Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- БОБ

«Қандай ёвузликлар ва жирканч ишлар қилинаётганини кўриб қўй»

«Қандай ёвузликлар ва жирканч ишлар қилинаётганини кўриб қўй»

ҲИЗҚИЁ 8:9

БУ БОБДА: муртадликка берилган Яҳудонинг маънавий ва ахлоқий таназзулга учраши

1–3. Яҳова Ҳизқиё Қуддусдаги маъбадда нимани кўришини истайди ва нега? (2- бўлимнинг кириш сўзлари ва расмига қаранг.)

РУҲОНИЙНИНГ ўғли сифатида Ҳизқиё Тавротни жуда яхши билади. Шу боис, у Қуддусдаги маъбад ва у ерда Яҳовага пок тарзда қай йўсин топиниш кераклигини биларди. (Ҳиз. 1:3; Мал. 2:7) Аммо мил. авв. 612 йили Яҳованинг маъбадида юз бераётганлар ҳар қандай садоқатли яҳудийни, жумладан, Ҳизқиёни даҳшатга солади.

2 Яҳова Ҳизқиё маъбаднинг аянчли аҳволини кўришини, кейин эса унинг уйида йиғилган ва у билан сургунликда бўлган «Яҳудо оқсоқоллари»га нималарни кўрганини айтиб беришини истайди. (Ҳизқиё 8:1–4 ни ўқинг; Ҳиз. 11:24, 25; 20:1–3) Яҳова муқаддас руҳи ёрдамида Ҳизқиёни Бобилдаги Кавор дарёси бўйида жойлашган Тель-Авивдаги уйидан юзлаб километр узоқликда жойлашган ғарбга, яъни Қуддусга (ваҳий орқали) кўчирди. Яҳова пайғамбарни маъбаддаги ички ҳовлининг шимолий дарвозасига олиб борди. Шу ердан бошлаб, Яҳова унга ваҳий орқали маъбадда нималар бўлаётганини кўрсатди.

3 Ҳизқиё халқ маънавий таназзулга учраганини кўрсатувчи ва уни даҳшатга солган тўртта саҳнани кўради. Пок топиниш билан нима юз берди? Мазкур ваҳий бугунги кунда биз учун нимаси билан аҳамиятли? Келинг, бу ваҳийни кўришда Ҳизқиёга ҳамроҳ бўламиз. Лекин аввал Яҳова топинувчиларидан нимани кутишга ҳақли экани устида мулоҳаза юритишимиз керак.

«МЕН... МУТЛАҚ САДОҚАТНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИГАН ТАНГРИМАН»

4. Яҳова хизматчиларидан нимани талаб қилади?

4 Ҳизқиёнинг давридан тахминан тўққиз аср аввал Яҳова топинувчиларидан нимани талаб қилишини аниқ таъкидлаган эди. Ўнта амрнинг иккинчисида У Исроил халқига қуйидагича деган *: «Мен, Худойингиз Яҳова мутлақ садоқатни талаб қиладиган Тангриман». (Чиқ. 20:5) «Мутлақ садоқат» иборасини қўллаб, Яҳова улар бошқа ҳар қандай худога сажда қилишига чидаб ўтирмаслигига ишора қилган. 2- бобдан кўрганимиздай, пок топинишнинг биринчи талаби — Яҳовага топинишимиз керак. Яҳовага топинадиганлар ҳаётида Уни биринчи ўринга қўйишлари лозим. (Чиқ. 20:3) Оддий қилиб айтганда, Яҳова хизматчиларидан ҳақ топинишни сохтаси билан аралаштирмай, доим маънан пок қолишларини кутади. Мил. авв. 1513 йили Исроил халқи тайёрлик ила Қонун аҳдининг шартларини қабул қилишди. Шу йўсин, улар Яҳовага мутлақ содиқ бўлишга розилик билдиришди. (Чиқ. 24:3–8) Яҳова аҳдларига содиқ ва У билан аҳд қилган халқдан ҳам шундай садоқатни кутганди. (Қонун. 7:9, 10; 2 Шоҳ. 22:26)

5, 6. Нега Яҳова Исроил халқи Унга мутлақ содиқ бўлишига лойиқ эди?

5 Яҳова Исроил халқидан мутлақ садоқатни талаб қилгани ўринлимиди? Бўлмасам-чи! У Қодир Тангри, оламнинг Ҳукмдори, ҳаёт Манбаи ва ҳаётни таъминловчи Шахсдир. (Заб. 36:9; Ҳавор. 17:28) Бундан ташқари, Яҳова Исроил халқининг Қутқарувчиси эди. Ўнта амр бераётиб У халқига шундай деб эслатган: «Мен сизларни Мисрдан, сизлар қулликда бўлган юртдан олиб чиққан Тангрингиз Яҳоваман». (Чиқ. 20:2) Чиндан ҳам, Яҳова Исроил халқи Унга мутлақ содиқ бўлишига лойиқ эди.

6 Яҳова ўзгармайди. (Мал. 3:6) У доим мутлақ садоқатни талаб қилиб келган. Энди эса Ҳизқиёга ваҳийда кўрсатган тўртта даҳшатли саҳнани кўриб, Худо нималарни ҳис қилганини бир тасаввур қилинг.

Биринчи саҳна: рашк бути

7. а) Маъбаднинг шимолий дарвозаси олдида муртад яҳудийлар нима билан шуғулланган ва бу Яҳовага қандай таъсир қилган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Қайси маънода улар Яҳованинг рашкини қўзғатишган? (2- изоҳга қаранг.)

7 Ҳизқиё 8:5, 6 ни ўқинг. Ҳизқиё даҳшатга тушган бўлса керак. Маъбаднинг шимолий дарвозаси олдида муртад яҳудийлар бутга сажда қилаётган эди. Эҳтимол, бу канъонликлар Баалнинг хотини деб билган Ашера маъбудасининг муқаддас устуни бўлгандир. Бу нима бўлмасин, бутпараст исроилликлар Яҳовага берган ваъдаларида туришмади. Улар Яҳовага ҳақли равишда тегишли бўлган мутлақ садоқатни бутга кўрсатиб, Унинг рашкини қўзғатишди; Яҳованинг ҳақли равишда ғазаби қайнади *. (Қонун. 32:16; Ҳиз. 5:13) Бир ўйлаб кўринг, 400 йилдан ошиқ вақт давомида маъбаднинг Муқаддас хонаси ва Энг муқаддас хонаси Яҳова ҳузурининг рамзи бўлиб келганди. (3 Шоҳ. 8:10–13) Аммо энди маъбад ҳудудининг ўзида бутпарастлик билан шуғулланиб, улар Яҳовани Ўзининг муқаддас масканидан «узоқлашишга мажбурлашган» эди.

8. Ҳизқиё ваҳийда кўрган рашк бути бугунги кунда биз учун қандай аҳамиятга эга?

8 Ҳизқиё ваҳийда кўрган рашк бути бугунги кунда биз учун қандай аҳамиятга эга? Шубҳасизки, муртад Яҳудо аҳолиси бизга христиан оламини эслатади. Христиан оламининг черковларида бутпарастлик кенг тарқалган, бу туфайли эса Худо уларнинг топинишини маъқулламайди. Яҳова ўзгармас экан, шунга аминмизки, муртад Яҳудо аҳолиси билан бўлганидек, У христиан оламидан ғазабланишга ҳақли. (Ёқб. 1:17) Дарҳақиқат, Яҳова булғанган христиан оламидан узоқдадир!

9, 10. Маъбаддаги бутпарастлардан қандай огоҳлантирувчи сабоқ оляпмиз?

9 Маъбаддаги бутпарастлардан қандай огоҳлантирувчи сабоқ оляпмиз? Яҳовага мутлақ садоқатли бўлиш учун «бутпарастликдан қочишимиз» керак. (1 Кор. 10:14) Балки шундай ўйлармиз: «Яҳовага топинишда тасвир ёки бутлардан асло фойдаланмайман!» Лекин бутпарастлик турли хил бўлади ва баъзиларини бошқаларига қараганда фарқлаш қийинроқ. Муқаддас Китоб борасидаги бир манбада бу қуйидагича тушунтирилган: «Биз учун қимматбаҳо, қадрли ёки кучга эга бўлган ҳар қандай нарса Худога топинишимиздан муҳимроқ бўлиб қолса, бу бутпарастликдир». Ҳа, бутпарастлик мол-мулк, пул, жинсий муносабатлар, ўйин-кулги — ҳаётимизда устуворлик қилиб, Яҳовага бўлган мутлақ садоқатимизнинг ўрнини эгаллайдиган ҳар қандай нарсани ўз ичига олади. (Мат. 6:19–21, 24; Эфес. 5:5; Колос. 3:5) Ўзимизни бутпарастликнинг ҳар қандай туридан ҳимоя қилишимиз керак, зеро Яҳова қалбимизда асосий ўрин эгаллашни ва Унга топинишимизни талаб қилишга ҳақли! (1 Юҳан. 5:21)

