҳизқиё 38:1, 2, 16, 18; 39:4, 11 ни ўқинг. Башоратнинг мазмуни қуйидагича: «кунларнинг охирида» «Магўг юртидаги Гўг» деб аталган душман Худо халқининг юртига бостириб киради. Бу шиддатли ҳужум Яҳованинг ғазаби аланга олишига сабаб бўлади. Яҳова ҳаракатга тушади ва Гўгнинг устидан ғалаба қозонади *. Ғалаба қозонгач, Яҳова душманни ҳамда у билан бўлган барчани «турли йиртқич қушларга ва даштдаги ёввойи ҳайвонларга» ем қилади. Охири, Яҳова Гўгга «дафн этиладиган жой» беради. Бу башорат яқин келажакда қай йўсин амалга ошишини тушуниш учун, аввало, Гўг кимни англатишини билишимиз зарур.

4. Магўг юртидаги Гўг борасида қандай хулосага келишимиз мумкин?

4 Хўш, Магўг юртидаги Гўг ким? Ҳизқиё тасвирлаганлари асосида шундай хулосага келишимиз мумкинки, Гўг пок тарзда топинувчиларнинг душмани. Қизиқ, бу ҳақ топинишнинг асосий душмани бўлмиш Шайтоннинг башоратли номими? Ўнлаб йиллар давомида адабиётларимизда шундай тушунтирилган эди. Лекин Ҳизқиёнинг башоратини чуқурроқ кўриб чиққач, тушунчамизга ўзгартириш киритдик. «Қўриқчи минораси»да тушунтирилгандики, Магўг юртидаги Гўг ибораси кўринмас руҳий мавжудотга эмас, балки инсоний душманга — пок топинишга қарши курашадиган халқлар иттифоқига ишора қилади *. Бундай хулосага келишимизга нима асос бўлганини кўриб чиқишдан олдин, келинг, Гўг руҳий мавжудот эмаслигини кўрсатувчи Ҳизқиёнинг башоратидаги иккита омилга диққат қаратайлик.

5, 6. Қай йўсин Ҳизқиёнинг башорати Магўг юртидаги Гўг руҳий мавжудот эмаслигига ишора қиляпти?

5 «Сени турли йиртқич қушларга... ем қиламан». (Ҳиз. 39:4) Жасадни ейдиган йиртқич қушлар ҳақидаги фикр Муқаддас Ёзувларда кўпинча илоҳий ҳукмлар ҳақида огоҳлантириш сифатида ишлатилган. Худо бу каби огоҳлантиришларни ҳам Исроил халқига, ҳам ўзга халқларга берган. (Қонун. 28:26; Ерм. 7:33; Ҳиз. 29:3, 5) Мазкур илоҳий огоҳлантиришлар руҳий мавжудотларга эмас, балки эт ва қондан иборат инсонларга берилганига диққат қаратинг. Ахир йиртқич қушлар ва ёввойи ҳайвонлар руҳий мавжудотни эмас, балки этни ейди. Шундай экан, Ҳизқиёнинг башоратидаги бу илоҳий огоҳлантириш Гўг руҳий мавжудот эмаслигига ишора қиляпти.

6 «Мен Исроилда Гўгга дафн этиладиган жой бераман». (Ҳиз. 39:11) Муқаддас Ёзувларда руҳий мавжудотлар ер юзида дафн этилиши ҳақида айтилмаган. Аксинча, Шайтон ва унинг жинлари 1000 йилга тубсизликка ташланади, кейин эса рамзий оловли кўлга отилади. Бу улар бутунлай йўқ бўлиб кетишини билдиради. (Луқо 8:31; Ваҳ. 20:1–3, 10) Гўг ерда дафн қилиниши ҳақида айтилган экан, демак, у руҳий мавжудот эмас, деб хулоса қилишимиз мумкин.

7, 8. Қачон «шимол шоҳи»нинг куни битади ва бу қайси жиҳатдан Магўг юртидаги Гўг билан юз берадиган воқеага ўхшаш?

