Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4- БОБ

«Тўрт юзли тирик мавжудотлар» нимани билдиради?

«Тўрт юзли тирик мавжудотлар» нимани билдиради?

ҲИЗҚИЁ 1:15

БУ БОБДА: тирик мавжудотлар ва улар ҳақидаги маълумот

1, 2. Нега Яҳова ер юзидаги хизматчилари ҳақиқатларнинг моҳиятини тушуна олиши учун баъзида ваҳий ва тушларни қўллаган?

АЙТАЙЛИК, бир ота болалари билан бирга уйда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпти. Фарзандлари Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни тушуна олиши учун у баъзи бир оддий расмларни кўрсатади. Уларнинг табассуми ва завқ ила жавоб бераётгани, отаси кўзлаган мақсадига эришганини аён қилади. У шунчаки сўзлар билан кифояланиб қолганда, болалари Яҳова тўғрисидаги таълимотларни охиригача тушунмай қоларди.

2 Шу сингари, Яҳова ер юзидаги фарзандлари самодаги кўринмас нарсаларнинг моҳиятини тушуна олишига кўмаклашиш учун ваҳий ва тушларни қўллаган. Масалан, Яҳова Ўзи ҳақидаги муҳим ҳақиқатларни тушунтириш мақсадида Ҳизқиёга ҳайратомуз тасвирларга тўла ваҳийни кўрсатган. Ўтган бобда уларнинг бирини кўриб чиқдик. Бу бобда эса, келинг, лол қолдирадиган ваҳийнинг муайян бир жиҳатига диққат қаратиб, унинг мағзини чақиш қандай қилиб Яҳовага янада яқинлашишимизга ёрдам беришини билиб олайлик.

«Тўртта тирик мавжудот бор эди»

3. а) Ҳизқиё 1:4, 5 га кўра, Ҳизқиё ваҳийда нимани кўрган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Ҳизқиё таассуротларини ёзишда қўллаган услубда нимага эътибор бердингиз?

3 Ҳизқиё 1:4, 5 ни ўқинг. Ҳизқиё «тўртта тирик мавжудотга» ўхшаш нарсани кўрган. Уларнинг фаришта, инсон ва ҳайвонникига ўхшаш хусусиятлари бор эди. Ҳизқиё кўрган ваҳийсида тирик мавжудотлар борасида «ўхшаш» сўзини қўллаганига эътибор беринг. Ҳизқиё китобининг 1- бобида у «ўхшарди», «каби» ва «ўхшаш» сингари сўзлардан тез-тез фойдаланганига диққат қаратинг. (Ҳиз. 1:13, 24, 26) Дарҳақиқат, Ҳизқиё кўрганлари самода бор бўлган кўринмас нарсаларнинг фақатгина тасвири эканини англаб етган.

4. а) Ҳизқиё кўрган ваҳий унга қандай таъсир қилган? б) Ҳизқиё карублар ҳақида нималарни билган?

4 Ҳизқиё кўрган нарсалар ва эшитган товушлардан эсанкираб қолгандир. Тўртта тирик мавжудотнинг кўриниши «ёнаётган кўмирга» ўхшарди. Уларнинг тезда ҳаракат қилгани «чақнаётган чақмоқ»дай эди. Қанотларининг товуши «шовуллаётган сувнинг товуши» ва улар ҳаракатланганида товуши «ҳарбий қўшиннинг шовқини» каби эди. (Ҳиз. 1:13, 14, 24–28; «Тирик мавжудотларга қараб турганимда» номли рамкага қаранг.) Кейинчалик кўрган ваҳийда Ҳизқиё бу тўртта тирик мавжудот «карублар», яъни қудратли фаришталарни билдиришини ошкор этади. (Ҳиз. 10:2) Ҳизқиё руҳонийлар оиласида улғайгани сабабли, карублар Худонинг ҳузурида бўлиб, Унга хизмат қилганини билган бўлиши мумкин. (1 Сол. 28:18; Заб. 18:10)

«Ҳар бир мавжудотнинг тўртта юзи... бор эди»

5. а) Қандай қилиб карублар ва уларнинг тўртта юзи Яҳова қудрат ва улуғворликда тенги йўқ Шахс эканини акс эттирмоқда? б) Нега ваҳийнинг бу қисми бизга Худо исмининг маъносини эслатмоқда? (Изоҳга қаранг.)