10 Яҳова Ҳизқиёга кўрсатган биринчи саҳна «даҳшатли, жирканч ишлар»ни ўз ичига олганди. Бироқ Яҳова садоқатли пайғамбарга: «Сен бундан ҳам даҳшатлироқ нарсаларга шоҳид бўласан»,— деди. Маъбад ҳудудида рашк бутига топинишдан даҳшатлироқ яна нима бўлиши мумкин эди?

Иккинчи саҳна: 70 та оқсоқол сохта худоларга тутатқи тутатяпти

11. Ҳизқиё маъбад қурбонгоҳи жойлашган ички ҳовлига кирганда, қандай даҳшатли ишларни кўрган?

11 Ҳизқиё 8:7–12 ни ўқинг. Девордаги тешикдан маъбад қурбонгоҳи жойлашган ички ҳовлига кириб, Ҳизқиё «бутун девор бўйлаб ҳар турли судралиб юрувчи жонзотлар, жирканч ҳайвонлар»нинг даҳшатли тасвирлари ўйилганини кўради *. Ўйилган бу тасвирлар сохта худоларни билдирар эди. Ҳизқиё кўрган бундан ҳам мудҳишроқ саҳна «Исроил хонадонининг 70 та оқсоқоли» «қоронғиликда» туриб, сохта худоларга тутатқи тутатаётгани бўлди. Хушбўй тутатқи Таврот талаблари бўйича тутатилиши садоқатли топинувчиларнинг ибодати Худога маъқул келишининг рамзи эди. (Заб. 141:2) Лекин 70 та оқсоқол сохта худоларга тутатган тутатқи ҳиди Яҳова учун жуда ҳам бадбўй бўлган. Уларнинг ибодати Яҳова учун жирканч эди. (Ҳик. 15:8) Ўша оқсоқоллар: «Яҳова бизни кўрмаяпти»,— деб ўзларини алдашганди. Бироқ Яҳова барчасини кўриб турганди ва улар Унинг маъбадида нималар қилаётганини Ҳизқиёга аниқ кўрсатган эди.

Яҳова «қоронғиликда» қилинаётган ҳар бир жирканч ишни кўради (11- хатбошига қаранг.)

12. Нега ҳатто «қоронғиликда» ҳам садоқатли қолишимиз зарур ва айниқса ким бу борада яхши ўрнак кўрсатиши керак?

12 Ҳизқиё исроиллик 70 та оқсоқол сохта худоларга тутатқи тутатганини кўргани ҳақидаги баёнотдан қандай сабоқ олсак бўлади? Худо ибодатларимизни эшитиши, яъни топинишимиз Унинг назарида пок бўлиши учун ҳатто «қоронғиликда» ҳам садоқатли қолишимиз зарур. (Ҳик. 15:29) Шуни унутмайликки, Яҳова биз қилаётган барча ишларни кўриб туради. Яҳова биз учун мавжуд Шахс бўлса, ёлғиз бўлганимизда ҳам Уни ранжитадиган ҳеч қандай иш қилмаймиз. (Иброн. 4:13) Муқаддас Китоб принциплари бўйича яшашда айниқса оқсоқоллар яхши ўрнак кўрсатишлари керак. (1 Бутр. 5:2, 3) Жамоат аъзолари саҳнадан туриб таълим бераётган ва йиғилишларда етакчилик қилаётган оқсоқолдан ҳатто «қоронғиликда», яъни ҳеч ким уни кўрмаётганда ҳам Муқаддас Китоб принциплари бўйича яшашини кутишга ҳақли. (Заб. 101:2, 3)

Учинчи саҳна: «Таммуз учун йиғлаб ўтирган аёллар»

13. Ҳизқиё маъбад дарвозаларининг бирида муртад аёллар нима қилишаётганини кўрди?