7 Пок тарзда топинувчиларга сўнгги ҳужумни уюштирадиган душман, яъни Гўг руҳий мавжудот эмас экан, унда у кимни ёки нимани билдиради? Бу саволга жавоб топишга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги иккита башоратни кўриб чиқайлик.

8 «Шимол шоҳи». (Дониёр 11:40–45 ни ўқинг.) Дониёр пайғамбар тарих давомида ҳукмронлик қиладиган жаҳон империялари ҳақида башорат қилган. Шунингдек, бу башоратда ўзаро рақобатлашадиган сиёсий кучлар — «жануб шоҳи» ва «шимол шоҳи» — тўғрисида айтилган. Асрлар давомида ер юзидаги халқлар бир-биридан устун келиш учун курашар экан, кўпгина шоҳлару халқлар «жануб шоҳи» ва «шимол шоҳи» бўлиб келган. Шимол шоҳининг «охирзамонда»ги сўнгги юриши борасида Дониёр пайғамбар: «У кўпларни ҳалок қилиб, қириб ташлаш учун ғазабга миниб чиқади»,— деган. Шимол шоҳининг асосий нишони — Яҳовага топинувчи кишилар *. Шимол шоҳи Худонинг халқига ҳужум қилгач, муваффақиятсизликка учрайди ва Магўг юртидаги Гўг сингари унинг ҳам «куни битади».

9. Магўг юртидаги Гўг ва «ер юзи подшоҳлари» билан нима юз бериши ўртасида қандай ўхшашликлар бор?

9 «Ер юзи подшоҳлари». (Ваҳий 16:14, 16; 17:14; 19:19, 20 ни ўқинг.) Ваҳий китобида «ер юзи подшоҳлари» «Шоҳаншоҳ»га, яъни самодаги Исога ҳужум қилиши башорат қилинган. Исо осмонда бўлгани боис, «ер юзи подшоҳлари» унга ҳужум қила олмайди. Шунинг учун улар Самовий Шоҳликнинг ер юзидаги тарафдорларига ташланади. Кейин эса ер юзи подшоҳлари Армагеддон жангида мағлуб бўлади. Эътиборлиси шундаки, уларнинг куни Яҳованинг халқига ҳужум қилгандан сўнг битади. Магўг юртидаги Гўг ҳақида ҳам худди шундай айтилган *.

10. Магўг юртидаги Гўг ким экани борасида қандай хулосага келишимиз мумкин?

10 Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Гўг ким экани борасида қандай хулосага келишимиз мумкин? Биринчидан, Гўг руҳий мавжудот эмас. Иккинчидан, Гўг яқин келажакда Худонинг халқига ҳужум қиладиган ер юзидаги халқларни билдиради. Бу халқлар бирлашиб, иттифоқ тузадиганга ўхшайди. Нима учун? Худонинг хизматчилари бутун ер юзи бўйлаб тарқалган экан, халқлар уларга ҳужум қилиш мақсадида бирлашишига тўғри келади. (Мат. 24:9) Унутмангки, ҳужумни халқлар уюштирса-да, бунинг ортида Шайтон туради. Дунё халқлари ҳақ топинишга қарши бўлиши учун Шайтон анчадан бери уларга таъсир қилиб келмоқда. (1 Юҳан. 5:19; Ваҳ. 12:17) Аммо Магўг юртидаги Гўг ҳақидаги Ҳизқиёнинг башорати Яҳованинг халқига ҳужум қилишда ер юзи халқлари қандай аҳамиятга эга бўлишига диққат қаратади *.

«Юрт» нимани билдиради?

11. Гўг бостириб кирадиган «юрт» Ҳизқиёнинг башоратида қандай тасвирланган?

11  Учинчи хатбошидан билиб олганимиздай, Магўг юртидаги Гўг Яҳова учун қадрли бўлган юртга бостириб кириб, Унинг ғазаби аланга олишига сабаб бўлади. Қизиқ, мазкур юрт нимани билдиради? Келинг, Ҳизқиёнинг башоратига қайтамиз. (Ҳизқиё 38:8–12 ни ўқинг.) Унда айтилишича, Гўг «аҳолиси... ўзини тиклаб олган» ва халқи «миллатлар орасидан қайта йиғиб олинган» юртга бостириб киради. Қолаверса, бу юртда истиқомат қиладиган топинувчилар тўғрисида нима дейилганига эътибор беринг: улар «осойишта яшаётган бўлади»; уларнинг қишлоқлари «деворлар, дарвозаю сурма зулфинлар билан ҳимояланмаган» ва улар «бойлик» тўплайди. Бу Яҳовага ер юзида пок тарзда топинувчилар истиқомат қиладиган юртдир. Буни қаердан биламиз?

12. Қадимда Исроил юрти қандай тикланган?

12 Қадимги Исроил, яъни Худонинг танланган халқи асрлар давомида яшаган, меҳнат қилган ва топинган юртнинг тиклангани ҳақида мулоҳаза юритиш фойдалидир. Исроилликлар садоқатсизлик қилганида, Яҳова Ҳизқиё орқали башорат қилиб, уларнинг юрти вайрон бўлишини ва кимсасиз қолишини айтган. (Ҳиз. 33:27–29) Лекин Яҳова омон қолиб тавба қилганлар кейинчалик Бобил асирлигидан қайтишини ва юртда пок топиниш тикланишини ҳам башорат қилган. Яҳованинг баракаси билан Исроил юрти «Адан боғидай» гуллаб-яшнаши керак эди. (Ҳиз. 36:34–36) Яҳудийлар Қуддусда ҳақ топинишни тиклаш учун мил. авв. 537 йили азиз она юртига қайтганида, бу тикланиш бошланди.

13, 14. а) Маънавий юрт нимани билдиради? б) Нега бу юрт Яҳова учун қадрли?

13 Бизнинг давримизда ҳам Худога пок тарзда топинувчилар шунга ўхшаш тикланишни бошдан кечирди. 9- бобдан билиб олганимиздай, 1919 йилга келиб, Худонинг халқи узоқ давом этган Буюк Бобил асирлигидан озод бўлди. Ўша йили Яҳова топинувчиларини маънавий юртга олиб кирди. Бу юрт маънавий жаннат бўлиб, у ер хавфсиз, маънавий тарафдан гуллаб-яшнаяпти, яъни у ерда муқаддас хизматни адо этамиз ва ҳақ Худога топинамиз. Бу юртда биргаликда хавфсизликда яшаймиз ва онгимизу қалбимизда тинчлик ҳукм суради. (Ҳик. 1:33) Мўл-кўл маънавий озуқага эгамиз. Бундан ташқари, Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиш каби мамнуният бахш этувчи ишимиз бор. Дарҳақиқат, Ҳикматлар 10:22 даги сўзлар чин эканини ўзимизда ҳис этяпмиз: «Яҳованинг баракаси кишини бойитади, бу баракага У ҳеч қандай дард-алам қўшмайди». Ҳам сўзда, ҳам амалда пок тарзда топинар эканмиз, ер юзининг қаерида яшамайлик, бу юртда — маънавий жаннатда бўламиз.

14 Бу маънавий юрт Яҳова учун қадрлидир. Нега деганда, бу юрт аҳолиси, яъни У пок топинишга жалб қилган одамлар Унинг назарида «миллатлардан хазиналар» кабидир. (Хаг. 2:7; Юҳан. 6:44) Улар Худонинг юксак фазилатларини акс эттирувчи янги ўзликни кийиб олиш учун жон куйдирмоқда. (Эфес. 4:23, 24; 5:1, 2) Пок тарзда топинувчилар сифатида улар Худога хизмат қилиш учун ўзларини тўлиқ тақдим этмоқда. Улар буни Худони улуғлайдиган ва Унга бўлган севгисини намоён этадиган тарзда амалга оширмоқда. (Рим. 12:1, 2; 1 Юҳан. 5:3) Топинувчилари маънавий юртни гўзаллаштириш учун жон куйдираётганини кўриб, Яҳованинг қалби қанчалик шодликка тўлишини тасаввур қилинг. Бир ўйлаб кўринг, пок топинишни ҳаётингизда биринчи ўринга қўйиб, нафақат маънавий жаннатнинг чиройига чирой қўшасиз, балки Яҳованинг қалбини ҳам қувонтирасиз. (Ҳик. 27:11)

Пок топинишни фаол тарзда олға сурар эканмиз, ер юзининг қаерида яшамайлик, маънавий жаннатда бўламиз (13- , 14- хатбошиларига қаранг.)

Гўг бу юртга қачон, нега ва қай йўсин бостириб киради?

15, 16. Магўг юртидаги Гўг тикланган маънавий юртимизга қачон бостириб киради?

15 Тез орада халқлар иттифоқи бу қадрли маънавий юртга бостириб кириши борасида ўйлаш ҳушёрликка чорлайди. Яҳовага пок тарзда топинар эканмиз, башорат қилинган мазкур ҳужум бизга тааллуқли. Шу боис, у ҳақида кўпроқ билишни истаймиз. Келинг, қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз.

16 Магўг юртидаги Гўг тикланган маънавий юртимизга қачон бостириб киради? Башоратда айтилишича, Гўг «кунларнинг охирида» Худонинг халқига қарши чиқади. (Ҳиз. 38:16) Бу ушбу замонанинг охирати яқинлашадиган пайтга ишора қилиши мумкин. Эсингизда бўлса, буюк мусибат Буюк Бобил — сохта дин империяси — йўқ қилиниши билан бошланади. Сохта дин ташкилотлари йўқ қилинганидан кейин, Армагеддон бошланишидан аввал Гўг бор кучини ишга солиб, сўнгги бор ҳақ топинувчиларга ҳужум қилади.

17, 18. Буюк мусибат пайтида Яҳова вазиятни қандай йўналтиради?

17 Гўг Яҳовага топинадиганларнинг юртига нега ҳужум қилади? Ҳизқиёнинг башоратида бунинг иккита омили келтирилган: биринчиси, вазиятни Яҳова йўналтиради ва иккинчиси, Гўгнинг ёвуз ниятлари.

18 Вазиятни Яҳова йўналтиради. (Ҳизқиё 38:4, 16 ни ўқинг.) Яҳова Гўгга нима деганига диққат қаратинг: «Жағларингга илгаклар солиб [...] сени юртимга қарши чиқараман». Хўш, бу сўзлар Яҳова халқларни топинувчиларига ҳужум қилишга мажбурлашини англатадими? Албатта, йўқ! Яҳова ҳеч қачон хизматчилари бошига бундай ёвузликларни ёғдирмайди. (Аюб 34:12) Лекин Яҳова душманларини — улар пок топинувчилардан нафратланишини ва уларни йўқ қилиб юбориш имкониятини қўлдан бой бермаслигини — билади. (1 Юҳан. 3:13) Гўёки Гўгнинг жағига илгак солиб, етаклагандай, Яҳова вазиятни Ўз иродасига ва белгилаган вақтига мувофиқ тарзда йўналтиради. Буюк Бобил вайрон бўлганидан кейин Яҳова халқларни қалбида тугиб қўйган ниятини — Худонинг халқига ҳужум қилишни — амалга ошириши учун қайсидир йўл билан уларни тузоққа илинтириши мумкин. Шу йўсин Яҳова Армагеддонга — ер юзидаги энг буюк урушга етаклайдиган ҳужумга туртки беради. Кейин эса хизматчиларини қутқаради, ҳукмдорлигини оқлайди ва исмини муқаддас қилади. (Ҳиз. 38:23)

Халқлар пок топинишдан ва уни олға сураётган барчадан нафратлангани учун бизни Худога пок тарзда топинишдан тўхтатишга уринади

19. Пок топинишни талон-тарож қилишга Гўгни нима ундайди?

19 Гўгнинг ёвуз ниятлари. Халқлар «ёвуз режа» тузади. Улар «деворлар, дарвозаю сурма зулфинлар билан ҳимояланмаган» қишлоқларда яшагани туфайли заифдай кўринган Яҳованинг топинувчиларига анчадан бери аланга олиб келаётган ғазабию нафратини сочишга интилади. Бунинг устига, халқлар «бойлик» тўплаётганлардан «кўп ўлжа олишни, талон-торож қилишни» исташади. (Ҳиз. 38:10–12) Қандай «бойлик» ҳақида гап кетяпти? Яҳованинг халқи улкан маънавий бойликка эга. Ҳа, бизнинг энг қимматбаҳо бойлигимиз пок тарзда топиниш шарафидир. Биз фақатгина Яҳовага топинамиз. Халқлар бизни Худога пок тарзда топинишдан тўхтатиш учун ҳар қандай ишга тайёр. Чунки улар пок топинишдан ва уни олға сураётган барчадан нафратланади.

Гўгнинг пок топинишни йўқ қилиш борасидаги «ёвуз режа»си пучга чиқади (19- хатбошига қаранг.)

20. Гўг маънавий юртга, яъни жаннатга қай йўсин ҳужум қилади?

20 Гўг маънавий юртга, яъни жаннатга қай йўсин ҳужум қилади? Улар ҳаёт тарзимизга путур етказишга ва топинишимизни тўхтатишга уриниши мумкин. Шу боис, улар маънавий озуқа етказилишини, биргаликда йиғилишимизни, Худонинг хабарини ғайрат ила ваъз қилишимизни тўхтатишга ва бизга қувонч келтираётган бирлигимизни бузишга ҳаракат қилиши ҳеч гап эмас. Ахир буларнинг бари маънавий жаннатни ташкил этади. Шайтон халқларни ҳақ топинувчиларни ва улар билан бирга пок топинишни ер юзидан йўқ қилишга ундайди.

21. Яҳова келажакда бизни нима кутаётгани борасида огоҳлантиргани учун нега миннатдорсиз?

21 Яқинлашиб келаётган Магўг юртидаги Гўгнинг ҳужуми Худо тақдим этган маънавий юртдаги барча ҳақ топинувчиларга таъсир этмай қолмайди. Яҳова олдинда бизни нима кутаётгани ҳақида огоҳлантиргани учун жуда ҳам миннатдормиз! Ҳозир эса буюк мусибат яқинлашишини кутар эканмиз, пок топинишни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиб, уни қўллаб-қувватлаш қароримиз қатъий бўлсин. Шундай йўл тутиб ҳозирнинг ўзида тикланган юртнинг чиройига чирой қўшамиз. Қолаверса, яқин келажакда юз берадиган ўзгача бир воқеанинг гувоҳи бўладиганлар қаторида бўламиз: Армагеддон жангида Яҳова қай йўсин халқи ва муқаддас исми учун туриб беради? Буни кейинги бобдан билиб оламиз.

^ абз. 3 Кейинги бобда Магўг юртидаги Гўгга қарши Яҳованинг ғазаби қай йўсин ва қачон аланга олиши ҳамда бу пок тарзда топинувчилар учун нимани англатиши ҳақида гап боради.

^ абз. 8 Дониёр 11:45 да ёзилишича, шимол шоҳи Худонинг халқини нишонга олади. Зеро, бу шоҳ ҳақида қуйидагича айтилган: «У буюк денгиз [Ўрта денгиз] билан Гўзал ўлкадаги муқаддас тоғ [қачонлардир Худонинг маъбади жойлашган ва Унинг халқи топинган жой] ўртасида шоҳона чодирларини ўрнатади».

^ абз. 9 Муқаддас Китобда Худонинг халқини йўқ қилиш мақсадида унга ҳужум қиладиган замонавий «оссурияликлар» ҳақида ҳам айтилган. (Михо 5:5) Магўг юртидаги Гўг, шимол шоҳи, ер юзи подшоҳлари ва оссурияликлар томонидан Худонинг халқига уюштириладиган тўртта башоратли ҳужум турли ном остидаги ўша-ўша ҳужумга ишора қилиши мумкин.

^ абз. 10 Ваҳий 20:7–9 да тилга олинган «Гўг билан Магўг» ҳақида билиб олиш учун 22- бобга қаранг.