5 Ҳизқиё 1:6, 8 ни ўқинг. Ҳизқиё шунингдек, ҳар бир карубнинг тўртта юзи, яъни инсон, шер, буқа ва бургутнинг юзи бор деган. Ушбу тўртта юзни кўриб Ҳизқиё Яҳова қудрат ва улуғворликда тенги йўқ Шахс экани ҳақида анчагина нарсани билиб олган бўлиши мумкин. Нима учун? Чунки мавжудотнинг ҳар бир юзи улуғворлик, куч ва қудратни билдиради. Шер улуғвор ёввойи ҳайвон, буқа савлатли уй ҳайвони, бургут кучли қуш, инсон эса Худо ер юзида яратган барча мавжудотларнинг гултожи ва улар устидан ҳокимлик қилиш ҳуқуқига эга. (Заб. 8:4–6) Шундай бўлса-да, Ҳизқиё тўртта юзи бор карублар сифатида тасвирлаган бу тўртта қудратли мавжудот энг олий Ҳукмдор Яҳованинг тахти остида турибди. Бу Яҳова Ўз ниятини амалга ошириш учун мавжудотларидан фойдаланиши мумкинлигининг яққол далилидир! * Сано бастакори Яҳова ҳақида: «У шоҳ бўлиб барча нарса устидан бошқармоқда»,— деб бежизга айтмаган. (Заб. 103:19; Заб. 148:13)

Тўртта тирик мавжудот ва уларнинг тўртта юзи Яҳованинг куч-қудрати, улуғворлиги ва сифатлари ҳақида нималарни ошкор этмоқда? (5- , 13- хатбошиларига қаранг.)

6. Бироз вақт ўтгач тўртта юз нимани билдиришини тушунишга Ҳизқиёга нима ёрдам берган бўлиши мумкин?

6 Бироз вақт ўтгач ва кўрганлари борасида фикр юритгач, Ҳизқиё ундан олдин яшаган Худонинг хизматчилари ҳам солиштириш сифатида ҳайвонларнинг мисолларидан фойдаланганини эслаган бўлиши мумкин. Мисол учун, бобокалонимиз Ёқуб ўғли Яҳудони шер, Беняминни эса бўри билан таққослаган. (Ибт. 49:9, 27) Нима сабабли? Чунки шер ва бўри эга бўлган хусусиятлар ўша кишилар ҳамда уларнинг авлодларига хос эди. Демак, Муқаддас Ёзувлардаги шу каби мисолларни ёдга олган ҳолда, Ҳизқиё карубнинг юзлари ҳам қандайдир хусусият ёки сифатларни англатишини тушунгандир. Хўш, қандай сифатларни?

Яҳова ва Унинг самовий оиласига тегишли сифатлар

7, 8. Одатда карубларнинг тўртта юзи қайси сифатларни билдиради?

7 Ҳизқиёдан аввал яшаган Муқаддас Китоб ёзувчилари шер, бургут ва буқанинг қайси хусусиятларини таъкидлашган? Қуйидаги оятларга назар солинг: «Одил эса шер каби довюракдир». (Ҳик. 28:1; 2 Шоҳ. 17:10) «Бургут... юқорига учади» ва «кўзларини олисга қаратади». (Аюб 39:27, 29) «Буқанинг кучи билан мўл ҳосил олинади». (Ҳик. 14:4) Шу каби оятлар асосида, кўпинча адабиётларимизда ёзилганидай, жасоратли шернинг юзи адолатни; бургутнинг юзи узоқни кўзлайдиган доноликни; буқанинг юзи куч-қудратни англатади деб хулоса қилсак бўлади.

8 Инсоннинг юзи ҳақида нима деса бўлади? (Ҳиз. 10:14) Аллоҳ одамни Ўзига монанд қилиб яратгани туфайли, ҳеч бир ҳайвон эга бўлмаган ва фақат одам намоён эта оладиган сифатни билдиради. (Ибт. 1:27) Ер юзидаги инсонларга бу сифат борасида Худонинг қуйидаги амрлари берилган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз... билан севинглар» ва «яқинингизни ўзингизни севгандай севинглар». (Қонун. 6:5; Лев. 19:18) Беғараз севгини намоён этиб, ушбу амрларга бўйсунганимизда Яҳованинг севгисини акс эттирган бўламиз. Ҳаворий Юҳанно: «Худо бизни биринчи севгани учун, биз Уни севамиз»,— деб ёзган. (1 Юҳан. 4:8, 19) Демак, инсоннинг юзи севгини билдиради.

9. Карубларнинг юзлари билан боғлиқ сифатлар кимга тегишли?

9 Бу сифатлар кимга тегишли? Юзлар карубларники экан, бу сифатлар ваҳийдаги карублар билдирадиган барчага, яъни Яҳованинг самовий оиласидаги садоқатли руҳий мавжудотларга тегишли. (Ваҳ. 5:11) Қолаверса, Яҳова карублар ҳаётининг Манбаи экан, демак уларга хос сифатларнинг Манбаи ҳам Худодир. (Заб. 36:9) Шундай экан, карубларнинг юзлари Яҳованинг Ўзига тегишли бўлган сифатларни англатади. (Аюб 37:23; Заб. 99:4; Ҳик. 2:6; Михо 7:18) Қайси бир нечта йўл билан Яҳова ушбу ажойиб сифатларини намоён этади?

10, 11. Яҳова тўртта асосий сифатини намоён этаётганидан қандай фойда оляпмиз?

10 Адолат. «Яҳова адолатни севади»ган Аллоҳ бўлиб, «умуман юзхотирчилик қилмайди». (Заб. 37:28; Қонун. 10:17) Унинг хизматчиси бўлишга қарор қилган барчада — жамиятдаги ўрни ёки келиб чиқишига қарамай — абадий баракаларга эга бўлиш имкони бор. Донолик. «Қалбида донолик» бор бўлган Тангри сифатида Яҳова «амалий доноликка» тўла бўлган китобни тақдим этган. (Аюб 9:4; Ҳик. 2:7, изоҳ) Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатларни ҳаётимизда қўллаш ҳар куни дуч келаётган қийинчиликларни енгишга ва мазмунли ҳаёт кечиришимизга кўмаклашади. Куч-қудрат. «Ниҳоятда қудратли» бўлган Худованд Яҳова муқаддас руҳидан фойдаланиб бизга «инсонларникидан устун турган куч»ни беряпти. Унинг ёрдамида биз дуч келаётган ҳар қандай даҳшатли ва оғриқли қийинчиликни енга оляпмиз. (Нох. 1:3; 2 Кор. 4:7; Заб. 46:1)

11 Севги. «Меҳр-садоқатга бой» бўлган Яҳова содиқ хизматчиларини асло ташлаб қўймайди. (Заб. 103:8; 2 Шоҳ. 22:26) Ҳатто касаллик ёки ёшимиз ўтаётгани дастидан Яҳовага аввалгидай кўп хизмат қила олмаётганимиздан сиқилаётган бўлсак ҳам, илгари севги ила қилган меҳнатимиз Унинг ёдида эканини билишдан тасалли оламиз. (Иброн. 6:10) Ҳа, Яҳова адолат, донолик, куч-қудрат ва севги фазилатларини намоён этаётганидан бугуннинг ўзида фойда кўряпмиз ва келажакда ҳам худди шундай бўлади.

12. Яҳованинг фазилатларини тушуниш қобилиятимиз ҳақида нимани ёдда тутишимиз лозим?

12 Шуни ёдда тутишимиз керакки, оддий банда бўла туриб Яҳованинг фазилатларини тушунаётганимиз, У қилган ишларнинг «бир қисми», холос. (Аюб 26:14) «Қодир Тангрининг фаҳм-идрокига ақлимиз етмайди», боиси «Унинг улуғворлигига ақл бовар қилмайди». (Аюб 37:23; Заб. 145:3) Яҳованинг сифатлари сон-саноқсиз бўлиб, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. (Римликларга 11:33, 34 ни ўқинг.) Ҳа, Ҳизқиёнинг ваҳийси ҳам Аллоҳнинг сифатлари бениҳоя ёки чеки йўқлигини ошкор этмоқда. (Заб. 139:17, 18) Ваҳийнинг қайси жиҳати бу муҳим ҳақиқатга урғу бермоқда?

«Тўртта юзи, тўртта қаноти бор»

13, 14. Карубларнинг тўртта юзи нимани билдиради ва нега бундай хулосага келяпмиз?

13 Ҳизқиё ваҳийда ҳар бир карубнинг битта эмас, тўртта юзи борлигини кўрган. Бу нимани билдиради? Худонинг Каломида тўрт рақами одатда бир бутун ҳолатда бўлишни ёки тўлиқликни англатишини эсланг. (Ишаё 11:12; Мат. 24:31; Ваҳ. 7:1) Бу ваҳийнинг ўзида Ҳизқиё тўрт рақамини камида 11 марта тилга олгани муҳим аҳамиятга эга. (Ҳиз. 1:5–18) Қандай хулоса қилсак бўлади? Тўртта каруб руҳий мавжудотларнинг барчасини англатганидай, уларнинг тўртта юзига бир бутундай қараганда улар Яҳованинг барча сифатларини билдиради *.

14 Карубларнинг тўртта юзи тўрттадан кўпроқ сифатни билдириши мумкинлигини тушуниш учун, бу ваҳийдаги тўртта ғилдирак нимани англатишини эслайлик. Ҳар бир ғилдирак баҳайбат, лекин уларнинг тўрттасига бир бутундай қараганда улар таассурот қолдирадиган алоҳида ғилдирак бўлибгина қолмай, араванинг асосини ташкил қилишини ҳам кўрса бўлади. Худди шундай, тўртта юзга бир бутундай қараганда улар таассуротда қолдирадиган алоҳида тўртта сифатни англатибгина қолмай, Яҳованинг эҳтиром туйғусини уйғотувчи шахсиятининг асоси эканини ҳам кўрса бўлади.