13 Ҳизқиё 8:13, 14 ни ўқинг. Даҳшатли ишлар ҳақидаги иккита саҳнадан сўнг Яҳова яна Ҳизқиёга шундай дейди: «Сен улар қилаётган ишлардан ҳам даҳшатлироқ жирканч нарсаларни кўрасан». Хўш, пайғамбар яна нимани кўрди? У «Яҳова уйининг шимолий дарвозаси ёнида» «Таммуз учун йиғлаб ўтирган аёлларни» кўрди. Месопотамия худоси бўлган Таммуз ҳосилдорлик маъбудаси Иштарнинг эри ёки ўйнаши ҳисобланган *. Исроиллик аёллар йиғлашгани Таммузнинг ўлими билан боғлиқ баъзи диний урф-одатларнинг қисми бўлганга ўхшайди. Яҳованинг маъбадида Таммуз учун кўз ёш тўкиб, ўша аёллар пок топинишнинг марказида бутпарастларнинг урф-одатини бажаришаётган эди. Сохта дин билан боғлиқ одат Худонинг маъбадида бажарилгани учунгина муқаддас бўлиб қолмас эди. Чунки Яҳованинг назарида ўша муртад аёллар «жирканч нарсаларни» қилишаётган эди!

14. Яҳова муртад аёлларнинг ишларига қандай нуқтаи назарда бўлганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

14 Яҳова ўша аёлларнинг ишларига қандай нуқтаи назарда бўлганидан нимани ўрганишимиз мумкин? Топинишимизни пок сақлаш учун уни бутпарастларнинг нопок одатлари билан асло аралаштирмаслигимиз керак. Қолаверса, келиб чиқиши сохта дин билан боғлиқ байрам ёки маросимларда қатнашмаслигимиз даркор. Келиб чиқиши шунчалик муҳимми? Ҳа! Бугунги кунда Рождество, Пасха, Янги йил ва туғилган кун каби байрамларни нишонлаш билан боғлиқ муайян одатлар безарардай кўриниши мумкин. Аммо шуни унутмайликки, замонавий маросимлар аслида бутпарастларнинг диний одатларидан келиб чиққанини Яҳова шахсан Ўзи кўрган. Бутпарастларнинг одатлари вақт ўтгани ёки пок топиниш билан аралашгани туфайлигина Яҳова учун маъқул бўлиб қолмайди. (2 Кор. 6:17; Ваҳ. 18:2, 4)

Тўртинчи саҳна: 25 киши «қуёшга сажда қилаётган эди»

15, 16. Маъбаднинг ички ҳовлисида 25 киши нима қилаётган эди ва нега уларнинг хатти-ҳаракатлари Яҳовани қаттиқ ранжитди?

15 Ҳизқиё 8:15–18 ни ўқинг. Яҳова тўртинчи ва охирги саҳнани кўрсатишдан аввал ўша таниш сўзларни айтди: «Сен булардан ҳам даҳшатлироқ, янада жирканч нарсаларни кўрасан». Балки пайғамбар шундай ўйлагандир: «Мен кўрган нарсалардан даҳшатлироқ яна нималар бўлиши мумкин?» Энди Ҳизқиё маъбаднинг ички ҳовлисида эди. У маъбадга кираверишда 25 киши «шарққа қараб қуёшга» сажда қилаётганининг гувоҳи бўлди. Улар Яҳовани ўтакетган разил тарзда ҳақоратлашган эди. Қанақасига?

16 Худо маъбадининг киравериши шарқ тарафга қараб қурилганини кўз олдингизга келтиринг. Топинувчилар маъбадга кирганида, юзи билан ғарб тарафга қараб турарди, орқаси эса қуёш чиқадиган шарқ тарафга қаратилган бўларди. Лекин ваҳийдаги 25 киши «орқасини» маъбадга ўгириб, қуёшга сажда қилиш учун юзи билан шарққа қарарди. Бундай йўл тутиб улар орқасини Яҳовага ўгиришди, боиси маъбад «Яҳованинг уйи» эди. (3 Шоҳ. 8:10–13) Ўша 25 киши муртад эди. Улар Яҳовани назар-писанд қилишмади ва Қонунлар 4:15–19 да ёзилган амрни бузишди. Улар ҳақли равишда мутлақ садоқатга лойиқ бўлган Худони қаттиқ ранжитишди!

Хизматчилари Унга мутлақ садоқатли бўлишларига Яҳова лойиқ

17, 18. а) Маъбадда қуёшга сажда қилганлар ҳақидаги баёнотдан қандай сабоқ олсак бўлади? б) Муртад исроилликлар ким билан бўлган муносабатларига путур етказди ва қай йўсин?

