Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ойдинлик киритилган тушунчалар

Ойдинлик киритилган тушунчалар

Йиллар мобайнида Ҳизқиё башоратининг турли қирралари борасидаги тушунчамиз ўзгаргани «Қўриқчи минораси»да ёритиб борилган. «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» номли мазкур адабиётдан яна бир қанча ойдинлашган тушунчалар жой олган. Қуйидаги саволларга жавоб бериб кўринг.

Тирик мавжудотларнинг тўртта юзи нимани билдиради?

Аввалги тушунча. Тирик мавжудотлар ёки карубларнинг тўртта юзининг ҳар бири Яҳованинг тўртта асосий сифатидан бирини англатади.

Ойдинлашган тушунча. Тирик мавжудотларнинг тўртта юзининг ҳар бири Яҳованинг тўртта асосий сифатидан бирини англатса-да, уларнинг тўртта юзига бир бутундай қараганда Яҳованинг барча сифатларини билдиради. Шунингдек, карубларнинг тўртта юзи Яҳова қудрат ва улуғворликда тенги йўқ Шахс эканини тушунишимизга ёрдам беради.

Ўзгариш учун сабаб. Худонинг Каломида тўрт рақами одатда бир бутун ҳолатда бўлишни ёки тўлиқликни англатади. Бироқ тўртта юзга бир бутундай қараганда улар таассуротда қолдирадиган алоҳида тўртта сифатни англатибгина қолмай, Яҳованинг эҳтиром туйғусини уйғотувчи шахсиятининг асоси эканини ҳам кўрса бўлади. Мавжудотнинг ҳар бир юзи улуғворлик, куч ва қудратни билдиради. Шундай бўлса-да, тўртта юзи бор карублар сифатида тасвирланган бу тўртта қудратли мавжудот Яҳованинг тахти остида турибди. Бу мавжудотлар шундай тасвирлангани Яҳова энг олий Ҳукмдор эканини таъкидламоқда.

Қўлида котиблик асбоби бор киши кимни билдиради?

Аввалги тушунча. Котиблик асбоби бор киши мойланганларнинг қолган қисмини тасвирлайди. Ҳозир ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш иши орқали мойланганлар «улкан оломон» аъзоларининг пешонасига рамзий белги қўйишяпти. (Ваҳ. 7:9)

Ойдинлашган тушунча. Котиблик асбоби бор киши Исо Масиҳни билдиради. У буюк оломон аъзоларига «буюк мусибат» пайтида қўйлар сифатида белги қўяди. (Мат. 24:21)

Ўзгариш учун сабаб. Яҳова ҳукм чиқариш ҳуқуқини Ўғлига ишониб топширган. (Юҳан. 5:22, 23) Матто 25:31–33 га кўра, ким «қўй», ким «эчки» экани ҳақида сўнгги ҳукмни Исо чиқаради.

Фоҳиша опа-сингил, яъни Охола билан Охолибо христиан оламининг католик ва протестант оқимларини билдирувчи тимсолларми?

Аввалги тушунча. Опаси Охола (Исроилнинг пойтахти Самария) католицизмни, синглиси Охолибо (Яҳудонинг пойтахти Қуддус) эса протестантизмни билдиради.

Ойдинлашган тушунча. Ушбу фоҳиша опа-сингил христиан оламининг ҳеч бир қисмини билдирувчи башоратли тимсол эмас. Аксинча, фоҳиша опа-сингилнинг мисоли бир пайтлар садоқатли бўлган кишилар маънавий фоҳишалик қила бошлаганида, Яҳова Ўзини қандай ҳис этишини тушунишимизга ёрдам беради. Унинг барча сохта динларга муносабати ўзгармаган.

Ўзгариш учун сабаб. Охола билан Охолибо христиан оламини билдирувчи тимсоллар экани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган. Исроил ва Яҳудо бир пайтлар Яҳованинг садоқатли хотинларидай бўлишган, христиан олами эса ҳеч қачон Яҳова билан бундай муносабатларга эга бўлмаган. Қолаверса, Ҳизқиё китобининг 16- ва 23- бобларида Худонинг садоқатсиз халқи фоҳишаларга ўхшатилгани улар қайта ташкиллаштирилишига ва тикланишига умид беради. Христиан олами эса Буюк Бобилнинг бир қисми бўлгани учун бундай умидга эга эмас.

Қадимги бевафо Қуддус христиан оламини билдирадими?

Аввалги тушунча. Бевафо Қуддус христиан оламини билдирувчи башоратли тимсол. Шундай экан, Қуддус вайрон қилингани башоратли тарзда христиан олами билан нима бўлишини кўрсатади.

Ойдинлашган тушунча. Бевафо Қуддусдаги аҳвол — хусусан бутпарастлик ва кенг тарқалган адолатсизлик — бизга христиан оламида содир бўлаётган нарсаларни эслатади, лекин энди Қуддус шаҳри христиан оламини билдиради, деб айтмаймиз.

Ўзгариш учун сабаб. Бу башоратга нисбатан тимсол ва у нимани билдиришини тушунтириш услубини қўллаш учун Муқаддас Китобда аниқ асос йўқ. Қадимги Қуддусдан фарқли равишда христиан олами Худога ҳеч қачон пок тарзда топинмаган. Яҳова Қуддус шаҳрини муайян вақтга кечирган, аммо христиан оламида бундай умид йўқ.

Қуриган суякларга тўла водий ҳақидаги ваҳий қандай амалга ошган?

Аввалги тушунча. 1918 йили таъқибларга дуч келган мойланганлар Буюк Бобилга асир қилиб олиб кетилган ва деярли фаолиятсиз маънан ўлик ҳолатни бошдан кечирган. Улар асирликда бўлган қисқа муддат 1919 йили Яҳова уларни Шоҳлик хабарчилари сифатида жонлантирганида ўз якунига етган.

Ойдинлашган тушунча. Ўлик ҳолатга ўхшаш маънавий асирлик жуда узоқ вақт давом этган ва 1918 йилдан анча аввалроқ бошланган. Асирлик милодий иккинчи асрда бошланган ва милодий 1919 йилгача давом этган. Бу Исо буғдой ҳамда бегона ўтлар тўғрисидаги масалида айтган узоқ ўсиш даврига тўғри келади.

Ўзгариш учун сабаб. Қадимги Исроилнинг асирлиги узоқ давом этган, яъни мил. авв. 740 йилда бошланиб мил. авв. 537 йилда тугаган. Ҳизқиёнинг башоратида «қуриган» ёки «қуриб кетган» суяклар ҳақида айтилгани, бу суяклар анча вақт олдин ўлганларга тегишли бўлганини билдиради. Суякларнинг ҳаётга қайтиши муайян вақтни талаб қиладиган ва секин-аста юз берадиган жараён сифатида тасвирланган.

Иккита таёқнинг бирлаштирилиши нимани англатади?

Аввалги тушунча. Биринчи жаҳон уруши пайтида садоқатли мойланганларнинг қолган қисми орасида қисқа муддатга бирлик йўқолган, аммо улар 1919 йили яна бирликка эришишган.

Ойдинлашган тушунча. Башоратда Яҳова Унга топинадиганларни бирлаштиришига эътибор қаратилади. Вақт ўтиб, 1919 йилдан сўнг, мойланганларнинг қолган қисмига сони ошиб бораётган ер юзида яшашга умиди бор кишилар қўшилди. Энди иккала гуруҳ ҳам бир халқ сифатида Яҳовага топиняпти.

Ўзгариш учун сабаб. Башоратда битта таёқ аввалига бўлиниб, кейин бирлаштирилган, деб айтилмаган. Демак, унда аввалига бўлиниб, кейин бирлашган гуруҳ ҳақида гап кетмаган. Аксинча, башоратда иккита алоҳида гуруҳ бирлашиши таърифланган.

Магўг юртидаги Гўг кимни билдиради?

Аввалги тушунча. Шайтон осмондан ҳайдалганидан сўнг унга Магўг юртидаги Гўг деган башоратли ном берилган.

Ойдинлашган тушунча. Магўг юртидаги Гўг буюк мусибат пайтида Худога пок тарзда топинадиганларга ҳужум қиладиган ер юзидаги халқлар иттифоқини билдиради.

Ўзгариш учун сабаб. Башоратда Гўг турли йиртқич қушларга ем қилиниши ва ер юзида унга дафн этиладиган жой берилиши ҳақида айтилганидан у руҳий мавжудот эмаслиги аён бўляпти. Қолаверса, Гўгнинг ҳужуми Дониёр ҳамда Ваҳий китобларида ер юзидаги халқлар Худонинг халқига ҳужум қилиши ҳақида айтилганларга мувофиқдир. (Дон. 11:40, 44, 45; Ваҳ. 17:14; 19:19)

Ҳизқиё кўрган ва айланиб чиққан маъбад кейинчалик ҳаворий Павлус таърифлаган буюк рамзий маъбад бўлганми?

Аввалги тушунча. Ҳизқиё ваҳийда ҳаворий Павлус таърифлаган буюк рамзий маъбадни кўрган.

Ойдинлашган тушунча. Ҳизқиё ваҳийда мил. 29 йили вужудга келган рамзий маъбадни эмас, балки Мусонинг Таврот китобига мувофиқ Яҳовага пок тарзда топинишнинг мукаммал намунасини кўрган. Павлус илоҳий илҳом остида буюк рамзий маъбад ҳақида айтганлари диққатимизни мил. 29–33 йиллар давомида Исо энг буюк Олий руҳоний сифатида амалга оширган ишга қаратади. Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсида эса олий руҳоний умуман тилга олинмаган ва у диққатимизни мил. 1919 йили бошланган маънавий тикланишга қаратади. Шу боис, Ҳизқиё маъбад ҳақида кўрган ваҳийнинг батафсил таърифланган барча хусусиятлари ва ўлчамлари рамзий маънога эга, деб ҳисобламаймиз. Аксинча, асосий эътиборни Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсидан Яҳованинг пок топиниш учун ўрнатган меъёрлари ҳақида қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигига қаратамиз.

Ўзгариш учун сабаб. Ҳизқиё ваҳийда кўрган маъбад рамзий маъбаддан муҳим жиҳатлари билан фарқ қилади. Масалан, Ҳизқиё кўрган маъбадда кўплаб ҳайвонлар қурбонликка келтирилган, рамзий маъбадда эса фақатгина бир марта «биратўла» қурбонлик келтирилган. (Иброн. 9:11, 12) Яҳова Масиҳ келишидан анча асрлар олдин рамзий маъбад ҳақидаги чуқур тушунчаларни очиб бермаган, чунки ҳали бунинг вақти келмаганди.