Яҳова барча содиқ хизматчиларига яқин

15. Ҳизқиё илк ваҳий орқали қандай далдали ҳақиқатни тушунган?

15 Ушбу илк ваҳий орқали Ҳизқиё Яҳова билан бўлган муносабатлари тўғрисида муҳим ва далдали ҳақиқатни тушунди. Бу қандай ҳақиқат экан? Мазкур ҳақиқат Ҳизқиё китобининг энг бошида келтирилган сўзлардан аён бўляпти. Ҳизқиё «халдейлар юртида» эканини айтганидан сўнг, ўзи ҳақида: «Ўша ерда Яҳованинг қудратини ўзимда ҳис қилдим»,— дейди. (Ҳиз. 1:3) Ҳизқиё ваҳийни Қуддусда эмас, ўша ерда, яъни Бобилда олганини ёзганига эътибор беринг *. Хўш, Ҳизқиёга нима ошкор бўлган? Гарчи Ҳизқиё Қуддусдан ва у ердаги маъбаддан олисда сургунликда бўлса-да, Яҳовадан ҳамда Унга топинишдан йироқда эмас эди. Яҳова Ҳизқиёга Бобилда кўрингани, пок топиниш бирон жой ёки вазият билан боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда. Аксинча, бу Ҳизқиёнинг қалб ҳолати ва унинг Яҳовага хизмат қилиш истаги билан боғлиқ эди.

16. а) Ҳизқиё кўрган ваҳий бизни нимага ишонтирмоқда? б) Яҳовага бутун қалбингиз билан хизмат қилишга сизни нима ундаяпти?

16 Ҳизқиё билиб олган ҳақиқат бизга тасалли бахш этяпти. Бу, Яҳовага чин юракдан хизмат қилсак, қаерда яшашимиздан, қанчалар тушкунликда бўлишимиздан ёки қандай шароитларда ҳаёт кечиришимиздан қатъи назар, У бизга яқин эканига ишонтирмоқда. (Заб. 25:14; Ҳавор. 17:27) Яҳова ҳар бир хизматчисига бўлган меҳр-садоқати туфайли бизни шу заҳоти ташлаб кетмайди. (Чиқ. 34:6) Шунинг учун, Яҳова бизга меҳр-садоқатини кўрсатишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. (Заб. 100:5; Рим. 8:35–39) Бунинг устига, Яҳова муқаддас ва чексиз куч-қудратга эга эканини кўрсатаётган бу ҳайратомуз ваҳий фақат У топинишимизга лойиқлигини эслатмоқда. (Ваҳ. 4:9–11) Чиндан ҳам, Яҳова бундай ваҳийлардан фойдаланиб Ўзи ва сифатлари ҳақида баъзи бир муҳим ҳақиқатларни тушунишимизга кўмаклашаётганидан жуда миннатдормиз! Яҳованинг жозибадор сифатлари ҳақида билим орттирганимиз сайин, Унга янада яқинлашамиз ва бу бизни бутун қалбимизу бутун қувватимиз билан Уни шарафлаб, Унга хизмат қилишга ундайди. (Луқо 10:27)

Яҳова бизга меҳр-садоқатини кўрсатишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди (16- хатбошига қаранг.)

17. Кейинги боблардан қайси саволларга жавоб оламиз?

17 Минг афсуски, пок топиниш Ҳизқиёнинг даврида булғанган эди. Бунга нима сабаб бўлган? Яҳова бунга қандай муносабат билдирган? Ўша қадимдаги воқеалар биз учун қандай аҳамиятга эга? Ушбу саволларнинг жавобларини кейинги боблардан билиб оламиз.

^ абз. 5 Ҳизқиё бу мавжудотларни тасвирлагани Худонинг исмини эслатади. Яҳова деган исм «У бўлдиради» деган маънога эга. Бу исмнинг қирраларидан биттаси шуни ошкор этяптики, Яҳова Ўз хоҳишига мувофиқ ижодлари воситасида иродасини бўлдиради. («Янги дунё таржимаси»даги илованинг А4 мавзусига қаранг.)

^ абз. 13 Йиллар мобайнида адабиётларимизда Яҳованинг тахминан 50 та турли сифати кўриб чиқилган. («Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»да «Худованд Яҳова», «Яҳованинг фазилатлари» сарлавҳасига қаранг.)

^ абз. 15 Муқаддас Китобнинг бир шарҳловчиси эътибор берганидай, биргина «ўша ерда» деган ибора «бошқа фикрларга қараганда кўпроқ диққатни жалб қиляпти. [...] Худо ўша ерда, Бобилда! Бу жуда ҳам далдали!»