17 Қуёшга сажда қилганлар ҳақидаги баёнотдан қандай сабоқ олсак бўлади? Топинишимизни пок сақлаш учун Яҳовадан ақл-идрок ва донолик излашимиз керак. Унутманг, «Аллоҳ Яҳова — қуёшимиз» ва Унинг Каломи йўлларимизни ёритадиган «нурдир». (Заб. 84:11; 119:105) Каломи ва ташкилоти тақдим этаётган адабиётлар орқали У қай йўсин ҳозирнинг ўзида мазмунли ҳаёт кечиришни ва келажакда абадий ҳаётга эришишни кўрсатиб, қалбимизу онгимизни ёритмоқда. Ҳаётимизни ёритиш учун бу дунёга мурожаат қилганимизда, орқамизни Яҳовага ўгирган бўлардик. Бундай йўл тутиш Уни қаттиқ ранжитиб, қалбига кўп оғриқ келтирган бўларди. Тангримизга бундай муносабат кўрсатишни ҳеч ҳам истамаймиз! Ҳизқиё кўрган ваҳий ҳақиқатдан юз ўгирганлардан, яъни муртадлардан қочишда огоҳлантирувчи мисолдир. (Ҳик. 11:9)

18 Кўриб чиққанимиздай, Ҳизқиё бутпарастлик ва сохта дин билан боғлиқ тўртта даҳшатли саҳнанинг шоҳиди бўлган ва улар муртад Яҳудо аҳолисининг маънавий аҳволи қанчалар аянчли ҳолатда эканини ошкор этган. Маънан нопок бўлиб ўша исроилликлар Худо билан бўлган муносабатларига путур етказишган. Устига-устак, маънавий нопоклик бор жойда ахлоқий нопоклик ҳам гуллаб-яшнайди. Шу боис, муртад исроилликлар нафақат Худо, балки яқинлари билан бўлган муносабатларига путур етказган ифлос ишлар билан шуғулланганининг ажабланарли жойи йўқ. Келинг, Ҳизқиё пайғамбар илоҳий илҳом остида муртад Яҳудо аҳолисининг ахлоқий таназзулини қандай тасвирлаганига диққат қаратамиз.

Ахлоқий нопоклик. «Сенда бузуқликлар қилишади»

19. Ҳизқиё Яҳова билан аҳд қилган халқнинг ахлоқий таназзулини қандай тасвирлаган?

19 Ҳизқиё 22:3–12 ни ўқинг. Бошқарувчидан тортиб то оддий одамларгача — халқдаги барча ахлоқан бузилиб кетган эди. «Йўлбошчилар» ёки етакчилар ҳокимиятидан бегуноҳларнинг қонини тўкишда фойдаланарди. Халқ Худонинг қонунини бузишда етакчиларга эргашганга ўхшайди. Оила ичида фарзандлар ота-онасини «хор қилишган» ва қариндошлар орасида жинсий алоқа оддий ҳолга айланганди. Юрт бўйлаб исёнкор исроилликлар мусофирни алдашганди ва етиму беваларга ёмон муомалада бўлишганди. Исроиллик эркаклар қўшниларининг хотинлари билан ахлоқсизлик қилишганди. Одамлар порахўр бўлиб, фоизга қарз бериб ва судхўрлик қилиб тийиқсиз даражада очкўз бўлиб кетишганди. Яҳова учун У билан аҳд қилган халқ Тавротни оёғости қилаётганини ва амрларнинг ортида турган севгисини назарига илмаётганини кўриш нақадар оғриқли бўлган бўлса керак! Уларнинг ахлоқий таназзули Яҳовани қаттиқ ранжитган. Яҳова Ҳизқиё орқали ахлоқсиз халққа: «Сен бутунлай Мени эсингдан чиқарибсан»,— деган.

Христиан оламининг таъсири туфайли дунё зўравонлик ва ахлоқ борасида тобора тубанлашиб кетяпти (20- хатбошига қаранг.)

20. Ҳизқиё Яҳудо аҳолисининг ахлоқий нопоклиги тўғрисида ёзгани нега бугун биз учун ҳам аҳамиятли?

20 Ҳизқиё Яҳудо аҳолисининг ахлоқан нопок бўлгани тўғрисида ёзгани нега бугун биз учун ҳам аҳамиятли? Муртад Яҳудо аҳолисининг бузилиб кетгани биз яшаётган даврдаги ахлоқий таназзулни эслатади. Сиёсий раҳбарлар кучидан нотўғри фойдаланиб, оддий халққа жабр-зулм қилади. Дин раҳбарлари — айниқса христиан оламининг руҳонийлари — халқлар орасидаги урушларни маъқуллаб дуо қилади ва миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлади. Руҳонийлар жинсий ахлоқ борасидаги Муқаддас Китобнинг пок ва аниқ меъёрларини булғашди. Оқибатда дунёнинг ахлоқий меъёрлари ҳар қачонгидан ҳам тубанлашиб кетяпти. Яҳова муртад Яҳудо аҳолисига айтган қуйидаги сўзларни христиан оламидагиларга ҳам айтиши шубҳасиз: «Сен бутунлай Мени эсингдан чиқарибсан».

21. Қадимги Яҳудо аҳолиси ахлоқан нопок бўлганидан қандай сабоқ чиқаришимиз мумкин?

21 Яҳованинг хизматчилари эканмиз, қадимги Яҳудо аҳолиси ахлоқан нопок бўлганидан қандай сабоқ чиқаришимиз мумкин? Яҳовага маъқул тарзда топиниш учун ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида пок бўлиб қолишимиз керак. Ахлоқан бузилиб кетган бу дунёда заррачадай ўзгариш йўқ. (2 Тим. 3:1–5) Лекин ахлоқий бузилишнинг барча жирканч турлари борасида Яҳова қандай фикрда эканини биламиз. (1 Кор. 6:9, 10) Яҳовани ҳамда Унинг қонунларини яхши кўрганимиз учун ахлоқий меъёрларига итоат қиламиз. (Заб. 119:97; 1 Юҳан. 5:3) Ахлоқан нопок бўлсак, муқаддас ва пок Тангримизни севмаслигимизни кўрсатган бўламиз. Албатта, Яҳова бизга қуйидаги сўзларни айтишини асло истамаймиз: «Сен бутунлай Мени эсингдан чиқарибсан».

22. а) Яҳова қадимги Яҳудо аҳолисининг қилмишларини фош этганини кўриб чиқиб, нима қилишга қарор қилдингиз? б) Кейинги бобдан нима ҳақида билиб оламиз?

22 Яҳова қадимги Яҳудо аҳолисининг маънавий ва ахлоқий таназзулга учраганини фош этганини кўриб чиқиб, қимматли сабоқлар олдик. Шубҳасизки, Яҳовага фақат У лойиқ бўлган мутлақ садоқатни кўрсатиш қароримиз мустаҳкамланди. Қолаверса, бутпарастликнинг барча туридан ўзимизни ҳимоялашимиз ва ахлоқан пок бўлиб қолишимиз керак. Хўш, Яҳова садоқатсиз халқи билан нима қилди? Ҳизқиёга маъбадни кўрсатиб бўлгач, Яҳова унга аниқ қилиб: «Қаттиқ ғазабланиб чора кўраман»,— деди. (Ҳиз. 8:17, 18) Яҳова садоқатсиз Яҳудо аҳолисига нисбатан қандай чора кўрганини билишни истаймиз, ахир бу ёвуз дунёни ҳам шунга ўхшаш ҳукм кутмоқда. Кейинги бобдан Яҳованинг Яҳудо аҳолисига қарши айтган ҳукмлари қай йўсин амалга ошганини билиб оламиз.

^ абз. 4 Ҳизқиё китобида Яҳудо ва Қуддус аҳолисига ишора қилиш мақсадида «Исроил» сўзи тез-тез ишлатилган. (Ҳиз. 12:19, 22; 18:2; 21:2, 3)

^ абз. 7 «Рашк» сўзи ишлатилгани Яҳова Унга нисбатан садоқатли бўлиш масаласига қанчалар жиддий қарашини кўрсатмоқда. Эҳтимол, хотини садоқатсизлик қилса, эри рашк қилиб ғазабланиши хаёлимизга келар. (Ҳик. 6:34) Бундай эрга ўхшаб, Яҳова У билан аҳд қилган халқ бутпарастликка берилганида ғазабланишга ҳақли эди. Бир манбада шундай дейилган: «Худонинг рашки... муқаддаслигининг натижасидир. Фақат ёлғиз У муқаддас бўлгани учун... рақобатга тоқат қилмайди». (Чиқ. 34:14)

^ абз. 11 Ибронийчадан «жирканч бутлар» деб ўгирилган ибора, эҳтимол, ибронийчадаги «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.

^ абз. 13 Шумер миххатида Думузи деб аталган Таммуз маъбуди Нимрўднинг бошқа исми бўлган деб айтишга асос йўқ.