Етакчи кенгашдан хат
Яҳованинг суюкли хизматчилари!
1971 йил бўлиб ўтган «Илоҳий исм» номли вилоят анжуманига ташриф буюрганлар бир нечта янги адабиётни олишдан жуда хурсанд бўлишган. 1972 йилги «Йилнома»да айтилишича, «мазкур адабиётлар барча тасаввур қилганидан ҳам зиёда бўлган». Ушбу янги адабиётларнинг бири ҳақида битта биродаримиз шундай деди: «Келажакда содир бўладиган воқеалар ҳали ҳеч бир адабиётда бунчалар ажойиб тарзда ёритиб берилмаганди!» Қизиқ, у қайси адабиётни назарда тутган? Бу «“Мен Яҳова эканимни халқлар билиб олишади”. Қанақасига?» номли китоб эди. Бироқ нега бу китоб одамларда шунчалик қизиқиш уйғотди? Сабаби унда Ҳизқиё китобидаги бутун инсоният келажагига таъсир қиладиган башоратларнинг ойдинлашган тушунчалари келтирилган эди.
«Яҳова эканимни билиб олишади» номли китоб чиққан йилдан бери Худо халқининг сони шиддат билан ўсиб, тахминан 1,5 миллиондан 8 миллиондан зиёдга етди. (Ишаё 60:22) Яҳованинг ушбу миллионлаб хизматчилари 1000 дан ошиқ тилларда гапиришади. (Закр. 8:23) Улардан кўпчилиги Ҳизқиё пайғамбарнинг илоҳий илҳом остида ёзилган башоратларини батафсил ёритиб берадиган китобни тадқиқ қилиш имкониятига эга бўлмаган.
Бундан ташқари, 1971 йилдан бери маънавий нур борган сари ёришиб, кўпгина Муқаддас Китоб ҳақиқатлари борасидаги тушунчамиз анча ойдинлашди. (Ҳик. 4:18) 1985 йилда «бошқа қўйлар» Худонинг дўстлари сифатида одил, деб эълон қилиниши нимани англатишини янада аниқроқ тушуна бошладик. (Юҳан. 10:16; Рим. 5:18; Ёқб. 2:23) Ким «қўй» ва ким «эчки» экани борасидаги сўнгги ҳукм бўлажак «буюк мусибат» пайтида чиқарилишини эса илк бор 1995 йили тушундик. (Мат. 24:21; 25:31, 32) Ушбу барча ўзгаришлар Ҳизқиё китобини яхшироқ тушунишимизга ёрдам берди.
«Эй инсон ўғли, яхшилаб қара, диққат билан тингла ва мен сенга кўрсатаётган ҳамма нарсага эътибор бер. Ана шу мақсадда сен бу ерга келтирилдинг». ҲИЗҚИЁ 40:4
Сўнгги йиллар давомида нур янада ёришиб боряпти. Мисол учун, Исонинг масалларидан олган сабоқлар тўғрисида ўйлаб кўринг. Ойдинлашган тушунчаларимиз туфайли кўпгина сабоқларни аниқроқ тушуна олдик. Ушбу масалларнинг аксарияти шиддат билан яқинлашиб келаётган буюк мусибат пайтида юз берадиган воқеаларга ишора қилади. Шу сингари, Ҳизқиё китобидаги баъзи башоратлар борасидаги тушунчамиз ҳам ойдинлашди. Магўг юртидаги Гўг (38- , 39- боблар), котиблик асбоби бор кишининг вазифаси (9- боб), қуриган суякларга тўла водий ҳамда иккита таёқнинг рамзий бирлашиши (37- боб) ҳақидаги башоратлар шулар жумласидандир. Мазкур тушунчаларимизнинг бари ойдинлашган бўлиб, бир неча йил олдин чиққан «Яҳова эканимни билиб олишади» номли китобда ёзилганлардан фарқ қилади.
Шу сабабли, Яҳованинг кўпгина хизматчилари: «Ҳизқиёнинг башоратлари борасидаги ойдинлашган тушунчалар келтирилган китоб қачон чиқади?» — деб сўрашгани бежиз эмас. «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» номли китоб айнан шундай адабиётдир. Китобдаги 22 та бобни ўқиб, келтирилган ажойиб расмлар устида мулоҳаза қилар экансиз, уни тайёрлаш жараёнида пухта изланиш олиб борилганига қойил қоласиз. Ҳизқиё китоби ёзиб қолдирилишига Яҳова нега ғамхўрлик қилганини тушуниш учун чин дилдан ибодат қилиб, чуқур мулоҳаза юритдик. Масалан, қуйидаги саволларга айниқса диққат қаратдик: Ҳизқиёнинг замондошлари унинг китобидан қандай сабоқлар олишган? Биз-чи, ундан нималарни ўргансак бўлади? Қайси башоратларда келажакда содир бўладиган воқеалар ҳақида
айтилган? Ҳизқиёнинг башоратларида тимсоллар ва улар нимани билдиришига эътибор қаратишимиз керакми? Ушбу саволларга жавоб топиш кўпчилигимиз мароқ билан ўқийдиган мазкур китобни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.Ҳизқиё китобини бошидан охиригача ўқир экансиз, Яҳова ташкилотининг самовий қисми сизда эҳтиром ҳиссини уйғотиши аниқ. Шунингдек, Яҳова осмонда ва ерда Унга маъқул тарзда топинишни хоҳлайдиганлар учун ўрнатган юксак меъёрларидан ҳайратда қолишингиз шубҳасиз. «Пок топиниш» китоби ёрдамида Яҳова Ўз халқи учун қилган ва яқин келажакда қиладиган ишлар учун миннатдорчилигингизни ошира оласиз. Қолаверса, ушбу китобда иккита мавзу қайта-қайта таъкидланганига гувоҳ бўласиз. Биринчидан, Яҳовани мамнун қилиш учун Уни Оламнинг Ҳукмдори сифатида таниб-билишимиз ва тан олишимиз лозим. Иккинчидан, Унинг юксак меъёрлари асосида ҳаётимизга ўзгаришлар киритиб, Унга маъқул тарзда топинишимиз керак.
Ушбу адабиёт Яҳованинг буюк ва муқаддас исмини улуғлаган ҳолда Унга топиниш қарорингизни мустаҳкамлашини чин дилдан истаймиз. Шу билан бирга бу адабиёт барча халқлар У Яҳова эканини билиб оладиган вақтни кутишда давом этишингизга туртки бўлсин. (Ҳиз. 36:23; 38:23)
Ҳизқиё илоҳий илҳом остида ёзган китобни тушуниш учун қилган ҳаракатларингизга севувчи Отамиз Яҳова мўл-кўл барака берсин.
Биродарларингиз,
Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши